Ўзбекистон янгиликлари

Эзгулик ёғдуси таралган юрт

Қуёш Шарқдан чиқади... Тарихи қадим, тупроғида авлиёлар униб-ўсган, инсонлари маърифатталаб, яхшилик, эзгулик ардоқланадиган юртдан нур таралади.

Ўзбекистон — ислом илми ва маданиятининг дунё бўйлаб кенг қулоч ёйишига катта ҳисса қўшган кўплаб олиму уламолар улғайган, ўз даврида цивилизация ўчоғига айланган кўҳна Шарқнинг серқуёш мамлакатидир.

Ҳозирги кунда бу юртда илм-фанни ривожлантириш, тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, масжид-мадрасаларни обод этиш, инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлардан кўзланган мақсад ҳам тарихий адолатни қарор топтириш, юртимизнинг бугунини фаровон, келажагини янада чароғон қилишдир. 

Соҳибқирон қурдирган гумбаз 

Катта бунёдкорлик майдонига айланган юртимизда кўплаб таълим масканлари, масжиду мадрасалар, кутубхоналар қурилмоқда. Мавжудлари таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этяпти.

— Ҳозирда 120 дан ортиқ масжидларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов. — Жумладан, пойтахтимизда Эшон Бобохон, Нўғойқўрғон, Чоштепа, Мирбобо ота, Ҳазрат Али, Коҳ ота ва бошқа ўндан зиёд масжидлар қайтадан бунёд этиляпти, замонавий андозалар асосида таъмирланмоқда. Ушбу масканлар Ўзбекистоннинг ислом маданиятида тутган ўрнини, аждодларимиздан мерос анъана ҳамда қадриятлар бардавомлигини намоён қилади. 

 “Сузук ота” мақбараси ва масжидининг қисқа фурсат ичида мажмуа сифатида тубдан қайта барпо этилгани бу борадаги бунёдкорлик ишларига бир мисолдир.

Президентимиз 2017 йил 26 май куни бу табаррук масканда бўлиб, мақбара ҳамда масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича тегишли топшириқлар берган эди. Шундан сўнг амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари тарихий обидаларга янги ҳаёт бахш этди.

Яссавия тариқатининг асосчиси Хўжа Аҳмад Яссавий авлоди — Сузук отанинг исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда Сайрамда таваллуд топган. Тарихий маълумотларга қараганда, у Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғлидир. Болалик чоғида бобоси “сузугим”, деб эркалагани боис исми Сузук ота бўлиб тарих зарварақларига муҳрланган. Қувваи ҳофизаси тўлишиб, даражаси юксала бошлаган Сузук ота падари бузруквори рухсати билан илмини ошириш, айни пайтда, ўрганганларини кенг ёйиш мақсадида туғилган манзилидан чиқиб, Тошкентнинг Бешёғоч даҳасидаги Чуқур кўприк, Мирлар ва Чақар маҳаллалари оралиғидаги ҳудудда қўним топади.

Сузук ота авлиёсифат, кароматсоҳиб зот бўлгани боис унинг номи тезда маҳаллий аҳоли ўртасида шуҳрат қозонади. Кўплаб шогирдларни тарбиялаб, эл орасида катта ҳурмат-эътибор топади.

Тарихдан маълумки, Амир Темурнинг Хожа Аҳмад Яссавийга ихлоси баланд бўлган. Манбаларда Соҳибқироннинг бу табаррук зот тилию дилидан тўкилган кўплаб ҳикматларни ёддан билгани айтилади.

— Амир Темур Аҳмад Яссавийга чексиз эҳтиромини унинг авлодларига ҳам кўрсатишга интилган, — дейди маҳалла оқсоқоли Жаҳонгир ота Пайзихонов. — Жумладан, Ҳазратнинг суюкли набираси Сузук ота қадамжосини обод этиб, унинг қабрига мақбара ва ёндош ҳудудда масжид, мадраса барпо эттирган. Бироқ халқнинг миллий қадриятлари, азиз қадамжоларига чанг солинган замонда — собиқ иттифоқ даврида масжид ва мадраса ёпилиб, металл буюмлар корхонасига айлантирилади. Ҳужралар ўрнида корхона идораси ва омборхона қурилади. Мустақиллик йилларидагина корхона бошқа ерга кўчирилиб, вайрона ҳолатдаги бино маҳалла ихтиёрига берилди. 1996 йили масжид маҳалла аҳли томонидан таъмирланиб, Рамазон ойида қайта фаолият бошлади.

Соҳибқирон қурдирган масжиднинг гумбази диаметри 10 метр бўлиб, миллий меъморликнинг ноёб усул ва услублари асосида қад ростлаган. Шу боисдан ушбу бебаҳо иншоот бугунги кунгача сақланган. Ҳозирги қурилиш жараёнида масжиднинг эски биноси ичкарига олиниб, замонавий тус берилди. Бугун маҳобатли мовий гумбазга тикилсангиз, илоҳий руҳият ингандай ўзингизни бошқача ҳис этасиз.   

“Сузук ота” мажмуаси — яна бир сайёҳлик манзили 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳозирги кунда бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида бебаҳо ёдгорлик ўзининг тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда муҳташам ошиёнга айланди. Бугун бу масканда қурилиш-таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш юмушлари якунланиб, пардозлаш ва тозалашга эътибор қаратилмоқда. 

Бу ерга келган ҳар қандай инсон — хоҳ у зиёратчи, хоҳ сайёҳ бўлсин, мажмуанинг бетакрор салобатидан, беқиёс тароватидан баҳри дили роҳат олади, қувонади.

“Сузук ота” масжиди — бугун фараҳбаш маскан. Қуёш нурлари осмонўпар минораларнинг кўм-кўк гумбазида жилоланади. Атрофда орасталик. Фавворалардан кўкка сочилаётган заррин томчилар баҳорнинг ипакдек майин елларида учиб, тонгги шудринглардек яшил майсалар юзига қўнади. Ноёб гулу кўчатлар баравж ўсмоқда.

Янгидан қурилган автотураргоҳ, музей, дўкон, кутубхона, зиёратчилар учун таҳоратхона ва бошқа масканлар замон талаблари асосида жиҳозланган. Ҳудудда бу ерга келганларнинг дам олиб, ҳордиқ чиқариши учун айвонлар қад кўтарди. Айвонларнинг ёғоч устунлари, равоқлари нафис ўймакорлик нақшлари билан безалди.

Мажмуадаги ҳар бир иншоот майин, силлиқланган пишиқ ғишлардан тикланган. Деворлар, эшик-ромлар, тоқилар, кунгуралар турфаранг бўёқларда миллий нақшлар билан зеб берилган.

— Ҳар бир ганчни ишлашга ўзгача меҳр ва иштиёқ билан ёндашилди, — дейди уста Тоҳир Эгамбердиев. — Зеро, ҳар битик ҳамда нақшда инсонларга маънавий куч бергувчи, уларни тўғри йўлга бошлагувчи теран ифода ва мазмун бор.

Мақбара ичида Сузук ота, у зотнинг оёқ томонларида эса Туркистондан бирга келган икки нафар шогирди қабри бор. Бу халқимизда қадимдан устоз-шогирдлик анъанаси эъзозланиб келинаётганини ифодалайди. 

— Турли савдо йўллари, маданият ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган юртимиз қадимдан инсонларни доимо ўзига чорлаб туради, — дейди “Сузук ота” жомеъ масжиди имом-хатиби Аюбхон Сўпиев. — Улар орасида ислом дини пешволари, алломалари, азиз авлиёлари босган тупроқни, қўлларининг тафти қолган масжиду минораларни, руҳлари кезиб юрган маъволарни зиёрат қиладиганлар жуда кўп. Масканимизда ибодат қиладиганлар билан бирга туристлар учун ҳам кенг шароитлар яратилаётгани бу муаззам гўшанинг мамлакатимиздаги яна бир сайёҳлик манзилига айланишига имкон яратади. 

Ҳунармандлик — файзу барака рамзи 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 9 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш асносида “Сузук ота” мажмуасида ҳам бўлди. Бунёдкорлик жараёни  билан танишар экан, бу ердаги масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши кераклигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мажмуада ҳунармандлар маркази ва кутубхона ҳам ташкил этиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Бу бежиз эмас. Чунки Сузук ота катта дин пешвоси бўлибгина қолмай, моҳир ҳунарманд ҳам эди. Ёшларга ислом илми билан бирга деҳқончилик, ҳунармандчилик ва бошқа касб-кор сирларини ўргатади. Устоз 1217 йилда вафот этган бўлса-да, у таълим-тарбия берган юзлаб ҳунармандлар боис ушбу ҳудуд “Усталар маҳалласи” деб атала бошланади. Мажмуада ҳунармандлар марказининг ташкил этилишида ана шу номга рамзий ишора бор.

Истиқлол йилларида Сузук ота маҳалласи деб атала бошланган ҳудудда бугунги кунда ҳам улуғ аждодларнинг эзгу анъаналари бардавом. Бу ердаги кўплаб хонадонларда ҳозирда ҳам уста-ҳунармандлар яшашади. Улар дурадгорлик, мисгарлик, мусиқа асбоблари ясаш, ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, бешикчилик, қурувчилик, косиблик ва бошқа ота-боболаридан мерос ҳунарлар билан шуғулланиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мажмуанинг икки томонида ҳунармандлар учун ўттизта икки қаватли намунали уй-жой қурилиб битказилди. Ҳар бири 4,5 сотихдан бўлган ушбу уйлар хонадон, устахона ва дўкон сифатида  фойдаланишга мўлжалланган. Эндиликда бу масканга келганлар зиёрат қилиш билан бирга, усталар билан асрлар силсиласидан ўтган қўл меҳнати сирлари ҳақида суҳбатлашиши, қадри баланд ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиб олишлари мумкин. 

Фикр, муносабат, эътироф 

...Маънавият ва маърифатни ҳаётининг бош аъмоли деб билган халқимиз бугунги кунда Юртбошимиз раҳнамолигида ўз тарихининг янги саҳифаларини яратмоқда. Ёшу кекса — ҳар бир инсон юртимизда яшаб-ўтган улуғларнинг меросини тиклаш, муборак қадамжоларини обод этиш, уларга муносиб бўлиш ишқи, меҳри билан яшамоқда. Олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига баҳоли қудрат ўз улушини қўшишга интилаётир. Бундай эзгу ишлар халқимиз ҳамда дунё аҳли томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. 

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий:

— Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда кўплаб масжидлар қатори Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаси ҳам бунёд этилаётгани юртдошларимиз билан бирга дунёдаги бутун мўмин-мусулмонларни беҳад хурсанд қилди. Зеро, Шайх ҳазратларининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. У киши Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг Ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотлар ҳамда Иордания қироллик академиясининг аъзоси эди. Шайх ҳазратлари Миср Араб Республикасининг “Нил лаври” олтин нишонига сазовор бўлганди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, замонавий Ўзбекистон тарихида исломий илмлар бўйича ҳеч ким бу даражада юксак мавқега кўтарилмаган. Бу улуғ аллома турли диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Шайх ҳазратларининг ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги доимий чиқишлари, кўплаб китоблари, жумладан, аудио китоблари орқали юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг илми, сўзи ва ибратли амаллари билан Ватанимизга, динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб яратиб кетди, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. У кишининг илм ва ҳаёт йўли, бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш барчамизнинг бурчимиздир. 

 

Рушан АББАСОВ,

Россия муфтийлар кенгаши ва диний идораси раиси ўринбосари:

— Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, илм-фанни ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, жумладан, мўмин-мусулмонлар учун кенг шароитлар яратиш  борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар бугун дин масаласидаги нотўғри қарашларга, жаҳолатга барҳам беришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу давлатингиз раҳбарининг жаҳоннинг юксак минбарларидан туриб, хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида илгари сурган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг ҳаётдаги ифодасидир, десам адашмайман. 

 

Мухлис Муҳаммад ҲАНАФИЙ, Индонезиянинг Дор ал-Қуръон музейи директори:

— Юртингизда ислом илмининг асл манбаларини тадқиқ этиш, Имом Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби буюк алломалар қадамжоларини обод этиш, бебаҳо меросини ўрганиш борасида амалга оширилаётган беқиёс ишлар бутун ислом аҳлига катта қувонч, ғурур-ифтихор бахш этмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида дунё ҳамжамиятининг маърифий исломнинг эзгулик, бунёдкорлик моҳиятини чуқурроқ англашига имконият яратаяпти.   

 

Абдулҳадий ал-ҚАСАБИЙ,

Миср Араб Республикаси Парламенти аъзоси, Миср сўфий тариқатлари кенгаши раиси:

— Ўзбекистон — ислом дини ва маданияти тараққиётига пойдевор қўйган алломалар юрти. Бу замин дунё илм-фани бешикларидан бири бўлгани, ислом дини тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган алломаларни камолга етказгани билан ҳам қадрли ва муқаддасдир. Бу муҳтарам зотларнинг қадамжоларини зиёрат қилиш ҳар бир мусулмон учун катта шарафдир. Шу маънода Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” мажмуасини зиёрат қилиб, бениҳоя мамнун бўлдик. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қисқа вақт ичида бу масканнинг обод этилгани Ўзбекистонда аждодлар меросига бўлган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. 

 

Асқар ота ОБИДОВ,

Сузук ота маҳалласи фаоли:

— “Сузук ота” мажмуасига ҳар гал келганимизда руҳимиз енгил тортади. Бу ердаги ободончилик ишларини кўриб, ҳаммамиз қувончдамиз. Зиёратгоҳнинг бундан ўттиз-ўттиз беш йил аввалги ҳолати билан ҳозирги қиёфасини хаёлан таққослаб, шукроналар айтамиз. Илоҳим, бу эзгу ишларга бош-қош бўлганларнинг боши омон бўлсин, ғам кўрмасин!

 

 

Дилшод КАРИМОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

2570 марта ўқилди

Янгиликлар

Top