Ўзбекистон янгиликлари

«The Evening Standards» нашри: Самарқанд сайёҳлар учун янада жозибали масканга айланди

Буюк Британиянинг етакчи «The Evening Standards» газетаси саҳифасида «2022 йилда сайёҳлик учун рўйхат» сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Унда Ўзбекистон «саргузашт сайёҳлиги» йўналишида боришга тавсия этилган энг муҳим мамлакатлар рўйхатидан жой олган.

Ўзбекистон элчихонасидан тақдим этилган маълумотга қараганда, мақолада 2021 йилнинг декабрь ойида Самарқанд шаҳрида ишга туришилган янги халқаро аэропорт ушбу қадимий кентни хорижий сайёҳлар учун янада жозибали масканга айлантиргани алоҳида қайд этилган. «Сайёҳларга қулайликлар яратиш, мамлакатда тезюрар поездлар тармоғининг кенгайиши ҳисобидан пойтахт билан Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар ўртасида тезкор алоқани таъминлаш имконини яратди», - деб ёзади нашр.

Мақолада муҳташам шароитларни хуш кўрувчи сайёҳларга Тошкентдаги «Hyatt Regency» каби ҳашаматли меҳмонхоналарда дам олиши, архитектура ва маданият мухлислари эса яқинда япониялик машҳур меъмор Тадао Андо бошчилигида барпо этилган Давлат санъат музейига ташриф буюриши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган. «Пойтахт яқинидаги Чотқол тоғ тизмаларида «Амирсой» чанғи курорти мавжуд бўлиб, у қишки спорт турлари ишқибозлари учун машҳур жойга айланиб қолган», - дейилади мақолада.

Шунингдек, «The Evening Standards» газетаси жорий йилда Италия, Испания, Ирландия, Польша, АҚШ, Руанда ва Шри-Ланка бўйлаб саёҳат қилишга доир ўз таклифларини ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилган.

«The Evening Standards» газетасига 1827 йилда асос солинган. Ушбу нашр фақат тунда муштарийларга тарқатилади. Айни пайтда газетанинг кундалик адади қарийб 700 минг нусхани ташкил этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1088 марта ўқилди

Янгиликлар

Top