Ўзбекистон янгиликлари

Қабулга келган фуқаролар эҳтиёжи таъминланди

Шу йил 14 декабрь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари турли ҳудудлардан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини қондириш йўлида амалий чоралар кўрилди.

Қабул жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, оилавий масалалар, диний таълим ва моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.
Оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.

Жумладан, моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган бир фуқаронинг уйини иситиш учун иситиш қозони тақдим этилди, банк картасига “Вақф” хайрия жамоат фондининг Тошкент вилояти филиали томонидан 2 миллион сўм моддий ёрдам берилди.

Бундан ташқари, Фонднинг Тошкент шаҳар филиали томонидан айни масалада мурожаат қилган фуқаронинг пластик картасига 3 миллион сўм моддий ёрдам берилди. Уй рўзғорида қийинчилик бўлгани сабаб яна бир фуқарога Фонднинг Андижон вилояти филиали томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий университетида таҳсил олаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 нафар кўзи ожиз талабанинг ҳол-аҳволи Фонд томонидан ўрганилиб, бирламчи ёрдам сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Таъкидлаш жоизки, моддий ёрдамлар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўрнатилган тартиб ва тегишли ҳужжатлар асосида тақдим этилади.

Мана шундай қабул жараёнлари Муфтий ҳазратларининг ташаббуслари билан мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1011 марта ўқилди

Янгиликлар

Top