Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродова вафоти муносабати билан ҳамдардлик

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги оғир жудоликка учради.

Машҳур фермер, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, таниқли жамоат арбоби Лолахон Муродова оғир касалликдан сўнг шу йил 30 май куни 64 ёшида вафот этди.

Бутун мамлакатимизнинг ғурур ва ифтихори бўлган Лолахон Муродова 1958 йил 9 мартда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг меҳнат фаолиятини Олтиариқ туманидаги “Нуробод” жамоа хўжалигида механизатор сифатида бошлади, ўз ҳаётини мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи бўлган қишлоқ хўжалиги билан боғлади.

Ёшлик йилларидан бошлаб деҳқончилик илмини пухта ўрганган Л.Муродова жамоа хўжалигида бош пудратчи, бўлим бошлиғи, хўжалик раиси каби лавозимларда фидокорона меҳнат қилиб, ишни ташкил этиш, мўл ҳосил етиштириш, хўжаликни самарали бошқариш соҳасида катта тажриба орттирди.

Фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилиши билан моҳир ва миришкор деҳқон мамлакатимизда биринчилардан бўлиб “Нурли обод” фермер хўжалигига асос солди ҳамда ернинг ҳақиқий эгаси сифатида юртимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ва уни янги босқичга кўтаришга катта ҳисса қўшди.

Ўз фаолиятида доимо янгиликка интилиб, эзгу ташаббуслари билан барча фермерларга, айниқса, ёшларга ибрат бўлиб яшаган Л.Муродова Янги Ўзбекистон шароитида алоҳида жонбозлик ва ғайрат-шижоат кўрсатиб ишлади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор агротехнологияларни, бошқарувнинг замонавий усуллари ва самарали воситаларини қўллаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ёш фермерлар авлодини тарбиялашда ўзига хос тажриба мактабини яратди.

У ўз фолияти билан Ватанга муҳаббат ва садоқатнинг, касбига фидоийликнинг ҳақиқий намунасини намоён этди. Айнан ана шундай олижаноб фазилатлари билан Лолахон опа бутун халқимиз учун ўзбек аёлининг ҳақиқий тимсолига айланди.

Эл-юрт ишига умрини бағишлаган қаҳрамон фермер жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. Унинг бу борадаги серқирра фаолияти ёшларни, хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларни иш билан таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишида яқиндан кўмак бериш, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод этиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган эзгу ишларида яққол намоён бўлди.

Л.Муродова Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида ҳам самарали иш олиб бориб, мамлакатимиз ҳудудларини ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилишда ҳам фаоллик кўрсатди.

Лолахон Муродованинг мамлакатимиз ва халқимиз олдидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари ҳамда “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони билан мукофотланган эди.

Атоқли фермер, қишлоқ хўжалиги илмининг етук намояндаси, таниқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон, халқимизнинг фидойи фарзанди Лолахон Муродованинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади. 

 

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, Ш.Ғаниев, Х.Бозоров, А.Ҳайитов

1230 марта ўқилди

Янгиликлар

Top