Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиб ва саховатгўй кишилар сабаб бир хонадонга хурсандчилик кирмоқда

Дунё – синов ва имтиҳон майдони. Аллоҳ таоло бандаларини турли йўллар билан синайди. Ана шундай синовлардан гўзал тарзда ўтган бандаларини жаннатга киритишини ваъда қилган.

Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов Фурқат туманига бўлган ташрифи чоғида ибратли бир ҳолатга дуч келди.

25 ёшли Муҳиддин Муҳаммаджонов II гуруҳ ногирони, унинг эшитиш ва гапириш имконияти ҳам чеклаган. Қолаверса, моддий жиҳатдан ҳам кўмакка муҳтож эди. Шундай бўлса-да, у борига шукр қилиб, сабр-қаноат ила яшашга ўрганган. Бу ҳолатни Фурқат тумани “Ингичка” масжиди имом-хатиби Носиржон Алиматов ҳамда саховатгўй кишилар эътибордан четда қолдирмадилар. Барчалари бирлашиб, Муҳиддиннинг хонадонини таъмирлашга киришдилар. Ҳозирда таъмирлаш ишлари якунига етиб қолди. Уйни таъмирлаб бўлгандан сўнг Муҳиддинни ўзига муносиб жойдан уйлантириб қўйиш ҳаракатимиз ҳам бор, – дейди Носиржон Алиматов.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бева ва мискинларга ёрдам берувчи киши Аллоҳ таолонинг йўлидаги мужоҳид кабидир”, – дея марҳамат қилганлар.

Шундай экан, биз мусулмонлар бундай савобли ишларга доимо шошилишни ва бу ишда мусобақалашишни ўзимизга лозим тутсак, улкан ажру савобга эришамиз. Шу билан бирга, жамиятда ночор ва заиф инсонларни камайишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

 

Р.Жалилов,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими

1480 марта ўқилди

Янгиликлар

Top