Дунё янгиликлари

Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ҳамкорлик истиқболлари Афғонистон нашри нигоҳида

Афғонистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан – «Tolo news» ахборот нашри сайтида «Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мақолада Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорлиги, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти батафсил баён қилинган.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон раҳбариятининг қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик, дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсати Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун ишончли пойдевор яратди.

«Марказий Осиё давлатлари ҳудудида 75,3 миллион аҳоли истиқомат қиладиган бозор шаклланди. 2020 йилда давлатларнинг умумий ЯИМ 291,1 миллиард долларни, ташқи савдо айланмаси эса 142,5 миллиард долларни ташкил этди», дея таъкидланади материалда.

Минтақавий интеграция ишлаб чиқарувчилар харажатларини камайтириш ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари минтақа доирасида савдо операцияларини амалга оширишда маҳсулотлар етказиб бериш учун энг қисқа масофаларга эга бўлиб, уларга транспорт харажатларини тежашда афзалликлар беради.

«Tolo news»нинг ёзишича, минтақанинг барча мамлакатлари экспорт ҳажмини ошириш ва уларнинг ташқи савдосини диверсификация қилиш, янги ташқи бозорларга чиқиш ҳамда янги транспорт йўлларини яратиш ва улардан фойдаланишдан манфаатдор.

«Ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатларининг асосий савдо йўллари шимолий йўналишга қартилганини ҳисобга олсак, ташқи савдони диверсификация қилиш орқали иқтисодий ҳамкорликнинг жанубий йўналиши - Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Мальдив ороллари, Непал, Покистон, Ҳиндистон ва Шри-Ланка сингари Жанубий Осиё мамлакатлари билан истиқболли бозор очилади», - дея таъкидланади мақолада.

Нашрда қайд этилишича, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий истиқболли йўналишлари Марказий Осиё мамлакатларининг жанубдаги денгиз портларига чиқишни таъминловчи янги транспорт йўлакларини қуриш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик (электр энергияси экспорти), ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек, ташқи савдони кенгайтириш ва диверсификация қилиш ҳисобланади.

«Икки минтақа ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашиши Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янада ривожланишига хизмат қилади», – деб таъкидланади материалда.

«Шу муносабат билан Афғонистон ҳудудида транспорт-энергетика лойиҳаларининг амалга оширилиши савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ўрнатиш, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасида транспорт-коммуникация ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имкониятларини кенгайтириш учун шароит яратади», – деб хулоса қилади «Tolo news».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1378 марта ўқилди

Янгиликлар

Top