www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи юзасидан берилган топшириқларнинг ижросини амалга ошириш учун махсус гуруҳ тузилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қорқалпоғистон вакили Ш.Бауатдинов томонидан Чимбой туманда, ЎМИ бош мутахассиси М.Ҳомидов, Ислом цивилизацияси маркази ходими Ж.Нажимиддинов ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакили И.Шерниязов томонидан Тахиятош туманида ижтимоий ва диний муҳит ўрганилди.

Аҳолининг муаммоларини таҳлил қилишда аҳолининг барча қатлами (профилактика инспекторлари, ОФЙ раислари, посбонлари , имом-хатиблар, кўча мўллалари, кўча бийлари, отинойи, туб жой аҳолиси) иштирокида Чимбой ва Тахиятош туманларида мажлислар ўтказилган.

Ушбу мажлислардан фотолавҳаларни қуйида кўришингиз мумкин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

13 ноябрь куни Екатеринбург шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бош консуллиги очилиши маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчиси, Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев, хорижий элчихоналар, маҳаллий ҳукумат вакиллари ва минтақанинг жамоат ва дин арбоблари иштирок этди.

IslamNews агентлиги хабарига кўра, бош консул Абдусалом Ҳатамовнинг таклифига кўра, тадбирда Свердловск вилояти муфтийси Абдул-Қуддус Ашарин ҳам иштирок этди.
Абдул-Қуддус Ашарин Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан самарали ҳамкорлик ҳақида гапириб берди.

Губернатор унинг сўзларига диққат билан қулоқ тутиб, диний уламолар ҳамиша олдинда бўлишади, деб таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлар идораси бир неча йиллар давомида Свердловск вилояти муфтияти билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келади. Бу вақт ичида томонлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари амалга ошди, ўзбекистонлик имомлар Свердловск вилояти масжидларининг қавми билан учрашувлар ўтказишди, олий ўқув юртлари талабалари ҳамда жазони ижро этиш колонияларидаги маҳкумлар билан суҳбатларда Ислом дини ҳақида маърифий суҳбатлар ташкил этишди. Шунингдек, муфтий Абдул-Қуддус Ашарин ва Урал давлат тоғ-кон университети диншунослик кафедраси муаллимлари билан биргаликда минтақада ислом динининг анъанавий қадриятларини тарғиб этиш, экстремизм ғояларининг олдини олиш борасида қатор тадбирларни амалга оширишган.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

"Trend Life" агентлиги мухбири Эльчин Гусейновнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрининг энг диққатга сазвор жойларидан бири Шайх Абулқосим мадрасаси (16-аср), Шайхонтохур мақбаралар мажмуи (15-аср), шунингдек, Ҳазрати Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) даврида кўчирилган Қуръони карим нусхаси сақланадиган "Ҳазрати Имом" мажмуаси ҳисобланади. Ушбу Мусҳафи Усмон Амир Темур томонидан XIV асрда Самарқандга келтирилган.

Муаллиф Занги ота ва унинг рафиқаси Амбар бибиларнинг мақбаралари (14-аср)ни зиёрат қилишни тавсия этади.

“Тошкент ажойиб ислом меъморий обидалари, мадрасалар, масжидлар, музей ва театрларга жуда бой. Саёҳатчилар Тошкентда бўлишар экан, ушбу қадим шаҳарнинг ҳам ўтмиш, ҳам бугунининг барча қирраларини кўриш имкониятига эга бўлишади”, - таъқидлайди мақола муаллифи.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси

Матбуот хизмати

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрда ўтказилган 28-сессиясида қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжат қабул қилинган сана — 16 ноябрь бутун дунёда Халқаро бағрикенглик куни сифатида белгиланган.


Пойтахтимизда айни сана муносабати билан “Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистондаги ислом цивилизицияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда экспертлар, мамлакатимиздаги дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва журналистлар қатнашди.
Семинарда алоҳида қайд этилганидек, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.


Бу, айни пайтда Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётгани юксак эътиборининг намунаси ҳамдир.
Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.


Семинарда Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.


Анжуман иштирокчиларидан бири — Тошкент ва Ўзбекистон Епархияси раҳбари, митрополит Викентийнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан биз тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқдамиз. Мамлакатда турли миллат ва элатлар, диний конфессия вакилларининг яратувчанлик кайфиятида яшаши учун барча шароитлар яратилган”.
“Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир. Бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бўлиб қолаверади. Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳити таъминланган”, дейди Ўзбекистондаги Рим-католик черкови епископи Еже Мацулевич.


Илмий-амалий семинарда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 140 га яқин миллий-маданий марказлар фаолияти, уларнинг ўз она тили, миллати тарихи, қадриятлари ва маданиятини ўрганиш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ишлар тўғрисида келажак авлод эгалари – ёшларга маълумот берилди.


Анжуман доирасида диний ташкилотлар, миллий-маданий марказлар томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини ўзида акс эттирган видеолавҳалар, босма нашрлар, суратлар, турли халқларнинг амалий санъати дурдоналари кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Субота, 17 ноябрь 2018 00:00

Исломда байроқдорлик

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсол ҳисобланади. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этади. Маълумки, 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кундир. Шундай экан, мақолада бу муҳим кун муносабати билан байроқ ва байроқдорлик тарихи тўғрисида сўз юритишни маъқул топдик.

Тарихга назар ташласак, байроқдорлик масаласи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг эътибор қаратган  ишларидан бири бўлган. Хусусан, Ислом дини учун олиб борган ғазотларида (курашларида) албатта байроқ билан чиқардилар ёки байроқдор тайинлаб қўшин жўнатардилар. Ушбу шарафли ишни бажаришни барча саҳобалар орзу қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи боғлаган байроқлари мелодий 623 йилнинг март ойига тўғри келувчи ҳижрийнинг 1-йили Рамазон ойида бўлган. Ул Зот Ҳамза ибн Абдулмутталиб бошчилигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл ибн Ҳишом бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар. Ҳамза розияллоҳу анҳу учун тикилган бу байроқнинг ранги оқ бўлиб, уни Абу Марсад Канноз ибн Ҳусойн ал-Ғанавий кўтариб олган эди. Бу тарихда “Сайфул-баҳр сарияси” деб аталган.

Энг дастлабки катта ғазотлардан ҳисобланган Бадр жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бош қўмондонлик байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Қураший ал-Абдарийга бердилар, байроқ оқ рангда эди. Муҳожирлар байроғини Алий ибн Абу Толибга бердилар, бу байроқни “Уқоб” дейиларди. Ансорлар байроғини Саъд ибн Муозга бердилар. Ҳар икки байроқ қора рангда эди.

Уҳуд ғазотида муҳожирлар байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Абдарийга бердилар, ансорларнинг Авс гуруҳи байроғини Усайд ибн Ҳузайрга бердилар ва ансорларнинг Хазраж гуруҳи байроғини Ҳубоб ибн ал-Мунзирга бердилар. Байроқнинг вазифаси қўшинни жипслаштириб, олдинга ундаш бўлган ва аксинча байроқ йиқилса қўшин тарқалиб кетган. Масалан, Уҳуд жангида мушриклар байроғи йиқилганида барчалари тумтарақай ортга қочишган. Мусулмон камончилари ўз жойларини тарк этгани сабабли душман отлиқлари орқадан ҳужум қилишди ва шундан сўнг мушриклардан Амра бинт Алқама ал-Ҳорисия исмли бир аёл шошиб келиб, ерда ётган байроқларини баланд кўтарди, шундан сўнг мушриклар байроқ атрофида жипслашиб, бир-бирларини чорлай бошладилар. Ва натижада мусулмонлар катта талофатга учрадилар.

Румликларга қарши бўлган Мўъта ғазотида байроқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари тарбиялаган Зайд ибн Ҳорисага бердилар. Сон жиҳатдан тенгсиз бўлган бу жангда байроқни навбат билан тутган Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳалар шаҳид бўлдилар. Чунки, душман қўшини икки юз минг, мусулмонлар эса уч мингтагина эдилар. Аллоҳнинг қиличи лақабли Холид ибн Валид байроқни олгач, ҳарбий ҳийла ишлатиб қўшинни қутқариб қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳайбар куни Муҳаммад ибн Масламага: “Эртага байроқни шундай бир одамга тутқазаманки, у Аллоҳ ва Расулини жон-дилдан севади. Бундай одамни Аллоҳ ва Расули  ҳам яхши кўради”, дедилар. Муҳожирлар билан ансорлар ўша суюкли киши ўзлари бўлиб чиқишини орзу қила-қила уйқуга кетдилар. “Ўша кечаси байроқдорлик лавозимига эришишни орзу қилдим”, дея эслайди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. Тонг отганда Расулуллоҳ Али ибн Абу Толибни йўқладилар. Одамлар унинг кўзи оғриб ётганини айтишганда, барибир олиб келишни буюрдилар ва Али розияллоҳу анҳунинг кўзига дам уриб, туфлаб қўйдилар, беморнинг кўзи шу заҳоти дарддан фориғ бўлиб, чарақлаб очилиб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуга байроқни тутқазиб, қўшинни жангга бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқдорликка энг ишончли ва шижоатли саҳобаларни қўярдилар ва улар ҳам У зотни ишончларини оқлардилар. Байроқдорлик энг шарафли вазифа эди, чунки қўшинни тақдири шунга боғлиқ эди.

Тарихда ҳар бир давлат ёки халқнинг ўз байроқлари мавжуд бўлиб, давлатнинг асосий белгиларидан ҳисобланган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам давлат рамзларига, хусусан, байроққа юксак сиёсий аҳамият берган. Амир Темур байроғи дастаси узунлиги тўрт беш метрдан кам бўлмаган ва мовий рангда бўлган. Байроқ қўшин олдида олиб юрилган. Соҳибқирон: “Жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам байроқни баланд тутсин!”, деб фармон берган ва байроқни эгилишини мағлубият деб қабул қилган.

Бугунги тараққиёт замонида ҳам байроқ ўз аҳамиятини йўқотмаган ва давлатларнинг асосий рамзларидан ҳисобланади. Шунингдек, халқаро мусобақаларда ва спорт беллашувларида, халқаро ташкилотларда байроқнинг ҳилпираши ўша давлатнинг обрў ва эътиборини белгилайди. Мустақил Ўзбекистонимиз байроғи ҳам дунё бўйлаб ҳилпираб, бу юртнинг довруғини дунёга танитиб келмоқда. Спорт мусобақаларида,  БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар қароргоҳида байроғини ҳилпиратган Ўзбекистон дунёга ўзгача нигоҳ ташлаб, тараққиёт сари илдам одимламоқда.

 

 

Акрам АБДУЛЛАЕВ,

ТИИ Махсус сиртқи бўлим 1-курс талабаси,

Бухоро шаҳар “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

 

 

 

Видеолавҳалар

Top