Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев профилактика инспекторининг уйида меҳмон бўлди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишиш мақсадида Тошкент вилоятига боргани ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун, 5 январь куни Шавкат Мирзиёев Янгийўл шаҳрида аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизмат сифати билан танишди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари Янгийўл шаҳридаги “Файзли” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. 

Шу ерда Янгийўл шаҳринининг бош режаси лойиҳаси, шаҳардаги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш дастури ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш тўғрисида маълумот берилди. 

Янгийўл шаҳрида 86 минг 800 аҳоли истиқомат қилади. 241та кўп қаватли уйлар бўлиб, уларга хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади. 

Президентга тақдим қилинган лойиҳаларда шаҳарда оқава сув тармоқларини реконструкция қилиш ва янгилаш дастури, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Зангиота туманларида сув таъминотини яхшилаш, Чирчиқ шаҳрининг иссиқлик тизимини такомиллаштириш каби маълумотлар ўрин олган. 

Давлат раҳбари “Файзли” маҳалласи профилактика инспектори уйида бўлди ва аҳоли билан мулоқот қилди. 

Президент Янгийўл шаҳридаги мавжуд кўп қаватли уйларни тўлиқ  таъмирлаш, 7 қаватли 12та янги кўп қаватли уй-жой, замонавий боғ, бозор, супермаркет, кўприк қуриш бўйича мутассаддиларга топшириқ берди. 

Президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи давом этмоқда.

ЎМИ матбуот хизмати

5470 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top