muslim.uz

muslim.uz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган мўъжизаларнинг энг буюги бўлиши билан бирга, уни ўқиб, сўнгра уқиб, унга амал қилганларни икки дунё саодатига етакловчи манбадир. Унда ҳалол билан ҳаром, ҳақ билан ноҳақ очиқ-равшан баён этилиб, Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек: “Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир  (Бақара сураси, 2-оят).

Қуръони Карим ҳидоят раҳбаридир. Ҳар бир инсон унга амал қилса, маънан ва моддий жиҳатдан юксакликка эришади. Ундан бехабар қолиш эса қоронғу зулматда йўлидан адашиб қолиш демакдир.

Яхшиликларнинг энг аълосини Қуръони Карим амр этади, ёмонликдан қайтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «Хайрлиларингиз Қуръонни ўрганувчи ва ўргатувчиларингиздир», деб марҳамат қилганлар. Хуллас, дарахтни ўстирувчи ва уни озиқлантирувчи тупроқ бўлганидек, инсонни улғайтирувчи ҳамда озиқлантирувчи Қуръони Каримдир. Унга эътиқод ва амал қилганлар икки дунё саодати ва бахтга эришади.

Қуръон қалблар шифосидир. Қуръон ўқиган, Каломуллоҳни имон, ихлос билан эшитган одамнинг қалби иллатлардан покланади. Инсоннинг гавҳари бўлмиш қалб тузалдими, бошқа ҳамма аъзолар фаолияти жойида бўлади. Қалби пок инсон ҳаромдан ҳазар қилади, эзгу амалларга мойил бўлади.

Қалбни поклашда биз учун асосий манба Қуръони Каримдир. Қуръон қалбимизга аниқ ташхис қўяди, қалбни иллатлардан халос этиш йўлларини кўрсатади, инсонни асл фитратига мос ҳолда яшашга ундайди.

Қуръон шифо манбаидир. Бу мўъжизавий Калом эътиқодимизни тўғрилайди, қалбимизни нурга тўлдиради, дилимизни равшан қилади, тасаввуримизни бойитади, дунёқарашимизни кенгайтиради. Қуръон тиловати билан хонадонимизга файз киради, умримиз баракали бўлади. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳнинг мўъжизавий Каломи бизни икки дунё саодатига бошлайди.

Қуръони Карим тиловати деганда уни ҳарфларини жойига қўйиб аниқ ва тажвид қоидаларига мувофиқ қилиб шошилмасдан ўқиш тушунилади.

Қуръони Каримда унинг тиловати ҳақида олтмиш еттита оят келган. Қуръони Карим тиловати жуда ҳам фазилатли амал ҳисобланади.

Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиш унга кўз югуртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қуръон бойликдир. Ундан кейин фақирлик йўқ, Ундан ўзга бойлик йўқ ”.

Қуръон ўқиган мўминнинг қалби бойийди, илми зиёда бўлади, маънавияти юксалади, фикр доираси кенгаяди.

Бойлик деганда, мусулмон одам фақат дабдабали ҳаётни, ҳисобсиз мол-дунёни кўз олдига келтирмайди. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳақиқий бойлик нафс тўқлигидир”, деганлар. Мана шу ҳадисдан келиб чиқиб айтиш мумкин, Қуръон ўқиган одамнинг кўзи тўқ бўлади. Қуръон ўқиган инсон дунёнинг ўткинчи матоҳлари ортидан ҳаллослаб югурмайди, турмуш ташвишлари деб ўзини ўтга-чўққа урмайди, хотиржам яшайди, қаноатли бўлади, борига шукр, йўғига сабр қилади. Ана ҳақиқий бойлик, ҳузур-ҳаловат қаерда!

Қуръон муфассири Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Ким Қуръон ўқиса, (кўп нарсани) билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга қайтарилмайди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятида айтилган: “Сўнг уни асфаласофилинга қайтардик. Фақат имон келтирган…” яъни, Қуръон ўқиганларгина (бундан саломат бўладилар)”.

Маълумки, ёш ўтганидан кейин одамнинг кўзи хиралашади, қулоғи яхши эшитмайди, бўғимлари заифлашади, белидан қувват кетади, хотираси сусаяди. Бироқ Қуръон ўқиганлар кексайган чоғларида ҳам эс-ҳушларини, куч-қувватларини йўқотишмас экан. Қизиқ, бунинг сабаби нимада?

Илмий тажрибаларда аниқланишича, Қуръон ўқиш, эшитиш мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, кексаликда юз берадиган паришонхотирлик, хотира сусайиши каби нохуш ҳолатлардан сақлайди.

Умр бўйи Қуръонга ошно бўлган қори боболар ҳаётига ибрат назари билан қарасак, бу гап қанчалик тўғрилигига амин бўламиз. Юз ёшни қоралай деб қолганларига қарамай, таналари бақувват, хотиралари яхши, кўзлари равшанлигини кўрамиз. Зеро Аллоҳ Қуръон ҳақларини адо этган бандасини соғлом тана, кучли хотира неъмати билан сийлайди. Қуръон ўқийдиган инсон икки дунёда ҳурмат эҳтиромга сазовор бўлади.

Олимларнинг аниқлашича, доим Қуръон ўқийдиган одам руҳий безовталикдан юқори даражада ҳимояланади. Бундан ташқари:

– Қуръон ўқийдиган одам ҳузур-ҳаловат топади, хотиржамликка эришади;

– Қуръон ўқиш иммунитетни кучайтиради;

– Қуръон ўқийдиган одам руҳан, жисмонан соғлом бўлади;

– Қуръон ўқийдиган инсон учун юрак хасталиги бегонадир;

– Мусҳафга қараб Қуръон ўқиш кўзни равшан қилади;

– Хотирани мустаҳкамлайди, мия фаолиятини ривожлантиради;

– Кишининг фикрлаш қобилиятини ўстиради, дунёқарашини кенгайтиради;

– Инсоннинг ўзига ишончини орттиради;

– Тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини ривожлантиради;

– Дунёга ҳирс қўйиш, тама, ҳасад, ғийбат каби иллатлар оқибатида келиб чиқадиган моддий касалликлардан асрайди;

– Қуръонни тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш нутқни ривожлантиради, кишини сўзга чечан қилади;

– Қуръон ўқиш томоқ оғриғига даво бўлади;

– Қуръон ўқиган киши васваса, ҳадиксираш, беҳуда хавотирланишдан йироқ бўлади;

– Қироат бош оғриғини самарали даволайди…

Муфассирлар Аллоҳ таолонинг “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз” ояти тафсирида: “Қуръонда айтилган шифо умумийдир: ҳам қалбдаги иллатларга, ҳам танадаги касалликларга даво бўлади”, дейишган.

Қуръон моддий касалликларни бартараф этишига етарли ҳужжатдир. Буни исботи ўлароқ, Фотиҳа сураси жуда кўп касалликларга шифо бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотиҳа сураси ҳар қандай дардга шифодир”, деганлар .

Фотиҳа сураси қалбдаги иллатларни даволайди. Қолаверса, танадаги касалликларга ҳам малҳам бўлади.

Хуллас, Қуръони Карим маънавий-руҳий, моддий иллатларнинг барчасига даво бўлади. Лекин бу улуғ Каломни фақат танадаги дардларни даволаш воситаси қилиб олинмайди. Қуръон биринчи галда қалбимизга шифо. Аллоҳнинг Каломини ўқисак, қалбимиз покланади. Дили пок инсоннинг танасига гард юқмайди. Агар биз қалбимизни даволасак, танамиз ҳам соғлом бўлади.

 Тошкент ислом институти талабаси Толибжон Хурсанмуродов 

Манба: https://islom.uz

Четверг, 04 Июнь 2020 00:00

Исломда бола ҳуқуқлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, 1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланади. Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида ҳам эътироф этилади. Бола ҳуқуқларига илк бора эътибор қаратган ва уларни ҳимоя қилишга буюрган дин айнан Исломдир. “Бола ҳуқуқи” тушунчасини ҳам биринчи бўлиб Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаганлар. На юнон-рим цивилизациясида, на Ғарбда яқин-яқингача бола ҳуқуқлари ҳақида сўз ҳам бўлмаган. Ғарбда XIX асрда 8-12 ёшли жиноят содир этган бола ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди. XIX-XX асрларга келибгина болаларга нисбатан қонунчилик юмшатилиб, муайян ёшгача болаларга суд жазоси тайинланмаган. 1959 йил БМТ томонидан “Бола ҳуқуқлари декларацияси” қабул қилинди. Унда ҳеч қандай фарқ ва таҳқирловларсиз бола ҳуқуқлари тан олиниши; боланинг жисмоний, ақлий, маънавий ва ижтимоий ривожланиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар таъминланиши лозимлиги; ҳар бир бола туғилиши билан исм ва фуқаролик ҳуқуқига эга бўлиши; бола ижтимоий таъминотдан: озиқ-овқат, турар жой, тиббий хизматдан фойдаланиши; жисмоний, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан нуқсонли болаларга махсус шароит яратиб берилиши; болалар ота-оналари билан биргаликда яшашлари, фақатгина айрим истисноли ҳолатларда улар ота-оналаридан ажратилиши мумкинлиги, жамият кам таъминланганларга ғамхўрлик қилиши лозимлиги, кўп болали оилаларга давлат томонидан таъминот ажратилиши; болалар текин ва мажбурий таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги; муайян ёшга етмагунича бола меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги; бола ўзаро биродарлик, бағрикенглик, халқаро дўстлик ва тинчликсеварлик руҳида тарбияланиши лозимлиги каби тамойиллар ўз аксини топган.

Шу ўринда, болаларга бир қанча ҳуқуқларни берувчи жуда кўплаб Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар борки, уларнинг баъзиларини қуйида келтириб ўтсак:

Ўғил болалар қизлардан устун эмас. Шўро сураси 49-оятда шундай марҳамат қилинади: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур”. Ўғил боланинг ҳам, қизнинг ҳам туғилишига хурсанд бўлиб, ақиқа қилиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.

Яшаш ҳуқуқи. Болаларни ўлдириш мумкин эмаслиги баён қилинган жуда кўп оятлар бор. Масалан:

“Ўз болаларини билмасдан жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб, улар учун Аллоҳ ризқ қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (Улар) ҳақиқатан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар” (Анъом сураси 140-оят);

“Айтинг: «Келингиз, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз – фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси 151-оят);

“(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир” (Исро сураси 31-оят);

“Сизларни (Мусо қавмини) оғир азоблар билан қийнаган, қизларингизни тирик қолдириб, ўғилларингизни қатл этаётган Фиръавн навкарларидан қутқарганимизни ҳам эслангиз. Бунда Раббингиздан сизларга улкан синов бордир” (Бақара сураси 49-оят).

Таъминот олиш ҳуқуқи. Фарзандларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг муқаддас бурчидир. Дини Исломда бу таъминот ҳалол-пок бўлиши талаб этилади.

Ёш болаларнинг нафақаси отасининг зиммасидадир. Бу ҳақда Каломуллоҳда шундай марҳамат қилинади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир…” (Бақара сураси 233-оят).
Фарзанднинг онасига нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига ҳам нафақа бериш вожибдир.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
Ҳинд бинти Утба: “Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга етадиган нарса бермайди. Фақат унга билдирмай олсам бўладими”, деди. “Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол”, дедилар У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Икки Шайх ривоят қилишган.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва болаларингизга адолат қилинглар», деганлар.
Муслим ривояти.

Таълим-тарбия олиш ҳуқуқи. Ислом фарзандларга чиройли тарбия бериш, уларга дин арконларини ўргатиш лозимлигини уқтиради. Ҳар бир ота-онага солиҳ фарзанд тарбия қилгани учун юксак мартабаю ажр-савоблар ваъда қилинган. Хусусан, ҳадиси шарифда: «Кимнинг учта (бошқа бир ривоятда: иккита) қизи бўлиб, уларни тарбиялаб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши муқаррардир», дейилади.
 Бухорий ривояти.

Ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхши бандаларни “аброр” деб мақтади, чунки улар оталарига яхшилик қилганларидек, болаларига ҳам яхшилик қилган эдилар. Сенинг бўйнингда отангнинг ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам ҳаққи бор”, дедилар.
Имом Бухорий ривояти.

«Ким кичикларга раҳм-шафқат қилмаса, катталарга иззат-ҳурмат кўрсатмаса, у биздан эмас» (Термизий ривояти), дейилади яна бир ҳадисда.

«Ё Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг ҳаққи нимадан иборат?» деган саволга Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Унга чиройли исм қўйиб, гўзал одоб бериш», дедилар.
Байҳақий ривояти.

Бошқа бир ҳадисда ривоят қилинишича, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингизни ҳурматланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар», дея марҳамат қилганлар.
Ибн Можа ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ҳадис марҳамат қилинади: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир”. 
Имом Термизий ривояти. 
Бошқа бир ҳадисда: «Ота ўз фарзандига чиройли тарбиядан яхшироқ мерос қолдиролмайди»дейилади.
Термизий ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга касб-ҳунарни ўргатинглар”, деганлар.
Байҳақий ривояти.

Аллоҳ таоло фарзандларимизни кўзларимизнинг қувончи, аҳли солиҳлардан қилсин! Ота-оналарга зурриётларига чиройли тарбия бера оладиган салоҳият ато айласин!

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди

имом-хатиби Абдулаҳад Саиджахонов

Манба: Islom.uz

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ақида борасида муътабар ҳисобланган «ал-Фикҳул акбар» китобида шундай дейилади:

“Мусулмон шахсни бирор гуноҳ сабабли, гарчи у катта гуноҳ бўлса ҳам модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз ва ундан имон исмини ҳам кетказмаймиз. Уни ҳақиқий мўмии деб атаймиз”.

Қомусий олим Абу Жаъфар Таҳовий ал-Ҳанафий ҳам ўзининг “ал-Акида ат-таҳовия” асарида шундай дейди:

“Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики ҳалол санамас экан, уни кофирга чиқармаймиз”.

Машҳур ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм (ваф. 970/1562 й.) ўзининг «ал-Баҳр ар-роиқ» асарида: «Агар бу масалада (яъни бир инсонни амалига қараб кофирга чиқариш) кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил булса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини қўйиб, уша бир далилни олиш керак», деганлар.

Замонамизнииг машҳур алломаси доктор Юсуф Қаразовий бир мусулмонни кофирга чиқариш хусусидаги саволга қуйидагича жавоб берган: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, у мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши керак”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, жамиятда мусулмон­ларни гарчи улар кабира гуноҳ қилсалар ҳам кофирга чикаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Салафи солиҳлар ҳам бу борада жуда эҳтиёткор бўлиб, гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар. Шундай экан. мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йулига эргашишини даъво қилар экан, уларнинг йулини маҳкам тутиши лозим.

Зайниддин Эшонқулов ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби (манбалар асосида)

Уммоннинг машҳур "Вижҳат" газетасининг инглиз тилидаги версиясида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ички туризмни қайта тиклаш ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Мамлакатимизнинг Уммондаги элчихонасига кўра, нашр муаллифи Юсуф Балуши Ўзбекистоннинг "яшил" ва "сариқ" карантин даражасига эга ҳудудларида жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб ички туризм қайта тикланишини айтади. Бу Ўзбекистон Президентининг "Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида назарда тутилган.
Ушбу санадан бошлаб туроператорлар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар ва маданий муассасалар карантин талабларига риоя қилган ҳолда иш бошлаши мумкин. Худди шу Фармонда кириб келадиган туризмни босқичма-босқич қайта тиклаш кўзда тутилган. Биринчи босқичда коронавирусга бардош берган хавфсиз мамлакатлар рўйхатини тузиш белгиланган.
Муаллиф яна шуни таъкидлайдики, мамлакатнинг зарар кўрган туризм индустрияси бир қатор имтиёзлар билан таъминланади. 2020 йилнинг 1 июнидан 31 декабрига қадар туроператорлар, сайёҳлик агентлари ва меҳмонхоналар учун даромад солиғи ставкалари 50% га пасайтирилади. Улар солиқ кодексида назарда тутилган суммаларини чекламаган ҳолда 2020 ва 2021-йиллардаги натижалар асосида зарарларни ўтказишлари мумкин бўлади.
Мақолада Ўзбекистон COVID-19 пандемияси туфайли шу йилнинг 16 мартидан бошлаб сайёҳлар учун ёпилгани ҳақида маълумот берилган. "Ҳозирча Ўзбекистонда 1500 та туроператорлар ва 1200 та меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатган. 2019 йилда мамлакатга 6,7 миллион сайёҳ ташриф буюрди ва экспорт салоҳиятига қўшилган ҳисса 1,3 миллиард доллардан ошди", - дея қайд этади нашр.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Агар сизда шундай хохиш бўлса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хориждаги ватандошлар орасида ўтказилаётган «Энг, энг, энг» танловида иштирок этинг, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Танлов шартлари:
1. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Телеграм (@uzbektourismofficial, @Uzbekistan_travel), Инстаграм (@uzb.travel), Facebook (@uzbekistan.tourism) ва YouTube (@uzbekistan.travel) ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифаларига обуна бўлинг.
2. Uzbekistan.travel ва/ёки online-tourism.uz порталида жойлаштрилган исталган фото ва видео материалларни ижтимоий тармоқлардаги (Facebook, Instagram, YouTube) саҳифаларингизга #uzbekistantravel ҳештеги билан жойлаштиринг ҳамда Қўмитанинг ушбу тармоқдаги каналини ва 3 та дўстингизни белгиланг.
(Танлов давомида иштирокчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари очиқ ҳолатда бўлиши шарт.)
Танлов ғолиблари жойланган видео ёки фотосуратга қараб, қуйидаги мезонлар орқали аниқланади:
- энг кўп «like» тўплаш; - энг кўп улашиш (share);
- энг кўп ижобий шарҳлар (positive comments) тўплаш.
Талабгорлар танловда иштирок этиш учун қўйилган барча шартларни бажармаган тақдирда, танлов иштирокчиси ҳисобланмайди.
Танлов ғолиблари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан қуйидаги совғалар билан тақдирланади:
1-ўрин учун – ғолиблик сертификати ва COVID-19 коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин даври тугагач, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига бепул саёҳат қилиш учун 2 кишилик VIP ваучер;
2-ўрин учун – ғолиблик сертификати ва COVID-19 коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин даври тугагач, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига бепул саёҳат қилиш учун 2 кишилик ваучер;
3-ўрин учун – ғолиблик сертификати ва COVID-19 коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин даври тугагач Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига бепул саёҳат қилиш учун 1 кишилик ваучер.
Танлов 2020 йилнинг 1 июлига қадар давом этади.
Ташкилотчилар: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси.
Уйда қолинг, танловимизда иштирок этинг ва ғолиб бўлинг!


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top