Ўзбекистон янгиликлари

“Йил имоми – 2022” танлови ғолиби ҳаж йўлланмаси билан тақдирланди

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 29 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Республикамиздаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми – 2022” кўрик танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган имом-хатиблар беллашдилар.

Мусобақанинг Республика босқичи қатнашчилари тафсир, ақоид, фиқҳ, ислом тарихи, ҳадис илмлари, Мовароуннаҳр алломалари ҳаёти ва ижодига оид саволларга жавоб беришди ҳамда ўз фаолиятлари давомида амалга оширган ишларини тақдим қилишди. Мусобақа қатнашчиларининг чиқишлари малакали ҳакамлар ҳайъати томонидан адолат мезонлари асосида муносиб тарзда баҳолаб борилди.

Танловда қатнашган имом-хатиблар орасидан қуйидагилар 1-, 2-, 3-ўринларни қўлга киритдилар:

1-ўрин – Андижон вилояти Андижон шаҳридаги “Ғиштли” жоме масжиди имом-хатиби Ботиржон домла Тожибоевга I даражали диплом ва Ҳаж сафари йўлланмаси;
2-ўрин – Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Эшон бобо” жоме масжиди имом-хатиби Ибодулло домла Усмоновга II даражали диплом ва Умра сафари йўлланмаси:
3-ўрин – Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги “Ислом Нури” жоме масжиди имом-хатиби Аҳадхон домла Собировга III даражали диплом ва 10 млн 500 минг сўм пул мукофоти топширилди.

Маълумот учун, республикамизда 2 116 та масжид фаолият юритмоқда. Жорий йилда шу вақтга қадар 12 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Айни кунларда юртимизда 325 та масжид қайтадан қурилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, масжидлар ҳолатини яхшилаш ва имом-хатиблар томонидан халқимизнинг диний-маърифий билимларини ошириш, маънавиятини юксалтириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Мазкур йўналишда йил бошидан шу пайтга қадар 170 минг маротаба учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Имом-хатиблар ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда “Саховат”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйларига, ижтимоий кўмакка муҳтож, меҳнат фахрийлари, нуроний кексалар ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларга 30 млрд. сўмлик хайриялар қилинди.

Аллоҳ таоло барчаларига ғолибликни муборак айласин, қолган иштирокчиларга ҳам келгусида муваффақиятлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими

2655 марта ўқилди

Янгиликлар

Top