muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло Қуръони Карим Бақара сурасида бундай марҳамат қилади:

«Иймон келтириб яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, "илгари тотиб кўрган нарсамиз-ку", дейиша-ди. Зеро, уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берила-ди. Ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар» (25-оят).

Ҳаким Термизий «Наводирул усул»да келтиради:

Абу Масъуд Ғифорий айтди: «Аллоҳ таоло: «Чодирларда асралган ҳурлар», дея сифатлагани яхлит дурдан ўйиб ишланган чодирлардаги ҳурлардир. Улардан ҳар бирининг етмиш хил зийнати бор, у зийнатларнинг биридаги ранг бошқасида такрорланмайди. Уларга етмиш хил ҳид берилади, бир ҳид бошқасида такрорланмайди. Уларда ҳар бир аёл учун дур ва ёқутдан ўйилган етмишта сўри бўлади. Ҳар бир сўрида етмишта тўшак, ҳар бир тўшакда болишлар бор. Ҳар бир аёлга етмиш минг қиз ва бола хизмат қилади, уларнинг қўлида турли хил таомлар солинган олтин ликопчалар бор. Таомларнинг лаззати ҳам бир-бириникидан ўзгача. Унинг жуфтига ҳам шунинг мисли берилади. Қизил ёқутдан бўлган сўри устида ёқутдан ишлов берилган иккита билакузук бор. Бу неъматлар Рамазон ойида тутилган рўзанинг ҳар бир куни учундир».

islom.uz

Вторник, 11 Май 2021 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Қашқадарё вилояти вакиллиги жамоаси вакиллик мутахассиси Рустам домла Қиличевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Ҳақ таоло марҳумнинг фарзанду аржумандлари ва барча яқинларига гўзал сабр берсин.

Яратган охиратларини обод қилсин!

«Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!»

Жаноза: Бугун (11.05.2021 й.) Қарши шаҳар "Наво" жоме масжидида ПЕШИНда ўқилади.

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири ўринбосари Саййиджамол Масайитов билан уюштирилди.

Рамазон рўзасини тутмаслик ҳукми қандай?

Маълумки, Рамазон ойи рўзаси Ислом рукнларидан бўлиб, уни узрсиз тарк қилиш мумкин эмас. Уламоларимиз бундай кимсаларни жуда катта гуноҳ эгаси ҳисоблаганлар. Чунки пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида мана бундай деганлар: «Кимки узрсиз ва касал бўлмасдан Рамазондан бир кунни рўза тутмай ўтказса, умр бўйи рўза тутиб қазосини етказа олмайди».

Лекин бундан улар ўша кунларни рўзасини тутиб беришмайди деган хулоса қилинмайди. Балки, хатоларини англаб етишлари билан астойдил тавба қилиб, қолдирилган рўзаларни тутиб берсалар зиммаларидан соқит бўлади, иншааллоҳ.

Агар бундай узрсиз тутмайдиганлар рўза фарзлигини инкор қиладиган бўлса, Аллоҳ асрасин, фарзлиги қатъий бўлган амалларни инкор қилган бўлиб, куфр ҳисобланади. Аллоҳ бундай бўлиб қолишдан барчаларимизга паноҳ берсин!

Бордию тарк қилувчи узрли бўлса, яъни касаллик, мусофирлик, ҳомиладорлик, эмизикли фарзанди борлиги ва бошқа сабабларга кўра бўлса, у ҳолда бундайларга шариатимизда кенглик берилган. Улар қачон имкон бўлганда, тута олмаган кунлари миқдорича кунни тутиб берадилар ва масъулиятдан фориғ бўладилар.

Бундайларга кетма-кет тутишлик ёки Рамазондан кейин тезлик билан бошлашлик деган шартлар қўйилмайди. Шунинг учун мусулмон ака-ука ва опа-сингилларимизга ойни ғанимат билиб, ўз вақтида адо этиб, Аллоҳнинг розилигини топиб қолишга тавсия қилиб қоламиз. Валлоҳу аълам.

Рамазон ойида ҳам шайтон йўлига кириб турли гуноҳларга ботиб юрганларни учратиб қолинади. Ҳатто улар бошқаларни ҳам ўзлари томонга оғдиришга ҳаракат қилаётганини кўриб ёки эшитиб қоласан. Демак, шайтонлар ичида кишанланмайдиганлари ҳам бўладими?

Дарҳақиқат, ишончли ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилдилар: «Рамазон ойи кирганда, осмон эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирланади».

Ушбу ҳадисларнинг зоҳирий маъноларига кўра мазкур ойда шайтонлар кишанланиб, инсонларга иғво қила олмасликлари ва инсонлар ҳам ўз навбатида фақат итоатда юришлари керак эди. Бироқ воқеликда рўй бераётган айрим ҳодисалар буни инкор этаётгандек кўринади.

Аммо биз шуни унутмаслигимиз керакки, бу мавзуда ҳадислар бундан кўпроқ ва улар билан танишмасдан туриб, бу борада фикр билдирилса, тўғри бўлмайди. Бу борадаги бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилади: «У ойда само эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва у ойда исёнкор шайтонлар боғлаб ташланади».

Бу ҳадисда аҳамият берилса, шайтонларнинг ҳаммаси эмас, фақат исёнкорлари боғланиши айтиляпти. Айнан мана шу қўшимча билан келган ҳадислар яна бир қатор ровийлар томонидан келтирилганини ҳадис тўпламларида учратишимиз мумкин. Шунинг учун бу борада ислом уламолари келтирган хулосаларни ўрганишимиз тўғри бўлади.

Улар мазкур ҳадисларнинг маъноларини мана бундай мувофиқлаштирганлар:

  1. Шайтонларнинг барчаси кишанланмайди;
  2. Жин шайтонлар кишанланади, лекин одам шайтонлари бўш бўлади;
  3. Шайтонларнинг иғволари боғланмайди.

Шунинг учун ҳадисларни воқеликка тўғри келмас экан , деган ҳукм беришга шошмаслик керак. Балки, бизнинг бу борадаги илмларимиз камлигидан шундай туюлиши мумкин. Шунинг учун бундай хулосага боришдан аввал илм аҳлларига мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқ бўлур эди. Валлоҳу аълам.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги Қарорини имзолади. Унга кўра, 2021 йил муборак Рамазон ҳайитининг биринчи куни шу йил 13 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2021 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни шу йил 13 май, пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинган.

Қарорга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 май — пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарори инобатга олиниб, мамлакатимизда 2021 йил 13 май Рамазон Ҳайити байрами сифатида нишонланиши белгиланди.

Шунингдек, Президентнинг 10 майдаги ПФ-6222-сонли Фармони асосида 2021 йил 14 май (жума) ҳамда 15 май (шанба) кунлари қўшимча дам олиш куни деб эълон қилинди.

Бундан келиб чиқиб, ўзбекистонликлар Рамазон Ҳайити муносабати билан кетма-кет 4 кун дам оладиган бўлишди:

13 май, пайшанба — Рамазон Ҳайитининг биринчи куни (ишланмайдиган байрам куни);
14 май, жума — қўшимча дам олиш куни (барча учун);
15 май, шанба — қўшимча дам олиш куни (барча учун);
16 май, якшанба — умумий дам олиш куни.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муқаддас Рамазон ойида ўзбекистонлик дипломатлар Вашингтонда Конгресс аъзолари, Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги юқори мартабали вакиллари ҳамда мамлакат бош масжидлари раҳбарлари иштирокида ифтор уюштирди, хабар бермоқ «Дунё» АА.

Тадбирда АҚШнинг мусулмонлар жамоаси вакиллари амалдаги маъмурият ва Конгресс аъзолари ҳамда мамлакатнинг диний раҳбарлари иштирок этди. Улар орасида АҚШ Конгрессида икки мусулмон аёллардан бири Илҳан Умар, Давлат департаментининг терроризмга қарши кураш идорасининг Зўравон экстремизмга қарши бюроси директори Ирфон Саид, Пентагонда Ўзбекистон мамлакати куратори Ҳусайн Сутервала, ADAMS маркази -мамлакатнинг Шарқий соҳилидаги энг йирик АҚШ масжиди халқаро бўлими раҳбари Ҳуринесса Фариад, Вашингтондаги Муҳаммад номидаги Миллий масжид имомлари Толиб М. Шариф ва Қодир Абдулсалом ва бошқалар бор эди.

Ифтор давомида элчи Жавлон Ваҳобов мамлакатимизга зиёрат туризмининг улкан салоҳиятини тақдим этиб, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, жамиятда анъанавий исломий қадриятларни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, шунингдек, мамлакатда диний эркинликларни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди. Иштирокчиларга ўзбек халқининг бағрикенглик анъаналари, жумладан, Муқаддас Рамазон ойини Ўзбекистоннинг барча диний мазҳаб вакиллари билан биргаликда мамлакатимизда кенг нишонланиши маълум қилинди.

Суҳбат чоғида Миннесота штатидан АҚШ Вакиллар палатасига сайланган биринчи оқ танли бўлмаган аёл конгрессмен Илҳан Умар Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлашда эътиборга молик тараққиётни қайд этди. Қонунчига кўра, АҚШ Давлат департаментининг 2020 йилда Ўзбекистонни диний эркинликларни бузган давлатлар рўйхатидан ниҳоят олиб ташлаш ҳақидаги қарори Ўзбекистон ҳукумати ва парламентининг сўнгги бир неча йил ичидаги жиддий ва изчил саъй-ҳаракатларини акс эттирувчи ўта муҳим воқеа ва ўта муҳим босқичдир.

"Эришилган ютуқлар нафақат Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига хизмат қилади, балки мамлакатни Марказий Осиёда диний эркинликларни тарғиб қилиш масалаларида ўзгаришлар ва етакчилик намунаси сифатида намоён қилади", - дея қўшимча қилди Илҳан Умар.

Давлат департаментининг терроризмга қарши кураш идорасининг зўравон экстремизмга қарши бюроси директори Ирфон Саид Ўзбекистоннинг "Меҳр-5" гуманитар операциясини муваффақиятли амалга оширгани ва 95 нафар аёл ва боланинг қуролли можаро зоналаридан қайтганига юқори баҳо берди.
"Ўзбекистон оғир вазиятда тушиб қолган одамларга нисбатан бутун дунёга инсонийлик намунасини кўрсатди", - дейди Ирфон. У уруш зоналаридан қайтган аёллар ва уларнинг кичик фарзандларини тинч ҳаётга реабилитация қилиш ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича мамлакатимизга барча ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

"Давлат департаменти раҳбарининг Ўзбекистонни диний эркинликларни бузган давлатлар рўйхатидан бутунлай олиб ташлаш ҳақидаги қароридан жуда мамнун эканини таъкидлади. Ўзбекистон бундай рўйхатлардан четда қолишга лойиқ, бу улкан тараққиёт. Биз сизнинг гўзал мамлакатингиз доимо ибодатдамиз ва мен тез орада ота-боболарим Ватанига қайтишга умид қилиб қоламан", - деди АҚШдаги энг йирик ADAMS масжиди вакили Ҳуринесса Фариад.

Бундан ташқари, Ҳуринесса Фариад Ислом илоҳиёти, Қуръон тадқиқотлари, ҳадисшунослик ва мусулмон ҳуқуқи соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун 18 май куни халқаро Ислом Академияси ва Ислом цивилизацияси маркази вакиллари билан ADAMS маркази имоми Муҳаммад Мажиднинг учрашувини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ADAMS маркази АҚШнинг Шарқий соҳилидаги мусулмонлар учун асосий ибодат жойи бўлиб, Виржиния штатидаги 5 мингдан ортиқ оилага хизмат қилади. Муассасада Ислом ва Араб тили асосларини ўргатиш, болалар ва ёшлар учун махсус машғулотлар ўтказиш каби кенг кўламли хизматлар таклиф этилмоқда. Марказ ижрочи директори Имом Муҳаммад Мажид – Америка мусулмон ҳамжамиятида етакчи арбоблардан саналади, Америка пасторлари, раввин ва имомлари АҚШ делегацияси сафида диний эркинлик ва жамиятда конфессиялараро уйғунликни тарғиб этиш бўйича ислоҳотлар ва ўзгаришлар билан танишиш учун 2019 йилнинг кузида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.

АҚШдаги энг қадимий масжид – Вашингтондаги Муҳаммад номидаги Миллий масжид имомлари Толиб Шариф ўз нутқи давомида, айниқса, мамлакатимизга илк сафарини қайд этди. "2018 йил сентябрь ойида диний эркинликлар соҳасида элчи жаноблари ташрифи доирасида Ўзбекистонга ташриф буюриш шарафига муяссар бўлдим. Ўзбекистон ўз меросини қандай қадрлаётгани, маърифатли Исломнинг бебаҳо билим ва анъаналарига авлоддан-авлодга ўтиб келаётгани менда чуқур таассурот қолдирди", - дейди Америка масжиди раҳбари. Унга кўра, дунёда диний миллатчилик ва этник ва диний озчиликларнинг репрессияси ўсиб бораётган тенденциялар фонида Ўзбекистон ишонч билан ўзини миллатлараро тотувлик ва динлараро уйғунлик гуллаб-яшнаётган дунёвий давлат модели сифатида кўрсатмоқда.

Муҳаммад номидаги Миллий масжид 1930 йилда ташкил топган бўлиб, АҚШдаги мусулмонлар жамоасининг биринчи диний муассасаси ҳисобланади. Ҳозирги кунда бу масжиднинг Америка пойтахтида минглаб қавми мавжуд. Бокс афсонаси Муҳаммад Али ҳам Вашингтондаги яшаш йилларида ушбу масжидга мунтазам тарзда ташриф буюрган.

Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда ислом христианлик ва яҳудийликдан кейин АҚШдаги эътиқод қилувчилар сони бўйича учинчи диндир. Америка Қўшма Штатлари мусулмонлар жамоаси 3.5 миллион кишини ташкил этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top