Дунё янгиликлари

Ўзбекистонга саудиялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш масаласи муҳокама этилди

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Нодир Турғунов “Saudi International Travel Company  - Саудия Aрабистони халқаро сайёҳлик компанияси” менежери Aбдулазиз Сулаймон билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Учрашувда Ўзбекистон билан Саудия Aрабистони ўртасида туризм, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистонга саудиялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ва самарали ривожланиб бораётгани, барча даражадаги ташрифлар алмашинуви кўпайиб, турли қўшма тадбирлар ўтказилаётгани таъкидланди.

Саудия компанияси менежери Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни диққат билан кузатиб бораётганини, бу борада Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан манфаатдор эканини алоҳида таъкидлади.

Саудия халқаро сайёҳлик компанияси Европанинг кўплаб давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани, мунтазам равишда видеоконференция орқали учрашувлар, ташрифлар алмашинуви ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан музокаралар олиб борилаётгани таъкидланди.

Саудия томонига Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти, бу борада ишлаб чиқилаётган янги истиқболли сармоявий лойиҳалар, сайёҳлик жойлари ҳақида маълумот берилди.

Учрашув якунлари бўйича музокаралар ташкил этиш ва икки давлат манфаатдор идоралари ва сайёҳлик компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

620 марта ўқилди

Янгиликлар

Top