muslim.uz

muslim.uz

عَنْ أَبِي هُرَيْرَة رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا أَسْوَدَ أَوِ امْرَأَةً سَوْدَاءَ كَانَ يَقُمُّ الْمَسْجِدَ فَمَاتَ فَسَأَلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْهُ، فَقَالُوا: مَاتَ، قَالَ: أَفَلَا كُنْتُمْ آذَنْتُمُونِي بِهِ؟ دُلُّونِي عَلَى قَبْرِهِ، فَأَتَى قَبْرَهُ فَصَلَّى عَلَيهِ. رَوَاهُمَا الثّلَاثَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир қора киши ёки аёл масжидни тозалаб юрар эди. У вафот қилди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда сўрадилар.

«У вафот этди», дейишди.

«Буни менга билдирсаларингиз бўлмасмиди? Менга унинг қабрини кўрсатинглар!» дедилар ва унинг қабрига бориб, (жаноза) намоз ўқидилар» (Икки ҳадисни учовлари ривоят қилганлар).

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан Ислом дини масжидни тоза тутиш учун хизмат қиладиган ходимни нақадар улуғлашини кўриб турибмиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турли аслзодалар, бой-бадавлат одамлар ва казо-казоларнинг ўлимидан бехабар қолганлари учун эмас, масжидни тозалаб юрувчи бир қора танли ходимнинг жанозасидан бехабар қолганлари учун саҳобаларини койидилар.

Масжид Аллоҳнинг уйидир. Бу уйнинг хизматини қилувчи одамнинг ҳам мақоми улуғдир. Албатта, ўша одам бу мақомга лойиқ бўлиш шарти билан.

Эҳтимол, саҳобаи киромларнинг хаёлига бир қора қулнинг ўлими ҳақида хабар қилиб, Расулуллоҳни овора қилмайлик, деган фикр келган бўлса, ажабмас. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат саҳобаларни унинг жанозасига чақирмаганликлари учун койидилар, балки қабрни топиб бориб, жаноза намози ўқидилар. Ўша кўпчилик назаридан четда юрган қора танли ходим Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улкан эътиборларига сазовор бўлди. Ана шу аёлнинг сабабидан шариатимизда қабр устида жаноза намоз ўқиш ҳукми жорий қилинди.

Ҳа, масжиднинг хизмати, хусусан, уни пок тутиш учун бўладиган хизмат Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлардан қолган меросдир.

Қадимда Аллоҳ Оли Имронни ҳам Ўз ибодатхонасининг хизматини қилиш имконини бериш билан улуғлаган эди. Имроннинг аёллари Ҳанна эса туғадиган боласини «Масжидул Ақсо»га хизматкор қилиб атаган эдилар, Биби Марям туғилдилар. У кишидан Ийсо алайҳиссалом дунёга келдилар.

Сарвари олам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид қуришда ва уни пок сақлашда шахсан ишлаганларини тарихдан яхши биламиз.

Энди масжид ходими бўлиш улкан бахт эканлигини тўла англаб етишимиз лозим. Кимга бу бахт насиб этса, унга муносиб бўлишга ҳаракат қилсин.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Ўмон Султонлигининг «Oman Observer» газетасида Ўзбекистонда Рамазон ойининг нишонланиши тўғрисидаги «Ифторга ўзбек лаззати» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Журналист Юсуф Кабир томонидан ёзилган материал ўмонлик ўқувчиларни Ўзбекистонда Рамазон ойи билан боғлиқ урф одатлар, саҳарлик ва ифторлик дастурхонига тортиладиган миллий таомлар билан таништиради.

Муаллифга кўра, муқаддас Рамазон ойи Ўзбекистонда ўзига хос улуғворлик ва диний қадриятлар билан ўтказилади. Рўза тутиш, ифторлик анъаналари ва маданияти ҳар бир ўзбек хонадонида ҳатто собиқ мустабид даврида ҳам сақлаб қолинган.

«Ўзбек халқи бир вақтлар ўзларининг диний ва миллий урф-одатларидан маҳрум бўлган эди. Ўзбекистон мустақил давлат, деб эълон қилинганидан сўнг миллий урф-одатлар билан бирга диний қадриятлар ҳам қайта тикланди, – деб ёзади муаллиф. – Шундан буён Рамазон ойи мамлакат аҳолиси орасида катта кўтаринкилик билан ўтказилади. Маҳаллий урф-одатларига кўра, ўзбеклар ифторлик вақтида ўз қўшнилари билан таом улашади. Бу анъана, айниқса, ҳайит байрами арафасида янада оммалашиди. Ўзбек оиласининг яна бир ўзига хос одати бор. Яъни ҳар бир ўзбек хонадонида рўза очилишида оила бошлиғи дуо қилади ҳамда биринчи бўлиб таомга қўл узатади. Бу қоида ва тартиб Ўзбекистоннинг барча минтақаларида амалда».

Мақолада қайд этилишича, ўзбек хонодонида ёзиладиган дастурхон жуда батартиб. Ўзбекистонликларнинг энг севимли таомлари – бу анъанавий ширинликлар, нишолда, патир нон, сомса, қандолат ва, албатта, паловдир. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда Рамазон ойи давомида севиб танавул қилинади.
Материалда, шунингдек, ўзбек ошхонасининг шоҳ таоми - палов ва нишолдани тайёрлаш усуллари ҳақида маълумотлар ўрин олган.
«Нишолда соғлиқ учун жуда фойдали ва ҳазм қилишни енгиллаштиради», - дейилади нашрда.

Муаллифнинг ўмонлик ўқувчиларга тавсия этишича, ўзбек паловини тайёрлаш учун яхши гуруч танлаш керак. Қўй гўшти, сабзи ва пиёз асосий масаллиқлардан ҳисобланади. Сабзини узун шаклда тўғраш лозим.

«Aгар сиз паловни пиширишни эплаган бўлсангиз, уни анор ва турупдан тайёрланган «Тошкент» салати билан танаввул қилиб, ушбу таомнинг мазасидан завқ олинг», - деб ёзади Юсуф Кабир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Абдуғофур Ниёзқулов билан уюштирилди.

Саҳарлик ва ифторликнинг фазилати

Рамазон рўзаси бошланганда кўп учрайдиган саволлардан бири шуки, «Саҳарлик қилмаса ҳам бўладими?», «Ифторда кўпроқ таом еб, саҳарликка турмаса ҳам бўладими?» ёки айнан шундай бўлмаса-да, шу маънодаги саволлардир. Бунинг жавобини Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан топиш мумкин.

У зот: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», дедилар (Имом Бухорий ривояти). Мазкур ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, рўза тутувчи инсон саҳарликка эъиборсиз бўлмаслиги лозим. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам «Саҳарликда барака бор» дея хабар бермоқдалар. Муҳаддисларнинг айтишича, ҳадисдаги «барака» сўзидан, шаръий ва баданий барака тушунилади.

Шаръий барака қуйидагилардир:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тобе бўлиш, у зотга амалий эргашиш, қисқаси — ҳаётида суннатни жорий қилиш.

2. Ибодатга рағбат қилиш, яъни саҳарлик қилувчи саҳарлик қилиш билан Набий соллоллоҳу алайҳи васалламга итоат этишни ният қилса, саҳарлигининг ўзи алоҳида ибодатга айланади. Қолаверса, саҳар вақти дуолар ижобат бўлади. Саҳарликка турган инсон турли зикрлар билан машғул бўлса, дуолар қилса, айни муддао. Истиғфор айтса, гуноҳлари кечирилади. Аллоҳ таоло шундай деган: «Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар» (Зорият сураси, 17-оят).

3. Бомдодни жамоат билан ўқиш. Шунинг учун Рамазонда бомдод намозига келган жамоат бошқа вақтдагидан кўпроқ бўлади. Чунки кўпчилик саҳарликка тургани сабабли бу фазилатга эришган бўлади.

4. Саҳарлик қилиш билан аҳли китобларга хилоф қилиш бор. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз ва аҳли китобнинг рўзасини ажратиб турувчи нарса саҳарлик қилиш», деганлар.

Баданий барака:

Рўзани мукаммал адо этиш учун баданни озуқлантириш, бунда кун давомида очлик ва ташналик сабабли содир бўлиши мумкин бўлган гуноҳлардан тийилиш бордир.

Баъзи рўзадорлардан содир бўладиган яна бир хато, ифторликни кечиктириброқ қилиш. Улар бунда, «Шунча чидадик, яна озгина сабр қилайлик», дея оғиз очишни кечиктиради ва бу ишларини тақвога йўяди. Аслида бу хато.

Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай деганлар: «Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар яхшиликда бўлурлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бошқа бир ҳадисда эса, «Модомики одамлар ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлур. Чунки яҳудий ва насронийлар уни кечга сурурлар», деганлар (Абу Довуд ривояти).

Демак, аслида вақт кириши билан оғиз очиш суннат экан. Асл тақво эса суннатга эргашишдадир.

Рамазон ойининг номларидан бири «раҳмат мағфират» ойидир. Аллоҳ таоло ўн икки ойнинг бирини «раҳмат мағфират» ойи қилиб қўйишининг сабаби — инсон йил давомида дунё ишлари билан машғул бўлиб, қалбида пайдо бўлган ғафлат сабаб унинг руҳониятида пасайиш содир бўлади. Натижада инсоннинг гуноҳга мойиллиги ошиб, тоат-ибодатларга, яхшилигу силаи раҳмга бўлган рағбати озайиб кетади.

Инсондаги мана шу маънавий касалликни муолажа қилиш учун Аллоҳ таоло йилда бир ойни даволаниш ойи қилиб қўйди. Мўминлар Рамазонда бир ой рўза тутиб, нафсларини жиловлаб, ахлоқларини сайқаллаб олади. Бу билан Рамазондан кейин гўёки ҳар бир инсон учун янги ҳаёт бошланади. Аллоҳ таоло бизга Рамазон ойида барча маънавий касалликлардан холи бўлиб, Рамазондан сўнг янги, Ўзининг ризолигига мувофиқ гўзал ҳаёт кечиришни насиб айласин.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида дунёдаги энг катта қўлёзма Қуръони карим саҳифасини қўлда кўчириш ишлари якунига етди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров маълум қилди.

 

Шоазим Миноваровнинг маълум қилишича, ушбу саҳифа Бойсунқор Мирзо томонидан отаси султон Шоҳрух Мирзо учун махсус кўчирилган Бойсунқур Қуръони саҳифасининг бироз катталаштирилган такрори.

Саҳифани марказ хаттоти, Тошкент Ислом институти битирувчиси Нажмиддин Фаёзий Нуриддин ўғли 6 ой мобайнида кўчирган.

 

Махсус қоғоз Япониядан, бўёқлар Туркиядан келтирилган ва саҳифага ўзбек олтини суви билан ҳал берилган. Саҳифа Ислом цивилизацияси марказидаги Усмон Қуръони учун жиҳозланаётган хонақоҳдан жой олади.

Ислом цивилизацияси маркази қўлёзма Қуръон саҳифасини Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш юзасидан музокаралар олиб боришга киришди.

Бундан  аввал Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши 2021 йилнинг охирида якунланиши ҳамда Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш жараёнини кўздан кечиргани ҳақида хабар берилганди.

Бугун, 11 май куни Тайлоқ туманидаги “Ястепа” жоме масжидининг янги биноси очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар домла Ҳалилов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқуловлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов масжид аҳлини жоме билан, меҳмонларни ташриф билан қутлаб, масжиднинг эски ҳолати, қайта қуриш жараёни, бунда Диний идоранинг ҳиссаси ҳақида сўзлаб берди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар домла Ҳалилов сўзга олиб, жамоатга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари салом ва табрикларини етказди, қайта барпо этилган ушбу масжид зиёрат туризми доирасида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ибодатларини адо этиб олишлари учун йўл бўйида барча қулайликлар эга қилиб қурилганини баён этди.

Ушбу масжид ҳудуди 40 сотох бўлиб, атрофи девор билан ўралган. Жоме биносининг умумий майдони 459 квадрат метр, ички қисми эса 165 квадрат метрни ташкил этади, айвон хонақоҳ биносини уч томондан ўраган. Баландлиги 8 метр, эни 7 метрли гумбаз хонақоҳга ўзгача файз бериб турибди. Янги қад ростлаган таҳоратхона барча шароитга эга бўлиб, унда бир вақтнинг ўзида 20 га яқин одам фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, Мажмуадан аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхона, шунингдек, имом-хатиб, ноиблар, мутавали ва қоровулхоналар, мажлислар зали, кутубхона ўрин олган.

Масжидга 10 мингдан ортиқ аҳолиси бўлган “Шопўлат”, “Янги ҳаёт”, “Ястепа”, “Шохкаш” ва бошқа маҳаллаларидаги мўмин-мусулмонлар ибодатларини адо этади. Ҳозирда жомега кундалик беш вақт намозга 100 нафарга яқин, жума намозларига 600 нафар атрофида, икки ҳайит намозига 3000 минг киши намоз ўқишга келади. Масжид ичида 1000 нафар, ҳовлига 2000 киши бемалол ибодат қилиши мумкин.

Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб маконлар қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир...” деганлар (Имом Муслим ривояти). Ҳақ таоло учун ер юзидаги энг маҳбуб масканни бунёд этиш мўмин-мусулмонлар учун олий мақсад ва неъматлардан биридир.

Мазкур жоме масжид саховатпеша ватандошларимизнинг кўмагида бунёд этилди. Албатта, бундай савобли амалларнинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси 18-ояти). Ушбу оятда Яратган Роббимиз масжидларни обод қилувчиларнинг иймони борлигига гувоҳлик бермоқда. Бу нақадар бахт-саодат.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради”, деганларини эшитганман”.

Маълумот учун, “Ястепа” жоме масжиди илк бор 1918 йили қуриши бошланган. Масжид 1999 йили Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган. Жомега 1999-2005 йилларда марҳум Хушназар домла Ҳасанов (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) имом-хатиблик қилган. Шундан сўнг 2006 йили жомега Абдунаби домла Ҳимматов ноиб бўлади, 2007 йилдан буён имом-хатиб сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Тадбир сўнгида Аллоҳ таолодан бу каби хайрли ишларни бардавом қилишини, унга ҳисса қўшаётганлардан рози бўлиб, қилаётган хайру эҳсонларининг ажру мукофотларини кўпайтириб беришини сўраб дуои хайрлар қилинди!

Б.Хушбоқов
тайёрлади

Янгиликлар

Top