muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 01 Ноябрь 2018 00:00

Бахтнинг сири нимада?

Бахтни ҳар ким ҳар хил тушунади. Ким учундир бахт тўкин-сочин яшаш бўлса, яна ким учундир фарзандли бўлиш, айримларга машина олиш, баъзилар учун уйланишдир. Одамлар ўз истакларига эришишларидан келиб чиқиб бахтни тасаввур қиладилар.

Ишсиз юриб, бирор жойда меҳнат қилиш орзусида юрганлар учун яхши ишга жойлашиш бахт ҳисобланади.

Узоқ йиллардан бери фарзанд кўрмаган эр-хотин учун оилада фарзанд туғилиши бахтдир.

Шунингдек, халқлар учун муштарак орзулар борки, ўша орзу ушалганда халқларнинг бахти рўёбга чиққан бўлади. Бу – тинчлик.

Фарзандингиз илк бор мактабга чиқа бошлагани ҳам бахт.

Ўғлингиз олий ўқув юртига талабаликка қабул қилингани ҳам бахт.

Ота-оналаримизнинг борликлари, дуо қилиб турганлари барчамиз учун бахт.

Садоқатли дўстнинг борлиги бахт.

Вафодор, солиҳа, итоатли жуфти ҳалолнинг борлиги бахт.

Янги уй сотиб олиш, ўша уйга кўчиб ўтиш бахт.

Қизи йўқ учун қиз фарзанд кўриш, ўғли йўқ учун ўғил фарзанд кўриш бахт.

Пулнинг кўплиги, тўкин-сочин ҳаёт, хорижга саёҳат кимлар учундир бахт.

Хуллас, Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳис қилиш, уларнинг шукрини адо этиш бахт.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу гапларига қулоқ тутсак, тасаввурларимиз янада ойдинлашади.

Ул зоти бобаракот: “Кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деб таъкидлаганлар.

Бу ҳадисда бахт сабаблари қисқа ва етук услубда баён қилинган.

Қадимда олимлар шундай дейишган экан: “Шайтон сенга йўқ нарса ҳақида орзу қилдириб, бор нарсани унуттиришга уринади. Инсон ўзидаги йўқ нарсани излаб, умрини ўтказиб, бор нарса учун шукрни унутиб қўяди”.

Инсон аввало ўзидаги бор нарсанинг қадрига етса, унинг шукрини адо этса, ана шунда Аллоҳнинг фазли билан орзу қилган нарсаларига эришади. Агар ўзида бор нарсаларга шукр қилмаса, у ҳолда боридан ҳам айрилади.

Инсон уйидаги, қўлидаги мавжуд нарсаларни кўра билиши, уларнинг неъмат эканини ҳис қилиши керак.

Юқоридаги ҳадиси шарифга эътибор берайлик!

“Кимки тонгда уйқудан уйғонганда”.

Эрталаб уйқудан турдингиз. Эътибор беринг, турдингиз, уйқуда ўлиб қолмадингиз. Уйингиз тинч, осуда бўлгани учун кўзингизга уйқу келди. Агар нотинчлик, жанжал бўлганида хавотирдан ухлай олмаган бўлардингиз. Аллоҳ таоло сизга гуноҳларингизга тавба қилиш, қолдирган намозларингизнинг қазосини ўқиш, тута олмаган рўзаларингизнинг қазосини тутиш, хафа қилган инсонларингиздан кечирим сўраш, олган қарзларингизни эгаларига қайтариш имконини берди.

“Оиласи тинч”.

Уйқудан турсангиз оилангиз тинч экан. Жанжал, тўполон бўлмаётган экан. Биров эшигингизга келиб, сизни безовта қилмаяпти, қўшнилар озор бермаяпти, сизни маҳалла орасида шарманда қилмаяпти, фарзандингиз ахлоқсизлик, бузғунчилик қилиб юзингизни ерга қаратмаяпти.  

“Тани соғ”.

Кеча танангиз соғ эди. Уйқудан турсангиз ҳам соғ экан. Ухлаётганингизда бирор тана аъзоингиз ишламай қолмабди. Ҳаммаси ишлаяпти. Ўрнингиздан тура олдингиз. Юзингизни ювгани бора олдингиз. Нонушта қила олдингиз. Еган овқатларингизни ҳазм қилиб, танангизга қувват кирди. Ишга, ўқишга бориб, кечки пайт уйингизга келдингиз.

Дўстларингиз орасида беморлар бор. Уларни кўргани шифохонага бордингиз. Аҳволлари оғир. Уларнинг қаеридир оғрияпти. Ушлолмаяпти, юролмаяпти, кўролмаяпти, гапиролмаяпти. Сизда эса бу имкониятларнинг ҳаммаси бор. Уларнинг пуллари кўп. Уйлари қаср. Машиналари сўнгги русумда. Аммо саломатликлари жойида бўлмагани учун мазкур тўкин-сочинлик уларга татимаяпти, кўзларига кўринмаяпти. Уларнинг битта орзуси бор: соғайиш. Тасаввур қиляпсизми? Улар орзу қилаётган нарсага сиз эга бўлиб турибсиз. Улар сизга ҳавас қилишяпти.

“Ва уйида бир кунлик егулиги бўлса”.

Инсоф билан айтинг, уйингизда ҳатто эртанги кун учун ҳам егулик бор, шундай эмасми?! Баъзиларникида эса бир хафталик захира бор. Ҳадисда эса “уйида бир кунлик егулиги бўлса” дейиляпти. Бугун кечгача барча оила аъзоларингизга етадиган егулик борми уйингизда? Бировдан нон, чой, туз, пул сўрашга эҳтиёжингиз йўқми? Агар шундай бўлса, билиб қўйинг, сиз бойсиз. Унча-мунча одамлардан бойсиз. Чунки, сизда дунёдаги барча неъматлар бор. “Қанақасига менда дунёдаги барча неъматлар бор бўлади?” дейсизми? Ҳадиснинг охирги қисмини ўқинг:

“Билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”.

Бу гапни ҳавои нафсидан гапирмайдиган, балки ўзига ваҳий қилинганларни гапирадиган зот айтяптилар.

Ҳа, сизда барча неъматлар мавжуд: хотиржамлик, саломатлик ва бир кунлик егулик.

Шуларни ҳис қилинг. Ўзингизнинг бой эканингизни, дунёдаги барча неъматлар сизга берилганини идрок этинг. Ҳеч қачон уйингизда йўқ нарсаларни гапириб, шикоят қилманг. Борини ўйланг ва унга шукр қилинг. Бунинг номини ҚАНОАТ дейилади. АЛЛОҲНИНГ БЕРГАН РИЗҚИГА РОЗИ БЎЛИШ, ҚАЗОИ ҚАДАРИГА ТАСЛИМ БЎЛИШ дейилади.

Ҳикматларда шундай келган: “Бахтдан “Манзилинг қаерда?” деб сўралганда, у “Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлганларнинг қалбида” деб жавоб берган экан”.

Демак, энг улкан бахт Аллоҳнинг берганига, қадарига рози бўлишдир!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

Шимолий Австарилиянинг қирғоққа яқин жойларида ва Индонезияга яқин сув ҳавзаларида кубомедузалар синфига кирувчи денгиз медузаси яшайди. Бу дунёдаги энг хавфли, энг заҳарли денгиз жониворидир. Унинг лотинча номи Chironex fleckeri.

Узунлиги 15 см.га етадиган пайпаслагичлар ичидаги ҳужайралар «куйдирувчи» суюқлик — заҳар ишлаб чиқаради.

Пайпаслагичлар медуза танасидаги тўртта бурчакнинг ҳар бирида тахминан 15 тадан жойлашган.

Унинг заҳари дунёдаги ҳар қандай илонникидан кучли экан.

Пайраслагичларга тегиб кетган одамнинг асаб толалари нейротоксинлар билан шикастланади. Тери, тўқималар бузилиши, қон томирлар орқали юракни ишдан чиқариши натижасида инсон қисқа муддатда ҳалок бўлиши мумкин.

Унинг заҳари 4 дақиқа ичида 60 та одамни заҳарлашга етар экан.

Охирги 100 йил ичида деярли 100 га яқин одам унинг заҳари сабабли вафот этган экан.

Унинг заҳари фақат денгиз тошбақасига таъсир қилмас экан.

Одатда ғаввослар сув остида яхши кўра олмайдилар. Медузанинг ранги шаффоф, оч мовий бўлгани учун уларга бу қўшимча хавф туғдиради.

Медуза гумбазининг тўртта бурчагида 24 та “кўз” бир хил масофада жойлашган. Бурчакдаги ҳар 4 кўз тасвирни идрок этади, қолган кўзлар эса нурни пайқайди.

Оддий ҳолда сузиб юрганда медуза танасининг умумий узунлиги 15 сантиметр атрофида бўлади. Ов пайтида эса узунлиги 3 метргача чўзилиши мумкин. У асосан кундузи ов қилади.

Ҳа, азизлар, денгиз тубида шундай кичик ҳажмли, кўзга ҳам яхши кўринмайдиган шаффоф, аммо хатари дунёдаги барча илонлардан хатарлироқ бўлган, инсоннинг 3 дақиқада вафот этишига сабаб бўладиган жонзот яшайди. Бу эса Аллоҳнинг қудратига далолат қилади. Сўзимизни ушбу оят билан якунлаймиз:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

СУБҲАНАЛЛОҲ! 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

Ўтган кунларда бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёратчилар Умра зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетган эдилар. Ўзбекистондан Умра амалларини адо этиш ниятида муборак заминга етиб борган фуқароларимиз Маккаи Мукаррамадаги 4 юлдузли Al Kiswah Hotel Towers ва Мадинаи Мунавварадаги 5 юлдузли Pullman Zamzam Madina Hotel меҳмонхоналарига жойлаштирилди.
Мадина шаҳридаги ишчи гуруҳи аъзоси Музаффар Камоловнинг билдиришича, бу йил зиёратчиларимизга Мадинаи мунавварада 5 юлдузли, замонавий ва осмонўпар меҳмонхона ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида бўлмоқда. Ушбу меҳмонхона Масжиди Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашган, зиёратчиларимиз беш маҳал намозларини ушбу табаррук масжидда адо этиш саодатига етишмоқдалар. Айни кунда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Ушбу қўнимгоҳ жуда ҳам ҳашаматли бўлиб, Мадина шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради.
Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.
Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, бир нечта лифтлар ишламоқда. Ҳар бир хонада озода кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтиришлари мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам ҳозирланган.
Ишчи гуруҳи томонидан меҳмонхонада тиббиёт бўлими ва Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, тиббиёт бўлими ҳам керакли ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланган. Шунингдек, зиёратчиларимизга ўзимизнинг ошпазлар томонидан тайёрланган лазиз ва миллий тамоларни тортиқ қилинмоқда.
Бир сўз билан айтган-да, бу йил олдинги йиллардан фарқли ўлароқ зиёратчиларимизга барча шарт-шароитлар ва қулайликлар энг юқори даражада муҳайё қилинган, фақат зиёратчиларимиз у ерга бориб жойлашгач, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, ибодат ҳаловатини тотиб, муҳтарам Президентимиз, халқимиз ва фарзанду аржумандларимиз ҳақига дуои хайрлар қилишлари қолди, бу эса, нақадар улкан бахт!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Шафоат

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Зуҳо сурасида мана бундай деб марҳамат қилган:

وَلَسَوْفَ يُعْطِيكَ رَبُّكَ فَتَرْضَى

«Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан» (5-оят).

Тасаввур қиляпсизми, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай неъматини ато қиладики, бундан севикли Ҳабибимиз рози бўладилар.

Эй Роббим! Қиёмат куни севикли Расулингга барчани шафоат қилиш ва шу сабабли умматларини жаннатга киритиш неъматини ато этиб, у зот алайҳиссаломни рози қилгин!

Бизни ҳам ана шу бахтиёр бандалар сафида айлагин! 

*****

Ҳабибимиз...

Оталарини кўрмадилар.

Оналари эса, у киши 6 ёшга етганларида вафот этдилар.

8 ёшга етганларида боболаридан айрилдилар.

Туғишган акалари йўқ, фақат эмикдошлари бор.

Фарзандларидан 6 нафари ўзлари тирик бўлган пайтларида, кўз олдиларида вафот этишган.

Бу зот тарихда ўтган улуғ инсонлар ичидаги энг буюги, оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

*****

Эй Роббим!

 Агар афвинг гуноҳларни ўчирса, яхши кўришинг қанақа экан!

Агар яхши кўришинг қалбларни нурафшон этса, муҳаббатинг қанақа экан!

Агар муҳаббатинг ақлларни даҳшатга солса, Сенга яқин бўлиш қанақа экан!

Агар Сенга яқин бўлиш ғамларни кетказса, карамли важҳингга назар солиш қанақа экан!

Эй Аллоҳ! Албатта, биз Сендан афвингни, яхши кўришингни, муҳаббатингни, Сенга яқин бўлишни ва карамли важҳингга назар солишни сўраймиз, омин!

*****

ИЙСОР

Егингиз келиб турган ошни ўзингиздан-да муҳтожроққа берсангиз, ошни егандаги лаззатдан кўра кўпроқ лаззатни туясиз. Бунинг устига яна савоб ҳам оласиз.

Бунинг номини ийсор дейилади. Ийсор — бошқани ўзидан устун қўйиб, ўзи истаб турган нарсани унга беришдир.

Бу қўли очиқликнинг энг юқори кўринишидир.

Чунки саховат — ўзида кўпроғини қолдириб, озроғини инфоқ қилишдир.

Жувд — ўзида озроғини қолдириб, кўпроғини инфоқ қилишдир.

Ийсор эса — ўзида қолдирмай, борини инфоқ қилишдир. 

*****

Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ бозорда анор растасининг ёнидан ўтиб қолдилар. Анорга бироз қараб турдилар-да, «Инша Аллоҳ, сен билан Жаннатда кўришамиз» деб, йўлларида давом этдилар. 

***** 

ШУКР ҚИЛАЙЛИК!

«Иссиқ сув», «совуқ сув» деб сувни танлаётган пайтимизда, шу сув деган неъматга муҳтож бўлиб яшаётган кўплаб инсонлар борлигини унутмайлик!

***** 

Яқинларнинг зарбаси хатарли бўлади. Чунки у яқин масофадан келади.

«Тарих мухрлаган сўзлар»

***** 

Кишилар ўз даражаларига қараб имтиҳонга учрайдилар. Киши ўз дини (тақвоси)нинг миқдорига қараб имтиҳон қилинади.

Шайх Иброҳим Аккос

***** 

Ҳаётимдаги бурилиш, ўзгариш нуқтаси — онам телевизорни ўчириб, беркитиб қўйиб, мени ўқишга мажбур қилган куни бўлди.

Бен Карсон,

Врач, нейрохирург.

***** 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

Динимизда инсонларга яхшилик қилиш, уларнинг кўнглини кўтариш улкан савобли амаллардан саналади.

Ҳадиси шарифлардан бирида “Фарз амаллардан кейин Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмон кишининг қалбига шодлик киритишдир” дейилган.

Шу ўринда қуйидаги ривоятни эслаш ўринли. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб: “Эй Оиша, мендан хоҳлаган нарсангни сўра”, – дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни қасд қилдилар ва: – “Бу борада отам билан маслаҳатлашсам”, – дедилар.

Шундай қилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеани баён қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра”, – дедилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– “Роббим менга меърож кечасида: “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта жаннатий бўлади, деди”, – дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган вақтларида У зотнинг кўзларидан ёш қалқиди. Бунга гувоҳ бўлиб турган Оиша розияллоҳу анҳо: – “Нега йиғлайсиз отажон, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми?”, дедилар. Абу Бакр: – “Бу, мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса – дўзахийдир дегани бўлади» – деб жавоб қилдилар.

Мазкур ривоятдан бир инсонни кўнглини кўтариш, унинг қалбига хурсандчилик киритиш нақадар савобли, шу билан бирга эътиборли иш экани намоён бўлмоқда.

Юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳам динимизнинг юқоридаги кўрсатмаларига содиқ қолиб, жойларда инсонлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг қалбига хурсандчилик олиб киришга ҳаракат қилмоқдалар.

Жумладан, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳар 7-сонли клиник шифохонасига 2 та ногиронлар аравачаси етказиб берилди.

Куз фасли ҳам ўтиб бориб, кунлар совий бошлади. Ҳа, қиш эшик қоқмоқда. Совуқ об-ҳавода катталарку бир иложини қилар, аммо болалар шамоллаб қолиши, қийналиши мумкин. Шунинг учун уларни қишки иссиқ кийимлар билан таъминлаш масаласи муҳимдир.

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан бу муаммони бироз енгиллатиш борасида бир қатор амалий ишлар қилиб келинмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти Ғазалкент туманидаги 125-сонли ихтисослаштирилган имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига қишки иссиқ спорт костюмлари ва анжомлари етказиб берилди.

Болалар кўзидаги қувонч, ўксик диллардаги сурур, қалб тўридан отилиб чиққан дуолар, Аллоҳ насиб этса, ижобат бўлажак ва Фонднинг бу каби мурувват, олийжанобликка йўғрилган ишлари янада кенг қулоч ёяжак.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 

Янгиликлар

Top