Ўзбекистон янгиликлари

“Аллоҳ сизнинг суратингизга эмас, қалб ва амалларингизга боқар”

Яхшилик нима ва уни кимлар қилади. Унинг меъёри, катта-кичиги, чегаралари борми? Ким ёки нимагадир ёрдам қилиш учун, имкон, вақт ва шарт-шароит кутиладими, тўрт муча соғ бўлиши, белни бақувват тутадиган мол-дунёга эга бўлиш керакми? Бу саволларга лўнда қилиб “йўқ” деб жавоб берамиз. Негаки, яхшилик учун аввало истак, ихлос ва ҳаракат бўлишининг ўзи етарлидир.

Жамият аъзолари қандай ижтимоий қатламга мансуб бўлмасин ўз-ўрнига эгадир. Кимнидир қандайдир камчилиги сабаб четга суриш адолатдан эмас. Шу мантиққа асосан Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида гапириш ва эшитишида нуқсони борлар билан алоҳида ишлаш йўлга қўйилган. Уларга масжид имомлари томонидан ҳафта икки марта динимиз асослари, ҳалол-ҳаром масалалари, бағрикенглик сингари зарурий мавзулар бўйича дарслар ўтилмоқда.  Мазкур дарсларда таълим олаётган жисмоний имконияти чекланган юртдошларимизнинг динимизга бўлган муҳаббати, илм бўлган иштиёқи, қизиқиши, ғайрату шижоати олқишларга сабаб бўлмоқда.

Яна ҳам эътиборлиси, бу юртдошларимизнинг Аллоҳнинг уйига – масжидларга бўлган муҳаббатидир. Куни кеча жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзолари бўлган мазкур жисмоний имконияти чекланган ватандошлар масжид аҳлига ўз миннатдорчиликларини амалий равишда кўрсатишга бел боғладилар. Кўнгилли равишда Аллоҳнинг байтини тозалашда куч-ғайрат кўрсатдилар.

Уларнинг бу саъй-ҳаракатлари айримларимизга бир қанча хулосалар бериши билан бирга, бошқаларга буюк ибрат ҳамдир. Негаки, улар “Биз бунга мажбур эмасмиз, шунча соғлом кишилар турганда, бизнинг вақт сарфлар оввора бўлишимизга не ҳожат” демадилар, балки “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар обод қилур”, (Тавба, 18-оят) оятига мансуб кишилар сафида бўлишни афзал билдилар.

Динимизга кўра инсоннинг Аллоҳ наздидаги қадри иймонидаги самимиятга боғлиқ. Ташқи кўриниш, жисмдаги мукаммаллик, молу давлат, обрў-эътибор токи ихлос билан қоришмас экан Ҳақ таоло учун сариқча аҳамияти йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсоннинг Аллоҳ наздидаги қийматини ифодалайдиган нарса ташқи кўриниши эмаслиги “Аллоҳ сизнинг суратингизга ва мол-давлатингизга боқмас, балки қалбингизга ва амалларингизга боқар”, (Имом Муслим ривояти) шаклидаги ҳадисларида урғу қаратганлар.

Шунинг учун инсон ким, қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар яхшилик пайида бўлиши, имконият доирасида  эзгулик ишларига ҳиссасини қўшиши лозим.  

 

 

 

 

 

 

 

 

 Ўзбекистон мусулмонлари  идораси Матбуот хизмати

 

999 марта ўқилди

Янгиликлар

Top