muslim.uz

muslim.uz

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсири аҳл ас-сунна вал жамоа эътиқодини ҳимоя қилган ҳолда ўша даврдаги мавжуд фирқаларнинг иддаоларига раддия сифатида ёзилган.

Умуман, шу каби оятлар турли фирқалар томонидан бузиб таъвил этилади ҳамда ўз қарашларига мослашга ҳаракат қилинади.

Ўрта асрларда ўтган оқимларнинг Қуръонни кўпчилик муфассирларнинг шарҳларига хилоф тарзда шарҳлаш ва оятларни ҳақиқий маъносидан узоқлаштиришга ҳаракатлари ҳозирги даврдаги турли бузғунчи оқимлар томонидан ҳам амалга оширилаётгани кузатилмоқда.

Абу Мансур Мотуридий “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирида адашган фирқа вакилларининг баъзан номларини келтирса, баъзан номини зикр этиб, уларнинг шарҳларини ҳам келтиради. Номлари зикр этилган фирқа пешволаридан Абу Бакр Асам, Ҳусайн Нажжор, Жаъфар ибн Ҳарб, Абул-Қосим Каъбий кабиларнинг сўзларини келтириши IX-X асрдаги ақидавий фирқаларнинг Қуръонни тушунишдаги услублари ҳақида қимматли маълумотларни беради. Адашган фирқалардан деярли барчаси унинг тафсирида номлари зикр этилган, улар: мўътазила, хавориж, карромия, жаҳмия, шиа, қадария, жабария, қарматийлик кабилардир. У кўпроқ калом масалаларида кўпроқ муноқашалар олиб борган мўътазилалар сўзларига раддия беради.

Шафоат масаласи бўйича Ислом фирқалари орасида тортишув мавжуд бўлиб, уларнинг баъзиси гуноҳкорлар шафоат қилинади деса, бошқаси гуноҳсизлар шафоат қилинади, деган. Бунга мисол тариқасида Бақара сураси 255 оятининг қуйидаги бир қисмини келтириш мумкин:

“(Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди”[1] ояти шарҳида жумладан, бундай дейди: “Мўътазилалар “шафоат фақат гуноҳсиз яхшилик аҳлига ёки тавба қилганларга нисбатан бўлади”, деган. Баъзилари эса шафоат гуноҳкорларга нисбатан бўлади. Чунки гуноҳсиз киши шафоатга муҳтож бўлмайди, деган.

Имом Мотуридий тафсири ўз давригача Ислом оламида пайдо бўлган барча фирқаларнинг қарашларига Қуръон, сунна ва ақлий далиллар асосида раддия бериб, уларнинг таъсирларини сусайтиришда муҳим ҳисса қўшган. Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирида ақидавий фирқаларнинг қарашлари бошқа асарлардан фарқли равишда энг кўп жамлангани учун бу асар IX-X асрлардаги фирқалар ҳақида кенг маълумот олишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Хуллас, муфассирлар ёзиб қолдирган асарлар маънавий-маърифий ҳаётда ўзига хос ўринга эга бўлиб, Қуръонни тўғри тушунишда ҳамда тафсир асарларини илмий ўрганишда катта аҳамият касб этади. Уларни доимий илмий тадқиқ этиш, илмий истифодага киритиш муҳим вазифалардан биридир. Шу билан бирга, муфассирларнинг босиб ўтган ҳаётлари, илмий меросларини ўрганиш маънавий-маърифий ҳаётда, шунингдек, диний бағрикенглик асосида таълим-тарбия беришда катта аҳамият касб этади. Ҳозирги даврда динни тўғри англашда, унинг асл инсонпарварлик, бағрикенглик ғояларини очиб беришда ва халққа соф ҳолда етказишда тарихда ўтган Марказий Осиёлик муфассирларнинг тафсир асарлари ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, бу ҳудуд азалдан илмий-маданий марказ бўлгани тарихдан маълум. Бу заминда турли динларнинг ўзаро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик асосида мулоқот қилгани халқнинг юксак маданиятга эга эканидан далолат беради. Шунинг учун турли дин ва маданиятларни бағрига олган бу заминда маънавий-маърифий юксалиш жараёнлари юз берган. Бугунги миллий ва диний қадриятларнинг тикланиш даврида илмий, маънавий-маърифий бойлик бўлмиш маънавий меросларни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил этиш муҳим аҳамият касб этади.

Муҳаммаджон Абдуҳамидов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

 

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / таржима ва тафсир муаллифи: Абдулазиз Мансур. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2018. – Б. 42.

Зайниддин Эшонқулов,

Cамарқанд вилояти бош имом-хатиби

 

Илм шундай нарсаки уни олган ва унга амал қилган инсонни бу дунёда роҳат у дунёда саодатга эришишига сабаб бўлади.

Ислом мусулмонларга илм олиш ва тараққиёт йўлида юришни фарз қилган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди ва тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: 

Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар” (Зумар сураси, 9-оят). 

Тарихчиларнинг ёзишича Мирзо Улуғбекдан “Сиз нега сиёсатдан кўра илмга кўпроқ қизиққансиз?” – деб сўраганларида, шундай жавоб берган экан: “Мен илмнинг қудратини бобом Амир Темур ҳазратларидан билдим. Бир сафар бобомнинг тиззасида ўтирар эдим. Баногоҳ ҳузури муборакка бир киши кирди. Бобом шошиб ўрнидан турди. Мен унинг тиззасидан тушиб кетдим. Бобом бунга парво ҳам қилмасдан, ҳалиги одамни қарши олишга ошиқди. Кейин билсам, ўша киши бобомга бир пайтлар илм ўргатган устози экан. Олимлик мартабаси подшоликдан ҳам улуғроқ эканини ўшанда билганман. Шунда кўнглимда олим бўлиш ҳаваси уйғонган эди...”

Манбаларда келтирилишича Мирзо Улуғбекнинг энг кўп қилган дуолари ва Қуръондаги уни руҳлантирувчи оятлардан бири бу:

“Роббим, илмимни зиёда қилгин” (Тоҳа сураси, 114-ояти) бўлган экан. Дуолари мустажоб бўлганлигини бугун башарият англаб уларнинг номини тарихга муҳрладилар.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузурида олимлар бошқалардан кўра юқори даражада туришларини Қуръони карима очиқ-ойдин баён этган: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур” Мужодала сураси, 11-оят). 

Аллоҳим бизларга хайрли ва фойдали илм ато эт! 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари эди. У Расуллулоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини эшитиб, амалларини кўриб, улғайди. Абдуллоҳ туғилганида Пайғамбар алайҳиссалом: “Уни динда фақиҳ қилгин”, деб дуо қилдилар. Абдуллоҳ улғайгач унга: “Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳни ёдингда тут, у ҳам сени ҳифзу ҳимоясига олади, Сенга яқин бўлади”, дер эдилар.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этган йили Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўн уч ёшда эди. У илмни севувчи, Қуръон ва суннатга оғишмай амал қилувчи эди. Оғир дамларда Сарвари коинот саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлди, у зот дунёдан ўтганидан кейин ҳам саҳобалардан илм ўрганди.

Саҳобаларнинг кўпи вафот этгач, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу етакчи фақиҳлардан бири бўлиб қолди. Ундан: “Эй Ибн Аббос, бу илмга қандай етишдинг?” деб сўрашганида: “Сўровчи тил ва фаҳмловчи қалб билан”, деб жавоб қилган эканлар.

Юлдуз Асқар қизи тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2012 йил, 10-сонидан олинди.

 

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ”Sanki Yedim Camii”номли масжид бор. Бу туркчадан таржима қилинганда "Егандек бўлдим масжиди" маъносини англатади. Бир кишининг ибратомус ихлоси ва чексиз қаноати эвазига қурилган бу масжид тарихида авлодлар учун гўзал ибрат бор. 

Йигирма йил давомида йиғилган пуллар               

ХVII асрда Усмонлилар даврида Истанбулнинг Фотиҳ минтақасида Хайриддин афанди номли бир киши истиқомат қилар еди. Ўша даврда фақат султон ёки йирик амалдорлар томонидан қурдириладиган масжидларни кўриб ҳавас қилар, қани энди у ҳам ўз ҳисобидан масжид қуришдек улкан савобли ишни қилишга имкон бўлса, деб, орзу қилар еди.

Масжид қуриш фикри хаёлига келганидан сўнг, бу унинг ҳаётидаги энг катта мақсад ва иштиёққа айланди. Aммо бунинг учун на давлати, на бир молиявий аҳволи тўғри келар эди.

 Aтрофидаги одамлар бу орзусидан воз кечишини айтишса-да, у фикридан қайтмасди. Шунда у ўзининг ҳар қандай истак-хоҳишларини чеклаб, пулларини тежаш йўлини топади.

Қаҳрамонимиз қачон бозорнинг олдидан ўтса ва нафси бирор меваними, гўштними, ҳалвони хоҳлаб қолса "егандек бўлдим" деб шунга етадиган пулни бир сандиққа ташлаб қўяверар экан.

 Ойлар, йиллар ўтсада, у ўзини лаззатли таомлардан маҳрум қилиб бораверибди. Суягини тик тутиб турадиган овқатгагина қаноат қилиб бораверибди. Сандиқ эса секин-аста пулга тўлиб бораверибди.

Шу тарзда у 20 йил давомида йиғган пуллари билан кичик масжид қуриш учун маблағ жамлайди ва Зейрек туманида унга кўрсатилган жойда орзусидаги кичик масжидни барпо этади. Маҳалла аҳли бу кишининг қиссасидан хабардор бўлгач масжидни "Егандек бўлдим" деб номлашибди.

Биринчи жаҳон урушини кўрган масжид

Масжид Биринчи жаҳон уруши пайтида, Ункапани минтақасидаги кучли ёнғин пайтида катта зарар кўрган. 1959 йилга қадар қаровсиз қолган бино, маҳалла аҳли йиғган пуллар евазига капитал таъмирдан чиқарилди. Масжид бугунги кундга қадар фаолият юритмоқда.

 

 

Ҳозирда масжиднинг ички майдони 100 квадрат метр бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 га яқин киши ибодат қилиши мумкин. Битта оқ рангга бўялган минораси бор.

Масжид тарихини ёзиб қолдирган тарихчилар айтадиларки, агар Истамбулга йўлингиз тушса ва Фотиҳ минтақасига борсангиз эски уйлар орасида кичкина масжидни кўрасиз. Бу масжид Хайриддин афандининг ихлосига, зуҳдига далолат қилади. У киши фақирлигига қарамасдан абадий ҳаёти учун доимий ажр бориб турадиган гўзал садақайи жория қолдирди.

 Унга дунё лаззатлари "мени енг" деб нидо қилганида уларга қараб "егандек бўлдим" деб жавоб қилди ва бу қаноати эвазига иншааллоҳ ўзига жаннатдан бир қаср тайёрлаб кетди!

 

 

Зоиржон Содиқов тайёрлади

Янгиликлар

Top