Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорада Давлат маслаҳатчиси билан учрашув бўлиб ўтди

2017 йил 1 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши кураш борасидаги вазифалар ижроси ҳамда хориждаги меҳнат мигрантлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан диний соҳа ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси-Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Қ.Қуронбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг раҳбар ходимлари, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университети талаба-ёшлари қатнашди.

Шу йил 15 ноябрь куни Президентимиз раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Мана шундан келиб чиқиб, сўзга чиққан нотиқлар имом-хатиблар жойлардаги чиқишларида, кенг аҳоли қатлами билан учрашувларида жиноят содир этиш жуда ҳам оғир гуноҳ экани, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бундай хатти-ҳаракатлар қаттиқ қайтарилганини жонли мисоллар орқали таъсирчан қилиб, тушунтиришлари зарурлиги йиғилишда алоҳида таъкидланди.

Жиноятнинг сабабларидан бири – қилаётган ишининг жиноят эканини, гуноҳ эканини билмасликдир. Аввало ана шу жаҳолатга қарши курашиш керак. Бир ишнинг гуноҳ эканини билган одам албатта ундан қайтади. Жиноятнинг қайси бир турини олиб қараманг, динимиз, инсонийликка хилофдир. Одам ўлдириш, ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик – буларнинг барчаси инсон ҳаётига зарар эканини тушунтиш диний соҳа ходимлари ва зиёлилар зиммасидаги муғим вазифа экани алоҳида қайд этилди.

Дарҳақиқат, ҳар қандай жиноят Қуръони карим оятларида, ҳадиси шарифлардаги ҳикматларда ва улуғ аждодларимиз ўгитларида қаттиқ қайтарилган. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мункар, гуноҳ ишга қарши курашга чақириб, қуйидаги ҳадиси шарифда шундай деганлар:

«Қайси бирингиз бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин. Бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин. Аммо бу энг заиф иймондир» (Имом Муслим ривояти).

Мункар иш – динимизда инкор қилинган, қайтарилган ҳар қандай ёмон ишдир. Ҳар бир одам ўз жамиятида содир бўлаётган ҳар қандай ёмон ишни кўриб-билиб турган бўлса, лоқайдлик қилиши мумкин эмас. Киши аввало бу гуноҳ ишни бевосита ўзи, қўли билан қайтаради. Уламоларимиз ёмон ишни қўл билан қайтариш деганда айнан жамиятда тартиб-интизом ўрнатишга масъулларнинг жиноятчиликка қарши кураши деб изоҳлаганлар. Кичик бир ёмон ишни ҳар ким ҳам тўхтатиши керак, аммо жиноятнинг кўлами кенг бўлса, унга қарши бутун жамоатчилик курашиши зарур.

Ҳар қандай ёмон ишни тил билан қайтариш айнан уламоларнинг, имом-хатибларнинг, зиёлиларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вазифасидир, ҳар бир имкони бор шахс учун бурчдир. Агар киши ёмон ишни қўли билан қайтара олмаса, уни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш йўли билан амалга оширади, гуноҳ ишнинг оқибатини баён қилади, уни зинҳор қилмасликка чақиради.

Шунингдек, ушбу йиғилишда шу йил 30 октябрь – 9 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Астрахань ва Новосибирск шаҳарларидаги меҳнат мигрантлари билан учрашувлари тўғрисида ҳам батафсир маълумотлар берилди. Ушбу сафар давомида меҳнат мигрантларининг яшаш ва ишлаш шароитлари билан яқиндан танишилгани, ётоқхоналарда якка тартибдаги суҳбатлар уюштирилгани ва меҳнат мигрантларининг ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқилгани тўғрисида йиғилишда сўз борди.

Ҳақиқатан, ёш авлод тарбияси доимо энг долзарб ва жуда машаққатли бўлиб келган. Алломаларимиз жамиятнинг ривожи ва тинчлиги ҳам ёшлар тарбиясига боғлиқ эканини кўп айтишган. Муҳтарам Президентимиз бу борада шундай деганлар: “Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”.

Бугунги кунда ёшларда имон-эътиқодни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни, ҳушёрликни, зарарли таъсирларга қарши курашишни шакллантириш долзарб масала ҳисобланади.

Йиғилишда чет элларда юрган ўзбекистонлик йигит-қизлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз экани, агар уларнинг тарбияси билан вақтида шуғулланилмаса, бефарқ бўлинса, бошқалар фарзандларимизни алдаб, тузоғига илинтириб, жувонмарк қилиши мумкинлигидан огоҳ этилди.

Шунингдек, бугунги тезкор ахборот замонида Мусулмонлар диний идораси ҳам ўзининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, фаолият йўналишларини кенгайтириб, ҳозирги ислоҳотларнинг янги босқичида диний-маърифий йўналишдаги ишларни жадаллаштириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, Ислом дини таълимотини кенг тарғиб қилиш катта эътибор қаратилаётгани маълум қилинди. Шу мақсаддан келиб чичиқб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари таҳририятлари билан мана шундай хайрли ишларни жадал олиб боришда ҳамкорликка тайёр экани эслатиб ўтилди.

Тадбир якунида ёшлар билан ишлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум имзолаш таклифи қўллаб-қувватланди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг раҳбар ходимлари, журналистлар, телевидения, радио, марказий газеталар ва интернет сайтлари мухбирлари иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

6164 марта ўқилди

Янгиликлар

Top