Ўзбекистон янгиликлари

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар эътироф этилди
Ўзбекистон дунё нигоҳида
 
Миср Араб Республикасининг ҳар куни қарийб 2 миллион нусхада чоп этиб келинаётган нуфузли “Ал-Хабар ал-ёум” (“Кун хабари”) газетасида “Ўзбекистонда Имом ал- Мотуридий номидаги халқаро илмий- тадқиқот маркази ташкил этилди” сарлавҳали мақола (https://alkhabaralyoum.com/index.php/more/tech/21994) чоп этилди. 

Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида яна бир нуфузли илм-маърифат маскани ташкил этилгани кенг ёритилган. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар кенг таҳлил этилган мақолада ислом оламидаги буюк аллома Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлодни умумий эзгу инсоний ғоялар руҳида тарбиялаш ва мафкуравий иммунитетни шакллантиришда ушбу марказ фаолияти муҳим аҳамият касб этиши ҳақида сўз боради. 

Мақолада ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқ ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш каби муҳим масалаларга эътибор қаратилади. 

“Қарор матнида марказ ва муассасалар ўртасида самарали халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсатилган. Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши диний-маънавий соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичини ўрганишга имкон беради”, деб ёзади газета. 

Дарҳақиқат, Мотуридий мероси ислом динининг асл фитратини намоён қилиб, жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшадиган ноёб манба ҳисобланади. Зеро, бу каби бебаҳо маънавий маҳзанни ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. 
 
 
ЎзА
1756 марта ўқилди

Янгиликлар

Top