Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Уммонга озиқ-овқат ва текстиль маҳсулотлари сотади

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Ўзбекистоннинг Уммон султонлигидаги элчихонаси, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, ҳудудлардаги экспортёр корхоналар вакиллари Уммон султонлигининг нуфузли “Aytab Foodtech” компанияси вакиллари билан Тошкентда учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унда Уммонлик меҳмон Моҳиб Аҳмад ўз юртида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган товарларга қизиқиш ва талаб ошиб бораётганини маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасида банд бўлган тадбиркорларнинг тижорат таклифлари, улар етиштирган ва ишлаб чиқарган ўзбек маҳсулотларининг сифати ва нархлари унга манзур бўлган. Шу боис халқаро стандартларга мос равишда тайёрланган юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва истеъмол товарларини Уммонга импорт қилишда ҳамкорлик қилмоқчи.

Учрашувда тадбиркорлар экспорт учун ишлаб чиқараётган маҳсулотларини намойиш қилган бўлса, ҳокимият вакиллари юртимизда экспортёрларга берилаётган имтиёзлар ва инвестицион муҳитни яхшилаш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди. Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги Оқ-Олтин масъулияти чекланган жамияти ўзининг инвестицион лойиҳасини Уммонлик инвестор ва импортёрларга тақдим этди. Ана шу жараёнда “Aytab Foodtech” компанияси ва Оқ-Олтин корхонаси ўртасида келишувга эришилди.

Музокаралар якунида бир қатор корхоналар Уммонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериши тўғрисида келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2099 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « ТАЪЗИЯ Тошкентда янги мажмуа очилиш арафасида »

Янгиликлар

Top