Ўзбекистон янгиликлари

Адабиётимизнинг етук намояндалари

Улуғ аждодларимизнинг ҳаётларини ҳаққоний таништириш бугунги глобаллашув даврида ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, мумтоз адабиётимизни асл ҳолида сақлаш ва уларга етказиш адабиёт соҳаси мутахассислари олдида турган долзарб масалалардан бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Буюк ўзбек шоирлари ва мутафаккирлари ҳисобланган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўлмас асарлари мана бир неча асрлардан буён халқимизнинг маънавий эҳтиёжини қондириб келмоқда. Мазкур шоирларнинг асарларига бўлган талаб ва эҳтиёж бирор асрда ҳам кам бўлмаган. 

2017 йили  11 февраль куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида буюк шоир, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудига 576 йил тўлиши ҳамда шоир, давлат арбоби, саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига 534 йил тўлиши муносабати билан “Ғазал мулкининг султони”, “Буюк давлат арбоби Бобурнинг ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси” мавзуларида бадиий кеча  бўлиб ўтди. Унда билим юрти мудири З. Мирсодиқов, мудир муовини А. Ғаниев, билим юрти мударрислари, ҳодимлари  ва барча талабалар иштирок этди. Тадбирга  навоийшунос олим, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети проректори, филология фанлари доктори Абдулҳай Собиров таклиф этилди. Тадбирни маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир муовини  А. Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбирда устоз Абдулҳай домла сўзга чиқиб, буюк мутафаккирларимизнинг қолдирган мерослари биз учун тенгсиз хазина эканлигини, уларни ўрганиб ҳаётга тадбиқ этиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, юртимизда бундай мутафаккирларимизнинг ижодларини ўрганишга бўлган эътибор юқори даражада эканлиги ва бу борадаги қилинаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, маърузачи Навоийнинг “Сирожул-муслимийн”, “Макоримул ахлоқ” асарларини, пайғамбарлар тарихига бағишланган “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтдилар. Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш йўлларини образлар орқали ёритиб берилганини талабаларга тушунтириб берди. Шунингдек, “Бобурнома” асари ҳам тарихий-мемуар асар эканлиги, унда тарих, география, адабиёт ва бир қанча фанлар ва соҳалар жамланган қимматли асар эканлиги таъкидланди. Тадбир давомида бу буюк мутафаккирларимизнинг ижодларидан намуналар тингланди.

Шундан сўнг билим юрти талабалари ўзлари тайёрлаган чиқишларини намойиш этишди. 3-курс талабаси Ихтиёр Комилов ва 4-курс талабаси Аҳмаджон Абдураззоқовлар буюк мутафаккирларимиз ижод намуналаридан ғазал, рубоий ва шеърлар ўқиб бердилар. Билим юрти талабалари томонидан тадбирга бағишлаб буюк мутафаккирларимиз сиймолари акс этган деворий газета (баннер)лар тайёрланди. Адабиётимизнинг етук намояндалари ҳисобланган бу буюк алломаларимизнинг қаламига мансуб асарлар ва бу буюк алломаларга атаб ёзилган бадиий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбир  сўнгида билим юрти мудири З. Мирсодиқов ташриф буюрган меҳмонга миннатдорчилик билдириб ўтди ва билим юрти номидан эсдалик совғалари топширди. 

 

А. ҒАНИЕВ,

 Маънавият ва маърифат масалалари

бўйича мудир муовини

6124 марта ўқилди

Янгиликлар

Top