Ўзбекистон янгиликлари

Умра-2017: Саудия сари дастлабки парвоз

Истиқлолимизнинг ўтган йиллари мобайнида, муборак Умра сафарини ташкил этиш борасида, катта ютуқларга эришилди. Бугунги кунда бу ишлар янада такомиллашиб, зиёратчиларга кўплаб қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Шу йилнинг 20 февраль куни, эрта тонгда, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Тошкент шаҳри зиёратчиларидан иборат дастлабки гуруҳи, Тошкент–Жидда йўналишида умра амалларини адо этиш мақсадида, Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.

Эрта тонгда, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари иштирокида, жами 230 нафардан иборат: зиёратчилар, ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, шифокорлар ва ошпазлар Саудия Арабистонига кузатилди.

Зиёратчиларимизга Маккаи мукаррамада “Аброж ал-Кисва” ва Мадинаи мунавварада “Нур ал-Мавадда” меҳмонхоналарига жойлашадилар. Уларга Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги бир неча йиллик ҳамкоримиз “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан хизмат кўрсатилади.

Зиёратчиларни Жидда шаҳри аэропортида кутиб олиш ва кузатиш тадбирлари Ҳаж ва Умра масалалари бўйича Атташе З.Абдуллаев бошчилигида, ишчи гуруҳи ва “ал-Ҳидоя” ширкати ходимлари билан биргаликда, уюшган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, зиёратчиларимизга ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, шифокорлар ҳамда моҳир ошпазларимиз хизмат кўрсатадилар.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги баҳорги умра мавсумида, 5500 нафар ва Рамазон мавсумида, 670 нафар фуқароларимизнинг умра зиёратига бориши режалаштирилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўртасидаги келишувга кўра, “Умра-2017” баҳор мавсуми зиёратчиларини кузатиш 1 апрелга  қадар давом этади.

Аллоҳ таолодан, умра амалларини адо этиш учун сафарга чиққан азиз юртдошларимизга, амалларни мукаммал бажариб, жонажон Ватанимизга, ота-она, фарзандлари бағрига соғ-саломат қайтишларини сўраб қоламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Халқаро алоқалар бўлими

8301 марта ўқилди

Янгиликлар

Top