Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: болаларнинг кўзидаги нурни илғаш керак

Ўзбекистон Президентининг тегишли фармон ва қарорлари ижроси доирасида Тошкент шаҳрида ҳам мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, боғчалар тармоғини кенгайтириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Юнусобод тумани Боғишамол маҳалласида жойлашган 74-мактабгача таълим муассасаси жорий йилда реконструкция қилиниб, замонавий таъмирланди. Машғулот хоналари болалар тарбияси учун зарур, бежирим ва қизиқарли инвентарлар билан жиҳозланди. Ошхона ва спорт зали янгидан қурилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бугунги кунда муассасада 375 та бола таълим-тарбия олмоқда.

Президентимиз боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди.

Биз учун биринчи ўринда болаларимизнинг маънавияти, билими, соғлиги. Шунинг учун давлат томонидан мактабгача таълимга катта эътибор бериляпти ва бу ҳали бошланиши. Сизларнинг вазифангиз болаларнинг кўзидаги нурни илғаб олиш, уларга яхши тарбия бериш, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати ва уларни ривожлантиришга оид лойиҳалар намойиш этилди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги таклифларни маъқуллаб, хусусий шерикчилик асосида янги боғчалар қуриш, болаларни қамраб олишни кенгайтириш ва келгусида юз фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Жанубий Кореянинг Пучон университети раҳбарлари билан видеоконференция орқали мулоқот қилинди.

Президентимиз боғча тарбияланувчиларига совғалар берди.

ЎМИ Матбуот хизмати

2340 марта ўқилди

Янгиликлар

Top