muslim.uz

muslim.uz

Сийрат борасида гап кетаркан, у ҳақда ёзилган китобларни эсламай иложимиз йўқ.

 

Бу илмни бизгача етиб келишида асосан икки муҳим омил: омонатдор уламолар ва уларнинг ёзган мўътабар асарлари хизмат қилган.

 

Сийрат борасида кўп китоблар ёзилган. Лекин, уларнинг ҳаммаси ҳам бизгача етиб келмаган. Турли сабабларга кўра, баъзилари йўқолган, яна баъзилари қайсидир кутубхоналарда қўлёзма сифатида тадқиқот ўтказилишини кутиб ётибди.

 

Бизгача етиб келган сийрат манбалари орасида «Шифо» китобининг алоҳида ўрни бор.

 

Дарҳақиқат, сийрат китоблари орасида «Шифо»чалик кўп ўқилгани бўлмаса керак. Ёзилганига қариб 917 йил бўлган бу ноёб асар сийрат борасида муҳим қўлланма бўлиб келаётир.

 

Мана неча асрлар ўтган бўлсада сийрат мутахассислари унга турли катта – кичик шарҳлар, ҳошиялар битиб келмоқда. Ҳаттоки, уни ихчамлаштириб мухтасар ва назм – шеърий кўринишга келтирганлар ҳам бор.

 

Уламоларнинг эътирофига қараганда энг кўп шарҳ ёзилган китоб ватандошимиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Саҳиҳ»лари экан. Биз ўрганаётган «Шифо» китоби ҳам ана шундан энг кўп шарҳ қилинган китоблар сарасига кирар экан. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича «Шифо»га ҳозирга қадар 144 та шарҳ ёзилган.

 

Уламоларнинг мақтовлари:

Саъд Тилимсаний раҳматуллоҳи алайҳ «Ан-нажм ас-сақиб» китобида келтиради: «Солиҳлардан баъзиси Қози Абулфазлни вафотидан сўнг тушида кўрганини айтади.

 

У катта қаср ичида оёқлари тиллодан бўлган тахт устида ўтирарди. Шунда менга бир масала ҳақида савол қилган эди, айтдимки, эй жанобим, у ҳақда «Шифо» номли китобингизда мана бундай, мана бундай дегансиз.

Менга:

– Сенда ўша китоб борми? деди.

– Ҳа, дедим мен.

– Ундай бўлса уни қўлингдан қўйма. У сабабли Аллоҳ мени манфаатлан-тирди ва менга кўриб турган нарсангни берди, деди Қози Иёз.

 

Доктор Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Шубҳа ўзининг «Ас-сийрату фи зовил Қуръон вас Сунна» китобида ёзади: «У шундай китобки, агар уни тилло билан ёзилса ёки торозида гавҳар билан ўчанса албатта, оз ҳисобланарди...

 

Ҳой ўқувчи! Уни маҳкам тут. Уни қўлингдан қўйма».

Франсуз шарқшуноси Луи Массиньон:

 

«Овропа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилат ва гўзал сифатларини таниши учун «Шифо» китобини европа тилларининг бирига ўгириш кифоя», деган эди.

 

Овропалик бир инсофли шарқшунос суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай мадҳ этиб, сийратини ўрганиш ва ўргатишга ундаб турса–ю, биз умматлар ўрганиш ва танишга ҳақли бўла туриб у зотни яхши танимасак...

 

«Кашфуз зунун» китоби муаллифи айтади:

 

«Бу – манфаати катта, фойдаси кўп, Исломда унга ўхшаши ёзилмаган китобдир».

 

Аллома Муҳаммад ибн Муҳаммад Махлуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади:

 

«(Муаллиф) уни ёзишда янгилик қилган. Одамлар китобни ташиб кетишган. Унинг нусхалари шарқ–у ғарбга ёйилган».

 

Баъзи Мавританиялик уламолар Робиъул аввал ойида мажлис қуриб «Шифо» китобини ўқишни одат қилганлар.

 

Ибн Носируддин Димашқий у ҳақда ҳақли сўз айтган:

 

«Агар Қози Иёзнинг «Аш шифа битаърифи ҳуқуқил Мустофа» китобидан бошқа таснифлари бўлмаганида ҳам унинг қадри баланд, шуҳрати олий бўлшига кифоя қилар эди. Чунки у бу борада янгилик қилган. «Шифо» муҳим манба эканига ижмо қилинган, беллашганлар унинг ўзи кифоя қилиши билан таслим этилган, унга муҳаддис ва фақиҳ суянадиган, бобида ягона эканлигида тортишган киши маломат қилинадиган, Ислом шаҳарларидан бирортасида йўқ бўлиши мумкин бўлмаган китобдир».

 

Каттоний раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб «Фиҳрисул фаҳорис»да келади:

 

«Турра (шаҳри)да «Ан нажм ас соқиб фима ли авлияиллаҳи минал мафохир вал маноқиб» китобининг қадимий қўлёзмасини ҳошияси билан топдим. Унда:

 

«Баъзи машойихлар айтади: Инсонларга қуёш машриқдан чиқиб, мағрибга ботади. Биз Машриқликларга узоқ Мағрибдан бошқа бир қуёш чиқди. У Қози Иёзнинг «Шифо» китобидир», деб ёзилган.

 

Қанчадан – қанча сийратга доир китоблар бор. Лекин, «Шифо»дек эмас.

 

«Шифо»нинг донғи етти иқлимга таралган. Уммат уни чиройли қабул қилган ва қилиб келмоқда.  Ундан хос – у ом бирдек фойдаланади. У деярли барча уйларда, кутубхоналарда, масжидларда бўлган. Ҳаттоки, у ҳақда зорбул масаллар ҳам айтилган: «Шифо» бўлмаганида Мағриб танилмаган бўларди ёки «Шифо» бўлмаганида Қози Иёз танилмаган бўларди.

 

Баъзи аҳли илмлар ўз талабаларига «Шифо»ни ўқитишга алоҳида урғу бериб, эҳтимом қаратадилар.

 

Олдинлари Мағриблик зобитлар аскарлик хизматини бажарганларидан кейин Бухорий ва «Шифо»ни бўлиб олиб (ўқишар) эканлар.

 

Демак, хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, «Шифо» китоби сийрат илми борасида ёзилган нодир манба, дурдона асардир. Уни ўрганиш бугунги кунда уммат олдидаги муҳим ва долзаб вазифа ҳисобланади. Айниқса, ислом ниқоби остида ўз қарашларини ёйиб, турли бузунчилик қилишга ёки «исламафобия» номи билан муқаддас Ислом динимизни ёмонотлиқ қилишга уринишлар авж олган бир даврда.

 

Одамларга динимизнинг асл моҳиятини ўргатиш, сийрат илми борасида тўғри тушунча бериш, адашганларга  раддияларни асл манбалардан  келтиришда «Шифо» китоби муҳим қўлланма ҳисобланади.

 

Сиз ҳам «Шифо»ни ўқиб ўзингиздаги жаҳолат касалини даволанг. Зеро, жаҳолатни кетказиш маърифат ҳосил қилиш билан бўлади.

 

Кимнинг қалби ва танида бўлса дард,

 

Гар «Шифо»ни ўқиса қолмагай гард.

 

Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме масжиди

имом-хатиби

Равшанбек Ўринбоев

Шу йилнинг 23-24 август кунлари Россиянинг Осиё қисмидаги мусулмонлари диний идораси бош муфтийси Нафиғулла Аширов ва минтақадаги бошқа йирик диний уламолар икки масжиднинг тантанали очилиш маросимида иштирок этишди. Бу ҳақда Azon интернет нашри хабар берди.

Масжидлардан бири Иртишбўйи воҳасида бўлиб, мазкур масжид маҳаллий аҳоли ҳомийлиги остида бунёд этилган.

Масжидларнинг яна бири эса Тюмен вилоятининг Тоболь туманидаги Иртиш Юрталари қадимий татарлар қишлоғида очилди. Мазкур масжид биносини таъмирдан чиқаришди Тюмень вилояти маъмурияти ҳомийлик қилган. Масжидларнинг тантанали очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди. Шундан сўнг, бош муфтий Нафиғулла Аширов сўзга чиқиб вилоят мусулмонлари ва маъмуриятини хайрли янгилик билан табриклади.

Мазкур очилиш маросимининг эртаси куни эса вилоят аҳолиси ва муфтий жаноблари вилоятдаги энг қадимий-тарихий масжид саналган Иртиш Юрталари қишлоғидаги яна бир масжиднинг қайта таъмирдан сўнг очилиш маросимида иштирок этишди.

Икки кун ичида бир вилоятнинг ўзида уч масжиднинг очилиши мусулмонлар учун ғоят улкан ҳадя бўлди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 04 Сентябрь 2018 00:00

Миср Президенти Тошкентга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан кеча, 4 сентябрь куни Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасм Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

 

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

 

Ўзбекистон ва Миср Президентларининг асосий музокаралари бугун Кўксаройда бўлиб ўтди. Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, фан, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар якуни бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти ва қатор ҳужжатлар имзоланади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 04 Сентябрь 2018 00:00

Тафаккур қилайлик!

Аллоҳ таолонинг яратган махлуқлари ҳақида тафаккур қилиш иймон нури зиёда бўлишига сабаб бўлади. Қуёш, Ой, юлдузлар, сайёралар, сув, тоғ, ҳаво, ўсимликлар, ҳайвонлар ва бошқа махлуқотлар тўғрисида фикр юритиш, Аллоҳ таоло уларнинг барчасини ҳикмат билан яратганини ўйлаш кишининг иймон нури зиёда бўлишига сабабдир. Ана шундай тафаккурга ундовчи нарсалардан бири осмон жисми бўлган туманликлардир. Туманликлар — юлдуз тўдалари ёки бутун юлдуз системалари (галактикалар)дан, шунингдек, газ ва чангдан ташкил топган булутлардир. Туманликлар ҳақида янада аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун битта туманликни кўриб чиқсак.

 

Ушбу суратда «Чумоли» номли туманлик акс этган бўлиб, у сайёралар туманлиги ҳисобланади. Бу туманлик Қуёш тизимидан 8 минг ёруғлик йили узоқликда жойлашган. (Маълумки, ёруғлик бир сонияда 300 минг километр масофа босади. Ёруғлик йили дейилганда, шу ёруғликнинг бир йил давомида босиб ўтган масофаси тушунилади). Ушбу туманлик кўринишидан чумолининг боши ва белига ўхшаб кетгани учун унга «Чумоли» номи берилган. 

 

Яна бир жиҳати шундаки, ушбу туманлик сониясига 50 километрга яқин тезликда кенгайиб бормоқда.

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 

«Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз».

 

(Зарият сураси, 47-оят).

 

Аллоҳ таоло барчамизга яратган махлуқотлари ҳақида тўғри тафаккур қилиб, иймонимиз нури зиёда бўлишини насиб этсин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Понедельник, 03 Сентябрь 2018 00:00

Хизматлардан миннатдормиз

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсинки, ҳаж амалларини бажариб она-Ватанимизга қайтиш арафасида турибмиз. Ҳаж мавсуми пайтида давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлардан, ташкилий ишлардан жуда ҳам мамнун бўлдик. Ишчи гуруҳи, шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарларининг фидокорона хизматлари барчани бирдек қувонтирди. 

Биз ҳожи оналар тинч ва тобора гуркираб яшнаб бораётган озод ва обод Ўзбекистон дея аталмиш ватанда яшаётганимиз учун қалбимизда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этмоқдамиз. Бундай тартиб билан ташкил этилган зиёратлар фақат таҳсинга лойиқ. Ҳаммаси соат каби интизом ва тартиб билан бажарилди. Ишчи гуруҳининг жойлардаги ҳаракатлари, гуруҳбошиларнинг ибодатларимизга берган аҳамиятлари, шифокорларнинг маҳорати, ошпазларнинг таомлари, ҳаммаси ўз вақтида, жойида бўлди. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Юртимиз тинч ва обод бўлсин, дея дуолар қиламиз.

Тошкент шаҳри 8-гуруҳи раҳбари Чўлпонов Шерзоднинг биз зиёратчиларга кўрсатган хизматларидан миннатдормиз, унинг илм савияси, араб тилида сўзлашиш қобилияти ва етакчилик маҳорати мақтовга сазовордир. Келгусида мана шундай ёш, иқтидорли ва ташаббускор гуруҳ раҳбарларини кўпайишини тилаб қоламиз, дея ўз сўзларини якунлади Тошкент шаҳри 8-гуруҳи ҳожилари номидан Ш.Одилова. 

Ҳожиларимизнинг мана шундай миннатдорлик мактублари келиши давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top