muslim.uz

muslim.uz

Среда, 16 Ноябрь 2022 00:00

Улар хурсанд бўлди (Фотолавҳа)

Шу йил 12-14 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вaқф” хайрия жамоат фондининг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги филиаллари ҳамкорлигида 450 дан зиёд имконияти чекланган фуқаролар учун “Сиз бизга кераксиз” шиори остида диний-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Маърифий тадбирда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими етакчи мутахассиси Мунира Aбубакирова, вилоят бош имом-хатиблари ва уларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари қатнашди.

Учрашув якунида “Вaқф” фонди томонидан имконияти чекланган ҳамюртларимизга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди ҳамда эҳсон дастурхони ёзилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

Шу йилнинг 15 ноябрь куни Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Холид ибн Валид” масжиди янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръони карим ва тажвид" бўлими мудири Шайх Алижон қори Ҳайдаров, Диний идоранинг Молиявий назорат ва тафтиш бўлими мудири Исломиддин домла Зуҳриддинов, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов ва Жиззах вилояти бош имом хатиби Меҳмонали домла Жабборов ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Шайх Алижон қори масжид қуришнинг фазилати ва унга ҳисса қўшган кишиларга улуғ савоблар ёзилиши ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради”, мазмунидаги ҳадисни зикр қилиб, мўмин киши Аллоҳнинг уйларини обод қилиши, уни моддий обод қилиши, ва албатта, унда намоз ўқиб, маънавий поклигини зиёда қилишга уриниши ва қалби доим масжидларга боғлиқ бўлиши маҳбуб эканини таъкидлади.

Шунингдек, нотиқлар кейинги йилларда юртимизда бундай обод масжидлар кўпайиб бораётганини эътироф этишди. Маросимга ташриф буюрган меҳмонлар масжид қавмини, қолаверса, юртимиз мусулмонларини ушбу қувончли кун билан муборакбод этди.

Эътиборлиси, ушбу масжид халқаро аҳамиятга эга М-39 автомобил йўли ёқасида ўз жойлашган. Бу юртимизнинг катта шаҳарлари орасида қатновчи йўловчилар, мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳлар учун ҳам катта қулайлик бўлади.

Саҳоватли ҳомийлар кўмагида бунёд этилган масжид барча қулайликларга эга. Хусусан, 700 нафарга яқин намозхонни сиғдира оладиган янги масжид биноси, таҳоратхона, маъмурият хоналари ва бошқа зарурий хоналар замонавий жиҳозлар билан жиҳозланиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди. Шунингдек, масжидда аёллар учун ҳам намозхона ва таҳоратхона мавжуд.

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

16 НОЯБРЬ – ХАЛҚАРО БАҒРИКЕНГЛИК КУНИ

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини жадал тараққий эттириш, мамлакатни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш сари катта қадамлар ташланиб, эзгу ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Жумладан, турли диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик каби ришталарни янада мустаҳкамлаш, улуғ алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш, ислом динининг тинчликпарвар ва маърифатга асосланган тамойилларини қарор топтириш борасидаги ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак баҳоланяпти.

Мамлакатда фуқароларнинг виждон эркинлиги соҳасидаги конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши — хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка бағишлангани ҳам мазкур масалага давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралишини билдирса, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси дастурининг 5-йўналиши доирасида Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш масаласи алоҳида мақсад сифатида баён этилгани — ушбу йўналиш алоҳида масала сифатида мунтазам эътиборда эканини кўрсатади.

Шундан келиб чиқиб, тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ҳамда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 2335 диний ташкилот адлия идоралари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан 2 139 таси исломий, 174 таси христиан диний ташкилоти, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, 1 таси кришнани англаш жамияти, 1 таси буддавийлар ибодатхонаси ва 1 таси Ўзбекистон Библия жамиятидир.

Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг таркибида Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари аъзолари 9 тадан 17 тага кенгайиб, ҳозир ушбу кенгашнинг йиғилишлари йилига икки марта ўтказилаётганини янгилик сифатида эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Диний бағрикенглик борасидаги ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, жорий йилнинг 5 июль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунини алоҳида қайд этиш лозим.

Ушбу қонун конфессиялараро тотувликни таъминлаш, жамиятда турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро бағрикенглик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қонундаги принципиал янгиликлар ҳақида гапирганда, улар диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш ўринлидир.

Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим енгилликлар жорий этилди.

Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессиялар ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Республикамизда турли динларга эътиқод қилувчи инсонларнинг барча ибодат ва маросимларини эмин-эркин бажариб, диний байрамларини кенг миқёсда нишонлаши учун ҳам ҳар томонлама имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, мусулмонларнинг икки Ҳайит байрами, насронийларнинг Пасха ва Рождество, яҳудийларнинг Пейсах, Пурим ва Ханука байрамлари кенг нишонланмоқда. Ушбу саналарда конфессия етакчиларининг бир-бирини ўзаро байрам билан табриклаши яхши анъанага айланган.

16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан турли диний конфессия вакиллари, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида ҳар йили халқаро конференция ўтказилар эди. Сўнгги йилларда мазкур сана муносабати билан турли конференция ва анжуманлар, давра суҳбати ва учрашувларни ўз ичига қамраб олган “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг жорий этилгани, шубҳасиз, жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистондаги диний эркинлик, динлараро барқарорлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида жиддий қадамлар ташлангани, бу борадаги ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият эътиборига тушди.

Халқаро диний эркинликлар соҳасидаги бир қатор экспертлар, соҳа мутахассислари мамлакатимизга ташрифи чоғида диний эркинликни таъминлаш, амалдаги нормаларни соддалаштириш, радикализмга қарши курашиш, қолаверса, маърифий ислом ғояларини илгари суриш борасидаги амалий ишларга ўзлари бевосита гувоҳ бўляпти.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда минглаб маҳкумларнинг афв этилиши, фуқароларнинг турли рўйхатлардан чиқарилиши, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилиши, шунингдек, “Меҳр” операциялари доирасида можароли ҳудудлардан аёллар ва ёш болаларнинг юртимизга олиб келиниши, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши экспертлар томонидан юқори даражадаги ислоҳотлар сифатида эътироф этилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон диний соҳадаги “Алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам бу борадаги ишларнинг ёрқин амалий ифодасидир.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистондаги диний бағрикенглик борасидаги фаолият дунёдаги кўп конфессияли мамлакатларга намуна қилиб кўрсатса арзийдиган даражада экани халқаро экспертлар, турли диний конфессия раҳбарлари томонидан баралла янграмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги илғор ташаббуслари халқаро ҳамжамиятнинг олқишига сазовор бўлмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, 2018 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида ташкилотга аъзо 193 мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини шулар жумласига киритиш мумкин.

Мазкур резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортгани янада аҳамиятли.

Жорий йил 16-20 май кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми бўлиб ўтди. Тадбирда ўнга яқин давлат, жумладан, АҚШ, Англия, Австрия, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Индонезия, Нигерия, Гана каби мамлакатларнинг 30 дан ортиқ таниқли илоҳиётшунос, диний уламо ва расмий мутасадди вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масалаларида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий семинарлар ўтказилди.

Форум якуни бўйича “Бухоро декларацияси” қабул қилинди. Ҳужжатда Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиқиб, жаҳон ҳамжамияти билан дунёда маърифат ва диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, шунингдек, турли динлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга бўлган чақириқ ифодалангани ҳам юртимиздаги бағрикенглик сиёсатининг нақадар тўғри ўзанда кетаётганига яққол далилдир.

Хулоса қилиб айтганда, кўп конфессияли давлатлар, хусусан, Ўзбекистонда диний бағрикенглик борасидаги ёндашувлар ва қарашларга янгича нигоҳ билан назар ташлаш, ушбу йўналишдаги фаолиятни тизимли ва тартибли ташкил этишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Ўзбекистон тажрибаси ва ушбу йўналишдаги ислоҳотлар том маънода ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатдаги турли конфессия вакилларининг ўзаро аҳил, иноқ ва ҳамжиҳатликда фаолият юритишига асос бўлаётир.

Пировардида, юртдаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга эришилмоқда.

Илҳом МАЪРУПОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита раиси маслаҳатчиси
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 16 ноябрь, 234(756) сон

Маълумки, сўнги йиллари юртимизда яшил оламни сақлаш ва кенгайтириш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва бунинг натижасида шаҳар ва туманлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган. Жумладан, йил якунига қадар 75 миллион дона ва 2023 йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифаси қўйилди. Юртимизда ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича долзарб 40 кунлик эълон қилиниб, бу борада хайрли ва эзгу ишлар давом этмоқда.

Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан бири дунёда эзгу амаллар қилган мўмин бандаларга жаннатда улар учун мукофот тарзида дарахт экилишидир. Кимки кўчат, дарахт экса, ер юзида Аллоҳ таолога сажда қиладиган дарахтлар сонининг кўпайишига сабаб бўлган бўлади.

Унинг бундай ажр-савобга эришишига сабаб шуки, у ҳаётнинг фаровонлиги, мўминларнинг фойдаси учун, қолаверса, табиатнинг яна ҳам чирой очиши учун ўз ҳиссасини қўшади. У фақат ўзини ўйламасдан, балким ён атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатларини кўзлаб, иш тутади, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам беради. Муқаддас динимизда бундай ишлар юксак эътироф этилади.

Ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда-ким Субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи» деса, жаннатда унинг учун бир дарахт экилади», – деди. Ривоятдан кўриниб турганидек, дарахт экиш шундай улуғ ишки, у нафақат бу дунёда, балким жаннатда ҳам экилади ва у банданинг солиҳ амали учун мукофот тарзида берилади.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: Албатта, мен қиёмат кунида шафоат қилишим ер юзидаги дарахтлар сонича бўлишини умид қиламан, – деганини эшитдим» – дейилган.

Яъни, ер юзида қанча дарахт кўп бўлса, қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари ҳам шунчалик кўп бўлади. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло томонидан изн берилган шафоатнинг сони ер юзидаги дарахтлар сонича экан, Пайғамбаримизга умматман деган киши, албатта, бир кўчат, дарахт экмаслиги мумкин-ми?!

Динимизда экин-тикин, кўчат экиш, умуман деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоя ҳисобланади. Яъни, баъзиларнинг қилиши билан бошқаларнинг бўйнидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўлишади.

Икки саҳиҳ китобда ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мусулмон киши дарахт ёки бирон нарса экса, ундан қушларга ёки инсонларга фойдаси тегса, шу сабабли унга садақа қилганнинг савоби бўлади, – деган.

Бизнинг аждодларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу чақириғига чиройли таризда амал қилиб келган.

Дарахт экиш – эгаси оламдан ўтгандан кейин ҳам унга савоб етиб туришига сабабчи бўладиган етти амалдан биридир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларининг бирида бундай марҳамат қилади: “Агар қиёмат куни бўлиб қолса ҳам, бирингизнинг қўлида кўчати бўлса, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Оят ва ҳадислардан таъкидланганидек, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кириб, эгаси оламдан ўтиб, номаи амоли ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига узлуксиз равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.

Ҳаммамизга маълумки, юртимиз тупроғи қадимдан серҳосил, гўзал боғлари ўнимдор бўлиб келган. Бундан қанча фахрлансак арзийди. Бу ҳам Яратганнинг инояти, бизларга кўпгина яхшиликларни инъом этишни хоҳлаганининг белгисидир. Сабаби Аллоҳ таоло Ўзининг ояти каримасида бундай марҳамат қилади:

“Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Раббининг изни билан (ўниб) чиқаверади. Ёмон (шаҳар ери эса) фақат ўнимсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда тасарруф этурмиз” (“Аъроф” сураси, 58-оят).

Дарҳақиқат, азизлар, ер юзида шундай юртлар бор, уларнинг экин майдонларида бир йил экин экилса, тупроғининг ҳосилдорлиги йўқолиб, уч-тўрт йилгача ерга дам бериш талаб қилинар экан. Бизда эса Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, бир йилда икки-уч маротаба ҳосил олиш имконияти ҳам бор.

Аллоҳ таоло зироат ўнимини инсонларга ризқ қилиб берар экан, инсон ўз ризқига бефарқ бўлиши мумкин эмас.

Қуръони каримда барча мавжудотлар қатори набототлар олами ҳам Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиши ҳақида зикр қилинган: “Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса (Аллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини - поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У Ҳалим ва Мағфиратли булган Зотдир” («Исро» сүраси, 44-оят).

Ҳақиқатдан ҳам, Ислом шариати ва таълимоти инсон ҳаётининг барча жабҳаларини тўлиқ қамраб олганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини дарахт экишга алоҳида рағбатлантирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб айтади: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, агар эккан нарсаси кўкариб турар экан, истиғфор айтиб туради”, – деган.

Фаришталар кимнинг ҳаққига истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ таоло шу банданинг гуноҳларини кечиради.

Хайрли ишнинг эрта-кечи йўқ. Келинг азизлар, модомики, имконимиз, қудратимиз бор экан, жорий садақалардан бўлган кўчат ёки экин экишга, биз яшаётган заминимизни яшил ҳудудга айлантиришга, юртимизни яна ҳам обод маконга айлантиришга шошилайлик. Зеро, ҳикматларда айтилганидек: “Биздан аввалгилар кўчат экди, биз ундан фойдаландик. Энди эса биз экамиз, ундан кейинги авлодлар фойдаланади”.

 

Шамсуддин Баҳоуддинов,

Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти қозиси

  1. Фитна энг кўп қон тўкилишининг энг катта сабабларидан бўлиб, фитна натижасида жамиятда талон-тарож ва босқинчилик ишлари кенг тарқалади.
  2. Фитна дунё ва охиратда хасрат чекишнинг сабаби бўлади.
  3. Фитна уни чиқарган кишиларнинг кўзларини ҳақ ва тўғри йўлни кўрмайдиган қилиб қўяди. Ҳақ ва тўғри йўлни кўра олмайдиган инсоннинг қўлидан эса ҳар қандай қабиҳликларни кутса бўлаверади. Бегуноҳ ёш болаларни, аёлларни ўлдираётганлар, мусулмонни кофирга чиқариб қонини ҳалол санаётган ҳозирги кундаги фитначилар бунинг ёрқин мисолидир.
  4. Фитначи ва шайтон бир-бирига яқин дўстлар. Шайтонни энг яхши кўрган ишларидан бири икки мусулмон ўртасини уруштириб қўйишдир. Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, фитначининг “касб”и ҳам шу ҳисобланади. Демак, булар жуда яқин дўстлар экан.
  5. Фитналар мўмин кишининг динига шубҳаларни солади.
  6. Кишининг ўз аҳлида фитналаниши уни динидан буриб юборади.
  7. Фитна мўмин кишининг қалбини яхшиликлардан буриб юборадиган энг ашаддий нарсалардандир.
  8. Ҳукуматга қарши уруш қилиш фитнаси жамиятни парчалайдиган омилларнинг энг каттасидир. Буни ҳозирги кунда араб давлатларида бўлаётган фитналардан билиб олишимиз мумкин. Бу давлатлар фитналар бўлишидан олдин қандай ҳолатда эди-ю, ҳозирги кунга келиб қандай ҳолатга тушди? Статистик маълумотлар бу давлатларнинг ривожланишдан неча ўн йилларга ортда қолганини кўрсатмоқда.
  9. Фитна сабабидан ўзаро уруш қилиш дин душманларининг мақсадларини рўёбга чиқаради ва мусулмонларни иқтисодий, ижтимоий ва тиббий ҳаётини парчалайди. Ҳақиқатда ҳам ҳозирги кунга келиб, дин душманлари ўз мақсадларига эришмоқда. Чунки фитналар содир бўлаётган диёрларга эътибор берадиган бўлсак, буларнинг деярли барчаси мусулмонобод юртларда эканлигини кўришимиз мумкин. Натижада, у юртларнинг иқтисоди, тинчлиги, ижтимоий ҳаёти барбод бўлмоқда ва мусулмонлар бошқа юртларга cчиқиб кетишга мажбур бўлмоқдалар.
  10. Фитналар жамиятнинг обрў-эътиборини йўқ қилиб юборади.
  11. Фитналар исломий жамиятларнинг ортда қолишининг энг асосий сабабларидан бўлиб, мусулмонларни душманлар қўлида қўзғолончи қилиб қўяди. Минг афсуслар бўлсинки, бир пайтлар бутун олам учун илм маркази бўлган Бағдод, Куфа, Дамашқ каби шаҳарлар бугунги келиб, фитначиларнинг жанг майдонига айланмоқда. Бу фитналар натижасида қанча илм даргоҳларида илм тўхтаб қолмоқда ва мусулмонларнинг бошқа жамиятлардан отда қолишига сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси эса, фитначилар бу ишларида айнан мусулмонларнинг ўзларидан фойдаланишмоқда. Мусулмонлар бу фитналарга қарши бирлашмоқликлари ва ўзларининг уламоларини йўлидан юрмоқликлари лозим бўлади.

 

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме масжиди

имом-хатиби Бобохон Бобохонов

Янгиликлар

Top