muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 04 Июль 2017 00:00

Мен мот бўлдим...

 Осмонга қизил бўёқ чаплаётган қуёшнинг тоғ ортига шошаётгани мени ҳам тезроқ қўнимгоҳимга етиб олмоққа чорлади. Баланд, ҳашаматли бинолардан кўра кўча томон бўртиб чиққан қоялар азиз инсонларнинг муборак қадамлари етган жойлар эканиданми, машина ойнасидан ортга қарашга мажбур қилади.

Безовталигимни аллақачон пайқаган таксичи машинасини тезлатиб бошқаларни бирин-кетин ортда қолдира бошлади. Мадинаи мунаввара ҳавосидек мулойим одамлари ҳар бир ҳожининг кўнглига қараб муомала қилади, айниқса, уларнинг тилида гапириб қўйсангиз араб тупроғидек кулранг юзида ажиб табассум аломатлари пайдо бўлади:

–       Ҳожи, қаерликсиз?

Араб тилида бурро тилимни дилимдан ўтаётган ҳисларга созлаб, хаёлимга келган жонажон юртим соғинчи мени гапиришга шоширди. Улуғ манзилларда юрибман-у, барибир, юрт туйғуси шу сўзни дона-дона қилиб айтмоққа ундагандир балки:

 –       Мен шундай жойданманки,... у ерда ҳадис илмининг султони туғилган...!

Не-не ҳожиларни кўрган бу араб таксичи учун Каломуллоҳдан сўнг иккинчи улуғ манбани тўплаган муборак зотнинг юртидан келган мен каби зиёратчиларни этагидан ўпса арзимайдими? Албатта арзийди-да!

Тоғ ортига яширинаётган қуёшнинг ортидан таъқиб қилгандек моҳир таксичи машина тезлигини ўзгартирди. Унинг хотиржамлигидан машҳур бобокалонимизни билмаса керак деган ўйда қасдма-қасдига оғзимни сўзга жуфтладим:

 –       Ўзлари қай юртдан бўладилар?

 –       ...

Биз тобора яқинлаб бораётган бинолар ичидан қўнимгоҳимизни танидим. Атрофда таралаётган оҳанг одамлар оқимини бир ўзанга солиб баланд минорали майдонга йўналтирганда, хотиржам араб таксичи саволимга жавоб бериб қолди:

 –  Мен шундай жойданманки, ... у ерда икки олам сарвари туғилган...

 – ...!!!

 Т. АЗИМОВ

Тошкент ислом институтининг “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси 

Вторник, 04 Июль 2017 00:00

Момогинам

 Ҳар ёз момогинам келиб мени қўй-қўзиларни боқиш учун ўзлари билан тоғдаги қишлоғимизга олиб кетардилар. Йўл-йўлакай автобусдами, бекатдами бирортаси билан суҳбатлашиб қолсалар, дарров мен ҳақимда, қўй-қўзиларни адирда ўтлатишим, нечанчи синфда ўқишим, мактабда олган “беш”ларим тўғрисида гапириб берардилар. Менга эса бу илтифотлар ёқмас эди. Нега бундай қилаётганига ҳайрон бўлардим. Қишлоққа келганимизда келинларига ҳам айтмасдан томорқадан помидор, бодринг, дарахт тагига янги тушган мевалардан териб келиб олдимга қўярдилар. Бошқа неваралар ҳам ёзги таътилда қишлоққа келишар, лекин мен ва мен билан қўй боқувчи яна бир қариндошимга уларга нисбатан баъзи имтиёзлар кўпроқ берилар, яна мақтов ҳам эшитар эдик. Бундан онамнинг жуда хурсанд бўлганини сезганман.

Орадан йиллар ўтди, бироз улғайдик. Энди катта бўлганимиз учунми, қишлоққа қўй боқишга момогинам олиб кетмай қўйганди. Кўпроқ ўзлари келадиган бўлдилар, деярли ҳар Рамазонни ўғил-қизлариникида ўтказардилар. Ўшанда ҳам бизникида кўпроқ қолиш ўзларига маъқул экани сезилиб турарди. Ҳар гал бизникига келганларида, қани болаларим, келинглар, деб мен ва укамни ёнларига чақириб узоқ дуо қилар эдилар. Укам суҳбат асносида айтиб берадиган гаплардан момомнинг юзлари ёришиб кетарди. У бу борада анча тажрибали бўлиб, бошқа жойларга бирга борганимизда ҳам унинг олдин гап бошлашига рози бўлиб, сукут сақлаб тураман, ўзига билдирмасам-да унга ҳавас қилиб қўяман. Акам, опам, укам ва синглим, ҳаммамиз момогинамнинг олдиларида парвона бўламиз. Уларнинг одатлари бўйича оилавий ва бошқа йиғинларда “фалончи неварам бундоқ, фалончиси ундоқ”, деб мақташларига кутиб оғизларига қараб турамиз. Ўқишдан йиқилиб идораларнинг бирида ишлаб, хизмат қилиб юрган эдим. Кунларнинг бирида кечгача ишлаб ифторликка зўрға етиб келиб, оила даврасида, момомнинг ёнларида оғиз очган эдим. Янги ишга кирганим учун ҳали маош ололмаганим, момомгинамга бирор ҳадя беролмаганимни ҳанузгача ўйлаб юраман.

Момогинамнинг ёши улуғ бўлса ҳам тоғликларга хос тетик эдилар, мен қариман, деб ўтирмасдан, жарликларнинг устида юрган улоқчаларни ўзлари ҳайдаб келиб қўрасига қамардилар. Бир куни баланд жарликдан улоқчаларни ҳайдайман деб, йиқилиб оёқларини синдириб олибдилар. Саксонга яқинлашиб қолмаганларми, ҳа деганда суякнинг бирикиши қийин кечса, денг.

Эшитишимиз биланоқ менга йўлга отланишимни айтишди. Севимли момосини севимли невараси кўргани борадиган бўлди. Кўчани қалин қор қоплаган, йўлда кетар эканман, кеча ёққан қордан кейин қуёш уялибгина, эрингандек само узра заррин нурларини таратаётган эди. Ўйга толиб, момом ҳақида, болалигим ўтган қир-адирларга тикилиб борарканман секин ғимирлаётган эски автобуснинг бўғиқ овози менинг қулоқларимга мусиқа мисол эшитилар эди.

Етиб келганимда қўлтиқ таёқда момогинам пешвоз чиқдилар. Юзимда табассум, қалбимда ҳислар ташқаридаги совуқданми, билмадим, муз қотган. Ҳеч нарсани ҳис қилмайдигандек гўё. Кўзларим бир нуқтага қадалиб бир муддат атрофни сезмай қолдим. Момом, ҳадеб юзимдан ўпади, шундай қорда қўргани келганимга ачинади, эсон-омон етиб келганимни суриштиради, бечора болам-е, нима қилардинг бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда бўлган кампирни кўргани келиб, дейди, хуллас уйга кирдик. Мен анча ўзимни яхши ҳис қилаётган эдим. Иссиқ печканинг тафтиданми, ҳарқалай, кўнгилга илиқлик кирган эди. Ярим тунгача момом билан суҳбатлашиб чиқдик, худди яқин, қалин дўстлардек, болалардек.

Бир оз ухлагандан сўнг, тонгга яқин ўриндан турдим. Негадир таҳорат қилишга шошилмай, ўтирдим. Чироқ ўчирилгани боис момом ўринида йўқдек туюлди, ҳассалари эса турибди, қаерга кетдилар экан, деб хавотирланиб турганимда, кўзим ҳам қоронғуликка мослашди, орқамга қарасам, момом нурга кўмилиб жойнамоз устида ўтирибдилар. Шу вақт бўғзимга бир нарса тиқилгандек бўлди... ҳовлига, ташқарига чиққанимни билмай ҳам қолибман. Эгнимдаги енгил кийим билан осмонга тикиламан, ҳовлидан чиқиб тепалик этагидаги дарёнинг шовиллаши-ю, қишлоқ кучукларининг вовуллаши қулоққа кирмайди. Бир зум ўтмай бутун борлиқни, бутун само ва ерни айланиб чиққандай бўлдим. 

Эртаси кун уйга қайтарканман қалбим негадир енгил, ғуборлардан ҳоли, ақлим теранлашганини сездим. Ер узра тўшалган оппоқ гиламни йиғиштирмоқчи бўлиб турган қуёшга қарадим. Тоғ тепасига ўтирган ҳолда кулиб боқаётган қуёш секин ўрнини тарк эта бошлаган, атрофда эса, уйлар, дарахтлар биз турган бекат ҳам чик-чик ёшларни тўка бошлади. Шу вақт мен ҳам рўмолчамни олиш учун қўлимни чўнтакка тиқдим. Одатда мен кўп касал бўлмайман. Тоғнинг об-ҳавоси бизнинг ўлкалардан кўра совуқроқ бўлса керак. Қўлимни пальтомга тиққанимда, чўнтагида бир даста пул турарди. Рўмолча билан димоғимни эмас,... кўзимнинг ёшларини артдим... Бу момомнинг нафақа пуллари эди!

Тўлқин АЗИМОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Вторник, 04 Июль 2017 00:00

Қарилик – бедаво дард

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб касалликларни даволаш сирларини ўргатганлар. Бу мавзуда “Ат-Тиб ан-Навави” китоби ҳам тасниф қилинган. Лекин  Расули Акром соллаллоҳу алайҳи васалламқариликни бедаво касалликдеб тавсифлаганлар.

Хўш, замонавий илм-фан бу ҳақида нима дейди?

Барча тадқиқотлар кексаликнингдавоси йўқ эканини тасдиқламоқда. Чунки танадаги ҳужайраларнинг давомли равишда ўлишини тўхтатиб қолишнинг ҳеч иложи йўқ экан. Инсон ҳаётида танасидаги миллионлаб ҳужайралар ўлиб яна қанчаларидир янгиланиб боради. Бу жараён инсон вафот этгунига қадар давом этади. Инсон умрини узайтиришга, жилла қурса,  қарилик аломатларини яширишга уринаётган кўплаб олимлар бор.Аммо уларнинг барча уринишлари вақтнинг таъсирини тўхтата олмаяпти. Шу сабабли ҳозирги даврда қайсидир касалликнинг давоси топилгани ҳақидаги янгиликни эшитамиз, аммо қариликнинг давоси ҳақида эмас. Чунки бу касалликни даволаш замонни ортга қайтариш демоқдир. Бунинг эса сира ҳам иложи йўқ.

Зеро, Усома ибн Шарик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинг. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир касалликнинг давосини яратган. Фақат битта касаллик, қариликка даво йўқдир” (Имом Термизий ривояти).

Ҳозирги уламолар умрини ва миллионлаб маблағларини сарфлаб келган хулосани Пайғамбаримиз ўн тўрт аср олдин айтиб қўйганлари Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда “У (Муҳаммад с.а.в.) ҳаводан нутқ қилмас”, деган сўзнинг тасдиғидир (Нажм, 3).

ТИИ ўқитувчиси Шерзод ЧЎЛПОНОВ тайёрлади.

 

Вторник, 04 Июль 2017 00:00

Шариф шаҳар шукуҳи

Юртимизда азалдан диний таълим ривожланиб келган. Нуфузли мадрасалар кўплиги ва ундаги таълим-тарбия ишлари таҳсинга лойиқ бўлган. Мадрасалар нафақат диний, балки дунёвий илмларни ўрганиш ва ўргатишда мактаб вазифасини бажарган. Шу туфайли илм-маърифат билан жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар айнан ушбу заминдан етишиб чиққани барчага аён. Уларнинг номи ва қолдирган илмий мерослари неча асрлардан бери катта обрў-эътибор қозониб келмоқда.

Кўҳна Бухоро ҳам ўзининг кўп сонли мадрасалари билан ном таратган. У турли ерлардан илм таҳсили учун талабалар ташриф буюрадиган муаззам шаҳар ҳисобланган. Бу анъана кейинги асрларда ҳам давом этган.

Аштархонийлар даври муаррихи Маҳмуд ибн Вали (XVII аср) Бухоронинг илмий марказ сифатидаги хизматини шундай баҳолайди: «Олимларнинг кўплигидан, у шаҳарни “олимлар ва илм-фан” булоғи деб атайдилар».

Бухорога XIX асрда келган Е.К.Мейендорф эса Бухоронинг ислом оламида тутган ўрнини қуйидагича таърифлайди: «Ўзининг кўплаб мактаблари, олимлари ҳамда муқаддас қадамжолари сабабли мусулмонларнинг зиёратгоҳига айланган. Эҳтимол шунинг учун у «шариф» номига сазовор бўлгандир».

Рус сайёҳи Н.Ханыков ўз эсдаликларида Бухорони йирик илм-фан ва маърифат, диний билимлар маркази сифатида таърифлаб: «Бухоро илм тарқатувчи марказ ҳисобланган ва ҳисобланади», дейди.

Наршахийнинг фикрича, 937 йилги ёнғиндан зарар кўрган Бухородаги «Форжак» мадрасаси Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардандир.

Ўрта асрларда Бухоро мадрасалари илм маскани сифатида нафақат  Марказий Осиёда, балки мусулмон Шарқида ҳам ғоят машҳур эди.

Амир Темур ва темурийлар даврида мадрасалар олий маълумот берувчи марказ вазифасини ўтаган. Ҳатто Бухоро амири Амир Ҳайдарнинг (1800-1826 йй.) «Амир» ёки «Олий» номли мадраса қурдиргани тўғрисида маълумотлар мавжуд.  

Амир Ҳайдар ҳукмронлик қилган даврда илм олиш мақсадида Бухорога дунёнинг турли жойларидан талабалар келган, илм-фан тараққий этиб, катта ютуқлар қўлга киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро вилоятида “Мир Араб” олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Берилган кўрсатмаларга асосан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Мир Араб” олий мадрасаси ташкил қилиниб, 2017 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Олий мадраса ректори вазифасини бажарувчи Элов Жобир Рустамовичга Олий мадрасанинг давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома топширилди

Ушбу диний таълим муассасасининг ташкил қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳамда диний таълим олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир имконият бўлди.

Жорий йилнинг 15 июнь кунидан бошлаб мазкур олийгоҳга абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш бошланди. Унда фақат ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаганларнинг ҳужжат топширишлари ва диний фанлардан имтиҳон топширишлари белгилаб қўйилган.  

Мазкур таълим муассасасидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар етишиб чиқишига ишонамиз.

 

Жобир ЭЛОВ,

“Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Вторник, 04 Июль 2017 00:00

07.07.2017 й. Дин – насиҳат

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Ислом дини инсонларни, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга тарғиб этади. Бунда эса, инсонларнинг ўзаро самимий муносабатда бўлишлари муҳим ўрин тутади. Динимизнинг бош ғояси насиҳат, яъни самимийликдан иборат бўлиб, аввалда ўтган пайғамбарлар ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган. Масалан, Нуҳ а.с. ўз қавмига хитоб қилар экан:

أُبَلِّغُكُمْ رِسَالَاتِ رَبِّي وَأَنْصَحُ لَكُمْ

яъни: “Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман...”, деган (Аъроф сураси, 62-оят). Солиҳ а.с. ҳам ўз қавмини азобдан огоҳлантирганида шундай деган:

وَقَالَ يَا قَوْمِ لَقَدْ أَبْلَغْتُكُمْ رِسَالَةَ رَبِّي وَنَصَحْتُ لَكُمْ وَلَكِنْ لَا تُحِبُّونَ النَّاصِحِينَ

яъни: “Эй қавмим! Мен сизларга Раббимнинг топшириғини етказдим, сизларга насиҳат қилдим, лекин (сизлар) насиҳатгўйларни ёқтирмайсиз” (Аъроф сураси, 79-оят). Бошқа пайғамбарларнинг ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган.

       Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар;

عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رضي الله عنه : أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :"الدِّينُ النَّصِيحَةُ . قُلْنَا لِمَنْ ؟ قال : لِلَّهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ"

 (رواه البخاري ومسلم)

яъни: Тамим ад-Дорий р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в.: “Дин насиҳатдир”, дедилар. Биз: “Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Унинг китобига, Унинг расулига, мусулмонларнинг имомларига ва мусулмонлар оммасига”, – дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадис динимизнинг асосини баён этувчи манбалардан биридир.

Насиҳатнинг маъноси ўзгаларга нисбатан самимий муносабатда бўлиш, демакдир. Шу маънода Пайғамбаримиз с.а.в. насиҳат кимларга бўлишини бирма-бир санаб ўтдилар.

Биринчиси, Аллоҳга насиҳат бу – Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда холис ибодат қилмоқлик, Унга мудом итоатда бўлиб, осий бўлишдан сақланмоқлик, унинг ато этган неъматларига шукр қилиб куфрони неъмат қилмаслик, Аллоҳга бўлган имонини мустаҳкам тутиб, ҳар бир ишда унга таваккул қилмоқлик ва Ўзидангина мадад тиламоқлик.

Аллоҳга насиҳат жумласига тақдирнинг яхшисини ҳам ёмонини ҳам Аллоҳдан деб билиб, унга рози бўлиш ҳам киради. Баъзилар тақдирдан норози бўлиб, умидсизликка берилиши, тушкунликка тушиши оқибатида, ҳатто ўз жонига қасд қилишдек оғир гуноҳга ҳам қўл уриб қўядилар.

Иккинчиси, Унинг китобига насиҳат бу – Қуръони каримни Аллоҳнинг каломи эканлигига чин имон келтирган ҳолда ундаги хабарларни тасдиқлаш, унинг аҳкомларига амал қилиш, қайтарганларидан қайтиш, уни тўғри тиловат қилиб, унда ғулувга кетмаслик, унинг муташобиҳ оятларига имон келтириш билан тасдиқламоқлик.

Баъзилар бу борада ҳам хатога йўл қўйиб, оқибатда залолатга кетганлар. Илмсизлик билан Қуръоннинг муташобиҳ оятлари устида баҳс юритиб, турли бузғунчи тоифаларнинг чиқишига сабаб бўлганлар.

Учинчиси, Унинг расулига насиҳат бу – Муҳаммад с.а.в.ни Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари эканлигига чин имон келтирган ҳолда У зотнинг Аллоҳдан келтирганларига эргашиш, қайтарганларидан қайтиш, ахлоқларидан ибрат олиш, саҳиҳ суннатларига риоя қилиш ва уларни бидъатдан ҳимоя қилиш.

Баъзи тоифалар фақат Қуръонни тан олиб, Пайғамбарнинг суннатларини тан олмайдилар, яна баъзилари суннатга амал қиламиз деган даъво замирида мўътабар фиқҳий мазҳабларни инкор этадилар. Ваҳоланки, тўртала мазҳаблар ҳам уламоларнинг ижтиҳодлари асосида Расулуллоҳнинг суннатларига таянгандир.

Тўртинчиси, мусулмонларнинг имомларига насиҳат. Дунёвий ишлардаги раҳбарларни ҳам, диний ишлардаги уламоларни ҳам бир сўз билан имом дейилади. Демак, мусулмонларнинг имомларига насиҳат бу – давлат раҳбарларига садоқат билан итоат этмоқлик, уларнинг амру фармонларини бажармоқлик, бошқарув ишларида уларга кўмаклашмоқлик, уларга қарши исён қилмаслик, уламоларга эргашмоқлик, улар ҳақида яхши гумонда бўлмоқлик, уларни пайғамбарларнинг меросхўри деб эҳтиром қилмоқлик. Чунки, давлат раҳбарлари мусулмонларнинг дунёвий ишларини юргизадилар, уларнинг хавфсизлигини, мол-мулки, ҳақ-ҳуқуқи, обрў-эътиборининг дахлсизлигини таъминлайдилар. Диний уламолар эса, мусулмонларни ҳалолликка чақирадилар, ибодат ва амаллари тўғри ва мақбул бўлиш йўлларини кўрсатадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтарадилар, бир сўз билан айтганда дунё ва охират ободлиги йўлларига чорлайдилар.

Раҳбарларга итоат қилмаслик фисқу фасоднинг кўпайиши, инсон ҳуқуқи ва ҳурмати поймол бўлиши, қонлар тўкилиб, моллар талон-тарож қилинишига олиб келса, уламоларни эҳтиром қилмаслик эса уларнинг ваъз насиҳатлари ва фатволарига беэътибор бўлиш, гуноҳ ва маъсиятлардан ҳазар қилмаслик, умуман динга нисбатан ҳурматсизликни пайдо бўлиши, фитна ва ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлади.

Тарихда ҳам, хозирда ҳам раҳбарларига исён қилинган, уламолари билан ихтилофга борилган юртларда тинчлик ва барқарорлик йўқолганлиги, турли хил эътиқодий тоифалар кўпайиб кетганлигига гувоҳмиз.

Бешинчиси, мусулмонлар оммасига насиҳат бу – барча мусулмонларга бирдек яхши муносабатда бўлиш, киши ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўрмоқлик, ўзига ёқмаган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмаслик, уларга амри маъруф ва наҳйи мункар қилишликдир.

Шунингдек, уларни дунё ободлиги ва охират фойдаларига йўллаш, бу борада ёрдам қилиш, уларни эҳтиёт қилиш, улардан турли зарар ва офатларни бартараф қилиш, уларга юмшоқлик ва ихлос билан амри маъруф қилиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиб, шафқат қилиш, катталарини ҳурматлаб, кичикларини иззат қилиш ва раҳмдил бўлиш, мол-дунё, обрў-эътибор ва номусларини ҳимоя қилиш, уларни юқорида зикр этилган барча гўзал ахлоқлар билан хулқланишига қизиқтириш кабилар.

Аллоҳ таборака ва таоло инсонларга ўз ҳабиби Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламни пайғамбарларнинг охиргиси қилиб юборди ва уни гўзал одоб-ахлоқ, меҳр-мурувват, олижаноб фазилатлар соҳиби қилди.

Алоҳ таоло марҳамат қилиб айтди:

 وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

яъни: “Албатт, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”  (Қалам сураси, 4-оят).

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам ўзларининг чиройли хулқ одоблари билан барча умматга намунадирлар. Зеро, у зот ҳадисларнинг бирида марҳамат қилиб айтганлар:

قال عليه الصلاة والسلام:"إِنَّمَا بُعِثتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الأَخلَاقِ"

رواه البخاري

و الحكم و البيهقي

“Мен энг яхши хулқларни камолига етказиш учун юборилдим” (Бухорий, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).

Ўзгаларнинг оғирини енгил қилиш, ҳожатларини чиқариш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, адашганларига тўғри йўл кўрсатиш, яхши-ёмон кунида ёнида туриш мусулмонларга нисбатан самимийликнинг ёрқин кўринишларидир. Бугунги кунда жамиятимизда бундай ишлар давлатимиз сиёсатининг ажралмас қисмини ташкил этиб, кундалик ҳаёт тарзимизга айланиб бормоқда.

Азиз жамоат! Хабарингиз бор шу йилнинг 10-11 март кунлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташриф буюрганида вилоятда “Мир Араб” олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатма берган эдилар. Ҳозирда ушбу олий мадраса ташкил қилиниб, 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларини қабул қилиш жараёнлари кетмоқда. Шубҳа йўқки, ушбу олий мадрасада ҳам халқимиз учун етук дин пешволари таълим олиб чиқиб, халқимиз маънавиятининг янада юксалишига сабабчи бўладилар, албатта.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзаро меҳру оқибатда ҳаёт кечирмоғлигимизга муваффақ айлаб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда қилсин. Омин! 

Илова: Муҳтарам имом-домла! Тагига чизиб ажратилган сатрларни мисоллар билан кенгроқ баён этишингизни сўраймиз. 

Янгиликлар

Top