Ўзбекистон янгиликлари

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти турк жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотмоқда

Аввал хабар берганимиздек 17 декабрь куни онлайн шаклда «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази: истиқболдаги режалар» мавзусидаги халқаро матбуот анжумани ташкил этилди. Мазкур тадбирда Туркия жамоатчилиги вакиллари ҳам фаол иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Халқаро онлайн матбуот анжуманида Туркиядан Диёнат ишлари бошқармаси раиси, профессор Али Эрбаш, Ибн Халдун университети ректори, профессор Режеп Шентурк, Анқара университети ўқитувчиси – мотуридийшунослик бўйича етук олим Сўнмез Кутлу каби туркиялик профессор-ўқитувчилар иштирок этиб, ўз фикрларини билдирди.
Али Эрбаш, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси:
— Мовароуннаҳр – ислом тамаддунининг забардаст марказларидан бири. Дарҳақиқат, Беруний, Ибн Сино, Али Қушчи, Мирзо Улуғбек каби дунёга зиё сочган мутафаккирлар ушбу заминда етишиб чиққан. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Абулмуъин Насафий, Баҳоуддин Нақшбандий каби олимлар ушбу диёрнинг башариятга армуғонидир. Ислом динида мужассам тинчлик, ҳикмат ва омонлик моҳиятини айнан ушбу алломалар бутун дунёга таратган. Бизлар айни эътиқод ва тил, муштарак тарих ва маданият мансублари, Мовароуннаҳрдан етти қитъага илм, ҳикмат ва муҳаббат олиб борган тамаддуннинг вакилларимиз.
Режеп Шентурк, Ибн Халдун университети ректори:
— Ўзбекистондан етишиб чиққан неча-неча буюк олимлар бор. Уларга оид асарларнинг кўпи бизнинг кутубхоналаримизда қўлёзма ва босма ҳолатда сақланмоқда. Ушбу асарлар ҳар доим мутолаа қилинади ва ўқитилади. Ўзбекистон халқининг, давлатининг, олимларининг ва ёшларининг Имом Мотуридий каби буюк бир ўзбек алломасини ва унинг тафаккур меросини асраб-авайлашини чуқур эҳтиром ва чексиз ташаккур ила олқишлайман. Бунинг натижасида Ўзбекистон тарихда бўлгани каби яна қайтадан бутун дунё зиёлилари, олимлари ва талабалари учун жозибадор илм марказига айланмоқда.
Сўнмез Кутлу, Анқара университети ўқитувчиси, мотуридийшунослик бўйича етук олим:
— Туркияда мотуридийшунослик бўйича қатор илмий тадқиқотлар амалга оширилган. Жумладан, шу кунга қадар Имом Мотуридий ва унинг таълимоти мавзусида 6 та симпозиум ўтказилиб, 2 та журналнинг махсус сони чоп этилган. Шунингдек, мавзуга тааллуқли 100 дан ортиқ китоб, 10 га яқин тўплам нашрга тайёрланган. Бундан ташқари Мотуридий илмий меросига бағишланган 58 магистрлик диссертацияси, 29 та докторлик илмий иши ҳимоя қилинган. Биз ушбу илмий тадқиқотларнинг нусхаларини Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига тақдим этишга тайёрмиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1434 марта ўқилди

Янгиликлар

Top