www.muslimuz
UzReportTVдаги диний савол-жавобларни матнли кўринишда ҳам мутолаа қилинг!
#Рамазон_туҳфаси № 6
Азиз мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда UzReportTV телеканалида ҳар куни соат 18:00 да жонли эфирга узатилаётган “Муборак ой суҳбатлари” номли савол-жавоб дастурини матнли кўринишда ҳам мутолаа қилишингиз мумкин.
Эндиликда ушбу теледастурдаги таниқли уламоларнинг файзли суҳбатлари ва мўмин-мусулмонларинг энг муҳим саволларига жавобларни матнли кўринишда ҳам сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали эълон қилиб борилади. Қуйида Рамазон ойининг биринчи кунги суҳбат ва савол-жавоблар эълон қилинади.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларимизга рушди ҳидоят, уламоларимизга куч-қувват ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Эътиқод дурдоналари: СЎНГГИ МУКАММАЛ ШАРИАТ (Исо алайҳиссалом тушганларидан сўнг ваҳий тушадими?) ИСРО ВА МЕЪРОЖ БАЁНИ
СўнГги мукаммал шариат
26 - وَبَاقٍ شَرْعُهُ فِي كُلِّ وَقْتٍ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَارْتِحَالِ
Маънолар таржимаси:
У зотнинг шариати то қиёмат кунигача ва (дунёдан охиратга) кўчишгача барча вақтда боқий қолувчидир.
Назмий баёни:
Унинг шариати боқийдир ҳар вақт,
Келгунича кўчиш кун, рўзи қиёмат.
Луғатлар изоҳи:
بَاقٍ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар. Луғатда “собит қолувчи” маъносини англатади.
شَرْعُهُ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Шариат сўзи луғавий жиҳатдан “баён қилинган қонун” маъносини англатади. Истилоҳда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилган шаръий ҳукмлар, шариат деб аталади.
فِي –“зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.
كُلِّ – жор мажрур بَاقٍ га мутааллиқдир.
وَقْتٍ – музофун илайҳ. Вақт калимаси ўтаётган даврнинг бир бўлагига нисбатан ишлатилади.
اِلَى – “замоний ғоя”нинг интиҳоси учун келган жор ҳарфи.
الْقِيَامَةِ يَوْمِ – луғатда “ўрнидан туриш куни” маъносини англатади. Истилоҳда қабрлардан туриладиган кун, қиёмат куни дейилади.
ارْتِحَال – бу масдар бир жойдан бошқасига кўчишга нисбатан ишлатилади. Бу ерда барча халойиқнинг дунёдан охиратга кўчадиган Куни назарда тутилган.
Матн шарҳи:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олиб келган шариатлари олдинги барча шариатларни насх[1] қилувчи охирги мукаммал шариат ҳисобланади. Зеро, у зотдан сўнг шариатларини насх қиладиган бирор пайғамбар келмайди. Аслида, ушбу байт “Жаҳмия”[2] фирқасининг бузуқ эътиқодларига раддия сифатида келтирилган.
Ушбу байтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёмат кунигача мансух бўлмаслигига, яъни у зотнинг шариатини насх қилувчи бошқа пайғамбар келмаслигига ишора бор. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг кимдир у зот келтирган шариатдан бошқа бирор шариатни хоҳлаган тақдирда ҳам қилаётган ишлари ундан қабул қилинмайди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
﴿وَمَن يَبۡتَغِ غَيۡرَ ٱلۡإِسۡلَٰمِ دِينٗا فَلَن يُقۡبَلَ مِنۡهُ وَهُوَ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِنَ ٱلۡخَٰسِرِينَ٨٥﴾
“Кимки Исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир”[3].
Бироқ Исо алайҳиссаломнинг қиёматга яқин тушишлари ва жизяни[4] бекор қилишлари ҳақида ҳам ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларида қўлланган жизяни бекор қилиш насх ҳисобланмайдими? Зоҳиран насхга ўхшаб кўринган бу иш аслида насх эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш ҳисобланади. Ушбу ҳақиқат Исо алайҳиссаломнинг жизянинг ҳукмини кўтаришлари ҳақидаги хабарда ўз ифодасини топган:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَيْسَ بَيْنِى وَبَيْنَهُ نَبِىٌّ يَعْنِى عِيسَى وَإِنَّهُ نَازِلٌ فَإِذَا رَأَيْتُمُوهُ فَاعْرِفُوهُ رَجُلٌ مَرْبُوعٌ إِلَى الْحُمْرَةِ وَالْبَيَاضِ بَيْنَ مُمَصَّرَتَيْنِ كَأَنَّ رَأْسَهُ يَقْطُرُ وَإِنْ لَمْ يُصِبْهُ بَلَلٌ فَيُقَاتِلُ النَّاسَ عَلَى الإِسْلاَمِ فَيَدُقُّ الصَّلِيبَ وَيَقْتُلُ الْخِنْزِيرَ وَيَضَعُ الْجِزْيَةَ وَيُهْلِكُ اللَّهُ فِى زَمَانِهِ الْمِلَلَ كُلَّهَا إِلاَّ الإِسْلاَمَ وَيُهْلِكُ الْمَسِيحَ الدَّجَّالَ فَيَمْكُثُ فِى الأَرْضِ أَرْبَعِينَ سَنَةً ثُمَّ يُتَوَفَّى فَيُصَلِّى عَلَيْهِ الْمُسْلِمُونَ. رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен билан унинг орасида набий йўқдир, яъни Исо алайҳиссаломнинг. У тушгувчидир. Қачон уни кўрсаларингиз, билиб олингларки, у қизил юзли ва оқ юзли ўртасидаги кишидир. Унинг устида иккита бўялган кийим бор. Гўё бошидан томчи томиб тургандек бўлади, гарчи намлик етмаган бўлса ҳам. У Ислом йўлида одамлар билан жанг қилади. У бутни парчалайди, чўчқани ўлдиради ва жизяни кўтаради. Аллоҳ таоло унинг замонида Исломдан бошқа барча миллатларни ҳам, масийҳ дажжолни ҳам ҳалок қилади. У (Исо алайҳиссалом) ерда қирқ йил яшаб туради. Сўнгра вафот этади. Унга мусулмонлар намоз (жаноза) ўқийдилар”, – дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Демак, Исо алайҳиссалом жизяни бошқа бир янги шариат билан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган шариат билан бекор қиладилар. Бу эса насх қилиш эмас, балки унга амал қилиш ҳисобланади.
Исо алайҳиссалом тушганларидан
сўнг ваҳий тушадими?
Исо алайҳиссалом ерга тушганларидан сўнг у зотга ваҳий нозил бўлиши ҳақида хабарлар келган. “Саҳиҳи Муслим” китобининг охирида “Яъжуж ва Маъжуж” ҳақидаги узун ҳадисда Исо алайҳиссаломга ваҳий тушиши ҳақида, жумладан, шундай дейилган:
فَبَيْنَمَا هُوَ كَذَلِكَ إِذْ أَوْحَى اللَّهُ إِلَى عِيسَى إِنِّى قَدْ أَخْرَجْتُ عِبَادًا لِى لاَ يَدَانِ لأَحَدٍ بِقِتَالِهِمْ فَحَرِّزْ عِبَادِي إِلَى الطُّورِ وَيَبْعَثُ اللَّهُ يَأْجُوجَ وَمَأْجُوجَ. صَحِيحُ مُسْلِمٍ
“...У ана шундай бўлиб турганида Аллоҳ таоло Исога “Мен улар билан уришишга бирор кимсанинг тоқати етмайдиган бандаларни чиқардим, бас, бандаларимни Турга истеҳком қилиб сақла”, – деб ваҳий қилади, сўнгра Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни юборади...”. “Саҳиҳи Муслим”да келган.
Ушбу ҳадисда Исо алайҳиссаломга тушганларидан сўнг ваҳий юборилиши баён қилинган. Бироқ бу бирор шаръий ҳукмни жорий қиладиган ваҳий эмас, балки хабар бериш маъносидаги ваҳий бўлади. Шунга кўра, Исо алайҳиссалом ерга тушганларидан сўнг қирқ йил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси мақомида у зотнинг умматлари билан бирга бўладилар. Шундан кейин вафот этадилар ва мусулмонлар у зотнинг жанозаларини ўқиб дафн қиладилар.
Исро ва Меърож баёни
27 - وَحَقٌّ أَمْرُ مِعْرَاجٍ وَصِدْقٌ فَفِيهِ نَصُّ أَخْبَارٍ عَوَالِي
Маънолар таржимаси:
Меърож иши ҳақ ва ростдир, у ҳақида олий (иснодли) хабарларнинг баёни бордир.
Назмий баёни:
Меърож воқеасин ҳақ ва рост деб бил,
Олий хабарларда келгандир далил.
Луғатлар изоҳи:
حَقٌّ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар. Воқеликнинг берилган ҳукмга мувоқ бўлиши ҳақ (ҳақиқат) дейилади.
اَمْرُ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо, музоф.
مِعْرَاجٍ – музофун илайҳ. Луғатда “юқорига кўтарувчи асбоб” маъносини англатади. Аммо бу ерда “кўтарилиш” сўзини ифодаловчи масдарий маъноси ирода қилинган.
صِدْقٌ –“сидқ” (рост) берилган ҳукмнинг воқеликка мувофиқ бўлишидир. Шунга кўра бу калимадан “асло ёлғон эмасдир” маъноси тушунилади.
فَ – “таълилия” (изоҳламоқ) маъносида келган.
فِيهِ – жор ва мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабардир.
نَصُّ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Фақат битта маънога долалат қиладиган ёки таъвийл қилиб бўлмайдиган далил "насс" дейилади.
عَوَالِي أَخْبَارٍ – музофун илайҳ. Олий хабарлар маъносини англатувчи бу сўздан олий иснодли ҳадислар ирода қилинган. Олий иснодли ҳадислар деганда ҳадис ровийси билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги кишилар оз бўлган ҳадислар тушунилади. Орадаги восита қанча кам бўлса, хато эҳтимоли шунча камайган бўлади. Шунинг учун бундай ҳадисларни муҳаддислар “олий иснодли ҳадислар” дейишган.
Матн шарҳи:
Ушбу байтда “Меърож” воқеасининг саҳиҳ хабарларда баён қилинганидек содир бўлгани тўғрисида сўз юритилган.
Исро луғатда “тунги сайр” маъносини билдирса, шаръий истилоҳда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка шаҳридан Қуддус шаҳрига қилган тунги сайрлари “Исро” дейилади.
“Меърож – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исродан сўнг ўша кечанинг ўзида “Масжидул Ақсо”дан олий самоларга, кейин “Сидратул мунтаҳо”га кўтарилишлари, сўнгра ўша кечанинг бир қисмининг ўзидаёқ “Байтул Мақдис”га қайтишларидир.
Меърож луғат жиҳатидан нарвонга ўхшаш “кўтарилиш асбоби” маъносини англатади. Лекин унинг қандай нарса экани номаълумдир. Унинг ҳукми ҳам бошқа ғайбий нарсаларнинг ҳукми каби бўлиб, шакл ва ҳолати қандайлигини билишга уриниб ақлни қийнаш дуруст эмас[5]”.
Аммо истилоҳда “кўтарилиш” маъносидаги масдарий маъноси ирода қилинган бўлади.
Исро ва Меърож ҳақида иккаласи бир кечада бўлганми ёки бошқа-бошқа кечада бўлганми, қайси бири аввал бўлган, уйғоқликда бўлганми ёки уйқуда бўлганми ёки баъзиси уйғоқликда ва баъзиси уйқуда бўлганми бир марта бўлганми ё икки марта бўлганми ё кўп марта бўлганми каби турли фикр-мулоҳазалар билдирилган. Бундай турли қарашлар “Исро ва Меърож” кечаси ҳақидаги ривоятларда баён қилинган воқелар сабабли келиб чиққан. Ана шундай воқеалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарларни кўрганлари ҳақидаги хабардир. Бу ҳақида қуйидагича мулоҳазалар билдирилган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Исро ва Меърож” кечасида пайғамбарларни кўзлари билан кўрганлари ривоят қилинган. Яна у зотнинг барча пайғамбарларни самода ҳам кўрганлари зикр қилинган. Шунга кўра баъзилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунда сайр эттирилишлари уйқуда бўлган” дейишиб, саҳиҳ хабарларни рад этишган. Чунки улар вазмин нарсанинг юқорига ҳаракатланишини ва ўликнинг тирилишини одатга хилоф деб билишган. Уламолар эса мазкур саҳиҳ хабарни қабул қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Зеро, вазмин нарсанинг юқорига ҳаракатланиши худди тушиши каби бир жараёндир. Жаброил алайҳиссалом енгил бўлишлари билан бирга ерга тушганлар, худди шундай Муҳаммад алайҳиссалом ҳам вазмин бўлишлари билан бирга юқорига кўтарилганлар. Осмонлару ерни устунларсиз тутиб турган зотнинг ҳикмати шуни тақозо қилишининг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Аллоҳ таолонинг қудратига вазмин нарсани ўша даражаларга кўтариши қийинлик туғдирмайди. Шунингдек, пайғамбарларни тирилтириб, уларни хилма-хил ўринларда ва турли вақтларда у зотга кўрсатиши ҳам жоиз ишлардан ҳисобланади”[6].
Имом Жалолиддин Суютий “Исро ва Меърож” ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Муфассирлар, муҳаддислар, фуқаҳолар ва мутакаллимларнинг барчалари “Исро ва Меърож”нинг уйғоқликда бир кечада бўлганига иттифоқ қилганлар. Бу ҳақида очиқ-ойдин саҳиҳ хабарлар келган. Қуръони каримда шундай хабар берилган:
﴿سُبۡحَٰنَ ٱلَّذِيٓ أَسۡرَىٰ بِعَبۡدِهِۦ لَيۡلٗا مِّنَ ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِ إِلَى ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡأَقۡصَا ٱلَّذِي بَٰرَكۡنَا حَوۡلَهُۥ لِنُرِيَهُۥ مِنۡ ءَايَٰتِنَآۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ١﴾
“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур”[7].
Тасбеҳ улуғ ишлар қаршисида айтилади (оятда “Субҳана” дея тасбеҳ айтилмоқда) агар мазкур воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ухлаётган пайтларида содир бўлганида, бу ишда алоҳида бир улуғлик бўлмасди. Қурайш ҳам буни бирдан инкор қилишга ошиқмас эди. Зеро, банда руҳ ва жасаддан иборат. Агар мазкур воқеа у зотнинг ухлаган пайтларида фақат руҳларига боғлиқ ҳолда содир бўлганида эди, оятда “Бандасини” деб эмас, балки “Бандасининг руҳини” деб айтилган бўларди. Қолаверса, бу ақлан ҳам тўғри эмас, чунки у зот Буроққа миндирилганлар, Буроққа эса руҳ миндирилмайди, балки бадан миндирилади”[8].
Байтул Мақдисга олиб борилиш ҳикмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Исро ва Меърож” кечасида аввало Байтул Мақдисга олиб борилиб, сўнгра самога кўтарилишларининг ҳикмати ҳақида қуйидагилар баён қилинган:
“Байтул Мақдисга олиб борилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож ҳақидаги сўзларининг рост эканини изҳор этиш ҳикмати бор. Қурайш Байтул Мақдиснинг васфи ҳақида сўрашганида, у зот васфини келтириб, уларнинг йўлда келаётган карвонлари ҳақида ҳам хабар берганлар. Агар у зотнинг самога кўтарилишлари тўғри Макка орқали бўлганида эди, ўша нарса ҳосил бўлмай қоларди. Чунки агар самода юз берган воқеанинг ўзинигина хабар берганларида самодаги нарсани уларга кўрсатиш иложи бўлмасди. Аммо улар Байтул Мақдисни кўрган эдилар, шу сабабли ўртада Байтул Мақдис ҳақида савол-жавоб бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйғоқ ҳолатларида жисмонан самога кўтарилганларига ушбу оят ҳам далил бўлади:
﴿وَلَقَدۡ رَءَاهُ نَزۡلَةً أُخۡرَىٰ١٣ عِندَ سِدۡرَةِ ٱلۡمُنتَهَىٰ١٤ عِندَهَا جَنَّةُ ٱلۡمَأۡوَىٰٓ١٥﴾
“Ва, дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди. “Сидратул-мунтаҳо” (тугаш дарахти) олдида. Унинг ҳузурида маъво жаннати бор”[9].
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломни Сидратул-мунтаҳода кўришлари учун у зот ўша жойга ва жаннатул маъвога борган бўлишлари керак”[10].
Машҳур ватандошимиз Нажмиддин Насафий “Исро ва Меърож” ҳақида шундай ёзган:
وَالْمِعْرَاجُ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ فِي الْيَقْظَةِ بِشَخْصِهِ اِلَى السَّمَاءِ ثُمَّ اِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ تَعَالَى مِنَ الْعُلَى حَقٌ.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйғоқликда жисмонан самога кўтарилишлари сўнгра Аллоҳ хоҳлаган олийликларга юксалишлари ҳақдир”.
Аллома Тафтазоний мазкур матнларни қуйидагича шарҳлаган: “Масжидул Ҳаромдан Байтул Мақдисга қилинган исро Қуръон билан собит бўлган хабардир. Ердан самога кўтарилишлари “машҳур” хабардир[11]. Самодан жаннатга ё Аршга ё ундан бошқа жойга кўтарилишлари “оҳод”дир[12]. Сўнгра тўғриси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларини қалблари билан кўрганларидир, кўзлари билан кўрганлари эмас”[13].
Софиюрраҳмон Муборакфурий “Роҳиқул Махтум” китобида “Исро ва Меърож” воқеаси қачон содир бўлгани тўғрисида айтилган қуйидаги олти хил қарашни келтирган:
- Исро Аллоҳ таоло у зотни нубувватга мушарраф этган йили бўлган;
- Пайғамбар бўлганларидан беш йил кейин бўлган;
- Нубувватнинг ўнинчи йилида ражаб ойининг 27 кечасида бўлган;
- Ҳижратдан ўн олти ой олдин нубувватнинг 12 йилида рамазон ойида бўлган;
- Ҳижратдан бир йил-у икки ой олдин нубувватнинг 13 йилида муҳаррам ойида бўлган;
- Ҳижратдан бир йил олдин нубувватнинг 13 йилида рабиул аввал ойида бўлган.
Кейин сўзида давом этиб, Исро сурасида Исро қиссаси битта оятда зикр қилингани, сўнгра Бани Исроил ва уларнинг бузғунчиликлари ҳақида сўз юритилгани кейин Қуръоннинг энг тўғри йўлга ҳидоят қилиши ҳақидаги хабар берилгани ҳамда бу оятларнинг ораларидаги боғлиқликлар ва уларнинг ҳикматлари ҳақида атрофлича сўз юритиб, охирида “Ушбу ҳикматларга кўра Исро биринчи “Ақаба байъати”дан салгина олдин ёки икки “Ақаба байъат”ларининг орасида бўлган”[14], – деган.
Ушбуларга кўра “Исро ва Меърож” нинг қачон содир бўлгани тўғрисида қатъи бир фикр айтилмайди. Аммо айтиладики, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога тунда сайр қилдирилганларини Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар берган. Исродан сўнг ўша кечанинг ўзида Масжидул Ақсодан олий самоларга, кейин “Сидратул мунтаҳо”га кўтарилганларини, сўнг ўша кечанинг бир қисмидаёқ Масжидул Ақсога қайтганларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари хабар берганлар. Шунга кўра Исро Қуръон ояти билан собит бўлгани учун уни инкор қилган киши кофир бўлади. Меърож эса ҳадислар билан собит бўлгани учун уни инкор қилган кофир бўлмаса ҳам, бидъатчи ва адашувчи саналади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз меърож тўғрисидаги эътиқодни қисқа ва лўнда тарзда шундай баён қилган:
Яқин билгил ани меърожин, эй ёр,
Тани бирла эди, ҳам эрди бедор.
* * *
Ҳабибин ҳар нечук қилса сарафроз,
Худони раҳмати кўпдур, эмас оз[15].
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърож кечасида уйғоқ ҳолатда таналари билан самога кўтарилганларни ҳақ деб билгин. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандасини хоҳлаганича иззат-икром қилиши мумкин. Бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ШАФОАТ ТУШУНЧАСИ БАЁНИ:
Шафоатнинг шартлари;
Шафоатнинг турлари;
Пайғамбар алайҳиссломга хос шафоатлар;
Умумий шафоатгўйларнинг шафоатлари.
[1] Насх луғатда: “бекор қилмоқ”, “йўқ қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса: Шориъ ўзининг олдинги ҳукмини кейинги ҳукми билан бекор қилиши насх деб аталади. Қаранг: Доктор Маҳмуд Тоҳҳон. Тайсиру мусталаҳил ҳадис. – Риёз: “Мактабатул маъориф линнашри ват тавзийъ”, 2004. – Б 74.
[2] Жаҳмия фирқасининг номи Жаҳм ибн Сафвонга нисбат берилган бўлиб, улар инсонга ихтиёр берилганини ва Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилиб чиқишган. Мазкур бузуқ қарашларини ҳижрий 118-йилда муртад сифатида қатл этилган Жаъд ибн Дирҳамдан ўзлаштирганлар. Жаҳм ибн Сафвон Умавийларга қарши Ҳорис ибн Сурайж билан бирга бош кўтариб чиққани учун 128-ҳижрий санада қатл этилган. Қаранг: Мунжид фил-луғати аълом. – Байрут: “Дорул машриқ”, ўттиз саккизинчи нашр. – Б. 205.
[3] Оли Имрон сураси, 85-оят.
[4] Жизя луғатда “тўламоқ” маъносини англатади. Истилоҳда эса “мусулмон бўлмаганлардан Ислом ҳукмига таслим бўлганликларига ва унинг ҳукми остида яшашга рози бўлганларига моддий далил каби олинадиган маълум миқдордаги мол жизя дейилади”. Қаранг: Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмоз. Фиқҳул Ҳанафий фи савбиҳил жадид. – Дамашқ: “Дорул қалам”, 2009. – Б. 79.
[5] Имом Ибн Касир “Исро ва Меърож” 7-бет.
[6] Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Арабий Моликий. Авасим минал қовасим. Байрут: “Мактабатул Ансор”, 2006. – Б. 235.
[7] Исро сураси, 1-оят.
[8] Имом Жалолиддин Суютий. Исро ва Меърож, биринчи нашр. – Миср: “Дору ғоддил жадид”, 2005. – Б. 75.
[9] Нажм сураси, 13, 15-оятлар.
[10] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхийсу шарҳи ақидатит-Таҳовий. – Карачи: “Замзам бабилшарз”, 1415 ҳ. – Б. 96.
[11] Машҳур луғатда: “таниқли”, “донг таратган” каби маъноларни англатади. Ҳадис илми истилоҳида эса: Ҳар бир табақада уч ва ундан ортиқ кишилар ривоят қилган, лекин мутавотир даражасига етмаган хабар – машҳур дейилади. Қаранг: Доктор Маҳмуд Тоҳҳон. Тайсиру мусталаҳил ҳадис. – Риёз: “Мактабатул маъориф линнашри ват тавзийъ”, 2004. – Б. 22.
[12] Оҳод луғатда: “Бирлар” маъносини англатади. Шу маънода “Хобарул воҳид” дейилганда бир киши ривоят қилган хабар тушунилади. Истилоҳда эса: Мутавотирнинг шартларини ўзида жамлай олмаган хабар оҳод дейилади. Қаранг: Ибн Ҳажар Асқалоний. Нузҳатун-назор фи тавзийҳи нухбатил фикар фи мусталаҳи аҳлил асар. – Мадинаи мунаввара: “Жамиътут Тоййиба”, 2008. – Б. 55.
[13] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 130.
[14] Софиюрраҳмон Муборакфурий. Роҳиқул махтум, тўртинчи нашри. “Мактабатур Рушд”, 2008. – Б.164.
[15] Сўфи Оллоҳёр. Саботул ожизин. – Тошкент: “Чўлпон нашриёти”, 1991. – Б. 18.
Mуборак васиятлар: Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш Шaйтонга осий бўлиш мўминнинг сифати
БЕШИНЧИ ВАСИЯТ
بسم الله الرحمن الرحيم
عَنْ أَبي ذَرٍّ ومعاذ بنِ جبلٍ رضى اللهُ عنْهُما: أنَّ النَّبِىَّ صلَّى الله عليه وسلَّمَ قال: “سِتَّةَ أيَّامٍ ثُمَّ أعْقِلْ يا أبا ذَرٍّ ما يُقالُ لَكَ بَعْدُ”. فَلَمَّا كان الْيَوْمُ السَّابِعُ قال: “أُوْصيكَ بِتَقْوَى اللهِ في سِرِّ أمْرِكَ وعَلانِيَتِهِ وإِذَا أَسَأْتَ فَأَحْسِنْ وَلا تَسْأَلَنَّ أَحَدًا شَيْئاً وإِنْ سَقَطَ سَوْطُكَ وَلَا تَقْبِضْ أَمَانَةً” (رواه أحمد).
Абу Зарр ва Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Зарр, олти кун ўтганидан сўнг сенга нима дейилиши ҳақида ақлингни ишлат”, дедилар. Еттинчи куни келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга яширин ҳолатда ҳам, ошкора ҳолатда ҳам Аллоҳдан қўрқишни васият қиламан. Бир ёмон иш қилиб қўйсанг, дарҳол унинг ортидан яхши иш қил. Ҳеч кимдан ҳеч нарса, ҳатто қамчинг ерга тушиб кетса (олиб беришларини) ҳам сўрама. Омонатни ушлаб турма”, дедилар» (Имом Аҳмад).
Бу васиятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зарр ва Муоз ибн Жабалга айтган гапларида олам-олам маъно ва сир-асрорлар мужассам. Васиятда Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)га нималар билан машғул бўлиш ва нималар ҳақида тафаккур қилиш айтилиб, бу билан вақтини зикрда ўтказиши ва “зокир” деган шарафли номга муносиб бўлиши назарда тутилган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кимга нимани васият қилган бўлсалар, унда фақат фойда ва яхшилик бор. Муборак васиятлар ўз номи билан нима ҳақида экани маълум бўлса-да, лекин улар биз билган оддий васиятлар эмас. Бу васиятлар неча юз йиллар ўтса ҳам долзарблигини йўқотмаган. Худди бугун сизу бизга айтилгандек, ўқилгани сари янги-янги қирралари очилаверади.
Васиятларни ўқиган киши ўн беш аср ортга қайтиб, бугунги кунни англагандек бўлади. Васиятларда айтилган тавсиялар бизни беихтиёр маънавий ҳузур-ҳаловатга етаклайди. Шу маънода, васиятларни ўқиган киши кўнглига керакли нарсани топади ва хотиржамликка эришади.
Яширин ва ошкора ҳолатларда ҳам Аллоҳдан қўрқиш
Тақво Аллоҳдан қўрқишдир, учинчи васиятда айтилгани каби “Тақво – ҳар ишнинг боши ва ҳар ҳикматнинг асосидир”. Шунингдек, тақво гуноҳлардан тийилиш ва ёмонликлардан сақланишда муҳим воситадир.
Қуръони каримда марҳамат қилинади:
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِن تَتَّقُواْ ٱللَّهَ يَجۡعَل لَّكُمۡ فُرۡقَانٗا وَيُكَفِّرۡ عَنكُمۡ سَئَِّاتِكُمۡ وَيَغۡفِرۡ لَكُمۡۗ وَٱللَّهُ ذُو ٱلۡفَضۡلِ ٱلۡعَظِيمِ٢٩﴾
«Эй имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингиздан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир» (Анфол, 29).
Мўминнинг асосий мақсади ва орзуси шудир. Чунки тақво ўз эгасини махфий ҳолатда ҳам, ошкора ҳолатда ҳам Аллоҳдан қўрқишга чорлайди.
Ҳадиси шарифда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “أنْ تعبُدَ اللهَ كأنَّكَ تَراهُ فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فإِنَّهُ يَراك”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўролмасанг ҳам, У Зот сени кўриб турибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Зуннун Мисрий айтади: “Бандани Аллоҳга етиштирувчи (восита) сидқ ва хилватдир. Уч нарса ихлос белгисидир: биринчиси, мақтов ва танқид унга баробар бўлади; иккинчиси, амалларини унутиб, гуноҳларини эслайди; учинчиси, Аллоҳдан бошқани кўнглидан чиқаради. Банда Аллоҳнинг амрларига итоат этмагунича ҳақиқий банда бўлолмайди. Шогирд устозларга итоат этмагунича устоз бўла олмайди”. Яна шундай ҳикмат бор: “Ким тақво қилса, Аллоҳга қочсин, ким Аллоҳга қочса, нажот топади”.
Улуғ валийлардан Жунайд Бағдодийнинг бир муриди бўлиб, уни шайх жуда севар, бошқа муридлар эса уни ёқтирмас эди. Муридларнинг бу ҳоли Шайх ҳазратларига маълум бўлди.
Хизматкорларига буюриб, йигирмата қуш келтирди, ҳар муридига биттадан бериб, бундай деди:
– Ҳар бирингиз бу қушларни ҳеч ким кўрмайдиган хилват бир жойда бўғизлаб келинг.
Ҳаммаси қушларни кимсасиз бир жойда сўйиб келтиришди. Ёлғиз ўша мурид қушни сўймасдан шундоғича келтирди. Жунайд:
– Нечун бўғизламадинг? – деди.
– Султоним, сиз қушларни ҳеч ким кўрмайдиган ерда сўйишни буюрдингиз, мен кимсасиз ҳеч жой топа олмадим. Ҳамма жойда Аллоҳ таолони ҳозиру нозир кўрдим, – деди.
Жунайд:
– Кўрдингизми, унинг қандай фаросати бор! – деди. Барча муридлари унинг фаросат бобидаги фарқига иқрор бўлишди.
Бу воқеа кишини қай ҳолатда ва қаерда бўлмасин, Аллоҳдан тақво қилишга ундайди. Аллоҳ таоло бизни тақволи бандаларидан қилсин, омин!
Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш
Ҳақиқий мўмин биров ўзига ёмонлик қилса ҳам, яхшилик билан жавоб қайтаради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак васиятларида: “Бирон ёмон иш қилиб қўйсанг, дарҳол яхшилик қил”, дедилар. Чунки яхшилик ёмонликни ювиб кетади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿وَمِنۡهُم مَّن يَقُولُ رَبَّنَآ ءَاتِنَا فِي ٱلدُّنۡيَا حَسَنَةٗ وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِ حَسَنَةٗ وَقِنَا عَذَابَ ٱلنَّارِ٢٠١﴾
«Яна шундайлари ҳам борки, улар: "Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин", – дейдилар» (Бақара, 201).
Ояти каримадаги икки яхшилик тўғрисида уламолар ҳар хил фикр айтган. Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: “Дунёдаги яхшилик – яхши хотин, охиратдагиси эса, ҳурлар” (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 615-б.).
Қатода (розияллоҳу анҳу) айтади: “Дунёдаги яхшилик етарлича мол-дунё ва саломатликдир” (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 615-б).
Ҳасан (розияллоҳу анҳу) эса: “Дунёдаги яхшилик илм ва ибодатдир” (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 616-б.).
Олимларнинг кўпчилиги икки яхшиликдан мурод: “Дунё ва охират саодати”, деган (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 616-б.).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир куни бир аёл олдимга келиб:
– Мен ҳам зино қилдим, ҳам зинодан туғилган боламни ўлдирдим. Энди шу гуноҳимдан тавба қилсам бўладими? – деб сўради.
– Сен учун тавба йўқ! Аллоҳ кўзингни кўр қилсин, ҳеч бир қулайлик бермасин, – дедим унга.
Шундан сўнг аёл йиғлаб, тиззаларига урганча чиқиб кетди. Эртаси куни бомдод намозини ўқиб бўлгач, бу воқеани айтган эдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
– Аёлга жуда ёмон жавоб берибсан. Сен ахир:
﴿وَٱلَّذِينَ لَا يَدۡعُونَ مَعَ ٱللَّهِ إِلَٰهًا ءَاخَرَ وَلَا يَقۡتُلُونَ ٱلنَّفۡسَ ٱلَّتِي حَرَّمَ ٱللَّهُ إِلَّا بِٱلۡحَقِّ وَلَا يَزۡنُونَۚ وَمَن يَفۡعَلۡ ذَٰلِكَ يَلۡقَ أَثَامٗا٦٨ يُضَٰعَفۡ لَهُ ٱلۡعَذَابُ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ وَيَخۡلُدۡ فِيهِۦ مُهَانًا٦٩ إِلَّا مَن تَابَ وَءَامَنَ وَعَمِلَ عَمَلٗا صَٰلِحٗا فَأُوْلَٰٓئِكَ يُبَدِّلُ ٱللَّهُ سَئَِّاتِهِمۡ حَسَنَٰتٖۗ وَكَانَ ٱللَّهُ غَفُورٗا رَّحِيمٗا٧٠﴾
«Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (имонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар, қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Илло, ким (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир» (Фурқон, 68–70), мазмунли оятларни ўқимаганмидинг, деб марҳамат қилдилар.
Шундан сўнг дарҳол аёлни чақиртириб, унга бу оятларни ўқиб бердим. Аёл севинганидан ўша заҳоти сажда қилди ва:
– Менга қутилиш эшигини очган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин, – деди”.
Гуноҳнинг савобга айлантирилиши хусусида турлича фикрлар бор. Масалан, олдинги гуноҳлари тавба билан ўчиб, ўрнига савобли ишларни қилиши; гуноҳ қилиш қобилияти савобли иш қилиш қобилиятига айланиши; Аллоҳ тавфиқ бериб, тоат-ибодат ва хайрли ишлар қилишга ўтиши ва ҳоказо (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).
Ҳадисда баъзи мўминларнинг улкан гуноҳлари кечирилиб, кичик гуноҳлари яхшиликка айлантирилиши ҳақида башорат қилинган (Имом Муслим ривояти).
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ):“Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин)” (Бақара, 201), оятини бундай тафсир қилади: “Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса жаннатдир”.
Бир донишманддан: “Қайси нарсаларни тўпласам, яхши бўлади?” деб сўрашганида, “Кема ҳалокатга учраганида ўзинг билан қоладиган нарсани тўпла”, деб жавоб берди. Бу билан илм назарда тутилди.
Умар (розияллоҳу анҳу) халққа эътиборли, заифларга яхшилик қилувчи, ҳақиқат борасида қаттиққўл ва одамларнинг барини баравар кўрадиган ҳукмдор эди. Умар (розияллоҳу анҳу) ўзларидаги нарсаларни одамларга бериб юборар ва уларни тўйдириб, ўзи оч қолар эди. Одамларнинг уйларидан, ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турарди. Бу ҳақидаги қиссалар маълум ва машҳурдир.
Бир кун у киши бозорда садақа сўраётган қарияни кўрди ва: “Эй шайх, нима қиляпсан?” деб сўради. Қария: “Мен ёши улуғ одамман, жизя учун тиланчилик қиляпман”, деди. У Мадинада яшовчи яҳудий эди. Буюк инсоний хислат эгаси бўлган Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Эй шайх, биз сенга инсоф қилмадик. Ёшлигингда сендан жизя олиб, қариганингда ташлаб қўйдик”, дедида, унинг қўлидан ушлаб, уйига олиб борди. Унга зарур миқдорда озиқ-овқат тайин этди. Хазиначига: “Бу киши ва унга ўхшаганларнинг ўзи ва оиласига етарли маблағ ажрат”, деб буюрди.
Бир гал Умар (розияллоҳу анҳу) Мадина кўчаларида юрган эди, озғинликдан тўзиб кетган қизчани кўриб қолди. Қиз гоҳ турар, гоҳ йиқиларди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Бу қизалоқнинг айби нима?! Гуноҳи не?! Қайси бирингиз бу қизчани танийсиз?” деди. Ўғли Абдуллоҳ: “Танимадингизми, эй мўминлар амири?” деганида, у киши: “Йўқ”, деди. Абдуллоҳ айтди: “Бу – набираларингиздан бири!”
– Бу қайси бири?
– Умар ўғли Абдуллоҳнинг қизи фалончи.
– Эсиз, бу ҳолга тушишига нима сабаб бўлди?
– Нафақа берилиши тўхтатиб қўйилгани!
– Аллоҳга қасам, менда мусулмонлик ҳақингдан бошқа нарса йўқ. Бу – мен ва ўртангиздаги Аллоҳнинг китоби (фарзи)дир, – деди Умар (розияллоҳу анҳу).
Мадинага савдо карвони келди. Унда аёллар ва болалар ҳам бор эди. Умар (розияллоҳу анҳу) Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)га: “Бу кеча уларга қўриқчилик қиласизми?”, деди. Уларни қўриқлаб кеч киритишди. Фарз намозларни ўқишди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) бир гўдакнинг йиғисини эшитди ва ўша томонга юрди. Унинг онасига: “Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара”, деди, сўнг ўрнига қайтди. Шунда яна йиғи овозини эшитиб, онасига: “Аллоҳдан қўрқ ва болангга яхши қара”, деди-да, жойига қайтди. Тун охирлаганида, яна унинг йиғисини эшитди. Онасига бориб: “Хайф сенга, яхши она эмас экансан! Болангга нима бўлди, туни билан тинчимади?”, деди. Аёл мўминлар амири гапираётганини билмай: “Эй Аллоҳнинг бандаси, у кечадан бери мени безор қилиб юборди, мен уни мажбурлаб кўкракдан ажратмоқчиман, у эса кўнмаяпти”, деди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Нима учун?”, деб сўради. У айтди: “Чунки Умар фақат кўкракдан чиққан болаларгагина нафақа белгилайди (яъни, фарзандлари кўкракдан ажраган оталаргагина ҳақ беради). Умар (розияллоҳу анҳу): “Бунинг ёши нечада?”, деди. У: “Мана шунча ойлик”, деб жавоб қилди. Умар (розияллоҳу анҳу) эса: “Эсиз, шошмай тур”, деди-да, бомдод намозини ўқишга киришди. Йиғи кучлилигидан қироатлари одамларга яхши эшитилмади. Шунда салом бериб, деди: “Эй бахтсиз Умар, қанча мусулмон фарзандлари ҳалок бўлишди...” Сўнг бир жарчига: “Гўдакларингизни кўкракдан чиқаришга шошилманглар. Биз Исломда туғилган ҳар бир гўдак учун (ҳақ) белгилаймиз”, деб нидо қилишга буюрди. Бу хабар билан ҳамма томонга чопар юборилди.
Ким нима яхшилик қилса, мукофотини ва ким қандай ёмонлик қилса, жазосини кўради.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿فَمَن يَعۡمَلۡ مِثۡقَالَ ذَرَّةٍ خَيۡرٗا يَرَهُۥ٧﴾
«Бас, ким (дунёда) зарра мисқолича яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала, 7–8).
Муқотил (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу икки оят икки киши ҳақида нозил бўлган. Улардан бири олдига овқат сўраб бир киши келса, хурмо, бир парча нон, ёнғоқ каби нарсаларни арзимас санаб, беришни истамас ва: “Булар ҳеч нарса эмас, ўзимиз яхши кўриб, бировга берган каттароқ нарсаларимиз учун савоб оламиз”, дер эди. Иккинчиси бўлса, ёлғончилик, ғийбат ва номаҳрамга назар қилиш каби гуноҳларни енгил санар, булардан менга ҳеч қандай жазо бўлмайди, Аллоҳ катта гуноҳлар учун дўзах билан қўрқитган, дер эди. Шунда Аллоҳ таоло мазкур оятни туширди ва уларни яхшиликнинг озгинасини ҳам қилишга, гуноҳларнинг энг кичикларидан ҳам эҳтиёт бўлишга ундади” (“Асбобун нузул”, 398-б.).
“Зарра” қуёш шуъласидагина кўринадиган майда жисмдир. Ким шу зарра миқдорича савоб иш қилса, охиратда мукофотини олади. Ким заррача ёмонлик қилса, жазосини кўради.
Қатода (розияллоҳу анҳу) Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан қилган ривоятда айтилади: “Бирор кофир зарра миқдорича яхшилик қилса, шу дунёда нафси, аҳли, молида унинг савоби тезлатилади. Ҳатто бу дунёдан кетаётганида, Аллоҳ ҳузурида зарра миқдоричалик яхшилиги бўлмайди. Бирор мўмин зарра миқдорича ёмонлик қиладиган бўлса, шу дунёда нафси, аҳли, молида уқубати тезлатилади, ҳатто бу дунё ҳовлисидан чиқиб кетаётганида, Аллоҳ ҳузурида зарра миқдорича ёмонлиги қолмайди”.
Маъмар Зайд ибн Асламдан қилган ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсани менга ҳам ўргатинг, деди. Уни Қуръон ўргатувчи бир устозга юбордилар. У Залзала сурасини ўргатиб, охирги ояти, яъни, “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала, 7–8)га етганида, ўша киши шунинг ўзи менга кифоя қилади, деди. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хабар берилганида: “У фақиҳ бўлди”, дедилар».
Ажлаз Абу Исҳоқдан, у эса хотинидан қилган ривоятда бундай дейилган: “Мен ва Абу Суфённинг хотини иккимиз Ойша онамиз ҳузурига кирганимизда бир тиланчи келиб, бир бош узум сўради. Мен ундан бир шингил олдим-да, қолганини тиланчига бериб юбордим. Шунда бир-биримизга маъноли қарадик ва берилган эҳсоннинг катта-кичиги бўлмаслигига ояти карима далил бўлишини эсладик. Сўнгра “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала, 7–8) оятини ўқидим”.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га токи ўзимиз тўла амал қилмагунимизча яхшиликка буюрмайликми ва ўзимиз тўла четланмагунимизча ёмонликдан қайтармайликми?” дедик. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхшиликка буюраверинглар, тўла амал қилмасангиз ҳам. Гарчи ўзларингиз тўла четлана олмаган бўлсангиз ҳам, ёмонликдан қайтараверинглар”, дедилар».
Имкон борида кўнгли ўксикларни шод этиб, уларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, “Табассум қилиб бўлса ҳам”, савобга эришиб олайлик.
Шайтонга осий бўлиш – мўминнинг сифати!
Мусулмон киши бирор ёмон иш қилиб қўйса, дарҳол яхшилик қилиши лозим. Чунки яхшилик ёмонликни ювиб кетади. Хоҳлаймизми-йўқми, имонли кишини ҳар доим шайтон васваса қилиб туради. Бу бизга, таъбир жоиз бўлса, Одам (алайҳиссалом)дан қолган “мерос”. Шайтон Аллоҳнинг амрига итоат этмай, Одам (алайҳиссалом)га сажда қилмади. Жаннатдан қувилганида одамзодни душман, деб билди ва қиёматгача унинг авлодини йўлдан оздиришга онт ичди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿قَالَ فَبِعِزَّتِكَ لَأُغۡوِيَنَّهُمۡ أَجۡمَعِينَ٨٢﴾
«(Иблис) айтди: "Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман"» (Сод, 82).
Саид (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) дедилар: «Шайтон алайҳиллаъна Аллоҳга айтди: “Эй Раббим! Иззатинг ва жалолингга қасам, модомики бандаларинг руҳлари жасадларида экан, мен уларни адаштириш, куфр ва маъсиятга бошлаш ҳаракатида бўламан”. Аллоҳ таоло айтди: “Эй малъун! Иззатим ва жалолимга қасам. Бандаларим Мени зикр қилишда ва Мендан истиғфор сўрашда бардавом бўлар экан, Мен ҳам уларни кечиришда давомли бўламан».
Яна ояти каримада бундай дейилади:
﴿قَالَ فَبِمَآ أَغۡوَيۡتَنِي لَأَقۡعُدَنَّ لَهُمۡ صِرَٰطَكَ ٱلۡمُسۡتَقِيمَ١٦ ثُمَّ لَأٓتِيَنَّهُم مِّنۢ بَيۡنِ أَيۡدِيهِمۡ وَمِنۡ خَلۡفِهِمۡ وَعَنۡ أَيۡمَٰنِهِمۡ وَعَن شَمَآئِلِهِمۡۖ وَلَا تَجِدُ أَكۡثَرَهُمۡ شَٰكِرِينَ١٧﴾
«У (аламидан) деди: “Қасамёд этаман, мени янглиштирганинг боис Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра уларни (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг кўпчилигини шукр қилувчи ҳолда топмайсан”» (Аъроф, 16–17).
Шайтони лаъин мўмин кишини шундай боши берк кўчаларга етаклар экан, бундан сақланишда қўрғон бўлувчи нарсаларни ҳам билиб олиш мақсадга мувофиқдир.
Каъбул Ахбор (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: “Мўминларга шайтондан ҳимояланиш учун учта қўрғон бор: масжид; Аллоҳни зикр қилиш; Қуръон ўқиш”.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир куни масжиддан чиқдилар. Қарасалар, эшик олдида шайтон турибди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сени масжид олдига нима олиб келди, эй малъун?!” дедилар. У: “Эй Муҳаммад! Мени Аллоҳ юборди”, деди. “Нима учун?” деб сўраганларида, “Сиз хоҳлаган масала ҳақида мендан сўрамоғингиз учун”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шайтондан биринчи сўраганлари намоз ҳақида бўлди:
– Эй Иблис! Нима учун умматимни жамоат билан намоз ўқишдан қайтарасан?
– Агар умматингиз намозга келса, мен иситмалай бошлайман. Бу иситма улар тарқалгунича мендан аримайди.
– Нима учун умматимни Қуръон қироатидан қайтарасан?
– Улар қироат қилаётган вақтларида мен қўрғошиндек эриб тугайман.
– Нима учун умматимни ҳаждан қайтарасан?
– Улар ҳажга борса, бўйним ва қўл-оёқларимга занжир солинади. Агар улар садақа берса, бошимга арра қўйилиб, ўтин арралангандек арраланаман”».
Ҳикоя қилинишича, қадим замонда Иблис (алайҳилаъна) одамларга кўринар экан. Шунда бир киши унга: “Эй Абу Мурра! Нима қилсам, сендек бўламан?” дебди. У: “Сенга вой бўлсин! Бирор кимса мендан буни талаб қилмаган эди, сен нима учун буни сўраб қолдинг?” дебди. “Мен сени яхши кўраман”, дебди ҳалиги киши. Шунда шайтон: “Агар менга ўхшашни хоҳласанг, намозга бепарво бўл ва ёлғондан ҳам, ростдан ҳам қасам ичавер”, дебди. Кейин у кимса: “Аллоҳга қасам, энди ҳеч намозни тарк қилмайман ва қасам ҳам ичмайман”, дебди. Иблис айтибди: “Сендан ўзга бирор кимса ҳийла билан мендан насиҳат олмаган эди. Энди бирор кимсага насиҳат қилмайман”.
Донишмандлар айтган экан: “Ким орифлардан бўлишни ва шайтондан қутулишни истаса, тўрт нарсани билиб олиши лозим: Иблис ва у хоҳлаган нарсани; нафс ва унинг хоҳишини; ҳавойи хоҳиш ва у истаган нарсани; дунё ва унинг хоҳишини. Иблис дининг кетишини ва ўзи билан бирга абадий дўзахда қолишингни хоҳлайди. Нафс эса, гуноҳларни ва ибодатни тарк этишингни истайди. Ҳавойи хоҳиш шаҳватларни ва ижтиҳод таркини истайди. Дунё эса дунё ишларини охират амалларидан афзал кўришингни хоҳлайди. Ким бу нарсаларни билиб олса, орифлардан бўлади. Ким шайтонга итоат қилса, шайтон каби дўзахда абадий қолади. Ким нафсга итоат қилса, маълум муддат азобланади. Ким ҳавои хоҳишга эргашса, ҳисоби қаттиқ бўлади. Ким дунёга итоат қилса, дунёю охиратда ҳасратда қолади”.
Жунайд Бағдодий айтади: “Банда билан Аллоҳ ўртасида тўрт денгиз бор, уларни кечиб ўтмагунча Аллоҳ розилигига етишиб бўлмайди. Бири – дунё, унинг кемаси зуҳддир; иккинчиси – халқ, унинг кемаси узлатдир; учинчиси – иблис, унинг кемаси душманлигини билиб, ундан сақланишдир; тўртинчиси – нафсдир, унинг кемаси тилаганини бермасликдир”.
Шайтон инсонга ҳар хил томондан ва ҳар кўринишда келиши мумкин. У хоҳлаган нарсанинг суратига кира олади. Мўмин киши шайтон ва унинг зурриётлари ёмонлигидан ҳамиша паноҳ тилаб юриши лозим.
Умар (розияллоҳу анҳу) айтди: “Шайтон зурриёти тўққизтадир: Залитун, Васийн, Лақус, Аъвон, Ҳаффоф, Мурра, Мусаввит, Досим, Валҳон.
Залитун бозордаги ҳолатларда инсонларни йўлдан уради. Васийн мусибат чоғи васваса қилади. Аъвон салтанат ишида султонга васваса қилади. Ҳаффоф маст қилувчи ичимлик ичганда йўлига солади. Мурра сурнай чалганда шериклик қилади. Лақус ўт-оловда шериклик қилади. Мусаввит тарқатган пуч хабарларни инсонлар оғиздан-оғизга олиб юришади, аслида у хабарнинг асли бўлмайди. Досим киши уйига кирса, салом ҳам бердирмайди, Аллоҳ исмини ҳам зикр эттирмайди. Одамлар орасига низо солиб талоқ, жанжал, уруш кабиларни келтириб чиқаради. Валҳон таҳорат, намоз ва бошқа ибодатларда васваса қилади”.Шайтонга эргашиш хорлик ва фақирликдан бошқа нарсага олиб бормайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
﴿ٱلشَّيۡطَٰنُ يَعِدُكُمُ ٱلۡفَقۡرَ وَيَأۡمُرُكُم بِٱلۡفَحۡشَآءِۖ وَٱللَّهُ يَعِدُكُم مَّغۡفِرَةٗ مِّنۡهُ وَفَضۡلٗاۗ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٞ٢٦٨﴾
«Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади ва фаҳш ишларга ундайди. Аллоҳ (эса) сизларга Ўзидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара, 268).
Шайтон инсонга душманлиги туфайли уни Аллоҳ йўлида эҳсон-садақалар қилишдан қайтаради ва шунинг билан бирга уни ёмонлик, фаҳш ва гуноҳ ишларга пул, бойлик сарфлашга буюради.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу оятда икки нарса Аллоҳдан ва икки нарса шайтондандир” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 214-б.). Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон одам боласига ҳамроҳлик қилади ва фаришта ҳам одам боласига ҳамроҳлик қилади. Шайтоннинг ҳамроҳлиги ёмонликка ундаш ва ҳақиқатни инкор этишдир. Фариштанинг ҳамроҳлиги яхшиликка ундаш ва ҳақиқатни тасдиқлашдир. Ким бунга йўлиқса, уни Аллоҳдан деб билсин ва ким бошқасини кўрса, шайтондан паноҳ тиласин”, дедилар ва Бақара сураси 268-оятни ўқидилар» (Имом Термизий), (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 214-б.).
Наққош айтади: “Оятдан маълум бўлади, фақирлик бойликдан афзалдир. Чунки шайтон инсонни эҳсон қилсанг, камбағал бўлиб қоласан, деб (бойларни) қўрқитади” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.). Ибн Атийя айтади: “Оятда фақир бўлиб қолишга қатъий ҳужжат йўқ, балки фақирликка қарши кучли далил бор” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.).
Ривоят қилинишича, Тавротда бундай дейилган: “Бандам, менинг ризқимдан инфоқ қил, сенга кенгчиликни инъом этаман, чунки Мен сахийларнинг сахийиман”. Бу сўзнинг тасдиғи Қуръони каримда ҳам зикр қилинган:
﴿قُلۡ إِنَّ رَبِّي يَبۡسُطُ ٱلرِّزۡقَ لِمَن يَشَآءُ مِنۡ عِبَادِهِۦ وَيَقۡدِرُ لَهُۥۚ وَمَآ أَنفَقۡتُم مِّن شَيۡءٖ فَهُوَ يُخۡلِفُهُۥۖ وَهُوَ خَيۡرُ ٱلرَّٰزِقِينَ٣٩﴾
«Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”» (Сабаъ, 39), (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.).
Инсон ким дўсту, ким душман эканини аниқ билиб олиши лозим. Ояти каримада:
﴿إِنَّ ٱلشَّيۡطَٰنَ لَكُمۡ عَدُوّٞ فَٱتَّخِذُوهُ عَدُوًّاۚ إِنَّمَا يَدۡعُواْ حِزۡبَهُۥ لِيَكُونُواْ مِنۡ أَصۡحَٰبِ ٱلسَّعِيرِ٦﴾
«Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинг! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур» (Фотир, 6), дейилган.
Икрима (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши одамларнинг бир дарахтга қараб ибодат қилаётганини кўриб қолди ва қаттиқ ғазабланди. Дарахтни чопиб ташлаш учун қўлида болта билан йўлга тушди. Шунда унга шайтон одам суратида йўлиқиб: “Қаерга кетяпсан?” деди. У: “Одамлар сиғинаётган дарахт олдига. Аллоҳга қасам, уни кесиб ташлайман”, деди. Шайтони лаъин: “Дарахт билан нима ишинг бор. Уни ўз ҳолича қолдир”, деди. Ҳалиги киши кўнмагач, иккаласи олиша кетди. Киши шайтонни уч марта йиқитди. Шайтон енгилгач: “Уйингга қайтсанг, сенга ҳар куни тўрт дирҳамдан бериб тураман”, деди. Киши рози бўлиб, қайтиб кетди. У бир неча кун давомида кўрпаси остидан тўрт дирҳамдан пул топди. Сўнгра пул кўринмай қолди. Шунда яна болтани олиб, эшагига минди ва дарахтга қараб йўл олди. Шайтон унга олдинги суратида кўриниб: “Қаерга кетяпсан?”, деди. “Анави дарахтни чопиб ташлаш учун кетяпман”, деди аввалгидек. Шайтон: “Бу сенинг қўлингдан келмайди”, деди. Яна иккалови уришди. Бу сафар шайтон уни уч марта йиқитди. Киши ажабланиб: “Қандай қилиб сен мени йиқитдинг, ахир олдин сени осонликча йиқитган эдим-ку?!” деди. Унга жавобан шайтон: “Сен аввал Аллоҳ учун чиққан эдинг, агар барча ёрдамчиларим йиғилганида ҳам сени енга олишмасди. Аммо бу гал кўрпачанг остидан топа олмаганинг дирҳамлар учун чиқдинг. Шу сабабли сени осонгина йиқитдим. Бас, сен бу йўлингдан қайт. Агар қайтмасанг, каллангни оламан”, деди. Киши уйига қайтиб кетди».
Муҳаммад ибн Дурий айтади: “Шайтон (яъни, Иблис) беш нарса сабабли бахтсиз бўлди: гуноҳларига иқрор бўлмагани сабабли; надомат қилмагани сабабли; нафсига маломат қилмагани сабабли; тавбага қасд этмагани сабабли; Аллоҳ таоло раҳматидан ноумид бўлгани сабабли”.
Аллоҳ таоло барчамизни шайтоннинг ёмонлигидан асрасин, омин!
Шайтоннинг адовати
Аллоҳ таоло айтади:
﴿۞يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَتَّبِعُواْ خُطُوَٰتِ ٱلشَّيۡطَٰنِۚ وَمَن يَتَّبِعۡ خُطُوَٰتِ ٱلشَّيۡطَٰنِ فَإِنَّهُۥ يَأۡمُرُ بِٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِۚ وَلَوۡلَا فَضۡلُ ٱللَّهِ عَلَيۡكُمۡ وَرَحۡمَتُهُۥ مَا زَكَىٰ مِنكُم مِّنۡ أَحَدٍ أَبَدٗا وَلَٰكِنَّ ٱللَّهَ يُزَكِّي مَن يَشَآءُۗ وَٱللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٞ٢١﴾
«Эй имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганда эди, сизлардан бирор киши (туҳматдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Нур, 21).
Шақиқ ибн Балхийдан ривоят қилинади: «Иброҳим ибн Адҳам Басра бозорларида юрганида у кишининг атрофида одамлар тўпланиб: “Эй Иброҳим! Аллоҳ таоло: “Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан”, деган. Аммо биз анча вақтдан бери дуо қиламиз-у Аллоҳ дуоларимизни ижобат қилмаяпти”, дейишди. Шунда Иброҳим ибн Адҳам қуйидагича жавоб берди: “Эй Басра аҳли! Қалбларингиз ўн нарса сабабли ўлган, энди қандай қилиб Аллоҳ дуоларингизни ижобат этсин?! Биринчиси, Аллоҳни танийсизлар-у, ҳақини адо қилмайсизлар. Иккинчиси, Қуръони каримни ўқийсизлар, лекин унга амал қилмайсизлар. Учинчиси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришни даъво қиласизлар-у, у кишининг суннатларини тарк этасизлар. Тўртинчиси, шайтонга душманликни даъво қиласизлар, аммо унга итоатдасизлар. Бешинчиси, жаннатга киришни хоҳлайсизлар, лекин бунинг учун амал қилмайсизлар. Олтинчиси, дўзахдан нажот топишни даъво қиласизлар-у, ўзларингизни унга отасизлар. Еттинчиси, “Албатта ўлим ҳақ” дейсизлар, бироқ унга ҳозирлик кўрмайсизлар. Саккизинчиси, биродарларингиз айблари билан шуғулланиб, ўзларингизнинг айбларингизни кўрмайсизлар. Тўққизинчиси, Парвардигорингиз неъматларини еб, Унга шукр қилмайсизлар. Ўнинчиси, марҳумларни дафн қиласизлар-у, ўлимлардан ибрат олмайсизлар”».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни лаънати шайтондан: “Умматимдан дўстларинг қанча?” деб сўраганларида, шайтон: “Улар ўн нафардир: золим имом; мутакаббир инсон; молни қаердан топиб, қаерга сарфлаётганига эътибор бермайдиган бой; амирлар зулмини тасдиқловчи олим; хиёнатчи савдогар; молни арзонлигида олиб, қимматлашганида сотувчи; зинокор; судхўр; молни ўрнига сарфламайдиган бахил киши; ароқ ичувчи”, деди».
Хабарларда келишича, намоз вақти бўлганида лаънати иблис лашкарларига одамлар олдига бориб, уларни намоздан чалғитишга буюради. Шайтонлар намоз ўқишни хоҳлаб турган одамлар олдига келиб, уларни васваса қилади, ҳатто намоз вақти ўтиб кетганини сезмай қолишади. Агар бунга қодир бўлмаса, намозда руку, сажда, қироат ва тасбеҳларни тўкис қилишга халақит беради. Агар буни уддалай олмаса, уларнинг қалбини дунёвий ишлар билан машғул қилиб қўяди. Буларнинг барчасига қодир бўлмагач, хасталаниб, умидсизланган ҳолда қайтиб кетади. Иблис эса бу шайтоннинг қўл-оёғини боғлатиб, денгизга улоқтирғизади. Борди-ю бу ишлардан бирортасини эпласа, уни иззат-икром қилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Одам боласи учун шайтондан бир вакил, фариштадан бир вакил бўлиб, шайтоннинг вакили ёмонлик ва ёлғонга, фариштанинг вакили эса яхшилик ва ростликка чақиради. Ким буни сезса, Аллоҳ тарафидан эканини билсин ва Унга ҳамд айтсин. Ким аввалгисини сезса, тошбўрон қилинган шайтондан паноҳ тиласин”. Фаришта ҳам, шайтон ҳам инсон қалбини тўлқинлантиради. Фақат фариштаники илҳом, шайтонники васваса дейилади.
Абу Лайс Самарқандий айтади: “Билгил, сенинг тўртта душманинг бўлиб, уларнинг ҳар бири билан курашишга муҳтожсан. Биринчиси дунёдир. Зеро, Аллоҳ: “Дунё ҳаёти сизларни алдаб қўймасин” (Луқмон, 33), деган. Иккинчиси нафсинг, у душманларнинг энг ёмонидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Душманларингнинг энг ёмони ўз нафсингдир”, деганлар. Сўнгра жинлардан бўлган шайтондир, Аллоҳдан унинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўра. Зеро, Қуръони каримда: “Албатта, у (шайтон) сизлар учун очиқ-ойдин душмандир” (Ёсин, 60), дейилган. Тўртинчиси, одамлардан бўлган шайтонлардир, улардан эҳтиёт бўл. Чунки у жинлардан бўлган шайтондан ҳам қўрқинчлироқдир. Жинлардан бўлган шайтонлар фақат васваса билан адаштирса, одамлардан бўлган шайтонлар юзма-юз туриб адаштиради”.
Ҳотамул Асом айтди: «Ҳар куни эрталаб мендан шайтон бундай деб сўрайди: “Нима киясан? Нима ейсан? Қаерда турасан?” Мен унга бундай жавоб бераман: “Ўлимни ейман. Кафанни кияман. Қабрда тураман”».
Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтди: “Олти хислатга эга кишида жаннатдан маҳрум бўлиш ва дўзахга кириб қолиш хавфи бўлмайди:
- Аллоҳни таниб, унга итоат қилса.
- Шайтонни таниб, унга осий бўлса.
- Охиратни таниб, уни изласа.
- Дунёни таниб, уни тарк этса.
- Ҳақни таниб, унга эргашса.
- Ноҳақни таниб, ундан четлашса”.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: “Аллоҳ таоло шайтонга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб, у кишининг саволларига жавоб беришни буюрди. Шайтон ҳассали чол кўринишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен кимсан?” деб сўрадилар. “Шайтонман”, деди у. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нима учун келдинг?” деб сўрадилар. “Аллоҳ мени саволларингизга жавоб бериш учун юборди”, деб жавоб қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй иблис, умматимдан сенинг нечта душманинг бор?” деб сўрадилар. Шайтон қуйидагича жавоб берди: “Ўн бешта. Сиз уларнинг энг биринчисисиз. Сўнг одил бошлиқ, камтар бой, ростгўй савдогар, намозларини хушу билан ўқийдиган олим, насиҳат қилувчи мўмин, раҳмдил мўмин, тавбасида собит турувчи, ҳаромдан тақво қилувчи, доимий таҳоратда бўлувчи мўмин, кўп садақа қилувчи, хулқи чиройли мўмин, одамларга фойдаси тегувчи, Қуръонни ёдлаб, уни қироат қилувчи киши ва одамлар ухлаётганида кечалари туриб, намоз ўқувчи”.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Шайтондан паноҳланиш;
Ноумид – шайтон;
Инсонлардан беҳожат бўлиш;
Омонатга хиёнат қилмаслик;
Бугун “Мирза Ғолиб” жоме масжидидаги таровиҳ намози Muslim.uz портали ва ITV.uz орқали ЖОНЛИ узатилади
? Muslim.uz жамоаси ушбу улуғ ойнинг ҳар бир кунида пойтахтимиз масжидларидаги таровиҳ намози ва Қуръон карим хатмини muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда ITV.uz интернет телевиденияси орқали онлайн бериб боради.
?Бугун, 21 апрель куни Тошкент вақти билан кечки соат 21 :00 да пойтахтимиздаги “Мирза Ғолиб” жоме масжидида ўқиладиган таровиҳ намозидаги хатми Қуръонни онлайн – ЖОНЛИ ЭФИРДА кузатиб боришингиз мумкин!
? Хатми Қуръонни юртимизнинг энг ҳушовоз, гўзал қироат соҳиби бўлган Жаҳонгир қори Неъматов, Муҳаммадюсуф қори
Ҳомидов, Ҳикматулло қори Хомидовлар ўқиб берадилар.
? Аллоҳ таоло барчамизни улуғ Рамазон ойи кечаларини Ўзининг буюк каломи Қуръони Карим тиловатларига сомеъ бўлиб, таровеҳ намозларини тўлиқ ва мукаммал адо этишимизни насиб қилсин!
? Аллоҳ таолонинг каломи тиловатини қуйидаги линклар орқали томоша қилинг! Бу файзли онларни яқинларингиз ва аҳли оилангизга ҳам тортиқ этинг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
8 ТА МАРКАЗИЙ ТЕЛЕКАНАЛДА РАМАЗОНГА ОИД КЎРСАТУВЛАР ЭФИРГА КЕТМОҚДА
Мўмин-мусулмон халқимизга Рамазон туҳфаси сифатида улуғ ой давомида ҳар куни саҳарлик ва ифторлик вақтида давлат ва нодавлат телеканалларда турфа хил Рамазон ойи теледастурлари бериб борилмоқда. Жумладан:
Рамазон туҳфаси кўрсатуви "O‘zbekiston" (4:20 — 19:00), "Mahalla" (20:00), "Madaniyat va ma’rifat" (21:00), "ZO`R TV" (4:00) каби республика ва барча ҳудудий (08:00 – 10:00) телераканалларда;
Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Рамазон суҳбатлари “O‘zbekiston” (3:20 — 12:00), “Mahalla” (4:20), “Madaniyat va ma’rifat” (5:20), “Sevimli TV” (4:25), “ZO`R TV” (18:45), “Milliy TV” (3:24 — 18:04) ва ҳудудий телеканалларда (16:00 – 18:00);
Таниқли уламоларнинг “Муборак ой суҳбатлари” номли онлайн диний савол-жавоб дастури “Uzreport.TV” телеканалида (3:30 — 18.00);
“Ибрат” номли диний-маърифий кўрсатув "Менинг юртим" – “МY 5” телеканалида (4:05 — 19:15);
“Инсон қалбига йўл” (18:55), “Одамийлик мулки” (4:15) кўрсатувлари “Sevimli TV” телеканалида.
Аллоҳ таоло ушбу маърифий кўрсатувларни халқимизга манфаатли қилсин, хайрли ишга ҳисса қўшган барчага ажру мукофотини кўпайтириб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати