Дунё янгиликлари

“Ал-Азҳар” кутубхонаси тажрибалари ўрганилди

Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакиллари ҳамрохлигида ал-Азҳар кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, бой тажрибаларини ўзлаштирдилар.
Ал-Азҳар кутубхонаси мудири Абдулмажид Аҳмад Абдуллатиф ва малакали мутахассислардан ноёб асарларни сақлаш, таъмирлаш, электрон нусхаларини олиш ва фойдаланиш тартиблари борасидаги кўп йиллик тажрибалар ўрганилди.
Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китобларнинг сақлаш ва таъмирлаш ҳолати мониторинг қилиниб, уларнинг электрон базасини шакллантириш ишлари бошланган. Шу билан бирга, Диний идора фондида сақланаётган қадимий қўлёзмаларни босқичма-босқич таъмирлаш учун зарур кимёвий моддаларни ишлатиш, фондни замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлаш бўйича амалий ҳаракатлар ҳам бошлаб юборилган.
Миср сафари мана шундай ишларни энг юқори сифатда амалга оширишда жуда қўл келади. Диний идора фондидаги қўлёзма ва тошбосма манбаларни таъмирлашда муайян муаммолар бор эди. Айниқса, соҳа мутахассислари маслаҳати ва тажрибасига эҳтиёж катта. Чунки сўнгги йилларда фонддаги айрим асарларни таъмирлаш зарурати пайдо бўлмоқда. Бундай долзарб масалаларнинг оқилона ечими – инновация, интеллектуал билим ва илм-фаннинг янги ютуқларини амалиётга татбиқ этишдир.
Бу борада жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланган Миср давлатидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг бой тажрибалари жуда ҳам катта фойда беришига ишонамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2824 марта ўқилди

Янгиликлар

Top