Ўзбекистон янгиликлари

Коронавирус: Фарғонада имом-хатиблар нархларни сунъий равишда оширилишини олдини олиш борасида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида бандарига эслатма қилиб:

Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир” (155-157 оятлар) деган.

Яратган Роббимиз бугун бизга ана шундай синовлардан бирини юборган ҳолда бизни синамоқда. Бутун дунё бўйлаб тарқалаётган коронавирус инфекцияси бизни ҳам четлаб ўтмади. Бундай синовлар бизни сабрга, ҳамжиҳатликка ҳамда истиғфору дуоларни орттириб, Аллоҳга яқин бўлишга, бир сўз билан айтганда, савобли амалларимизни кўпайтиришга тарғиб этади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади”, дея марҳамат қилганлар.

Динимизнинг бу каби кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда имом-хатибларимиз жойларда аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. Жумладан, ушбу синовли кунларда тадбиркорлар томонидан нарх-наволарни ошириб юбормаслик, халқимиз эса саросимага тушмай бу Аллоҳнинг синови-имтиҳони эканини ҳис қилиб, ҳамжиҳатлик ила синовларни енгишга даъват этмоқдалар.

Қайд этиш лозимки, халқнинг бошига келган синовли кунларда ҳиммати ва саховатпешалиги билан ўрнак бўлаётган ватандошларимиз ҳам талайгина. Имом-хатибларимиз жойларда саховатли кишилар билан ҳам учрашиб, уларнинг ҳақига дуо қилдилар.

Шунингдек, тарғибот ишлари давомида аҳолига мутасаддилар томонидан берилаётган кўрсатмаларга амал қилиш, зарурат бўлмаган тақдирда кўчага чиқмаслик лозимлиги ҳақида ҳам кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб бормоқдалар.

 

 

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими

2275 марта ўқилди

Янгиликлар

Top