www.muslimuz
Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги фазилати
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунида бошқа кунларидан кўра кўпроқ ибодат қилар, у кунларни этикоф билан ўтказар ва қадр кечасини ушбу кечалардан қидирар эдилар[1].
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз саҳиҳларида Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Албатта Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам, Рамазон ойининг охирги ўн куни кириб келса, аҳлларини уйғотар, тунларини тирилтирар ва белларини маҳкам боғлар эдилар”[2]
Ҳадиси шарифдаги Оиша онамизнинг: “Белларини маҳкам боғлар эдилар”, дегани Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатга одатдагидан кўпроқ жидду-жаҳд қилиб ҳаракат қилганларидан киноя. Баъзилар бу аёлларидан четлашганлари, яқинлик қилмаганларидан киноя дейдилар.
“Тунларини тирилтирар эди” деганлари эса, намоз ва бошқа ибодатлар билан туннинг барчасини бедор ўтказар эдилар деган маънода. Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: “ Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни Рамазон ойидан бошқа бирор пайтда бир кечада Қуръони каримнинг барчасини ўқиганларини ҳам, туннинг ҳаммасини то тонггача бедор бўлганларини ҳам, бир ой аввалидан охиригача тўлиқ рўза тутганларини ҳам билмайман”[3] деганлар.
“Аҳлларини уйғотар эди” деганлари эса, аёлларини намозга уйғотар эди деган маънода. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан маълумки, У зот аҳлларини бошқа кунларда ҳам ибодатга уйғотар эдилар. Витр ўқимоқчи бўлсалар Оиша онамизни уйғотганлари каби.[4] Аммо Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларини Рамазон ойининг охирги ўн кунида уйғотишлари йилнинг бошқа кунларига нисбатан кўпроқ бўлар эди.
Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
А. Собиров
[1] Имом Муслим Оиша розиёллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилган(1175)
[2] Имом Бухорий ривояти(1913)
[3] Имом Насаий ривояти(1641)
[4] Имом Бухорий ривояти(952)
Эътиқод дурдоналари: ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ МАЪСУМЛИКЛАРИ БАЁНИ
29 - وَإِنَّ الأَنْبِيَاءَ لَفِي أَمَانٍ عَنِ الْعِصْيَانِ عَمْدًا وَانْعِزَالِ
Маънолар таржимаси:
Дарҳақиқат, пайғамбарлар қасддан исён қилишдан ва (пайғамбарлик мартабасидан) четлаштирилишдан, албатта, омонда бўлганлар.
Назмий баёни:
Пайғамбарлар ҳеч қачон қасддан исён этмаган,
Элчилик мақомидан ажралиб ҳам кетмаган.
Луғатлар изоҳи:
اِنَّ – “хуруфу мушаббаҳату бил феъл”дан бири бўлган таъкид ҳарфи. Ушбу ҳарф ва унинг шериклари худди феълга ўхшаб икки исмдан бирини насб ва иккинчисини раф қилишга сабаб бўлгани учун “феълга ўхшатилган ҳарфлар” дейилади.
الأَنْبِيَاءَ – ушбу сўз луғатда икки хил маънога далолат қилади:
- Хабар берувчилар;
- Хабардор қилинганлар.
Пайғамбар сўзига иккала маъно ҳам тўғри келади.
لَ – таъкид ҳарфи.
فِي – зарфият маъносида келган жор ҳарфи.
أَمَانٍ – жор мажрур اِنَّ нинг хабари эканига кўра раф ўрнида турибди. Луғатда ҳимоя маъносига тўғри келади.
عَنْ – “истеъло” (устун бўлиш) маъносида келган жор ҳарфи.
الْعِصْيَانِ – жор мажрур لَفِي أَمَانٍ га мутааллиқ. Луғатда "бўйинсунишни тарк қилиш" маъносини англатади.
عَمْدًا – тамйизликка кўра насб бўлиб турибди. Бу калима хато қилиб ҳам, тасодифан ҳам бўлмасдан, бир ишни қасддан қилишга нисбатан ишлатилади.
انْعِزَالِ – бу масдар бировнинг бошқа томонидан бирор нарсадан четлаштирилишига ишлатилади. إِعْتِزَال масдари эса бировнинг бирор нарсадан ўзи воз кечиб ташлаб кетишига нисбатан ишлатилади. Бирор пайғамбар ҳеч қачон пайғамбарликдан четлаштирилмаган, маъносига урғу бериш учун Нозим انْعِزَال калимасини ишлатган.
Матн шарҳи:
Инсонлар орасидан Аллоҳ таолонинг элчилигига танланган зотлар ҳеч қачон қасддан исён қилмаганлар. Шунингдек, бу муҳтарам зотлар оқибатлари омонда бўлган, ҳеч қачон пайғамбарлик мартабасидан ажралмаган буюк инсонлардир. Бироқ пайғамбарлар ҳам бошқа инсонлар каби еб-ичадиган, касал ҳам бўладиган, аёлларни никоҳларига оладиган, бозорларда юрадиган, қарийдиган ва Аллоҳ белгилаган кунда ўлимга йўлиқадиган инсонлар бўлганлар. Аммо уларда бошқа инсонлардан кескин ажратиб турадиган улуғ хусусиятлар бўлган.
Пайғамбарларнинг хусусиятлари
Аллоҳ таолонинг элчилари қуйидаги сифатларга эга бўлганлар:
- Ростгўй бўлиш. Ҳар бир инсон учун зарур бўлган ростгўйлик сифати пайғамбарлик учун, албатта, бўлиши лозим бўлган сифатдир. Чунки ёлғончилик оддий инсонга ҳам лойиқ кўрилмайдиган разил сифат бўлганидан кейин пайғамбарлардек зотларда бундай разилликнинг бўлиши ақлан ҳам, нақлан ҳам мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларидан ўта ростгўй ва садоқатлиликлари билан ажралиб турганларидан у зотни Содиқ ва Амин деб аташган. Лекин у зотга ваҳий тушганидан сўнг ўта ростгўй, ўта садоқатли деб эътироф этилган зотни шоир ва фолбинга чиқаришиб, у ёлғон гапираяпти, айтаётганларини ўзи тўқиб олган, – дейишган. Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг номидан ёлғон тўқийдиган ҳар бир кимса ҳақидаги қатъи ҳукмини эълон қилиб, пайғамбарлар саййиди ҳақида шундай деган:
﴿وَلَوۡ تَقَوَّلَ عَلَيۡنَا بَعۡضَ ٱلۡأَقَاوِيلِ٤٤ لَأَخَذۡنَا مِنۡهُ بِٱلۡيَمِينِ٤٥ ثُمَّ لَقَطَعۡنَا مِنۡهُ ٱلۡوَتِينَ٤٦ فَمَا مِنكُم مِّنۡ أَحَدٍ عَنۡهُ حَٰجِزِينَ٤٧ وَإِنَّهُۥ لَتَذۡكِرَةٞ لِّلۡمُتَّقِينَ٤٨﴾
“Агар (пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) баъзи сўзларни тўқиб айтганда эди, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутган, сўнгра унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирор киши ундан (пайғамбардан ҳалокатни) тўса олувчи бўлмас эди. Ҳақиқатан, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир”[1].
Аслида, у зотнинг ёлғон гапирмаётганларини, айтаётганлари ҳақ эканлигини у зотни ашаддий инкор қилаётганларнинг ўзлари ҳам билиб турган бўлсалар-да, обрў ва мансабга бўлган муҳаббат каби иллатлар туфайли била туриб инкор қилишган.
Буни қуйидаги ривоят тасдиқлайди: “Қурайш қабиласи улуғларидан бир киши Макка кўчаларидан бирида Абу Жаҳлга йўлиқди ва ундан тўхтаб гаплашишни илтимос қилди. Сўнгра унга: “Эй Абул Ҳакам, бу ерда иккаламиздан бошқа ҳеч ким йўқ, сендан Аллоҳ учун сўрайман Муҳаммад ростгўйми, ёлғончими”, – деди. Абу Жаҳл унга очиқ-ойдин жавоб бериб: “Аллоҳга қасамки, албатта Муҳаммад ростгўйдир, у асло ёлғон гапирмаган”, – деди. Шунда ҳалиги киши: “Ундай бўлса, унга эргашишдан сизларни нима тўсиб турибди”, – деди. Абу Жаҳл унга: “Биз ва Бани Ҳошим ўзаро мусобақалашардик, улуғлик ва фахрланишда бир-биримиздан ўзишга ҳаракат қилардик, улар таом бердилар, биз ҳам таом бердик, улар сув улашдилар, биз ҳам сув улашдик, улар жой бердилар, биз ҳам жой бердик, бизлар Бани Ҳошим билан гўё икки чопқир отлар каби улуғлик ва фахрланишда мутлақо тенг эдик. Сўнгра улар биздан ўзиб кетдилар ва бизлардан пайғамбар юборилди, – дейишди. Биз энди уларга қаердан пайғамбар олиб келамиз? Аллоҳга қасамки, унга иймон ҳам келтирмаймиз, эргашмаймиз ҳам”, – деди. Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарига тасалли бериб, қуйидаги оятларни нозил қилган:
﴿قَدۡ نَعۡلَمُ إِنَّهُۥ لَيَحۡزُنُكَ ٱلَّذِي يَقُولُونَۖ فَإِنَّهُمۡ لَا يُكَذِّبُونَكَ وَلَٰكِنَّ ٱلظَّٰلِمِينَ بَِٔايَٰتِ ٱللَّهِ يَجۡحَدُونَ٣٣﴾
“Айтган гаплари Сизни маъюс (хафа) қилаётганини яхши билурмиз. Улар, аслида, Сизни ёлғончига чиқармаяптилар, балки (бу) золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор этаётирлар”[2].
Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростгўй эканларини душманларининг ўзлари ҳам эътироф этганлар. Фақат мартаба ва мансабга бўлган муҳаббатигина уларни ҳақ динга эргашишдан тўсиб қолган”[3].
- Садоқатли бўлиш. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг барчалари садоқатли зотлар бўлганлар. Улар Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини бирор нарса қўшмасдан, камайтирмасдан, ўзгартирмасдан, алмаштирмасдан қандай нозил қилинган бўлса, худди шундай етказганлар. Қуръони каримда пайғамбарларнинг сифатлари қуйидагича баён қилинган:
﴿ٱلَّذِينَ يُبَلِّغُونَ رِسَٰلَٰتِ ٱللَّهِ وَيَخۡشَوۡنَهُۥ وَلَا يَخۡشَوۡنَ أَحَدًا إِلَّا ٱللَّهَۗ وَكَفَىٰ بِٱللَّهِ حَسِيبٗا٣٩﴾
“Улар (ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг фармонларини (бандаларга) етказадиган, Ундан қўрқиб, Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган зотлардир”[4].
- Хабар бериш. Бу сифат, яъни ўзларига нозил қилинган ваҳийни ўзгаларга етказиш расулларга хос сифат бўлиб, бундан уларнинг Аллоҳ таолонинг буйруқларини тўлиқ етказишлари тушунилади. Расуллар ўзларига ваҳий қандай нозил қилинган бўлса, уни етказишда ҳар қанча қийинчиликларга учрамасинлар, худди шундай етказиб кетганлар. Масалан, расуллардан бири бўлган Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмига шундай хабар берганлари баёни келган:
﴿أُبَلِّغُكُمۡ رِسَٰلَٰتِ رَبِّي وَأَنصَحُ لَكُمۡ وَأَعۡلَمُ مِنَ ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ٦٢﴾
“Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман, насиҳат қиламан ва Аллоҳдан (келган ваҳий орқали) сизлар билмайдиган нарсаларни биламан”[5].
- Фаросатли бўлиш. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг барчалари етук ақл эгалари бўлиш билан бир қаторда жуда ўткир фаросат соҳиби ҳам бўлганлар. Пайғамбар алайҳиссаломлардаги бу хислатларнинг бошқа инсонлардагидан фарқи шуки, бу хислатлар бошқа инсонларда бўлгани каби ёш ўтган сайин заифлашиб, нуқсонга учрамайди, балки ҳар қанча узоқ умр кўрсалар ҳам заифлашмасдан тураверади. Бу эса Аллоҳ таолонинг уларга берган фазлу марҳаматидир. Ана шундай ўткир фаросат соҳиби бўлган зотлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг зўравон кофирни мот қилиб қўйганлари Қуръони каримдаги машҳур қиссалардан биридир:
﴿أَلَمۡ تَرَ إِلَى ٱلَّذِي حَآجَّ إِبۡرَٰهِۧمَ فِي رَبِّهِۦٓ أَنۡ ءَاتَىٰهُ ٱللَّهُ ٱلۡمُلۡكَ إِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِۧمُ رَبِّيَ ٱلَّذِي يُحۡيِۦ وَيُمِيتُ قَالَ أَنَا۠ أُحۡيِۦ وَأُمِيتُۖ قَالَ إِبۡرَٰهِۧمُ فَإِنَّ ٱللَّهَ يَأۡتِي بِٱلشَّمۡسِ مِنَ ٱلۡمَشۡرِقِ فَأۡتِ بِهَا مِنَ ٱلۡمَغۡرِبِ فَبُهِتَ ٱلَّذِي كَفَرَۗ وَٱللَّهُ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلظَّٰلِمِينَ٢٥٨﴾
“Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми? Иброҳим: “Менинг Роббим тирилтиради ва ўлдиради”, – деганда, у: “Мен тирилтираман ва ўлдираман”, – деди. Иброҳим: “Албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқаргин-чи”, – деди. (Бу гапдан) куфр келтирган кимса каловланиб қолди”[6].
- Жиркантирувчи айблардан саломат бўлиш. Пайғамбар алайҳиссаломларга хос бўлган сифатлардан бири, уларда бошқаларни уларга эргашишдан жиркантирадиган хулқ-атворлар ёки касалликларнинг бўлмаслигидир. Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам бошқа инсонлар каби касал бўлганлар, бироқ уларни бошқалар жирканадиган касалликларга йўлиқишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаган. Айюб алайҳиссалом ҳақидаги “баданлари чириб кетиб қуртлаган, ҳатто хотинлари ҳам жирканган”, деган ривоят эса ёлғон ва бўҳтон бўлиб, исроилиёт қиссаларидан ҳисобланади. Бу қиссани тасдиқлаш ёки унга эътиқод қилиш мумкин эмас. Чунки бундай бўлиш пайғамбарларнинг сифатларига тўғри келмайди. Шунинг учун Айюб алайҳиссаломнинг касалликлари қандай бўлганини билишни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиб, Қуръонда берилган хабардан У зот нимани ирода қилган бўлса, ўшанга иймон келтирдим, дейиш банда учун энг тўғри йўл ҳисобланади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
﴿۞وَأَيُّوبَ إِذۡ نَادَىٰ رَبَّهُۥٓ أَنِّي مَسَّنِيَ ٱلضُّرُّ وَأَنتَ أَرۡحَمُ ٱلرَّٰحِمِينَ٨٣ فَٱسۡتَجَبۡنَا لَهُۥ فَكَشَفۡنَا مَا بِهِۦ مِن ضُرّٖۖ وَءَاتَيۡنَٰهُ أَهۡلَهُۥ وَمِثۡلَهُم مَّعَهُمۡ رَحۡمَةٗ مِّنۡ عِندِنَا وَذِكۡرَىٰ لِلۡعَٰبِدِينَ٨٤﴾
“Ва Айюбнинг Роббисига нидо қилиб: “Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан!” – деганини эсла. Бас, Биз уни (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик”[7].
Ушбу оятнинг зоҳирига кўра, Айюб алайҳиссаломнинг баданлари билан биргаликда у зотнинг аҳлларига ҳам зарар етган. Бироқ бу зарар энг буюк Зотнинг элчиси ўлароқ бошқалар жирканадиган айбу нуқсонлардан ҳимоя қилинган зотнинг шаънига тўғри келмайдиган зарар бўлмаган.
- Гуноҳлардан ҳимоя қилиниш. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг бошқа инсонлардан ажралиб турадиган энг муҳим фарқларидан бири – улар гуноҳу маъсиятлардан ва комил инсон шаънига тўғри келмайдиган ҳар қандай разил иллатлардан пок бўлганлар. Ҳа, пайғамбар алайҳиссаломларнинг барчалари инсониятнинг хулқи энг гўзаллари, амали энг мусаффолари, нафси энг покизалари бўлганлар. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳидоят қилиб бошқаларга намуна қилиб юборган зотлар бундан бошқача бўлиши мумкин эмасдир.
﴿أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ هَدَى ٱللَّهُۖ فَبِهُدَىٰهُمُ ٱقۡتَدِهۡۗ قُل لَّآ أَسَۡٔلُكُمۡ عَلَيۡهِ أَجۡرًاۖ إِنۡ هُوَ إِلَّا ذِكۡرَىٰ لِلۡعَٰلَمِينَ٩٠﴾
“Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоятга бошлаган зотлардир. Бас, (Сиз ҳам) уларнинг йўлига иқтидо қилинг!”[8].
Пайғамбар алайҳиссаломлардаги гуноҳлардан ҳимоя қилиниш сифати араб тилида “исмат” дейилиб, ўзбек тилида “гуноҳсизлик”, “поклик” ва “ҳимоя” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса: “Аллоҳ таолонинг набийлари ва расулларини гуноҳ ва маъсиятларга тушишларидан ҳамда разилликлар ва ман этилган нарсаларни содир этишларидан ҳифзу ҳимоя қилиши исмат деб аталади”[9].
“Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Исмат гуноҳ содир этишдан ҳимоя қилгани учун исмат деб номланган. Баъзиларнинг: исмат ёлғиз Аллоҳга хосдир ёки Аллоҳ ва Унинг расулигагина хосдир, деган сўзлари жуда қўпол хатодир. Чунки исмат гуноҳ ва маъсиятларни содир этишдан ҳимояланиш бўлади. Буларни эса Аллоҳ таолога нисбат бериш тўғри бўлмайди”, – деган”[10].
Пайғамбарлардан содир бўлган ишлар
ҳақидаги қарашлар
Пайғамбарлар гуноҳлардан ҳифзу ҳимоя қилинган зотлардир. Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло бизларни пайғамбар алайҳиссаломларга эргашишга ва уларнинг йўлларидан юришга буюрган. Улар бутун инсоният учун намуна қилиб юборилганлар. Агар улардан гуноҳу маъсиятлар содир бўлганида маъсиятларни қилиш шариатдаги иш бўлиб қоларди ёки уларга эргашиш бошқаларга вожиб бўлмасди. Бу эса мумкин бўлмаган ишдир. Қолаверса, гуноҳу маъсиятлар “маънавий нуқсонлар”дир. Ана шундай ифлос нарсаларни Аллоҳ таолонинг танлаб олган элчиларига нисбат бериш дуруст эмаслиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Аммо Қуръони каримда зоҳиран баъзи пайғамбарларга маъсият нисбат берилган. Масалан Одам алайҳиссалом ҳақида шундай хабар келган:
﴿فَأَكَلَا مِنۡهَا فَبَدَتۡ لَهُمَا سَوۡءَٰتُهُمَا وَطَفِقَا يَخۡصِفَانِ عَلَيۡهِمَا مِن وَرَقِ ٱلۡجَنَّةِۚ وَعَصَىٰٓ ءَادَمُ رَبَّهُۥ فَغَوَىٰ١٢١﴾
“Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди”[11].
Ушбу ояти каримада Одам алайҳиссаломнинг Аллоҳга осий бўлгани ва йўлдан озгани очиқ-ойдин баён қилинган. Шу ўринда Одам алайҳиссалом пайғамбар бўлса, қандай қилиб Аллоҳнинг буйруғига осий бўлади, пайғамбарлар маъсиятлардан маъсум зот эмасмилар, деган табиий савол пайдо бўлади. Ушбу саволга мазкур мавзуга тааллуқли китобларда пайғамбарларнинг маъсум зот бўлганлари, уларнинг ҳеч қачон Роббиларига қасддан исён этмаганлари, улардан маъсият кўринишида содир бўлган баъзи ишларнинг эса, аслида, биз тушунадиган маъсиятдан тубдан фарқ қиладиган ишлар бўлгани ҳақида батафсил жавоб берилган. Ўша жавобларнинг қисқа ва лўндаси қуйидагилардир:
- Одам алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг буйруғини унутиб, унга хилоф ишни қилиб қўйган, ўша ишни асло ва асло қасддан содир этмаган. Қуйидаги ояти карима бунга далилдир:
﴿وَلَقَدۡ عَهِدۡنَآ إِلَىٰٓ ءَادَمَ مِن قَبۡلُ فَنَسِيَ وَلَمۡ نَجِدۡ لَهُۥ عَزۡمٗا١١٥﴾
“Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик”[12].
Яъни унга ман қилинган дарахт мевасини емасликни олдиндан тайинлаган эдик, лекин у бизнинг буйруғимизни унутиб қўйди. Юқоридаги “Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди”, маъносидаги ояти каримада Одам алайҳиссаломнинг осий бўлгани қанчалик очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, бу ишни асло қасддан қилмагани, балки унутган ҳолда қилгани ушбу ояти каримада шунчалик очиқ-ойдин баён этилган. Қасддан қилинган иш билан унутган ҳолда қилиб қўйган иш орасида қанчалик фарқ борлиги ҳеч кимга сир эмас.
- Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга: “Жуфтинг Ҳавво билан жаннатда яшанглар, унинг қаеридаги меваларидан емоқчи бўлсаларингиз, марҳамат еяверинглар, фақат “мана бу дарахтга яқин келманглар”, – дея буйруқ қилган:
﴿وَقُلۡنَا يَٰٓـَٔادَمُ ٱسۡكُنۡ أَنتَ وَزَوۡجُكَ ٱلۡجَنَّةَ وَكُلَا مِنۡهَا رَغَدًا حَيۡثُ شِئۡتُمَا وَلَا تَقۡرَبَا هَٰذِهِ ٱلشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ ٱلظَّٰلِمِينَ٣٥﴾
“Биз яна айтдик: “Эй Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз”[13].
Одам алайҳиссалом “мана бу дарахтга яқинлашмангиз”, яъни манави дарахт мевасидан еманглар маъносидаги буйруқни кўрсатилган дарахтнинг жинси деб эмас, балки айнан ўша битта дарахтнинг ўзи деб ўйлаган ва ўша дарахтнинг жинсидан бўлган бошқа дарахт мевасидан еган. Натижада бу қилган иши буйруққа хилоф бўлиб қолган. Бунда асло билиб туриб буйруққа хилоф иш қилиш маъноси йўқдир. Билиб туриб қилинган иш билан билмасдан қилиб қўйган иш орасида қанчалик фарқ борлиги ҳеч кимга сир эмас.
- Одам алайҳиссаломнинг дарахт мевасидан еб қўйиши пайғамбар бўлишидан олдин содир бўлган. Маъсумликни эса пайғамбарлик тақозо қилади. Одам алайҳиссаломнинг ман қилинган дарахт мевасини егани пайғамбар бўлишидан олдин содир бўлганига ушбу ояти карима далолат қилади:
﴿ثُمَّ ٱجۡتَبَٰهُ رَبُّهُۥ فَتَابَ عَلَيۡهِ وَهَدَىٰ١٢٢﴾
“Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади”[14].
Пайғамбарларнинг қиссалари, маъсумликларининг исботлари, Қуръонда пайғамбарлар қиссаларининг такрор келиш сирлари ва ҳоказо пайғамбарларга тааллуқли муҳим маълумотларни Шайх Муҳаммад Али Собуний “Нубувват вал-Анбия” китобида бобларга ажратиб, батафсил баён қилган.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ СИФАТЛАРИ БАЁНИ;
ЗУЛҚАРНАЙН ВА ЛУҚМОН ҲАҚИДА;
[1] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 44, 48-оятлар.
[2] Анъом сураси, 33-оят.
[3] Шайх Муҳаммад Али Собуний. Нубувват вал Анбия. – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2005. – Б. 60.
[4] Аҳзоб сураси, 39-оят.
[5] Аъроф сураси, 62-оят.
[6] Бақара сураси, 258-оят.
[7] Анбиё сураси, 83, 84-оятлар.
[8] Анъом сураси, 90-оят.
[9] Шайх Муҳаммад Али Собуний. Нубувват вал Анбия. – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2005. – Б. 73.
[10] Шайх Муҳаммад Али Собуний. Нубувват вал Анбия. – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2005. – Б. 72.
[11] Тоҳа сураси, 121-оят.
[12] Тоҳа сураси, 115-оят.
[13] Бақара сураси, 35-оят.
[14] Тоҳа сураси, 122-оят.
Муборак васиятлар: Омонатга хиёнат қилмаслик
Инсонлардан беҳожат бўлиш
Васиятдаги: “Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам” сўзлари инсонлардан беҳожат бўлишга чақиради.
Ҳадиси шарифда айтилади:
قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وسَلَّمَ: “أَحَبُّ النَّاسِ إلى النَّاسِ مَنْ اسْتَغْنَى عَنِ النَاسِ وَأَبْغَضُ النَاسِ إِلَيْهِمْ مَنْ احْتَاجَ إِلَيْهِمْ وأَحَبُّ النَّاسِ إِلي اللهِ مَنْ احْتَاجَ إلي اللهِ وَأَبْغَضُ النَاسِ إِلَيْهِ مَنْ اسْتَغْنَى عَنْهُ وَاحْتَاجَ إِلىَ غَيْرِهِ”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одамлар наздида энг яхши инсон инсонлардан беҳожат бўлганидир ва одамлар наздида энг ёмон кўрилган инсон уларга муҳтож бўлганидир. Аллоҳ наздида энг яхши инсон Унга муҳтож бўлгани ва Аллоҳ наздида энг ёмон инсон эса, бошқаларга муҳтож бўлиб, Яратгандан ўзини беҳожат ҳисоблаганидир”.
Инсонлардан беҳожат бўлиш учун тинмай меҳнат қилиш ва ризқ қидириш керак.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿هُوَ ٱلَّذِي جَعَلَ لَكُمُ ٱلۡأَرۡضَ ذَلُولٗا فَٱمۡشُواْ فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُواْ مِن رِّزۡقِهِۦۖ وَإِلَيۡهِ ٱلنُّشُورُ١٥﴾
«У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган Зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинг ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилинг! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир» (Мулк, 15).
Аллоҳ таоло ҳатто ийд-жума кунлари ҳам дам олмасдан меҳнат қилиш ва ризқ қидириш мумкинлигини айтган:
﴿فَإِذَا قُضِيَتِ ٱلصَّلَوٰةُ فَٱنتَشِرُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَٱبۡتَغُواْ مِن فَضۡلِ ٱللَّهِ وَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ كَثِيرٗا لَّعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ١٠﴾
«Бас, қачонки, намоз (жума намози) адо қилингач, ер юзи бўйлаб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) нажот топсангиз» (Жума, 10).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир кишини пешона тери билан кун кечиришга ундаганлар ва ўзлари ҳам меҳнат орқали тирикчилик қилишни яхши кўрганлар.
Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан ўтирганларида бир киши ҳақида гап кетди: “У кундузлари рўза тутади ва кечалари зикр қилади”, дейишди ва бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўладилар ҳамда унга ўхшашни буюрадилар, деб ўйлашди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг мақтовларини эшитмадилар ва: “Сизлардан кимнинг озиқ-овқати ва кийим-кечаги етарли?” деб сўрадилар. Улар: “Барчамизники”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар ундан яхшисизлар”, дедилар. Буни эшитган саҳобалар меҳнат қилишга тиришишди ва ўз “араваларини ўзлари тортиш”га аҳд қилишди.
Аллоҳ таоло ҳалол меҳнат қиладиган инсонлар мартабасини баланд қилиб қўйди:
﴿۞إِنَّ رَبَّكَ يَعۡلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ أَدۡنَىٰ مِن ثُلُثَيِ ٱلَّيۡلِ وَنِصۡفَهُۥ وَثُلُثَهُۥ وَطَآئِفَةٞ مِّنَ ٱلَّذِينَ مَعَكَۚ وَٱللَّهُ يُقَدِّرُ ٱلَّيۡلَ وَٱلنَّهَارَۚ عَلِمَ أَن لَّن تُحۡصُوهُ فَتَابَ عَلَيۡكُمۡۖ فَٱقۡرَءُواْ مَا تَيَسَّرَ مِنَ ٱلۡقُرۡءَانِۚ عَلِمَ أَن سَيَكُونُ مِنكُم مَّرۡضَىٰ وَءَاخَرُونَ يَضۡرِبُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِ يَبۡتَغُونَ مِن فَضۡلِ ٱللَّهِ وَءَاخَرُونَ يُقَٰتِلُونَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِۖ فَٱقۡرَءُواْ مَا تَيَسَّرَ مِنۡهُۚ وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ وَأَقۡرِضُواْ ٱللَّهَ قَرۡضًا حَسَنٗاۚ وَمَا تُقَدِّمُواْ لِأَنفُسِكُم مِّنۡ خَيۡرٖ تَجِدُوهُ عِندَ ٱللَّهِ هُوَ خَيۡرٗا وَأَعۡظَمَ أَجۡرٗاۚ وَٱسۡتَغۡفِرُواْ ٱللَّهَۖ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٞ رَّحِيمُۢ٢٠﴾
«(Эй Муҳаммад!) Албатта, Раббингиз сиз ва сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг учдан иккисидан озроғида, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (миқдори)ни Аллоҳ белгилар. У саноғига ета олмаслигингизни билиб, тавбаларингизни қабул этди. Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан (ўзингизга) осон бўлган даражада ўқийверинг! У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, ер юзида сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билган. Бас, (қийналмай Қуръондан) осон бўлган миқдорда ўқийверинг! Намозни баркамол адо этинг, закотни (ўз жойига) беринг ва (мискинларга эҳсон қилиш билан) Аллоҳга “қарзи ҳасана” беринг! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган яхшиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида топурсиз. Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Муззаммил, 20).
Мўмин киши тадбиркор бўлиши керак. У ақлу фаросати билан нафақат ўзи, балки жамиятдаги ишсиз кишиларни иш билан таъминлаши улуғ савоб. Машойихлар айтганидек: “Хоҳлаган нарсангдан беҳожат бўл, ундан устун бўласан. Хоҳлаган нарсангга муҳтож бўлсанг, унинг асири бўласан. Хоҳлаганингга яхшилик қил, унинг амири бўласан”.
Бировга қарам, асир бўлишдан сақланайлик.
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ҳаётида бўлиб ўтган воқеани эслайлик, унда катта ибрат ва фойда бор. Али (розияллоҳу анҳу) айтади: “Кунларнинг бирида оч қолиб, Мадина кўчаларига чиқиб иш қидирдим. Тупроқ йиғиб, челакда сув ташиб, хурмоларни суғораётган аёлга дуч келдим. Унга ўн олти челак сув ташиб бердим ва қўлларим қавариб кетди. Кафтимни ёзиб унга қавариқларни кўрсатдим. У менга ўн олтита хурмо санаб берди. Мен хурмоларни олиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келдим ва бўлиб ўтган воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўлдилар ва мен билан хурмо едилар”.
Али (розияллоҳу анҳу) меҳнатидан фахрланиб, кишиларга ибрат учун шундай шеър битган:
Одамлар миннати тоғлардан оғир,
Миннатни кўтариш қийинку ахир.
Баъзилар касб-корни санашади ор,
Аслида касб эмас, тиланчилик ор!
Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ризқларини ҳалол йўл билан, пешона тери тўкиб топишган. Улар ризқ Аллоҳдан эканини билгани ҳолда ҳам ҳунарсиз ўтиришмаган. Тарихдан маълум, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик ва Идрис (алайҳиссалом) хаттотлик билан шуғулланган.
Шу ўринда Сулаймон (алайҳиссалом)нинг Раббига қилган муножотини эслаб ўтайлик: “Эй Аллоҳ! Мендан олдингиларга насиб этмаган нарсани бердинг ва мендан кейин ҳеч кимга берилмайдиган нарсани сендан сўрайман, ато эт! Шукрингга ожиз қолсам, мендан ҳам шокирроқ бандангни кўрсат”. Аллоҳ таоло ваҳий қилди: “Эй Сулаймон! Касби билан очлигини кетказган ва авратини ёпган ҳамда менга ибодат қилган бандам сендан кўра шокирроқдир”. Сулаймон (алайҳиссалом): “Эй Парвардигор! Менга қўлим билан қиладиган касб ато эт!”, деди. Жаброил (алайҳиссалом) келиб унга хурмо дарахтларига ишлов беришни ўргатди. Сулаймон (алайҳиссалом) шу ишни ўзига касб қилиб олди.
Омонатга хиёнат қилмаслик
Аллоҳ таоло айтади:
﴿إِنَّا عَرَضۡنَا ٱلۡأَمَانَةَ عَلَى ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَٱلۡجِبَالِ فَأَبَيۡنَ أَن يَحۡمِلۡنَهَا وَأَشۡفَقۡنَ مِنۡهَا وَحَمَلَهَا ٱلۡإِنسَٰنُۖ إِنَّهُۥ كَانَ ظَلُومٗا جَهُولٗا٧٢﴾
«Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортди ва ундан қўрқди. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир» (Аҳзоб, 72).
Ҳадисда: “Одам (алайҳиссалом) омонатни қабул қилиб олгач, кўп ўтмай жаннатда уни кўтара олмасдан, тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйди”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ ер юзида кезиб юргувчи фаришталарни яратиб қўйган, улар умматимнинг саломларини менга етказиб туради. Агар умматимнинг бирортаси менга бир кунда юз марта салавот айтса, Аллоҳ унинг юзта ҳожатини раво қилади. Уларнинг етмиштаси охиратга, ўттизтаси бу дунёга тегишлидир”.
Аҳзоб сурасида айтилган омонатга келсак, баъзилар уни тавҳид, деган. У шаҳодат калимасидир. Бу калимани омонат дейишдан мурод, унинг улкан ҳақлари бўлиб, бу ҳақларни Аллоҳ одамларга омонат қилди. Бу омонатни ҳусни тоат билан қабул қилиш вожибдир, бу ҳақларга риоя қилиш ва уларни муҳофаза этиш шартдир.
Абдуллоҳ ибн Умар айтади: “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасида йигирма тўртта ҳарф бор. Бир кеча-кундузда йигирма тўрт соат бор. Агар банда бу калимани ихлос билан айтса, Аллоҳ: “Шубҳасиз, бу калима ҳурматидан сенинг каттаю кичик, ошкораю махфий, билиб-билмай қилган гуноҳларингни кечирдим”, дейди.
Бу омонат Одам (алайҳиссалом)га рўпара қилинганида: “Эй Раббим! Осмонлару ер ҳамда тоғлар буюклик ва улканликларига қарамай, бу омонатни кўтаришдан қўрқди ва бош тортди. Мен заифлигим билан қандай қилиб кўтараман?”, деди. Аллоҳ: “Кўтариш сен тарафдан, куч-қудрат Мен тарафдандир”, деди. Аллоҳ Мусо (алайҳиссалом) ҳассасини Фираъвн ва унинг қавми кўзига улкан илон қилиб кўрсатди ва улар қўрқиб кетди. Мусо (алайҳиссалом) кўзларига эса таёқ қилиб кўрсатилди, ундан қўрқмадилар. Худди шунингдек, бу омонатни осмонлару ерга улкан қилиб кўрсатди, натижада улар омонатни кўтаришдан бош тортди ва қўрқди. Инсоннинг кўзига эса бу омонатни енгил қилиб кўрсатди. Шунда инсон уни зиммасига олди. Агар: “Осмонлару ер улкан бўлишига қарамай, бу омонатни қабул қилмагани ва инсон заиф бўла туриб уни зиммасига олишида қандай ҳикмат бор?” деб сўралса, “Улар жаннат лаззатини татиб кўришмаган, инсон эса ундан тотиб кўрган. Шунинг учун инсон лаззатга етишиш учун уни ўз зиммасига олди”, деб жавоб берамиз.
Баъзи уламолар, бу омонатдан мурод, беш вақт намоз, деган фикрни билдиришган. Зеро, Аллоҳ: “(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз” (Бақара, 238), деган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Намоз диннинг устунидир. Ким уни барпо этса, динини барпо қилибди, ким уни тарк этган бўлса, динини вайрон қилибди”, деганлар.
Ривоят қилинишича, Али (розияллоҳу анҳу) намоз вақти кирса, ранги ўзгараркан. У кишидан бунинг сабабини сўрашганида: “Осмонлару ерга ва тоғларга рўпара қилинганида улар бош тортган, мен эса заифлигимга қарамай... зиммамга олган омонатни адо этиш вақти келди, уни адо қила оламанми йўқми, билмайман”, деб жавоб берар экан.
Уламоларнинг баъзилари бу омонатдан мурод, тана аъзоларидир, деган. Кўз – омонат, уни ҳаромдан тийиш вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло: “(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир”(Нур, 30), деган. Қорин – омонат, уни ҳаром луқма киришидан сақлаш вожибдир. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар”(Нисо, 10). Тил – омонат, уни ғийбатдан, фаҳш сўзлардан тийиш вожибдир. Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”(Ҳужурот, 12), деган. Қулоқ – омонат. Уни мункар – тақиқланган нарсаларни эшитишдан сақлаш вожибдир.
Уламоларнинг баъзилари: “Омонатдан мурод, Қуръони карим”, дейишган. Бас, шундай экан, уни қироат қилиш, ўрганиш ва ўргатиш вожиб.
Баъзи уламолар бу омонатни рўза деб изоҳлаган. Рўза Ислом арконларидан бири бўлиб, ким уни барпо қилса, динини барпо қилибди. Ким уни тарк этса, динини вайрон қилибди. Зеро, Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183), деган. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) айтадилар: “Ким рамазон рўзасини ишонч билан савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади”.
Яна бошқа уламолар омонатга закот, деган таъриф беришган: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина, 5), дейди Аллоҳ таоло.
Ривоят қилинишича, Мусо (алайҳиссалом) бир куни хушу, хузу билан намоз ўқиётган киши олдидан ўтдилар ва: “Эй Раббим! Бу нақадар чиройли намоз ўқияпти”, дедилар. Шунда Аллоҳ: “Эй Мусо! Агар ҳар куни юз ракат намоз ўқиса, мингта қулни озод қилса ва минг марта ҳаж қилиб, мингта жанозага қатнашса ҳам, токи молининг закотини бермагунича қилган амаллари унга фойда бермайди”, деди.
“Омонатдан мурод, ҳаждир”, деган баъзи уламолар. Зеро, Аллоҳ таоло: “Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон, 97), деган.
Уламоларнинг баъзилари: “Омонатдан мурод, – барча омонатлар”, дейишган. Зеро, Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо, 58), деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Омонати йўқнинг (яъни, омонатга хиёнат қиладиганнинг) имони йўқ”, деганлар.
Молик ибн Сафвон айтади: «Менинг биродарим вафот этди. Сўнг уни тушимда кўрдим ва ундан: “Эй биродар! Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?” деб сўрадим, у: “Раббим мени мағфират қилди”, деди. Мен унинг юзида қора нуқтани кўрдим ва ундан бунинг сабабини сўрадим. “Менинг ҳузуримда бир яҳудийнинг фалонча дирҳами омонат қўйилган эди. Мен уни адо қилмаганман. Бу нуқта шу сабаблидир, эй биродар! Сендан илтимос қиламан, ўша дирҳамларни фалон жойдан олиб, фалончига қайтариб бер”, деди у. Тонг отгач, унинг айтганини бажардим. Мен уни иккинчи бор тушимда кўрдим. Қарасам, қора нуқта юзидан кетибди. У: “Эй биродар! Аллоҳ сенга раҳм қилсин, сен мени азобдан қутқардинг”, деди».
Уламоларнинг баъзилари омонатдан мурод, аҳли аёл ва фарзандлардир, дейишган. Уларни намозга буюриш ҳар бир кишига вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло: “Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо, 132), деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Болаларингиз етти ёшга етса, уларни намозга буюринг. Агар ўн ёшга етиб, намоз ўқимаса, уринг”, деганлар. Уларни ҳаромдан, бекорчи ўйин-кулгидан қайтариш вожибдир, чунки ота-она уларнинг тарбиясига масъул. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида сўраласиз”, деганлар.
Ҳикоя қилинишича, орифлардан бири анча муддат Аллоҳга ибодат қилибди. Кунларнинг бирида таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқибди-да, бошини ва қўлини кўтариб: “Эй Раббим, ибодатларимни қабул эт”, деб дуо қилибди. Шунда Раҳмон тарафидан бир нидо қилувчи нидо қилибди: “Гапирма, эй малъун! Чунки сенинг тоат-ибодатинг мардуд – қайтарилгандир”. Шунда обид: “Эй Раббим! Нима сабабдан?” деб сўраганида, нидо қилувчи: “Чунки хотининг Аллоҳнинг амрига зид ишларни қилмоқда ва сен бунга розидирсан”, деб жавоб берибди.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради; ваъда берса, ваъдасини бажармайди; омонат топширилса, хиёнат қилади”, дедилар. Ваъда банда билан бандалар орасида бўлганидек, Аллоҳ билан бандалар орасида ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ бандаларнинг руҳларига: “Мен сизларнинг Раббингиз эмасманми?!” деб хитоб қилганида, улар: “Албатта, Сен бизнинг Раббимизсан”, деб иқрор бўлишган. Аллоҳ бандаларидан аҳд олган, улар эса бу аҳдда мустаҳкам туришга ваъда берган. Агар банда бу аҳдни бузса, ваъдага хилоф қилган бўлади. Яна омонат тоат-ибодатга буюришдир. Ким буни адо қилса, омонатни адо қилибди, ким буни тарк қилса, омонатга хиёнат қилибди.
Зажжож айтади: “Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча нарсалар омонатдир”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтган: “Аҳдлар Қуръонда ҳалол-ҳаром, фарз қилинган ва ҳад қилиб, жорий этилган нарсалардир”.
Заҳҳок айтган: “Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром, намоз каби фарз нарсаларга ва бошқа омонатларга вафо қилишга аҳд-паймон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳкам нарсалардандир. Бирон-бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ”.
Муқотил ибн Ҳайён айтади: «Аллоҳ таоло буюрган: Унинг Ўзигагина итоат этишингиз ва қайтарган нарсаларидан қайтишингиз хусусида сизларнинг зиммангизга юклаган аҳдларга, мушриклар билан сизларнинг орангиздаги аҳдлар – битимларга ва инсонлар ўртасидаги аҳду паймонларга вафо қилинглар”».
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Кимда тўрт хислат бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни ташламагунича унда мунофиқликнинг битта хислати қолади. Гапирса, ёлғон гапиради, аҳдлашса, аҳдида турмайди, омонатга хиёнат қилади ва агар баҳслашса, фожирлик қилади (ҳаддидан ошади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Қиёмат куни ҳар бир (аҳдини бузган) хиёнатчининг танитиб турадиган байроғи бўлади. Бу фалончининг хиёнати, дейилади” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч кишининг – менинг номимни ўртага қўйиб (бирор нарса) олиб, сўнг хиёнат қилган кишининг, ҳур-озод одамни сотиб, сўнгра пулини еган кишининг ва мардикорни ижарага олиб, роса ишлатиб, ҳақини тўлиқ бермаган кишининг душманидирман”, деди» (Имом Бухорий ривояти).
Юқорида келтирилган оят ва ҳадислардан омонатнинг нақадар оғир эканини билиб олдик. Бизга нима омонат қилинган бўлса, барчасини ўз вақтида адо этишга шошилайлик. Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ва фойдали илм ато этсин, омин!
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
ОЛТИНЧИ ВАСИЯТ:
Камбағалларни севиш ва уларга яқин бўлиш;
Ўзидан юқоридагиларга эмас, ўзидан пастдагиларга қараш;
Қариндошларга, гарчи улар ёмонлик қилсалар ҳам, силаи раҳм қилиш;
Эътиқод дурдоналари: ШАФОАТ ТУШУНЧАСИ БАЁНИ
Шафоат тушунчаси баёни
28 - وَمَرْجُوٌّ شَفَاعَةُ أَهْلِ خَيْرٍ لِأَصْحَابِ الْكَبَائِرِ كَالْجِبَالِ
Маънолар таржимаси:
Солиҳ бандаларнинг шафоати тоғлардек гуноҳи кабираларни қилганларга (ҳам) умид қилингандир.
Назмий баёни:
Солиҳлар шафоатидан, албат, умид бор,
Умидворлар бўлса ҳам тоғдек гуноҳкор.
Луғатлар изоҳи:
مَرْجُوٌّ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар. Ражо калимаси луғатда “умидворлик” маъносида ишлатилади.
شَفَاعَةُ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Луғатда “жуфт қилмоқ”, “тарафини олмоқ” маъноларини англатади.
خَيْرٍ أَهْلِ – музофун илайҳ. Луғатда “яхшилик эгалари” маъносини англатади.
لِ – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.
الْكَبَائِرِ أَصْحَابِ – гуноҳи кабираларни содир этган ва тавба қилмасдан вафот этган кишилар кўзда тутилган.
كَ – “ташбеҳ” (ўхшатиш) учун келган жор ҳарфи.
الْجِبَالِ – тоғлар ердан баланд кўтарилган ва узун чўзилиб кетган баҳайбат дўнгликлардир. Мусулмон киши ҳар қанча баҳайбат гуноҳларни содир этган бўлса ҳам шафоатдан умид узилмаслигини билдириб қўйиш учун айнан шу калима ишлатилган.
Матн шарҳи:
Хайр аҳли ҳисобланган солиҳ инсонларнинг гуноҳкорларни шафоат қилишлари, агар ўша гуноҳкорлар тоғлардек катта гуноҳларни содир этган бўлсалар ҳам, Аллоҳ таолодан гуноҳларини афв этишини сўрашлари умид қилинадиган иш саналади. Солиҳ инсонларнинг кимлар эканлиги қуйидаги ҳадиси шарифда баён қилинган:
عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْفَعُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَلاَثَةٌ الأَنْبِيَاءُ ثُمَّ الْعُلَمَاءُ ثُمَّ الشُّهَدَاءُ. رَوَاهُ اِبْنُ مَاجَّةَ
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида шафоат қиладиганлар учтадир: пайғамбарлар, сўнгра уламолар, сўнгра шаҳидлардир”, – дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.
Яъни қиёмат кунида энг аввало пайғамбарлар шафоат қиладилар, сўнгра илмига амал қилган олимлар шафоат қиладилар, сўнгра Аллоҳ йўлида жонларини фидо қилган мухлис шаҳидлар шафоат қиладилар. Ҳадиси шарифда шаҳидларнинг олимларга ثُمَّбилан атф қилинишида олимларнинг шаҳидлардан юқори мартабада бўлишларига ишора бор.
Шафоатга луғавий жиҳатдан икки хил маъно берилган. Баъзилар шафоатни شَفْعٌ яъни “жуфт қилмоқ” маъносида дейишса, баъзилар эса شَفَاعَةٌ яъни “ҳимоя қилмоқ”, “тарафини олмоқ” каби маъноларни билдиради, дейишган. Шунга кўра шафоатга икки хил таъриф берилган:
- Шафоат луғатда “тоқни жуфт қилиш” маъносини англатади. Икки ракат намоз ҳам шу маънода “шаф” дейилади. Истилоҳда эса, яхшиликни жалб қилиш ёки зарарни даф этишда ўртада туришни шафоат дейилади. Демак шафоат деганда икки иш тушунилади:
а) яхшиликни жалб қилиш;
б) зарарни даф қилиш[1]”.
- Шафоат луғатда “васийла”, “сўров” каби маъноларни англатади. Урфда эса бошқадан бошқа биров учун яхшилик қилишни сўраш шафоат дейилади. Шунингдек шафоатда “жуфт қилиш” маъноси ҳам бўлиб, гўё шафоат қилувчи ўзининг сўровини шафоат қилинганнинг сўровига қўшган, яъни икки сўровни жуфтлаштирган бўлади.
Шафоатнинг шартлари
Қуръони каримда шафоатнинг қачон наф бериши шундай баён қилинган:
﴿۞وَكَم مِّن مَّلَكٖ فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ لَا تُغۡنِي شَفَٰعَتُهُمۡ شَيًۡٔا إِلَّا مِنۢ بَعۡدِ أَن يَأۡذَنَ ٱللَّهُ لِمَن يَشَآءُ وَيَرۡضَىٰٓ٢٦﴾
“Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам – Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишиларга (шафоатга) изн бермагунича – фойда бермас”[2].
Ушбу ояти каримада шафоат фақат икки шарт билан наф бериши айтилган:
- Аллоҳ таолонинг шафоат қилувчига шафоат қилиш изнини бериши. Чунки шафоат ёлғиз Аллоҳ таолонинг мулки бўлиб, бу ҳақида шундай хабар берилган:
﴿قُل لِّلَّهِ ٱلشَّفَٰعَةُ جَمِيعٗاۖ لَّهُۥ مُلۡكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۖ ثُمَّ إِلَيۡهِ تُرۡجَعُونَ٤٤﴾
“Айтинг: “Барча шафоат (оқлов) фақат Аллоҳникидир”[3].
- Аллоҳ таолонинг шафоат қилингандан унинг тавҳид аҳли бўлгани сабабли рози бўлиши. Чунки мушрикка шафоатчиларнинг шафоатлари наф бермайди. Бу ҳақида шундай хабар берилган:
﴿فَمَا تَنفَعُهُمۡ شَفَٰعَةُ ٱلشَّٰفِعِينَ٤٨﴾
“Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас”[4].
Яъни Аллоҳдан уларни азобламасликни сўрайдиган шафоатчи бўлмайди. Агар бутун Ер аҳли уларни шафоат қилмоқчи бўлсалар ҳам, уларнинг шафоатлари қабул қилинмайди. Шафоат ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган:
عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ قَالْ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ أَتَانِي آتٍ مِنْ عِنْدِ رَبِّي فَخَيَّرَنِى بَيْنَ أَنْ يَدْخُلَ نِصْفُ أُمَّتِي الْجَنَّةَ وَ بَيْنَ الشَّفَاعَةِ فَاخْتَرْتُ الشَّفَاعَةَ وَ هِىَ لِمَنْ مَاتَ لاَ يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Роббимнинг ҳузуридан бир келгувчи келди ва умматимнинг ярми жаннатга кирмоқлигини ёки шафоатни танлашимни сўради. Бас, мен шафоатни танладим. У Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай вафот этган киши учундир”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.
Шафоатнинг турлари
Шафоатни икки турга ажратиш мумкин:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос шафоатлар;
- Умумий шафоатгўйларнинг шафоатлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос шафоатлар
- Барча Пайғамбарлар орасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос қилиб берилган улкан шафоат. Қуръони каримда ушбу шафоатга ишора келган:
﴿وَمِنَ ٱلَّيۡلِ فَتَهَجَّدۡ بِهِۦ نَافِلَةٗ لَّكَ عَسَىٰٓ أَن يَبۡعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامٗا مَّحۡمُودٗا٧٩﴾
“Шоядки, Роббинг сени (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса”[5].
Ояти каримада зикр қилинган “мақтовли мақом”ни жумҳур уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериладиган қиёмат кунидаги улкан шафоат, – дейишган.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган қавмларни жаннатга киришлари учун қиладиган шафоатлари. Баъзилар бу шафоат тўғрисида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, у зотдан бошқадан ҳам саҳиҳ хабар келмаган, – дейишган. Баъзилар эса ушбу оятни келтиришган:
﴿وَبَيۡنَهُمَا حِجَابٞۚ وَعَلَى ٱلۡأَعۡرَافِ رِجَالٞ يَعۡرِفُونَ كُلَّۢا بِسِيمَىٰهُمۡۚ وَنَادَوۡاْ أَصۡحَٰبَ ٱلۡجَنَّةِ أَن سَلَٰمٌ عَلَيۡكُمۡۚ لَمۡ يَدۡخُلُوهَا وَهُمۡ يَطۡمَعُونَ٤٦﴾
“Аъроф (арасот) узра (жаннат ва дўзахдагиларнинг) ҳар бирини сиймолари (аломатлари)дан таниб оладиган кишилар (бўлур)”[6].
Яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган кишилар бир тафсирга кўра ушбу ояти кариманинг умумий маъносига кирадилар. Яъни яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб, ўртада туриб қолган кишилар Расулуллоҳнинг шафоатлари билан жаннатга кирадилар, – дейишган.
- Дўзахга амр қилинган қавмларни унга кирмасликлари учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий қилиб айтган қуйидаги сўзларидир:
عَنْ جَابِرِ بنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَفَاعَتِي لِأَهْلِ الكَبَائِرِ مِنْ أُمّتِي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан аҳли кабоирларга шафоатим бордир”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.
Шунингдек, дўзахга кирган баъзи кимсаларнинг у зотнинг шафоатлари сабабли ундан чиқарилиши ҳақида ҳам ривоятлар келган:
حَدَّثَنَا عِمْرَانُ بْنُ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَخْرُجُ قَوْمٌ مِنْ النَّارِ بِشَفَاعَةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ يُسَمَّوْنَ الْجَهَنَّمِيِّينَ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Бизларга Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганини гапириб берди: “Бир қавм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари сабабли дўзахдан чиқиб, жаннатга кирадилар, “жаҳаннамийлар” деб номланадилар”. Бухорий ривоят қилган.
- Жаннатга кирганларни амалларининг савоблари тақозо қилган даражадан юқори даражага кўтариш учун қиладиган шафоатлари. Бунга ушбу ҳадис далилдир:
عَنْ أُمّ سَلَمَةَ قَالَتْ: دَخَلَ رَسُولُ اللّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَىَ أَبِي سَلَمَةَ وَقَدْ شَقّ بَصَرُهُ فَأَغْمَضَهُ ثُمّ قَالَ إِنّ الرّوحَ إِذَا قُبِضَ تَبِعَهُ الْبَصَرُ فَضَجّ نَاسٌ مِنْ أَهْلِهِ فَقَالَ لَا تَدْعُوا عَلَيَّ أَنْفُسِكُمْ إِلاّ بِخَيْرٍ فَإِنّ الْمَلاَئِكَةَ يُؤَمِّنُونَ عَلَىَ مَا تَقُولُونَ ثُمّ قَالَ اللّهُمّ اغْفِرْ لأَبِي سَلَمَةَ وَارْفَعْ دَرَجَتَهُ فِي الْمَهْدِيّينَ وَاخْلُفْهُ فِي عَقِبِهِ فِي الْغَابِرِينَ وَاغْفِرْ لَنَا وَلَهُ يَا رَبّ الْعَالَمِينَ وَافْسَحْ لَهُ فِي قَبْرِهِ وَنَوّرْ لَهُ فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلمٌ
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламанинг ёнига кирдилар, унинг кўзи бир томонга қараб қолган эди, уни ёпиб қўйдилар. Сўнгра: “Қачон руҳ қабз қилинса, кўз унга эргашади”, – дедилар. Унинг яқинлари йиғлаб юборишди. У зот: “Ўзларингизга фақат яхши нарсани тиланглар, албатта фаришталар айтаётган нарсаларингизга омийн деб турадилар”, – дедилар. Сўнгра: “Эй Аллоҳим, Абу Саламани мағфират қилгин, унинг даражасини ҳидоят қилинганлар ҳолатида кўтаргин, унга аҳлидан ўринбосарлар қилгин, эй оламлар Роббиси, бизни ҳам, уни ҳам кечиргин. Унга қабрини кенг ва нурли қилиб бергин”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.
- Баъзи қавмларни жаннатга ҳисобсиз киришлари учун қиладиган шафоатлари. Бу ҳақида қуйидаги ҳадисда хабар берилган:
عَنْ الزُّهْرِيِّ قَالَ حَدَّثَنِي سَعِيدُ بْنُ الْمُسَيَّبِ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ حَدَّثَهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي زُمْرَةٌ هُمْ سَبْعُونَ أَلْفًا تُضِيءُ وُجُوهُهُمْ إِضَاءَةَ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ وَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ فَقَامَ عُكَّاشَةُ بْنُ مِحْصَنٍ الْأَسَدِيُّ يَرْفَعُ نَمِرَةً عَلَيْهِ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ ادْعُ اللَّهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ قَالَ اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ مِنْهُمْ ثُمَّ قَامَ رَجُلٌ مِنْ الْأَنْصَارِ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ ادْعُ اللَّهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ فَقَالَ سَبَقَكَ بِهَا عُكَّاشَةُ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Зуҳрийдан ривоят қилинади: “Менга Саъид ибн Мусаййаб гапириб берди, унга Абу Ҳурайра гапириб берган экан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Жаннатга менинг умматимдан юзларидан нур балқиб турган бир гуруҳ киради. Улар етмиш мингтадир. Уларнинг юзлари тўлин ой кечасидаги ойнинг зиёсидек нур таратиб туради”, – деяётганларини эшитдим. Абу Ҳурайра: “Шунда Уккоша ибн Миҳсон Асадий устидаги чакмонини кўтариб сакраб ўрнидан туриб кетди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени ўшалардан қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг”, – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, уни ўшалардан қилгин”, – дедилар. Сўнгра ансорлардан бўлган бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени ўшалардан қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг, – деди. У зот: “Уни Уккоша сендан олдин қўлга киритиб бўлди”, – дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.
- Азобга гирифтор бўлиб қолганларнинг азобларини енгиллатиш учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَذُكِرَ عِنْدَهُ عَمُّهُ أَبُو طَالِبٍ فَقَالَ لَعَلَّهُ تَنْفَعُهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيُجْعَلُ فِي ضَحْضَاحٍ مِنْ النَّارِ يَبْلُغُ كَعْبَيْهِ يَغْلِي مِنْهُ أُمُّ دِمَاغِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида амакилари Абу Толиб зикр қилинганида у зотнинг: “Шоядки қиёмат кунида унга менинг шафоатим наф берса, у оловнинг чуқур бўлмаган, икки тўпиғигагина етиб турадиган саёз жойига қўйилади. Ўша жой сабабли бош миясининг пардаси қайнаб туради”, – деганларини эшитган”. Имом Бухорий ривоят қилган.
- Барча мўминларга жаннатга кириш изни берилиши учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَا أَوَّلُ شَافِعٍ فِى الْجَنَّةِ. رَوَاهُ الدَّارِمِىُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен жаннатга эришиш учун аввалги шафоатчиман”, – дедилар”. Имом Доримий ривоят қилган.
Яъни у зот инсонларнинг жаннатга киришлари учун аввалги шафоатчидирлар.
- Гуноҳи кабира қилган умматлари учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:
عَنْ جَابِرِ بنِ عَبْدِ الله قال قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَفَاعَتِي لِأَهْلِ الكَبَائِرِ مِنْ أُمّتِي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан аҳли кабоирларга шафоатим бордир”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Умумий шафоатгўйларнинг шафоатлари
- Барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ўз умматларига қиладиган шафоатлари. Қуйидаги ҳадис бунинг далилидир:
عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ قَالَ قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْفَعُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَلاَثَةٌ الأَنْبِيَاءُ ثُمَّ الْعُلَمَاءُ ثُمَّ الشُّهَدَاءُ. رَوَاهُ اِبْنُ مَاجَّةَ
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида шафоат қиладиганлар учтадир, пайғамбарлар, сўнгра уламолар, сўнгра шаҳидлар”, – дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.
- Фаришталарнинг гуноҳкорларга шафоатлари. Ушбу оят бунга далилдир:
﴿۞وَكَم مِّن مَّلَكٖ فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ لَا تُغۡنِي شَفَٰعَتُهُمۡ شَيًۡٔا إِلَّا مِنۢ بَعۡدِ أَن يَأۡذَنَ ٱللَّهُ لِمَن يَشَآءُ وَيَرۡضَىٰٓ٢٦﴾
“Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам – Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишиларга (шафоатга) изн бермагунича – фойда бермас”[7].
- Ёш болаларнинг ота-оналарига шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:
عَنْ عَلِيٍّ قَالَ قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إنَّ السقْطَ لَيُرَاغِمُ رَبَّهُ إذا دَخَلَ أبَواهُ النَّارَ فَيُقالُ أيُّها السِّقْط المُرَاغِمُ رَبَّهُ أدْخِلْ أبَوَيْكَ الجَنَّةَ فَيَجُرُّهُما بِسَرَرِهِ حَتّى يُدْخِلَهُما الجنّة. رَوَاهُ اِبْنُ مَاجَّةَ
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўдак ота-онаси дўзахга кирганда, албатта, Роббисига (ота-онасининг дўзахга киритилишига) норозилик билдиради. Унга: “Эй Роббисига (ота-онасининг дўзахга киритилишига) норозилик билдираётган гўдак, ота-онангни жаннатга олиб кир”, – дейилади. У иккаласини узун киндиги билан жаннатга киргизгунича тортиб боради”, – дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.
- Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганнинг ўз яқинларидан етмиш нафарини қиладиган шафоати. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:
عَنْ الْمِقْدَامِ بْنِ مَعْدِيكَرِبَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِلشَّهِيدِ عِنْدَ اللَّهِ سِتُّ خِصَالٍ يُغْفَرُ لَهُ فِي أَوَّلِ دُفْعَةٍ مِنْ دَمِهِ وَيُرَى مَقْعَدَهُ مِنْ الْجَنَّةِ وَيُجَارُ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ وَيَأْمَنُ مِنْ الْفَزَعِ الْأَكْبَرِ وَيُحَلَّى حُلَّةَ الْإِيمَانِ وَيُزَوَّجُ مِنْ الْحُورِ الْعِينِ وَيُشَفَّعُ فِي سَبْعِينَ إِنْسَانًا مِنْ أَقَارِبِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Миқдам ибн Маъдийкариба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаҳид учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида олти хислат бўлади:
- Қони тўкилиши биланоқ мағфират қилиниб, жаннатдаги ўрни кўрсатилади;
- Қабр азобидан ҳимоя қилинади;
- Қиёмат қўрқинчидан омон қилинади;
- Иймон безаги билан безалади;
- Жаннат ҳурлари жуфт қилиб берилади;
- Қариндошларидан етмиш киши шафоат қилинади”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.
- Қуръонни ёдлаган қорининг ўз оиласига қиладиган шафоати. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир:
عَنْ عَلِيّ بنِ أَبي طَالِبٍ قالَ قالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ قَرَأَ القُرْآنَ وَاسْتَظْهَرَهُ فَأَحَلّ حَلاَلَهُ وَحَرّمَ حَرَامَهُ أَدْخَلَهُ الله بِهِ الْجَنّةَ وَشَفّعَهُ فِي عَشْرَةٍ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ كُلّهُمْ وَجَبَتْ لَهُ النّارُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръон ўқиган ва уни ёд олган бўлса, ҳалолини ҳалол, ҳаромини ҳаром деб билган бўлса, шу сабабли Аллоҳ уни жаннатга киргизади ва ҳар бирига дўзах вожиб бўлган ўнта яқинлари учун унинг шафоатини қабул қилади”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.
- Мўминларнинг бир-бирларига шафоатлари. Ушбу ҳадис бунга далилдир:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اَللَّهُ عَنْهُمَا سَمِعْتُ اَلنَّبِيّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَا مِنْ رَجُلٍ مُسْلِمٍ يَمُوتُ فَيَقُومُ عَلَى جَنَازَتِهِ أَرْبَعُونَ رَجُلاً لاَ يُشْرِكُونَ بِاَللَّهِ شَيْئًا إِلاَّ شَفَّعَهُمْ اَللَّهُ فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирор бир мусулмон вафот этганда унинг жанозасига Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган қирқ киши қатнашса, албатта Аллоҳ уларнинг у ҳақидаги шафоатларини қабул қилади”, – деяётганларини эшитдим”. Муслим ривоят қилган.
- Қуръони каримнинг ўз қорисига шафоати. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:
عَنْ زَيْدٍ أَنّهُ سَمِعَ أَبَا سَلاّمٍ يَقُولُ حَدّثَنِي أَبُو أُمَامَةَ الْبَاهِلِيّ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ اقْرَأُوا الْقُرْآنَ فَإِنّهُ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَفِيعاً لأَصْحَابِهِ اقْرَأُوا الزّهْرَاوَيْنِ الْبَقَرَةَ وَسُورَةَ آلِ عِمْرَانَ فَإِنّهُمَا تَأْتِيَانِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَأَنّهُمَا غَمَامَتَانِ أَوْ كَأَنّهُمَا غَيَايَتَانِ أَوْ كَأَنّهُمَا فِرْقَانِ مِنْ طَيْرٍ صَوَافٍّ تُحَاجّانِ عَنْ أَصْحَابِهِمَا، اقْرَأُوا سُورَةَ الْبَقَرَةِ فَإِنّ أَخْذَهَا بَرَكَةٌ وَتَرْكَهَا حَسْرَةٌ وَلاَ يَسْتَطِيعُهَا الْبَطَلَةُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Зайддан ривоят қилинади, у Абу Салломнинг менга Абу Умома Боҳилий гапириб берди деяётганини эшитган. У айтганки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат кунида ўз соҳибларига шафоатчи бўлиб келади. Икки нур сочувчини, Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар, чунки бу иккаласи қиёмат кунида гўё икки булут каби, ёки гўё икки баланд соябон каби, ёки гўё саф тортган икки қуш тўдаси каби келадилар. Иккалалари ўз соҳиблари тарафидан (Забония билан) тортишадилар. Бақара сурасини ўқинглар, албатта, уни олиш баракадир, уни тарк қилиш ҳасратдир. Сохтакорларнинг унга тоқатлари етмайди”, – деганларини эшитганман”. Муслим ривоят қилган.
- Рўзанинг рўзадорга шафоати. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ يَقُولُ الصِّيَامُ: أَىْ رَبِّ مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ فَشَفِّعْنِى فِيهِ وَيَقُولُ الْقُرْآنُ مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ فَشَفِّعْنِى فِيهِ قَالَ: فَيُشَفَّعَانِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандани шафоат қиладилар. Рўза: “Эй Роббим, мен уни кундузлари таомдан ва хоҳиш-истаклардан қайтардим, унинг учун менинг шафоатимни қабул қилгин”, – дейди. Қуръон: “Уни кечалари уйқудан қайтардим, унинг учун менинг шафоатимни қабул қилгин”, – дейди. Бас, иккалалари шафоатчи қилинадилар”, – дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Шафоат ҳақида Сўфи Оллоҳёр бобомиз қуйидаги ажойиб сўзларни ёзган:
Худо изн айласа рўзи қиёмат
Суюклук бандаси айлар шафоат.
* * *
Илоҳи, лутф қил ҳасратли соат
Ҳабибингдин насиб этгил шафоат.
* * *
Айурма яхшиларни(нг) орасидин
Йироғ этма ҳабибинг қорасидин[8].
Яъни Аллоҳ таоло хоҳлаган суюкли бандаларнинг қиёмат кунидаги шафоатлари ҳақдир. Шунинг учун эй Роббимиз, ўша қийин вақтларда бизларни ҳам шафоатдан баҳраманд этгин, яхши зотлар билан бирга қилгин, дея дуо қиламиз.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ МАЪСУМЛИКЛАРИ БАЁНИ:
Пайғамбарларнинг хусусиятлари;
Пайғамбарлардан содир бўлган ишлар ҳақидаги қарашлар;
[1] Муваффиқ ибн Қудома. Шарҳу Ламъатул эътиқод, ўн тўртинчи жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 3.
[2] Нажм сураси, 26-оят.
[3] Зумар сураси, 44-оят.
[4] Муддассир сураси, 48-оят.
[5] Исро сураси, 79-оят.
[6] Аъроф сураси, 46-оят.
[7] Нажм сураси, 26-оят.
[8] Сўфи Оллоҳёр. Саботул ожизин. – Тошкент: “Чўлпон нашриёти”, 1991. – Б. 34.
Муборак васиятлар: Ноумид – шайтон
Шайтондан паноҳланиш
Аллоҳ таоло бандаларига шайтондан паноҳланиб юриш учун иккита алоҳида сура нозил қилди. Тафсир китобларида бу иккисига “муъаввизатайн”, яъни, “паноҳ тиланадиган икки сура” номи берилган.
﴿قُلۡ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلۡفَلَقِ١ مِن شَرِّ مَا خَلَقَ٢ وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ٣ وَمِن شَرِّ ٱلنَّفَّٰثَٰتِ فِي ٱلۡعُقَدِ٤ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ٥﴾
«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан”» (Фалақ, 1–5).
Фалақ сўзи “ёриш, бўлиш ва парчалаш” маъноларини англатади. Бу ҳар бир ёриб чиқувчи нарсани: у хоҳ уруғ ёки дон ёки ерни ёриб ўсувчи наботот, хоҳ тоғдан отилиб чиқувчи булоқ, хоҳ она қорнини ёриб чиқувчи бола бўлсин – барчасини ўз ичига олади. Бу ерда зулматни ёриб чиқувчи тонг тушунилади.
Бу сура махлуқотларнинг ёмонлигидан, хусусан, кечанинг зулматидан, сеҳргарлардан, чақимчилардан ва ҳасадчилардан паноҳ тилашни қамраган. Мана шу нарса инсонларда нафсий касалликлар мавжудлиги сабабли баъзилари баъзиларидан ҳимояланиши йўлидаги улкан фойда ва етук дарсдир. Бундан ташқари, махлуқотлар ёмонликларидан ва кечаси зулмат бўлгандаги ёмонликлардан, хусусан, ғор ва коваклардаги қўрқинчли махлуқотлардан ҳимояланишни ўзида мужассам қилган.
﴿قُلۡ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلنَّاسِ١ مَلِكِ ٱلنَّاسِ٢ إِلَٰهِ ٱلنَّاسِ٣ مِن شَرِّ ٱلۡوَسۡوَاسِ ٱلۡخَنَّاسِ٤ ٱلَّذِي يُوَسۡوِسُ فِي صُدُورِ ٱلنَّاسِ٥ مِنَ ٱلۡجِنَّةِ وَٱلنَّاسِ٦﴾
«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман одамлар Парвардигорига,одамлар Подшоҳига, одамлар Илоҳига (инсон Аллоҳни эслаганда) чекиниб, (эсламаганда) васваса қилувчи (шайтон) ёвузлигиданки, (у) одамларнинг дилларига васваса солур. (Ўзи) жинлар ва одамлар жинсидандир”» (Нос, 1–6).
Ривоят қилинишича, яҳудийлардан Лабид ибн Аъсом исмли мунофиқ ўзини мусулмон кўрсатиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб-кетиб юрар ва баъзи ҳожатларини адо этишда хизмат қилиб турар экан. Бир гуруҳ яҳудийлар уни қўлга олиб, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг тўкилган сочлари ва тароғидан синиб тушган тишларини қўлга туширади ва шу нарсаларга сеҳр-жоду қилиб эски бир қудуққа ташлайди. Шундан кейин Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олти ой касал бўладилар. Бир куни икки фаришта келиб, бири тиззалари рўпарасига, иккинчиси бош томонларига ўтириб бир-бири билан савол-жавоб қилади. Бири:
– Унга нима бўлибди? – деса, иккинчиси:
– Сеҳрланибди, – дер эди.
– Ким сеҳрлабди?
– Лабид ибн Аъсом исмли бир яҳудий.
– Сеҳрни нимага ўқибди?
– Тўкилган сочлари ва тароқ тишларига.
– Сеҳр ўқилган нарсалар қаерда?
– Зарвон номли қудуқда.
Шундан кейин одам юбориб кўрсалар, ҳақиқатан, ўша қудуқда соч толалари, тароқ тишлари ва нина суқилган яна ўн иккита тугун бор экан. Шу пайт Аллоҳ таоло мазкур икки сурани нозил қилди. Жаброил (алайҳиссалом) сураларни ҳар сафар ўқиганида, биттадан тугун ечилар эди. Шундай қилиб, ўн икки марта ўқиганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарддан бутунлай тузалиб кетганлар (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил”).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Нос, Фалақ ҳамда Ихлос сураларини ўқиб, яҳудийлар сеҳридан асрашини Аллоҳдан сўраганлар.
Термизий Уқба ибн Омирдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло менга мисли кўрилмаган оятларни нозил қилди”, дедилар ва “муъаввизатайн” сураларини ўқидилар».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Нос сурасининг тўртинчи ояти тафсирида бундай деган: “Шайтон одам боласи қалбига ёпишиб олган, агар инсон Аллоҳни унутиб зикридан ғофил бўлса, уни васваса қилади. Аллоҳни зикр этса, шайтон ўзини четга олади”.
Имом Бухорий ва имом Муслим Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътикоф ўтирганларида София бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо) онамиз у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зиёратларига келди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тун бўлганидан София онамизни уйларига кузатиш учун чиққанларида икки ансорийга дуч келдилар. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўргач, тез юриб кетишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шошманг, бу София бинти Ҳуяй”, дедилар. Улар: “Субҳоналлоҳ, ё Расулуллоҳ” (Аллоҳ бизни ёмон ўйга солишдан покдир), дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон одам боласининг қон йўлларида юради. Мен унинг қалбингизга бирор ёмонлик солишидан қўрқдим”, дедилар.
Имом Аҳмад Абу Тамимадан ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир эшакка мингашиб олган эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эшаклари қоқилиб кетди. Мен: “Бадбахт шайтон”, дедим. “Бадбахт шайтон”, дема. Агар “Бадбахт шайтон” десанг, у кибрланиб: “Буни ўз қувватим билан қилдим”, деб семиради. “Бисмиллаҳ” десанг, хорланиб, пашшадай бўлиб қолади”, дедилар».
Бу ҳадис шунга далолат қилади, қалб қачон Аллоҳни ёд этса, шайтон хор ва мағлуб бўлади. Агар банда Аллоҳ зикрини унутса, шайтон кучаяди.
Аллоҳ таоло бизларга раҳмати билан инсу жин ва шайтонлар ёмонлигидан сақланиш йўлларини ушбу сурада билдирган. Шайтон ёмонлигидан сақланишни сўраган кишини Аллоҳ Ўзининг рубубият, подшоҳлик ва улуҳият сифатлари билан дунё ҳамда охиратда ҳимоя қилишини баён этган.
Аллоҳ таоло бутун махлуқларнинг Раббидир. Аммо Нос сурасида фақат “Роббиннас” яъни, одамлар Парвардигори, дейилган. Бунинг боиси иккита: биринчиси, кўп инсонлар ўзларини улуғ санайди. Қанча улуғ бўлишмасин, уларнинг Рабби борлигини эслатиб қўйишдир. Иккинчиси, инсонлар ёмонлигидан асрашни сўрашни буюриб, инсонни одамлар ёмонлигидан Унинг Ўзигина асрашини билдиришдир.
Подшоҳлик ва Улуҳият сифатларини эслатиш билан эса, инсонларнинг подшоҳлари бўлса-да, уларнинг ҳақиқий подшоҳи Аллоҳ таоло Унинг Ўзи эканини, У Зот одамларнинг ёлғиз илоҳи ва маъбуди эканини билдириб, инсонлар фақат Унинг Ўзига сиғиниб, Унинг Ўзидан паноҳ сўрашлари лозимлиги баён этилмоқда.
Ушбу сурада инсонни васваса қилувчи жинларнинг шайтони бўлиши айтилган. Ҳасан айтади: “Васваса қилувчи икки шайтондир. Жинлар шайтони инсонлар қалбида васваса қилади. Инсонлар шайтони очиқчасига келади”.
Қатода айтади: “Жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам шайтонлар бор. Аллоҳдан инс ва жин шайтонлари ёмонлигидан паноҳ сўранг”.
Фалақ сурасида Аллоҳ таолонинг бир сифати – “Роббил фалақ” (“Тонг Парвардигори”)ни ёд этиб, уч офатдан: “зулумот кеча”, “жодугар аёллар” ва “ҳасадчилар” ёмонлигидан асрашни сўраш буюрилган. Нос сурасида эса, Аллоҳ таолонинг уч сифати: “рубубият”, “подшоҳлик” ва “улуҳият”ни ёд этиб, қалбга солинадиган васвасасидан асрашни сўраш буюрилган. Бунинг сабаби, нафс ва бадан ҳимоясидан кўра, дин ҳимояси муҳимроқдир. Динга етган озгина зиён дунёга етган кўп зиёнлардан оғирроқдир.
Бу икки суранинг фазилати жуда улуғ экани муҳаддислар томонидан айтиб ўтилган.
Имом Муслим, Аҳмад, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу кечада нозил бўлган оятларга қарамайсизларми? Бу каби (фазилатли) оятлар ҳали кўрилмаган. У “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, деб айтдилар, дейилган.
Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир намоз сўнгида паноҳ сўралувчи сураларни ўқишни буюрдилар”, дейилади.
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган яна бир ривоятда айтилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга тоғ йўлларида кетаётган эдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эй Уқба, миниб олмайсанми?” деганларида, мен: “Гуноҳ бўлиб қолмасин, деб шафқат қилдим”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уловларидан тушдилар, мен уни бироз миндим. Кейин у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна уловларига миниб: “Эй Уқба! Мен сенга одамлар ўқиб юрадиган иккита яхши сурани ўргатайми?” дедилар. Мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”ни ўқиб бердилар. Кейин намозга иқомат айтилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имомликка ўтиб, намозда ҳам бу икки сурани ўқидилар. Бир куни менинг олдимдан ўтаётиб: “Эй Уқба, ҳар ухлаш олдидан ва ҳар уйғонганимда бу иккита сурани ўқишимга қандай қарайсан?” дедилар».
Имом Насоий Ибн Обис Жуҳанийдан қилган ривоятда бундай келади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ибн Обис, сенга паноҳ тиловчилар паноҳ тилайдиган нарсанинг энг афзали ҳақида хабар берайми?” деганларида, мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, дедилар».
Судай ибн Ажлондан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга учта сура ўргатайми? У каби суралар Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам йўқ. Ўша уч сура “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларидир”, дедилар.
Имом Бухорий ва “Сунан” китоби эгалари “Шифо талаб қилиш боби”да бу уч сура ҳақида Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиздан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар кеча ухлашларидан олдин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини ўқиб, кафтларига дам урар, қодир бўлганларича уни баданларига сурардилар. Бошлари, юзлари ва гавдаларининг олди томонидан бошлардилар. Бу ишни уч марта қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, қуйидаги калималар билан дам солди: “Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка мин шарри кулли ҳасидин ва ъайнин валлоҳу яшфийка”. Яъни: “Аллоҳнинг исми ила дам соламан. Ҳар бир азият берувчи нарсадан, ҳар бир ҳасадчи ва кўзнинг ёмонлигидан Аллоҳ сизга шифо берсин”.
Имом Термизий Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (икки “Қул аъузу…” сураси тушишидан олдин) жин ва инсонларнинг кўзи тегишидан паноҳ сўраб юрардилар. Шу икки паноҳ сўралувчи Фалақ ва Нос суралари нозил бўлганидан кейин бу икковидан бошқа (паноҳ сўралувчи дуо)ларни тарк қилдилар.
Имом Молик Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилган ривоятда эса бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирор касалликка чалинсалар, икки “Қул аъузу…” сурасини ўқиб, ўзларига дам солардилар. Касаллари оғирроқ бўлганида мен бу икки сурани ўқиб, баракали бўлгани учун қўлларини ушлаб ўзларига сурар эдим”.
Фалақ сурасининг илк оятида жами махлуқотлар ёмонлигидан паноҳ сўраш умумий қилиб айтилган бўлса, кейингиларида эса хослаб, ёмонликлари улкан бўлгани учун улардан огоҳлантирилган уч тоифа зикр этилмоқда. Булар зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги, тугунларга дам солувчи (жодугар)лар ва ҳасад қилувчи ҳасадгўйлардир.
Бу сурадан жуда кўп нарсаларни ўрганишимиз керак, жумладан:
- Сура инсонларга дунё ва охиратдаги ёмонликларнинг барчасидан – инсон, жин, йиртқич, ҳашарот, олов, гуноҳ, нафс хоҳиши, ишларнинг ёмони ва бошқа махлуқотлар, ҳатто ўз нафсидаги ёмонликлардан ҳам паноҳ тилаш йўл-йўриқларини ўргатмоқда.
- Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) паноҳ сўраб юришлари учун сура нозил қилинишида бирор тақиқ йўқ. Сеҳр ҳақидаги ҳадис саҳиҳдир. Ҳеч қачон ўша ҳадис Қуръон оятларига зид бўлмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сеҳр қилинишлари фақат енгилгина бош оғриғи каби дунёга тааллуқли баъзи ҳолатларда бўлган, холос. Ҳадисдаги ўша сеҳр ваҳима маъносидадир. Худди бу ваҳима уйқуда ҳам содир бўлади. Аммо сеҳргарлар мутлақо ақлий бошқарувларига таъсир ўтказишолмайди. Ваҳий ва рисолатга таъсир ўтказиш иложсиз. Чунки Аллоҳ таоло ваҳийни ёмонликларнинг ҳар туридан, фикрлар аралашиб кетишидан ва асаб изтироблари бўлишидан сақлаган. Аллоҳ таоло бу сўз исботи учун Моида сураси 67-оятда “Аллоҳ сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай”, деб айтган.
- Аллоҳ таоло паноҳ сўраш йўл-йўриқларини ўргатиб, уч тоифа нарсадан паноҳ сўрашни хосламоқда.
Биринчиси, зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги. Чунки Имом Розий зикр қилганидек, қоронғилик тушиши билан йиртқичлар инидан, ҳашаротлар маконидан чиқади ва ўғри-муттаҳамлар ҳам кечаси ҳужум қилади. Ёнғин кўпроқ тунда содир бўлади. Ёрдам берувчилар эса кам бўлади. Ёмонлик ва фасод кишилари ҳам кечаси қўзғалади.
Иккинчиси, тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлиги. Тугун каби турли воситалар билан одамларга зарар етказувчи фолбин, коҳин, сеҳргарлар барча замонларда бўлган.
Учинчиси, ҳасад қилувчи ҳасадгўйларнинг ёмонлиги. Бошқаларга ҳасад қилувчи ҳасад қилинаётган кишидаги неъматлар йўқ бўлишини орзу қилади. Бу турдаги ҳасад ёмон саналади. Аммо ҳавас қилиш жоиз. Чунки бунда эгасидан неъмати йўқ бўлишини орзу қилмаяпти.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин ҳавас қилади, мунофиқ эса ҳасад қилади”, деганлар.
Уламолар: “Ҳасад амалда ёки сўзда зоҳир бўлгандагина зарар қилади. Масалан, ҳасад қилинаётган кишининг ёмон йўлга киришига сабабчи бўлиш, унинг ёмон томонларини ахтариш, қоқилтириш кабилардир. Биринчи гуноҳ Иблиснинг Одамга (алайҳиссалом) ҳасад қилиши оқибатида содир бўлган. Шунинг учун ҳам ҳасад энг разолатли, ғазаб қилинган ва лаънатланган нарсадир”, деб айтган.
Уламолар яна шундай дейди: «Сеҳр, кўз тегиши, ҳасад ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ўзи зарар етказа олмайди. Балки Аллоҳнинг қудрати ва изни билан бўлади. Бу нарсаларга ўша тоифадаги кишилар зоҳирдагина таъсир ўтказади, холос. Аллоҳ таоло Бақара сураси 102-оятда: “Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар”, деган. Бу нарсалар ҳақиқатда таъсир ўтказа олмаса ҳам, динимиз вабо, сил каби зоҳири юқумли бўлган касалликлардан имкон борича эҳтиёт бўлишни талаб қилади. Худди Умар ибн Хаттоб ва саҳобалар вабо, кўз тегиши ҳамда моховдан эҳтиёт бўлгани каби».
- Аксар уламолар дам солиш жоиз, деган. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бемор бўлганларида Жаброил (алайҳиссалом) келиб қуйидаги сўзлар билан дам солган: “Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка, валлоҳу яшфийка”. Маъноси: “Ҳар бир азият берувчи нарсадан Аллоҳнинг исми ила дам соламан, Аллоҳ шифо берсин”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча оғриқларда ва иситма чиққанида “Бисмиллаҳил карийм, аъузу биллаҳил азийм, мин шарри кулли ъирқин нар ва мин шарри ҳаррин нар” дуосини ўқишни ўргатдилар». Дуонинг маъноси: “Буюк Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ёмонидан ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким касал кўргани борса, агар ажали етмаган бўлса, унинг ҳузурида “Асъалуллоҳал ъазийм Роббал ъаршил ъазийм ан йашфийака” дуосини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни касалидан халос қилиб, шифо беради», дедилар. Маъноси: “Улуғ Аллоҳдан, буюк арш Раббисидан сенга шифо беришини сўрайман”.
Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар касал кўргани кирсалар, “Аллоҳумма Раббаннас, азҳибил баъса ишфи анташ Шафий, ла шифа илла шифоук шифаан ла юғодиру сақома”, деб дуо ўқирдилар. Маъноси: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Раббиси, қийинчиликларни кетказ, Ўзинг ягона шифо берувчисан, шифо бер, шифонгдан бошқа шифо йўқ, шундай шифо бер, у ҳеч қандай касалликни қолдирмасин”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайнларга “Уъийзукума бикалиматиллаҳит таммати мин кулли шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ъайнин ламмаҳ” дуосини ўқиб паноҳ тилардилар. Маъноси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўзлардан сиз иккингизга паноҳ тилайман”.
Усмон ибн Абул Ос (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Мен қувватимни кетказиб ҳолсиз қилиб қўйган оғриқ сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига борсам, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўнг қўлингни ўша оғриётган жойингга қўйиб етти марта “Бисмиллаҳ, аъузу биъиззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру”, деб айтгин”, дедилар». (Маъноси: “Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимдаги хавфсираётганим бу нарса ёмонлигидан паноҳ тилайман”.) Айтганларини бажарган эдим, Аллоҳ менга шифо берди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафар қилиб, бирор манзилга тушадиган бўлсалар, “Я арзу Раббий ва Раббукиллаҳу, аъузу биллаҳи мин шаррики ва шарри ма фийки ва шарри ма йахружу минки ва шарри ма йадиббу ъалайки, аъузу биллаҳи мин асад ва асвад ва ҳаййа ва ъақроба ва мин шарри сокинил балад ва волидин вама валад”, деб айтардилар. Маъноси: “Эй ер, менинг ва сенинг Раббинг Аллоҳдир, Аллоҳнинг номи билан сенинг ёмонлигингдан, сендаги ёмонликдан, сенинг ичингдан чиқарилган ёмонликдан, сенда судралиб юрадиганлар ёмонлигидан паноҳ тилайман. Ва яна шердан, шахслардан, илондан, чаёндан, ерда яшовчи жинлардан, Иблис ҳамда шайтондан паноҳ тилайман”.
Юқорида Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жасадларини бирор беморлик безовта қилса, “Қул ҳуваллоҳу аҳад…” ва икки “Қул аъузу…” сураларини ўқиб, ўнг кафтларига дам уриб, ўша жойларига суришлари айтиб ўтилди.
Энди дам уриш пайтида “суф”, дейиш Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган қуйидаги ҳадисга биноан жоиз, дейилди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дам солаётганларида “суф”лардилар”.
Имом Боқир эса, ёш болаларга паноҳ тиланувчи (маъсур) дуоларни ёзиб осиб қўйишни жоиз, деган. Аммо маъноси тушунилмайдиган, ноаниқ ёзилган дуоларни осиб қўйиш ман этилади. Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло барчамизни ёмонликлардан Ўзи асрасин, омин!
Ноумид – шайтон
Мўмин банда, агар гуноҳкор бўлса ҳам Аллоҳнинг раҳматидан асло умидсиз бўлмаслиги керак. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:
﴿۞قُلۡ يَٰعِبَادِيَ ٱلَّذِينَ أَسۡرَفُواْ عَلَىٰٓ أَنفُسِهِمۡ لَا تَقۡنَطُواْ مِن رَّحۡمَةِ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ يَغۡفِرُ ٱلذُّنُوبَ جَمِيعًاۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلۡغَفُورُ ٱلرَّحِيمُ٥٣﴾
«(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир”» (Зумар, 53).
Бу оят, Ибн Касир таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўлатуриб, денгиз кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло фазли билан кечиб юбориши мумкин экани оят ва ҳадислардан маълумдир (Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, ёмонлик ортидан дарҳол яхшилик қилиш гуноҳни ювиб юбориши ҳам ҳадисларда айтилган (Имом Термизий ривояти).
Ояти каримада эса:
﴿وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَ طَرَفَيِ ٱلنَّهَارِ وَزُلَفٗا مِّنَ ٱلَّيۡلِۚ إِنَّ ٱلۡحَسَنَٰتِ يُذۡهِبۡنَ ٱلسَّئَِّاتِۚ ذَٰلِكَ ذِكۡرَىٰ لِلذَّٰكِرِينَ١١٤﴾
«Куннинг ҳар икки тарафида (яъни эртаю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг! Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир» (Ҳуд, 114), дейилган.
Оят мазмунидан беш маҳал намоз вақтлари чиқарилган. Зеро, куннинг икки тарафини бомдод билан пешин, аср намозлари вақти, туннинг бир бўлагини эса, шом ва хуфтон намозлари вақти, деб таъвил қилиш мумкин (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).
Абу Нуъайм “Ҳиля”да Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Агар бир жарчи нидо қилиб: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан ташқари барчангиз жаннатга кирасиз!” деса, мен ўша киши эмасмиканман, деб қўрқаман. Агар жарчи нидо қилиб: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан бошқа барчангиз дўзахга кирасиз!”, деса, ўша бир киши мен бўлсам, деб умид қиламан”, деди».
Табаронийдан ривоят қилинади: “Абу Фарва исмли бир одам келиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан:
– Бошдан-оёқ гуноҳга ботган, қилмаган номаъқулчилиги қолмаган бир кимса тавба қилса бўладими? – деб сўради.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга:
– Сен мусулмон бўлганмисан? – дедилар.
– Ҳа.
– Ундай бўлса, бундан кейин ёмонликларни ташлагинда, ҳамиша яхшилик қил. Аллоҳ таоло сенинг аввал қилган гуноҳларингни яхшиликларга айлантиради.
– Барча хиёнату сохтакорликларимни ҳамми?
– Ҳа.
У одам такбир айта бошлади ва чиқиб кетди. Кета-кетгунича (бизга кўринмай қолгунича) такбир айтди”.
Инсон ҳеч қачон ноумид бўлмаслиги керак. Донолар: “Умидини йўқотган инсоннинг бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ”, деб бежиз айтишмаган.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Инсонлардан беҳожат бўлиш;
Омонатга хиёнат қилмаслик