muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 21 Сентябрь 2018 00:00

Зино – разолат ботқоғи

Ҳақ таоло  бошқа  махлуқотлар қатори инсон наслини яратар экан, уларни Ўзига итоат этишга, амрига бўйсунишга, яхши амалларни қилиб, ёмонликдан қайтишга буюради.

Азиз   ва мукаррам инсон фақат  эзгу ишлар, солиҳ амаллар қилмоғи, Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ишлардан қайтмоғи лозим. Улкан гуноҳлардан бири зинокорликдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўп оятларида бандаларини зинонинг ҳаром иш эканидан хабардор қилди. ”Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).

Саҳобалардан ривоят қилинади, Зинодан сақланинглар! Чунки зинода 6 иллат бор, учтаси дунёда, учтаси охиратда. Бу дунёдагиси зинокорнинг ризқдан барака кетади, яхшиликлардан махрум бўлади, инсонларнинг қалбида ғазаб уйғотади; охиратда эса Аллоҳнинг ғазабига учрайди, ҳисоби қийин бўлади, дўзахга боши билан шўнғийди.

Бир инсоннинг нафс кўйига кириб, қилган гуноҳи оқибатида хонадонидаги аҳли-аёлини жабр кўришига ва болаларининг ҳам бедаво дардга йўлиқишига сабаб бўлади. Чунки гуноҳ билан бирга ОИТС касалини юқтириб, ундан оиласига ўтиб, боласи ҳам шу касаллик билан туғилади. Бир оилада ҳаммаси бедаво дардга йўлиқади.

Ривоят қилишларича, шайтон қўшинларини ер юзига юбора туриб: “Қайси бирингиз бир мусулмонни йўлдан оздирсангиз, бошингизга тож кийдираман”, дейди. Уларнинг энг фитнакори, шайтонга энг яқини бўлади ва унинг олдига келиб: “Фалончини васваса қилаверган эдим, охири хотинини талоқ қилди”, дейди. Шайтон: “Ҳеч иш қилмабсан, у яқинда бошқасига уйланиб олади”, дейди. Сўнг бошқаси келиб: “Фалончини васваса қилавериб биродари билан уриштириб қўйдим”, деганида у: “Ҳеч иш қилмабсан, яқинда қайтадан ярашиб олади”, дейди. Сўнгра бошқаси келиб: “Фалончини тинмай васваса қилган эдим, охири у зино қилди”, дейди. Шайтон: “Жуда зўр иш қилибсан”, деб уни ёнига чорлайди ва бошига тож кийдиради. Шайтон ва қўшинларининг ёмонлигидан Аллоҳ сақласин.

А.Сатторов,

 Избоскан туман “Бобур” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Саудия Арабистони ҳукумати умра учун келаётган зиёратчиларга қўйилган таъқиқни олиб ташлади. Яъни, энди Саудия Арабистонига келган зиёратчилар 30 кун давомида Саудиянинг барча шаҳарларига зиёрат ёки сайёҳлик учун борса бўлади. Фақат бу 30 кунлик рухсатни 15 куни Макка шаҳри учун бўлиши шартдир – дейди ҳаж вазирлиги ходими Абдулазиз Вазан. Ўтган йили умрага 7 млн зиёратчилар ташриф буюришган эди.

Демак, энди зиёратчилар 15 кун Макка шаҳрида умра амалларини адо қилиб олса, қолган 15 кун давомида Мадина, Тоиф, Жидда, Риёд ва бошқа шаҳарларга сайёҳлик уюштирсалар бўлади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

манба

Пятница, 21 Сентябрь 2018 00:00

Бировнинг ҳаққи

Бир куни ҳазрати Али Фотимани тушларида кўрсалар, у жаннат эшигида турганмиш. Ҳазрати Али:-«Эй Фотима, нега жаннатга кирмай турибсан?»-деб сўрадилар.
Фотимаи Заҳро онамиз дедилар; -«Қандоқ кирай ҳали жаннатга рухсат йўқ: сабаби-бир кишининг ҳақи бўйнимда экан. Ё Али, қўшни хотиндан тикиш учун бир игнани сўраб олган эдим, қайтариб беришни унутибман. Ўша игнани тезда эгасига қайтариб беринг –ўшандагина мен жаннатга кираман». Яна бир туш кўрдилар-қарасалар,Фотима розияллоҳу анҳо онамиз жаннатда бир баланд тахт устида ўтирибдилар. Олдиларида ҳурлар саф-саф бўлиб, қўл қовуштириб турган эканлар.
Қаранглар азизларим бир тасаввур қилайлик Фотима  розияллоҳу анҳо онамиздай зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари битта игна учун қанчалик ташвишда, эдилар. Бир ўзимизнинг ҳолатимизга эътибор берайлик, тез бойишлик учун ва ёки мақсадларимизга эришишлик учун ёр-у биродарларимиздан ака-укаларимиздан тоғаларимиздан ёки энг яқин дўстларимиздан, бирор нарса олябмиз-у лекин қайтариб беришга келганда дунё кўзимизга кўриниб кетмоқда, алал оқибат Аллоҳ боғлаган силаи раҳм арқонини узилишига сабаб бўлмоқда. Аллоҳ барчаларимизни бировнинг ҳақига ҳиёнат қилишдан сақласин омин.

«Юнусобод» жоме масжиди имом-хатиби У. Усмонов

ЎМИ Матбуот хизмати

манба

Тошкент давлат шарқшунослик институтида Малайзиянинг Султон Идрис университети билан қўшма дипломли таълим жорий этилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таяниб Turon24 хабар берди.

Мазкур келишувга Султон Идрис университети ректори, профессор Муҳаммад Шатар Сабран бошчилигидаги делегациянинг шарқшунослик институтида ташрифи давомида эришилган.

Учрашувда малай тилидан дарс бераётган ўқитувчиларни Султон Идрис университетига қисқа ва ўрта муддатли малака ошириш курсларига жўнатишга, энг асосийси эса бакалавр босқичида 2+2 ёки 3+1 тизими асосида, магистратура босқичида 1+1 тизими асосида қўшма дипломли мутахассислар тайёрлашга келишиб олинди.

Шунингдек, Султон Идрис университетида Малайзия иқтисодиёти бўйича 15 га яқин ўзбекистонлик ўқитувчи-мутахассислар учун 6 ойлик махсус курслар ташкил қилинади

ЎМИ Матбуот хизмати

Инсон ҳаётини мевали дарахтга қиёслашади. Ваҳоланки унга мўъжизавий сўзни қўшиб қўйса ҳам бўлар экан. Чунки, у бир мавсумнинг ўзида ҳисобсиз куртаклар тугиши, гуллаши, кўпдан-кўп мевалар бериши мумкин. Кексалик эса, худди мевалар етилган мўъжизавий боққа ўхшайди. Луқмони Хакимдан:  «Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?», деб сўрадилар. «Кексаларнинг  насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир», деб жавоб берди у киши.  Фарзандлар учун ота-онасининг панд-насиҳатларига риоя этишлик фарз ҳисобланади. Ҳадисда айтиладики: «Отага итоат этиш Аллоҳга итоат этишдир. Унга гуноҳкор бўлиш Аллоҳга гуноҳкор бўлиш билан баробардир».

Яна бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди».

Ёши улуғларимизнинг биз учун тер тўкиб ҳаракат қилаётганларини, қўлларидан келадиган барча яхшиликларни фақат фарзандларига аташларини яхши билишимиз, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлишимиз, айтганларини бажаришимиз, отамиз чарчаган пайтда ва унга ёрдам керак бўлганида дарҳол кўмакка шошилишимиз, фарзандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туришимиз лозим. Зеро, ҳадисда айтилади: «Ота-оналарингизга қандай яхши муомала қилсангиз, фарзандларингиз ҳам сизга шундай муомала қиладилар». 

Бу дунёда инсонни қилган яхшиликлари-ю, эккан дарахтлари, вояга етказган фарзандлари-ю, тарбиялаган шогирдлари улуғлайди. Инсон дунёга келиб, умргузаронлик қилади, ўсади, улғаяди. Кечаги гўдак, бугун йигит. Вақт ўтиши билан ёшлик ҳам бевафо дўст сингари ташлаб кетади бизни. Зеро, бу ҳаёт қонунидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:  «Одамларнинг яхшиси узоқ умр кўриб, шу умрини яхши амал билан ўтказганидир». Минг афсуслар бўлсинки, қариялар ва  кекса ота-оналар баъзи бир ноқобил фарзандлар назарида дардисардек, ортиқчадек туюлади. Бирор даврага кирган ёшлар ёки фарзандлари баъзан “уф” тортадилар. “Қариганда уйда ўтирса бўлмасмикин-а?” деб, нотўғри ўйлайдилар. 

Ҳа, ҳаётнинг ўзига хос аччиқ ва ширин томонлари бор. Айниқса, кексалар эътиборга, меҳр-мурувват ва шавқатга  жуда муҳтож бўладилар. Киши етмишга етса, янада табарруклашади. Бундай инсонларга қулоқ тутмоқ ва панду насиҳатларини олмоқ лозим. Оилани оёққа турғазган, ўғил-қизларни ўстириб, едириб-ичирган, оила, фарзандлар камолини деб елиб югурганлар ҳам шулар. Кексаликнинг муаян мушкулотлари, мураккабликлари бор. Беморлик, кўз хиралашиши, оёқ-бел оғриши, кучдан қолиш, аввалги завқ-шавқларнинг сусайиши, қадамнинг майда, йўллар эса олис бўлиб қолиши экан. Ҳаётда, атрофимизда яхши  кишилар борлигидан, улар билан ёнма-ён яшаётганимиздан қувонишимиз керак. Унутмайлик, имон-эътиқодли қариялар бўлмаган жойда яхши тарбияли ёшлар ҳам бўлмайди. Қарияларимизга ғамҳўрлик қилиш, уларни парвариш этиш ёшларнинг бурчи бўлиб, бунга катта ажрлар берилади. Ҳадиси шарифда айтиладики: «Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир». Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни  Ўзининг ҳифзу ҳимоятида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин. 

 

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Янгиликлар

Top