Ўзбекистон янгиликлари

Пайғамбаримиз авлодлари мақбараси
Сурхондарё – ҳаётини муқаддас ислом динини тарғиб этишга, диний ва дунёвий илм-фан ривожига бағишлаган Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий, Исо Термизий каби буюк алломаларга бешик бўлган замин. Қадимдан бой маданият ва маърифат ўчоғи сифатида танилган воҳада кўплаб азиз-авлиёлар, уламо ва фузалолар мангу қўним топган.

 

Айни пайтда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар улуғ зотлар хоки қўйилган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишга ошиқаётгани бунинг ёрқин далилидир. Айниқса, кейинги йилларда воҳадаги зиёратгоҳларда амалга оширилаётган кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратиш, зиёратчилар оқимини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
 
Термиз шаҳрининг шимоли-шарқий қисмида Султон Саодат номи билан машҳур меъморий ёдгорликлар мажмуаси мавжуд. Мустақиллик йилларида обод ва кўркам гўшага айланган қадимий обида зиёратчилар билан ҳамиша гавжум. XVII-X асрларда қад ростлаган мажмуа 20 га яқин мақбарадан иборат. Пештоқ ва гумбазли чорсу хонали салобатли иморатлар ўз даврида юксак дид билан безатилган.
 
Манбаларда қайд этилишича, сўлим ва сокин бу гўшада пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг қизлари Фотима онамизнинг набираси Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Бу улуғ зот Термиз саййидларининг султони бўлган.
 
– Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан Самарқандга кўчиб келган, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси З.Алимардонова. – Бу ерда ўн бир йил яшаб, Балхга кўчади. Тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Вафот этгач, шу ерда дафн этилган. Асрлар давомида ушбу мўътабар зотнинг авлодлари учун ҳам бу ерда маҳобатли мақбаралар қурилган. Эндиликда меъморий обида мамлакатимиз ва хорижлик сайёҳлар кўп келадиган масканлардан бирига айланди. Улар пайғамбаримиз авлодларининг хокини зиёрат қилиб, руҳан қувват олади. Аждодларимиз томонидан турли асрларда яратилган бўртма равоқлар, сержило нақш ва тўлқинли ганч безаклари асосида юксак дид билан ишланган нафис меъморлик санъатидан баҳраманд бўлади.
 
Тарихнинг гувоҳлик беришича, IХ асрда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Термиз саййидлари хонадони шаклланган. Марказий Осиё саййидларининг кўпчилиги ўз келиб чиқиш тарихини шу хонадон билан боғлаши бежиз эмас. Китобларда давлат бошқаруви ва низомида, жумладан, Соҳибқирон Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида хизмати борлиги таъкидланган. Соҳибқирон Ҳиндистонга юришлари чоғида ҳамиша Термиз саййидлари хонадонида тўхтаб, меҳмон бўлгани қайд этилган. Яна бир манбада Амир Темур Термиз саййидларига алоҳида ҳурмат рамзи сифатида Султон Саодат мажмуасининг бир қисми ҳисобланган хонақоҳ ҳам бунёд эттиргани, лекин ноёб иншоот бизнинг давримизгача сақланиб қолмагани ёзилган.
 
Бой тарихимизни, маданиятимизни, хусусан, меъморлик санъатимизни ўзида мужассам этган мазкур мақбаралар мажмуасини бир бор бўлса-да, кўриш, зиёрат қилишни орзу қиладиганлар кўп. Чунки, бунинг ҳам ўзгача гашти бор.
 
Манба: http://www.uza.uz
 
3548 марта ўқилди

Янгиликлар

Top