muslim.uz
Ўзбекистонда ахлоқий жиҳатдан менталитетга тўғри келмайдиган телесериал ва фильмларни эфирга узатмаслик таклиф қилинди
Юнусобод тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов тумандаги масжид имомлари иштирокида оилаларда ажримнинг олдини олиш масаласи юзасидан учрашув ўтказди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мажлисда ажримлар сонини камайтириш борасида бир қанча таклифлар киритилган. Жумладан:
Оила қуриш остонасидаги иккала ёшларни ҳам никоҳдан аввал имомлар томонидан 3 ойлик ўқув дарсларида ўқитиш;
Оила тушунчасини мактабдан бошлаб алоҳида дарс сифатида киритиш;
Aхлоқий жиҳатдан менталитетимизга тўғри келмайдиган телесериал ҳамда кинофильмларни эфирга узатмаслик каби таклифлар билдирилган.
xs.uz
Касбларнинг энг афзали
Деҳқончилик улуғ ва шарафли касблардан бўлиб, у орқали халқимиз дастурхонлари, бозорларимиз расталари, тожирларимиз дўконлари хилма-хил, бир-биридан мазали мевалар билан безалиб туради.
Деҳқоннинг иймони мустаҳкам, қалби доимо Аллоҳга боғланган ва Роббига таваккули кучли булиши керак.Чунки деҳқон уруғни ерга экиб қолганини Аллоҳга топширади. Мўътадил об-ҳаво, ёмғир ва ҳосилни баракали бўлишини сўраб Аллоҳ талога дуо қилади. Деҳқон Роббимизнинг уруғни қандай ўстириб етиштиришига гувоҳ бўлади. Шу билан бирга Аллоҳнинг қудратини қалбида ҳис қилади.
Қурони каримда марҳамат қилинади: "Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни сизлар ўндирурсизми ёки биз ўндирувчимизми?!" (Воқеа сураси, 63-64-оятлар). Қайси мўъмин инсон яхши ният билан экин экса, кўчат ўтқазса улуғ ажру савобга эга бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади, ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир, йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, унинг учун садақа бўлади", дедилар (Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатли касб экани маълум бўлади. Деҳқонга нафақат бу дунёда, балки вафотидан кейин ҳам унга савоб етиб туради.
Абул Ҳасан Мавардий "Дунё ва дин одоби"китобида: Касбларнинг асл устуни уч нарсага боғлиқ. Улар зироат, тижорат ва саноатдир. Менимча, деҳқончилик касбларнинг энг покизаси ва афзалидир" деганлар.
Деҳқончилик касби инсон яралиши биланоқ бошланган бўлиб Одам алайҳиссаломнинг суннатлари (йўли) дир. Одам алайҳиссалом ерни ҳайдаб, буғдой эккан. Ерни суғориб ҳосил етиштирган буғдойни янчиб хамир қориган. Одам алайҳиссалом ҳаётларида гўзал намуналар бор.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар қиёмат бўлиб қолса ва бирортангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса уни экиб қўйсин", дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ерга қадалган ҳар бир уруғ униб чиқиши билан бирга, то қуриганича Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Буларни етиштирган деҳқон эса ўша айтилган тасбеҳ савобларидан насиба олиб савобга эга бўлади. Илоҳим бу йилги деҳқончилигу зироатларга, чорво моллари ва оби равонларимизга барака берсин.
Л.Исоев,
Шофиркон тумани "Саид Ато" жоме масжиди имом-хатиби
РЎЗАНИНГ САЛОМАТЛИККА ТАЪСИРИ ҚАНДАЙ?
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, барчамиз мусулмонмиз ва бизга ислом ривожи учун кенг йўл очиб берилган юртда яшамоқ насиб этган. Барчамиз тонг саҳар-ла қалбда иймон билан уйғониб, рўза тутмоққа тутинамиз. Рамазон ойи неъматларидан муяссар бўлиш истагида бўлганлар орасида каттаю кичикни учратамиз. Шу ўринда бир савол туғилади: рўза тутиш организм учун салбий таъсир кўрсатмайдими?
Келинг, рўзанинг саломатликка таъсирини кўриб чиқсак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобларида рўза инсоннинг соғлигига фойда бўлиши қуйидаги жиҳатларда кўрсатилган:
Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.
Рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади. Рўзадор руҳий изтироблардан ҳам сақланади.
Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини ман қилади. Шунингдек, рўзадор пешобида сийдик йўлларидаги тузларнинг тўпланиб қолишини йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган. Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради.
Рўза жинсий майлнинг кучини қирқади. Бу айниқса, ёшлар учун жуда фойдали бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди.
Ўсмирларнинг рўза тутишига келсак, балоғатга етган инсонларгагина рўза фарз қилинган. Балоғатга етмаган ёш болаларга рўза фарз эмас. Лекин ота-она ва болага масъул бўлган кишилар, агар боланинг тоқати етса, уни рўза тутишга тарғиб қилсалар яхши. Бу ҳолатда боланинг жисми, қуввати, об-ҳаво инобатга олингани маъқул. Агар бола рўзасини очиб қўйса, уни қазо тутишга мажбурланмайди, чунки бу унга оғирлик қилади.
Шифокорлар қуйидаги хасталиклар билан оғриганлар рўза тутмаганлари маъқул деб ҳисоблашади:
— қандли диабет 1 тури
— ўткир ва сурункали ошқозон-ичак касалликларини қўзиш даврида;
— оғир буйрак хасталиклари;
—оғир даражали камқонлик.
Диний китобларда айтилишича:
Касал кишига рўза тутмасликка рухсат этилган. Киши рўза тутиш сабабли касаллигининг кучайиши, тузалишининг секинлашиши ёки бирор аъзосига талофот етишидан қўрқса, рўза тутмаслиги мумкин. Хаста киши тузалганидан сўнг Рамазон ойида тутмаган кунларининг рўзасини қазо қилиб тутиб беради.
Хулоса: Рўза тутиш саломатликка зарар эмас, балки фойда. Аммо бунда ҳам тана имкониятларини инобатга олиш керак. Рўза тутаман деб организмни зўриқтириш, хасталикларнинг кучайиб кетишига йўл қўйиш ҳам ножоиз. Зеро, тана ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати, уни авайламоқ лозим.
Шоира АЗИЗОВА, олий тоифали шифокор, гастроэнтеролог:
(«ШИФО-инфо» газетасининг 2018 йил 20-сонидан олинди)
Агар бу сизнинг охирги Рамазонингиз бўлса...
Яна бир Рамазонгача – раҳмат ва мағфират ойигача яшашимизга имкон берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Келинг, бу ойни охират ҳаёти учун кўпроқ фойда билан ўтказишга ҳаракат қилайлик, чунки эҳтимол кимдир учун бу охирги рамазон ҳам бўлиши мумкин.
Рамазон - бу бошидан бошлаш, тавба қилиш ва ҳаётингизни ўзгартириш учун имконият.
Агар сиз Қуръон ўқишни, тинглашни ёки ёдлашни, қўшимча ибодат қилишни, тунларингизни ибодат билан ўтишини, Аллоҳни кўпроқ зикр қилишни истасангиз ўша ишингизни шу муборак ойдан бошланг!
Ушбу имкониятни қўлдан бой берманг!
Аллоҳ бу ойни биздан рози бўладиган тарзда ўтказишимизга ёрдам берсин!
Ўтган Рамазонда биз билан бирга бўлган қанча дўст ва ёронларимиз, устозларимиз бугун қабрлардан жой олишган.
Ўлим тўсатдан келади ва ўлимдан кейин ҳеч ким бу дунёга қайтмайди.
«Токи қачон улардан (яъни мушриклардан) бирига ўлим келганида:
«Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур». (Мўминун, 99-100 оятлар).
Ўлимдан кейин бу дунёга қайтишнинг иложи йўқ, лекин ҳамма: агар у гуноҳкор бўлса - тавба қилиш ва агар у яхшилик қиладиганлардан бўлса - яхши амаллар сонини кўпайтириш учун хоҳлайди.
Агар бу Рамазондан кейин вафот этсак-чи?
Биз яна рўза тутиш учун қайтиб келишни, қабрда ва охиратда бизга кўпроқ фойда келтирадиган амалларни бажаришни хоҳламаймизми?!
Ўзингизни гўёки ўлимдан кейин яна ҳаётга қайтгандек тасаввур қилинг! Қайтиб келганингиз, шу ойда ҳаётингизни яхшилаш учун, илгари йўқотганларингизни қоплаш учун, Қиёмат куни тарозида оғир келадиган савоб ишларни бажариш учун яна бир имкониятга эга эканлигингизни ўйлаб кўринг...
Аллоҳдан бизни гуноҳларимиздан поклашни, тавбамизни қабул қилишини ва яхшилик қилганларнинг ажрини зиёда қилишни сўраймиз.
Ёқуб Умар
Шариат иқтисодиёти ва исломий банк масалалари муҳокама қилинди
"Ўзбекистон ва Индонезия: Индонезиянинг Ислом иқтисодиётини амалга ошириш тажрибаси ва ҳамкорлик истиқболлари" мавзусида икки мамлакат вазирлик, идора ва университетлари вакиллари иштирокида онлайн анжуман ўтказилди. Тадбир юртимизнинг Индонезиядаги элчихонаси, Парамадин университети (ПУ) ва Индонезия Шариат иқтисодиёти ва молия миллий қўмитаси (ИШИММҚ) ҳамкорликда ташкил этди.
Масофавий анжуманда ИШИММҚ Инфрастуктура департаменти директори Султан Эмир Ҳижоят ва ПУ проректори, шариат иқтисодиёти бўйича мутахассислар миллий гуруҳи аъзоси Ҳанди Ризо маъруза қилди. Шунингдек, унда Индонезиянинг Шариат иқтисодиёти ва Ислом банки тамойилларини амалга ошириш бўйича тажрибаси, бу борада ҳозирги давлат сиёсати стратегияси тақдим этилди.
Тадбир давомида томонлар шариат иқтисодиёти ва Ислом банки соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти билан Парамадин университети (ПУ) ҳамкорликда ўқитиш ва академик алмашинув бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолашга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати