Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентнинг энг фаол отинойиси аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги  муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи отинойилар ўртасида “Энг фаол отинойи” кўрик танловини ўтказиш жорий қилинди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари томонидан тасдиқланган баённома иловасига асосан, “Энг фаол отинойи” кўрик-танловини ўтказиш бўйича шаҳар ҳайъати таркиби тузилиб, мазкур кўрик танловнинг туман босқичи  3-, 4-, 10 декабр кунлари ўтказилиб, унда ғолибликни кўлга киритган 13 нафар отинойилар кўрик танловнинг Тошкент шаҳар босқичида иштирок этиш учун йўлланма олган эдилар.

Бугун мазкур кўрик-танловнинг шаҳар босқичи “Шайх Зайниддин” жоме масжидида 13 нафар отинойи иштирокида бўлиб ўтди.

Саволлар исломдаги шаръий ҳукмлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида тузилган бўлиб, отинойиларнинг диний илм салоҳиятини ва ҳуқуқий саводхонлигини Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов, ЎМИ Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Эргашали Рустамов, Тошкент шаҳар бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Дилбар Атабоева ва малакали ҳуқуқшунос мутахассислар баҳолаб бордилар.

Кўрик-танлов қатнашчилари иштироки туманларда фаолият юритувчи барча отинойилар кўз ўнгида одилона баҳоланди.

Якуний хулосаларга кўра, 1-ўрин соҳибаси Юнусобод тумани ҳудуд отинойиси – Дилором Каримова, 2-ўрин соҳибаси Мирзо Улуғбек тумани ҳудуд отинойиси – Насиба Тўрахўжаева ва Шайхонтоҳур тумани ҳудуд отинойиси – Феруза Тошхўжаева,  3-ўрин соҳибаси Яккасарой тумани ҳудуд отинойиси – Сижоат Шарипова деб топилди.

Юқорида қайд этилган 4 нафар ғолиб отинойилар ва иштирок этган фаол отинойилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

 

Дилбар Атабаева,

Тошкент шаҳар бош имом хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

3015 марта ўқилди

Янгиликлар

Top