Ўзбекистон янгиликлари

“Саҳиҳи Бухорий” асарининг тақдимоти ўтказилди

Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Имом Бухорий қаламига мансуб “Саҳиҳи Бухорий” асарининг ўзбек тилидаги шарҳи китобининг тақдимоти ўтказилди.

Унда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, IRCICA Бош директори маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Мўминов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Академия профессор-ўқитувчилари, таниқли олимлар, диний-маърифий соҳа вакиллари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари ходимлари иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда қатнашчилар ZOOM дастури орқали орқали онлайн тарзда иштирок этишди.

Тадбир Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда “Ҳилол-нашр” матбаа нашриёти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маросимни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов олиб борди.

Тақдимотни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб, ўз нутқида Ўзбекистон – дунё тамаддуни ва ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аждодларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков сўзга чиқиб, Ислом оламида “Имом ал-Муҳаддисийн” (Барча муҳаддисларнинг пешвоси) деб ном берилган ҳадис илмининг буюк олими Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан сўнг асосий манба сифатида эътироф этилиши, бирор ҳадис манбаси “Саҳиҳ ал-Бухорий” китоби каби шарҳланишга мушарраф бўлмагани, унга бир юз элликка яқин шарҳлар ёзилгани, турли тилларга таржима қилингани, хусусан, мазкур нашр тадқиқот, асл матн, илмий-изоҳли таржима ва зарур шарҳлардан иборатлиги, кўп жилдлик шарҳнинг илк тадқиқот қисми эса муҳаддислар султонининг ҳаёти ва ижоди, ҳадис илми тарихи, унинг ривожланиши, у ҳақдаги назарий масалалар, мазкур соҳада қалам тебратган олимлар ва уларнинг асарлари, айниқса, санад силсилаларига бағишланганини алоҳида таъкидлаб, мазкур мўътабар тўплам – “Саҳиҳи Бухорий”нинг илмий-изоҳли таржимаси ва шарҳининг илк нашрини барчамизга манфаатли қилишини сўраб хайрли тилакларни билдирди.

Шунингдек, тақдимотда сўзга чиққанлар буюк алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, кенг афкор оммага, хусусан, ёшларга етказиш муҳим эканини таъкидлашди.

Тадбир ниҳоясида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1995 марта ўқилди

Янгиликлар

Top