Ўзбекистон янгиликлари

Аллоҳ илм ато этилган зотларни баланд мартабаларга кўтарур

Бухоро сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Алижон қори Ҳайдаров етти пир силсиласининг иккичи буюк устози замини Шофиркон туманидаги Хўжа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу қадамжолари яқинидаги жоме масжидга ташриф буюрди. Масжид аҳли билан пешин намозини адо этиб, илмий-маърифий мавъиза қилиб берди.

Мавъиза давомида Бухоро заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, Бухоро заминининг Ислом цивилизацияси ривожидаги тутган ўрни, фарзанларимиз тарбиясига буюк илмий меросимизнинг аҳамияти хусусидада илмий суҳбат ўтказилди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм излашни, илм ўрганишни барча мусулмон бандаларига буюрган. Қуръони Каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, деб марҳамат қилади (Мужодала сураси, 11-оят).

Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан илм ва илм аҳлларининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят этилади. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, – деб марҳамат этдилар. Сўнг яна у зот алайҳиссалом: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва ниҳоят денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади”, – дедилар. Бу ҳадисни ҳамюртимиз Имом Термизий ҳам ривоят этганлар.

Бугунги кун ёшлари динимиз аҳкомлари ва уламоларимизнинг илмий меросларини ўрганиш билан бирга, уни ҳаётга татбиқ қилсалар, ўйлаймизки келажак ёш авлоддан буюк алломалар етишиб чиқса ажабмас.

Суҳбат давомида устоз масжид аҳлидан тушган саволларга жавоб берди. Маъруза сўнггида Аллоҳдан юртимизнинг тинчлиги, барқарорлигини ва ўтганларимиз ҳақига дуои-хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

763 марта ўқилди

Янгиликлар

Top