Ўзбекистон янгиликлари

“MAN Auto-Uzbekistan” автозаводига уламолар ташриф буюрди

Ўтган куни Самарқанд вилоятидаги “Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги илмий-амалий семинар доирасида муфтий ҳазратлари бошчиликларида таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, тажрибали имом-хатиблар ва мадрасалар мудирлари Жомбой туманида жойлашган “MAN Auto-Uzbekistan” юк автомашиналарини ишлаб чиқувчи завод фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ушбу ташриф чоғида ўзбек-герман қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди ҳамда ушбу заводда ишлаб чиқарилаётган техника намуналарини кўришди. Танишув жараёнида меҳмонлар қўшма корхонада замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган замонавий автобуслар, юк автомобиллари ва махсус автотранспорт воситларини кўздан кечиришди. Транспорт воситаларининг техник имкониятлари ҳақида маълумотларга эга бўлишди. Ҳар томонлама қулай, замонавий автотранспорт воситалари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

 

 

Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги намунавий шаклда ободонлаштирилган “Чоштепа” қабристонини ҳам зиёрат қилдилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисларда қабрларни бир-биридан фарқ қилмаган ҳолда бир текис бўлиши, яъни бири баланд, бири паст, бири ҳашамдор, бири қаровсиз бўлиши дуруст эмаслиги баён қилинган. Ислом дини манбаларида қабр ердан бироз кўтарилиши, қор ва ёмғирларда ювилиб, чўкиб кетмаслиги учун сомон аралаштирилган лой билан суваб туриш жоизлиги айтилган.
Муҳтарам Президентимизнинг қабристонларни обод қилиш ва қабрларни оддий бўлишига эътибор қаратиш борасидаги тавсияларидан келиб чиқиб, республикамизда жойлашган мозорларни имкон қадар юқорида қайд этилган шаклда қилиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан илмий-амалий семинар доирасидаги тадбирлар якунлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2109 марта ўқилди

Янгиликлар

Top