Ўзбекистон янгиликлари

Туркия элчиси: “Ота юртимдан кетяпман, лекин қалбим шу ерда қолади”

Бугун, 3 январь куни Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмед Башар Шен Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмон муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан мулоқот ўтказди.
Муфтий ҳазратлари Аҳмед Башарнинг элчилик даврида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамлангани, бунда элчининг саъй-ҳаракатлари катта бўлгани, 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Туркияга, 2018 йил апрель ойида Туркия Президенти Ўзбекистонга расмий сафарлари, шунингдек, Туркия диёнат ишлари вазири Али Эрбош ҳазратларининг юртимизга ташрифи давомида жуда катта натижаларга эришилганини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини Туркия томонидан қўллаб-қувватлагани катта мамнунлик бахш этганини изҳор қилдилар. Аҳмед Башарни Ўзбекистондаги элчилик фаолияти муваффақиятли ниҳоялангани билан қутлаб, кейинги фаолиятларида муфтий ҳазратлари улкан ютуқлар тиладилар.
Элчи Аҳмед Башар жаноблари Ўзбекистонда қисқа вақт ичида (икки йил) жуда кўп дўстлар орттиргани, мана шундай дўстларнинг ёрдами ила жуда катта муваффақиятларга эришганини билдирди. Ўтган икки йил ичида Ўзбекистон ва Туркия давлатларининг ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани, кўп томонлама алоқалар ривож топгани, айниқса, диний соҳада кўп ютуқлар қўлга киритилгани, хусусан, Туркия диёнат ишлари вазири Али Эрбош жанобларининг икки марта Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Аҳмед Башар ўзининг ота юртидан кетаётгани, лекин бу замин унинг юрагида бутун умр қолишини билдирди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2832 марта ўқилди

Янгиликлар

Top