Ўзбекистон янгиликлари

Зайниддин домла Эшонқулов: Расул алайҳиссаломнинг шафоатлари ер юзидаги дарахтлар ададичадир (фотолавҳа)

Дарахтларсиз сайёра чўлга айланади. Уларсиз эса ҳар бир тирик жонзот учун яшаш оғирлашиб қолади. Бу ажойиб ўсимликлар Ҳақ таоло яратган нарсаларнинг энг ғаройибларидан.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ўзингиз ёқадиган оловни ўйлаб кўринг-а! Унинг дарахтини сиз яратгансизми ёки Биз яратувчимизми?” (“Воқеа” сураси, 71–72-оятлар).

Қуръони каримда бир неча ўринларда дарахтларнинг хусусиятлари зикр қилинган. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларни экишга тарғиб қилганлар. Уларнинг дунёдаги борлиқ ва жонзотлар учун манфаатлари билан бирга охиратда ҳам улкан фойдалари бор.

Мубарак ҳадиси шарифда: “Бурайда розийаллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, у зот алайҳиссалом бундай дедилар: “Албатта, мен қиёмат кунида шафоат қилмоқлигим ер юзидаги дарахтлар ададича бўлишлигини умид қиламан”, дея марҳамат қилинади.

Қиёмат кунидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоатларидан умидвор бўлмаган уммат бўлмаса керак. Кимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоат қилсалар, у албатта жаннатга киради. Демак, ер юзида қанча дарахт кўп бўлса, қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари ҳам шунча кўп бўлади, иншаАллоҳ.

Дарахт экишга даъват этувчи ҳадиси шарифларга шарҳ берган Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ бундай деган эдилар: “Уламолар касбларнинг энг афзали ва яхшиси қайси эканлиги борасида мунозара қилганлар. Баъзилари тижорат деган бўлсалар, айримлари қўл меҳнати, яна бошқалари эса экин экиш деганлар ва мана шу қавл, яъни экин экиш энг тўғридир”.

Сўнги вақтларда дарахт ва кўкаламзорларнинг камайиб кетиши табиатга жиддий зарар келтиришни бошлаган эди.

Маълумки, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” экологик лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш орқали юртимиз яшил майдонларини амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган эди.

Мана шу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги бир қанча ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, Пайариқ туманида “Имом Бухорий авлодлари” боғи ташкил қилиниб, унга 5 минг туп кўчат экилди. Каттақўрғон тумани “Хўжа Абдураҳмон ота” жоме масжиди ёнидаги 3 гектар майдонида “Сўфи Аллоҳёр” боғи, Пастдарғом тумани “Норқул бобо” масжиди ҳудудидаги “Эзгулик” боғи ташкил қилиниб, у ерларга жами 15 тўп мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилди.

Шунингдек, Қўшработ тумани Навкат маҳалласидаги “Эргаш” фермер хўжалигига 200 туп, Самарқанд туманидаги “Арабхона” жоме масжиди ҳудудида 150 туп мевали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Шу кунларда Самарқанд туманидаги сайёр учрашувларда вакиллик ходимлари, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, тажрибали имом-хатиблар ҳамда тумандаги масжид имом-хатиблари томонидан 150 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Самарқанд вилоятида ўтказилаётган сайёр учрашувлар чоғида қатнашчилар қайси шаҳар ёки туманда йиғилса, албатта, ўша ерда бир боғ ташкил этиш одат тусига айланган.

Шу маънода вилоятимиздаги “Яшил макон” доирасидаги кўкаламзорлаштириш ишларида имом-хатиб ва барча диний соҳа вакиллари фаол иштирок этиб келмоқда.

Биз аҳли илмлар сифатида “Яшил макон” умуммилий лойиҳасини қўллаб-қувватлашимиз, аҳолига ҳам бу савобли амалдан четда қолмасликни тарғиб этишимиз ҳам мусулмонлик, ҳам инсонлик вазифамиздир.

Аслида ҳар бир киши ўз-ўзига: “Шу кунга қадар қанча кўчат экдим”, деган  саволни бериши лозим. Бу хайрли ташаббусдан четда қолиб кетмайлик. Кўчат экиш орқали одамларнинг ҳаёт фаровонлиги, мўминларнинг манфаат олиши ҳамда табиатнинг янада кўркам бўлишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз, иншоаллоҳ.

Бундай кишилар фақат ўзини ўйламайди, балки ён-атрофдаги инсонлар  манфаатини ҳам кўзлаб иш тутади, яхшиликнинг кўпайишига сабаб бўлади. Динимизда бундай ишлар қадрланади.

Келинг, азиз юртдошлар ҳар биримиз мана шундай улкан ажр-савобларга мушарраф бўлишга шошилайлик!

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

1587 марта ўқилди

Янгиликлар

Top