Россия Ҳаж миссияси ва Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги ўртасида жорий йилда учрашув ташкил этилди. Учрашувда вазир ўринбосари Абдулфаттоҳ бин Мулаймон Машшат иштирок этган. Россия делегациясига эса Чеченистон муфтийси Межиев Салах Митаевич бошчилик қилган.
Қрим Республикаси номидан муфтий ўринбосари Эсадуллаҳ Баиров ҳамда Қримда фаолият юритувчи Ҳаж оператори АВН-Тур компанияси раҳбари Артур Решитов иштирок этган.
Учрашувда зиёратчилар учун қулайликлар яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш масалалари муҳокама қилинган. Учрашувда транспорт ва ёқилғи тарифларининг ошиши, Мино ва Муздалифада чодирларда яшаш хизматларининг кўтарилиши масалалари ҳам муҳокама қилинган. Бунда зиёрат нархи 20 фоизга ошиши айтилган.
Бундан ташқари, учрашувда Россия Федерацияси республикалари учун квоталарни қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Қрим Республикаси учун 600 ўрин ажратилган бўлиб, ҳозирги кунда Ҳаж зиёратига келишни истовчилар сони ошган. Шу мақсадда квота сонини 1000 тага етказиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати