muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 06 Сентябрь 2018 00:00

Ибодат завқини чин юракдан ҳис этдик

Бу йил етти мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж амалларини адо этишди. Улар дунёдаги миллионлаб диндошлари қатори Ислом нозил бўлган табаррук юртга бориб, зиммаларидаги Аллоҳнинг фарзини бажариб қайтишди. Ҳукуматимиз уларнинг ибодатлари динимиз талабларига мувофиқ, қийинчиликсиз ва талафотларсиз ўтиши учун ҳамма ишни қилиб берди.

Ҳаж мусулмоннинг иродасини, ихлосини, тақвосини, иймонини имтиҳон қилувчи масъулиятли ва машаққатли ибодатдир. Ҳаж Аллоҳнинг розилигини топиш, Ундан гуноҳлар мағфиратини сўрашнинг энг қулай имкониятидир. Ҳаж тавба-тазаррунинг, покланишнинг, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Унинг жаннатига эришишнинг воситасидир. 

Шундай экан, юртдошларимиз, бу ибодатнинг файзини, шукуҳини, моҳиятини чин дилдан англашга бор куч-ғайратларини сарфлашди. Эндиликда ҳаётларини шунга муносиб равишда давом эттиришга аҳд қилишди.

Мана шундай ибодат завқини чин юракдан ҳис этган Наманган вилояти 15-гуруҳи ҳожилари ихлос билан ибодат қилишлари йўлида яратилган барча шарт-шароитлар учун муҳтарам Президентимизга, мутасадди кишиларга ва гуруҳ раҳбарига ўз миннатдорликларини изҳор қилишди ҳамда қалбларининг энг тўридаги самимий дуоларини Байтуллоҳ атрофида қилишди. 

Биз ҳам барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, ибодатлари мақбул бўлишини Аллоҳдан сўраймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кўксаройда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди. 

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, бу икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда тарихий воқеа эканини таъкидлади. 

“Биз Мисрга инсоният цивилизацияси марказларидан бири, бугунги кунда катта салоҳиятга эга давлат сифатида қараймиз. Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида қадимдан алоқалар бўлган. Мана бугун Ўзбекистон билан Миср ҳамкорлигида янги босқич, амалий ишлар бошланмоқда. Ушбу ташрифга тайёргарлик жараёнида мамлакатларимизда фойдаланилмаётган улкан имкониятлар борлиги аён бўлди. Бугун ўтаётган бизнес-форумда қиймати 400 миллион долларлик шартномалар бўйича келишувга эришилгани шундан далолат. Ишонаманки, Миср Президентининг Ўзбекистонга ташрифи ўзаро ҳамкорлигимизда катта натижалар беради”, деди Шавкат Мирзиёев.

Музокарада аввал эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларнинг натижалари муҳокама қилинди. Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва илмий-техникавий, туризм ва маданият соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, турли даражаларда учрашувлар ўтказиш ва шериклик алоқаларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди. Минтақавий хавфсизликни мусаҳкамлаш, халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борада тажриба алмашиш, идоралараро алоқаларни йўлга қўйиш ва қўшма ишчи гуруҳи ташкил этишга қарор қилинди.

Афғонистонд мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, бу масалалар бўйича Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олинди.

Президентлар кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан қарашлари яқин ва ўхшаш эканлигини таъкидладилар.

Абдулфаттоҳ ас-Сиси Шавкат Мирзиёевни Мисрга ташриф билан боришга таклиф этди.

 

манба: http://president.uz

Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида янги 2018–2019 ўқув йили бошланди.

Янги ўқув йилининг биринчи дарси Ўзбекистон Республикасининг истиқлолига бағишланган “Мустақиллик дарси” билан бошланди. Мустақиллик дарсида мамлакатимизнинг истиқлолга эришиш жараёнлари, мастабид тузумдан мустақилликка эришиш даври, бунда халқимизнинг жасорати ва матонати ҳақида сўз юритилди. Юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясининг аҳамияти ва роли ҳақида сўзланди.

Халқимиз ўзининг мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марралари халқимиз матонатининг хизмати юқори эканини таъкидладилар.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбек давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратиш, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириш, уни улуғ мақсадлар сари бошлаб бориш ҳақида тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, ташриф буюрган меҳмонлар бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликни қадрига етиш, янги ўқув йилида янги марраларга эришиш, илм олишда шижоат билан ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида сўзлаб, панд-насиҳатлар қилдилар.

Шундан сўнг, Қуръони карим тиловати ҳамда дуои фотиҳа қилинди.








ЎМИ Матбуот хизмати

"Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртида 2018-2019 ўқув йилининг бошланишига бағишланган «Азиз ва ягонасан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида тадбир бўлиб ўтмоқда, қуйида ушбу тадбирдан фотолавҳаларни тақдим этамиз:

ЎМИ матбуот хизмати

Саудия Арабистонида умра мавсуми эрта бошланиши ҳақида хабар берилди. Бундан “Қироллик кўриниши 2030” лойиҳаси асосида умрачилар сонини ошириш мақсад қилинган.

Саудиянинг Уккоз газетаси берган маълумотга кўра, қиролликнинг Ҳаж ва умра вазирлиги умра мавсумини муҳаррам (ҳижрий биринчи ой) ойидан бошланишини эълон қилган. Бундан олдин ҳар йили умра сафар (ҳижрий иккинчи ой) ойидан бошланар эди.

Вазирлик янги мавсум учун Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда умрачиларга визалар беришни бошлаши ҳақида айтган.

Қироллик мазкур лойиҳа доирасида 2022 йилда умрачилар сонини 15 миллионга, 2030 йилда эса 30 миллионга чиқаришни режалаштирган.

Azon хабарига кўра, ўтган йили Саудия Арабистонига ташриф буюрувчи умрачилар сони 7 миллион кишига етган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top