Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора мутахассислари Германиядаги кутубхоналар фаолияти билан танишди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов, ушбу бўлим етакчи мутахассиси-реставратор Саидраҳмат Икромов, Диний идора Зиёрат туризмини илмий ривожлантириш сектори мудири Жаҳонгир Саломов ҳамда Шарқ қўлёзмалари бўйича мутахассис Абдулҳамид Жуманов хориж мамлакатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Ташриф давомида кутубхоналардаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг нусхалари билан танишдилар. Кутубхонада китобларни сақлаш, рақамлаштириш ва улардан фойдаланишга оид давра сухбатлари ҳам бўлиб ўтди. Сухбат жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

Германия. Берлиндаги Ислом санъати музейи

Жорий йилнинг 21 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси вакиллари кўмагида Берлин шаҳридаги Ислом санъати музейига ташриф буюрди. Меҳмонларни музей раҳбари Мюллер Вайнер кутуб олиб, қўлёзма ва бошқа санъат асарлари сақланадиган фонд билан яқиндан таништирди. Фонд нодир асарларни сақлашга мўлжалланган барча талаблар асосида фаолият олиб бормоқда.

Германия. Берлин шаҳридаги Берлин давлат кутубхонаси

Шу йил 21 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Берлин шаҳридаги Берлин давлат кутубхонасида бўлди. Кутубхонада 42 минг жилд қўлёзма бор. Улар Африка, Осиё, Эрон ва араб давлатларидан келтирилган. Шулардан 20 минг жилд қўлёзма Ислом динига оид. Мазкур кутубхона қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш бўйича катта тажрибага эга.

Ташриф давомида Берлин давлат кутубхонасида китобларни сақлаш, рақамлаштириш ва улардан фойдаланишга оид давра суҳбати бўлиб ўтди. Сухбат жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Германия. Лейпциг шаҳридаги Лейпциг университети кутубхонасининг қўлёзмалар маркази

Жорий йил 22 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Германиянинг Лейпциг шаҳридаги Лейпциг университети кутубхонасининг қўлёзмалар марказига ташриф буюрди. Марказ Германиядаги қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш бўйича биринчи ўринда туради. Лейпциг кутубхонасининг 12 та биноси мажуд. Кутубхона эрталаб соат 08:00 дан кечаси 24:00 га қадар ишлайди. Марказ масъуллари Диний идора ходимларини у ерда олиб борилаётган консервация ва реставрация тадбирлари билан яқиндан таништирди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Учрашувлар якунида мезбонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ва кутубхона ходимлари билан тажриба алмашишга, улар учун махорат дарсларини ташкил этишга тайёр эканликларини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1550 марта ўқилди

Янгиликлар

Top