Ўзбекистон янгиликлари

Азалий анъаналар бардавом

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам эҳтиёжманд, оиласида ногиронлиги бор, боқувчисидан айрилган, ётиб қолган, якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг уйларига 17 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Рўзадор отахон ва онахонларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, саховатпеша ҳомийлар томонидан ифторликлар ташкил этиб берилаётир.

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш, унинг қонуний манфаатларини ҳимоялашга қаратилган. Бу борадаги изчил саъй-ҳаракаталар эса халқни рози қилиш, уларни эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Кексаларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, ҳурматини жойига қўйиш, эҳтиёжманд, ногирон, ўзгалар кўмагига муҳтож нуронийлар ҳолидан хабар олиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган азалий анъаналардандир.  

Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, боқувчисини йўқотган ва кексаларга меҳр-муруват кўрсатиш ҳамда қувонч улашиш азалдан ўзбек халқига хос фазилатлардан саналади. Бу каби саховат тадбирлари айниқса муборак Рамазон ойида янада яққол намоён бўлмоқда.  

Ана шу анъаналарга содиқ ўлароқ, Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 2-сектор ҳудудига қарашли “Тоқчилик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир қатор ўзгалар кўмагига муҳтож хонадонлар ҳолидан хабар олди, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ётиб қолган, кекса фуқароларга 17 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари улашиб, уларга сиҳатлик тилаб, кўнгилларини кўтарди.  

Бундан ташқари, туман ҳокими ифторлик вақтига қадар шу маҳалладан йўл масалалари бўйича қилинган мурожаатларни жойида бориб ўрганди ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ишларни тез фурсатда бажаришга келишиб олинди.  

Юртимизда муборак Рамазон ойи давом этаётган қутлуғ кунларда тумандаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини “Қумри ая” тантаналар мажмуасида бир гуруҳ нуронийлар ҳамда рўзадорларга Рамазон ойи муносабати билан туман “Маҳалла” фонди бўлинмаси томонидан ифторлик дастурхони ёзилди. Унда, рўзадор фуқаролар билан бир дастурхон атрофида туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев ҳам иштирок этди.  

Ифторлик сўнгида Қуръон тиловат қилиниб, ўтганларнинг руҳи покига бағишланди, Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровон ҳаёт, деҳқончиликка, чорвачиликка ва бошқа барча соҳаларга қут-барака ва унум сўралди.  

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА

707 марта ўқилди

Янгиликлар

Top