Ўзбекистон янгиликлари

«The Kabul Times»: Ўзбекистоннинг диний эркинликларни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро майдонда эътироф этилмоқда

Афғонистонда инглиз тилида чоп этиладиган «The Kabul Times» газетасида «АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни бузувчи давлатлар рўйхатидан тўлиқ чиқарди» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Материал муаллифи 2020 йил 7 декабрь куни АҚШ Давлат департаменти томонидан тарқатилган расмий баёнотга кўра, Ўзбекистон диний эркинликлар соҳасида АҚШнинг “Махсус кузатув рўйхати”дан чиқарилгани ҳақида сўз юритган. Бунга Ўзбекистон ҳукумати томонидан сўнгги йилларда эришилган “муҳим, аниқ ютуқлар” асос бўлгани маълум қилинган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон айни пайтда диний эркинликлар тўлиқ таъминланаётган мамлакатлардан бири сифатида тан олинган.
АҚШ Давлат департаментининг ушбу қарори Ўзбекистон Конституциясининг 28 йиллиги арафасида қабул қилингани рамзий маъно касб этиши, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек мамлакатда миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган чуқур демократик ислоҳотларнинг эътирофи ўлароқ урғуланади.
АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича махсус элчиси Сэм Браунбэк АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг мазкур қарорини Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилган диний эркинлик соҳасидаги қатъий садоқат, машаққатли меҳнат ва туб ислоҳотларнинг натижаси, деб эътироф этгани таъкидланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1317 марта ўқилди

Янгиликлар

Top