Ўзбекистон янгиликлари

Меҳрибонлик уйида "Рамазони шариф муборак" тадбири ўтказилди

Етимларга яхшилик қилишда хайри барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган.

Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, Бақара сурасида: “Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: “Уларга ислоҳ қилиш яхшидир”, – деб айт...”, Анъом сурасида: “Етимларнинг молига яқин келманг...”; дейилган бўлса, бошқа бир сурада: “Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар”, дейилган.

Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли амал. Уларга таом, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундоқмиз”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар”. Тўртовлари ривоят қилган.

Агар етимларга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади.

Мана шундай фазилатли кунларда кўнгли ўксик болажонларга қувонч улашиш мақсадида Самарқанд шаҳар “Хўжа абду Дарун” жоме масжиди имом хатиби, масжид жамоаси ва эҳсонпарвар кишилар ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги 1-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олди.

Уларни муборак айём Рамазони шариф билан қутлаб, ҳақларига дуои хайрлар қилди. Шундан сўнг меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳар хил ширинлик ва егуликлар улашилди ҳамда уларнинг келажакда муваффақият ва саодат эшикларини очилишига, маданий ва ахлоқий савиясини юқорига кўтарилишига хизмат қилувчи икки юздан зиёд ўн турдаги илмий-бадиий китоблар меҳрибонлик уйи кутубхонасига совға қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2167 марта ўқилди

Янгиликлар

Top