Ўзбекистон янгиликлари

“Оқ уй”да масжид қурилади!

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 18 июндаги №930-сонли қарорига асосан, Миробод туманидаги “Оқ уй” мусулмонлар қабристони ҳудудида янги жоме масжид барпо этиш белгиланган эди. Тез орада масжид лойиҳаси тайёрланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов мазкур ҳудуддаги мазкур янги масжид лойиҳаси билан танишган эдилар.

Муфтий ҳазратлари масжидда кутубхона ташкил этиш, юртимизга ташриф буюрадиган нуфузли дунё уламолари, мартабали меҳмонларни кутиб олиш ва ўзаро мулоқот ўтказиш учун алоҳида шарт-шароитлар яратилишини таклиф қилган эдилар.

Жорий йилнинг 25 октябр куни Миробод туманидаги “Оқ уй” мусулмонлар қабристони ҳудудида қурилиши режалаштирилаётган жоме масжиднинг қибласини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, раис маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов, ЎМИ масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов, маҳалла фаоллари, қурилиш ишларига масъул шахслар қурилиш майдонига ташриф буюришди.

Хайрли тадбир аввалидаги суҳбат давомида бундай савобли иш бугунги кунда юртимиз мусулмонларига берилган эркинлик нишонаси, мусулмонларга хушхабар, ислом умматига хурсандчилик эканлиги таъкидлаб ўтилди. Жумладан, Миробод туманида жоме масжидлар атиги 3 та бўлганлиги, эндиликда уларнинг сони яна биттага кўпаяётгани хурсандчилик устига хурсандчилик эканлиги, мазкур масжид келгусида пойтахтдаги намунали масжидлардан бири бўлишига умид билдирилди. Айниқса, атрофдаги 5 та маҳаллада истиқомат қиладиган аҳоли учун бу масжид қурилиши жуда катта хурсандчилик бахш этди. Маҳалла фаоллари бундай шароитлар яратиб бераётган муҳтарам юртбошимизга чексиз ташаккурларини изҳор қилдилар. Шу билан бирга қурилиш ташкилотчилари, жумладан, муфтий ҳазратлари,  мутасаддилар, мазкур ишга ҳисса қўшаётган барчага миннатдорчилик билдирдилар.

Сўнгра Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳамда уламолар иштирокида масжид қибласи аниқланиб, барчанинг гувоҳлигида якдиллик билан тасдиқланди. Тадбир сўнгида қурилаётган масжиднинг юртимиз мусулмонларига хайрли бўлиши, масжидлардан таралаётган қуръон тиловати, намозхонлар дуолари баракотидан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, мусулмонларга аҳиллик-бирдамлик, бу ишларга ташаббус кўрсатаётган барчага Аллоҳ таолодан улкан ажру мукофотлар тилаб хайрли дуолар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, янги жоме масжиди бинолари қурилиш ишларига Абдулҳаким қори Матқулов масъул этиб тайинланган.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

2974 марта ўқилди

Янгиликлар

Top