Ўзбекистон янгиликлари

Лондонда зиёрат туризмига бағишланган учрашув бўлиб ўтди

(Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх: “Улуғбек ҳаёт бўлганида ўзбеклар биринчи бўлиб ойга сафар қиларди”)

Давлатимиз Раҳбари шу йилнинг 16 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи давомида Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, ўтган қисқа фурсатда юртимизда диний-маърифий соҳада катта ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар рўй бергани, Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани, галдаги вазифа – ушбу тузилмалар билан халқаро марказлар ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш, халқаро конференциялар ўтказиш, буюк аждодларимиз меросини дунё бўйлаб кенг тарғиб этиш бўйича топшириқлар берган эдилар.

Ана шу мақсадда, Буюк Британияга сафар қилган мамлакатимизнинг етакчи исломшунос ва шарқшунос олимларидан иборат делегация Британия илмий доиралари, таълим ва маданият муассасалари вакиллари, зиёлилар, диний соҳа намояндалари билан учрашув ва музокаралар ўтказмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 1 март санасида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида бўлиб ўтган тадбирда ушбу мамлакатнинг йирик сиёсат арбоби, Парламентнинг Лордлар палатаси вакили лорд Муҳаммад Илтаф Шайх бошчилигида кўҳна қитъадаги нақшбандийлик тариқати вакиллари, уламолар, туристик компания мутасаддилари қатнашди. Учрашувда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, ҳалол стандартнинг жорий этилгани, юртимиздаги табаррук манзилларда сайёҳлар учун яратилаётган қулай шароитлар хусусида маълумот берилди. “Ўзбекистон – ислом маданияти жавоҳири” мавзусидаги тақдимот ва фильм намойиши бўлиб ўтди.

Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий йўналишлардаги ислоҳотлар мамлакатимиз халқаро нуфузининг янада юксалишига, турли соҳаларда Ўзбекистоннинг дўстлари ва ишончли ҳамкорлари сони ортишига хизмат қилаётганини қайд этди.

“Ўзбекистон ислом маданияти, фани ривожига улкан ҳисса қўшган. Агар Улуғбек ҳозир ҳаёт бўлганида ўзбеклар биринчи бўлиб ойга сафар қилган бўларди. Ал-Хоразмий бўлмаганида замонавий технологиялар ҳам бўлмас эди. Ибн Сино асарлари асосида ҳозир Европа тиббиётни ўрганмоқда. Биз радикаллашувга Ўзбекистон маданияти билан қарши курашишимиз керак. Сизлар Имом Бухорий ҳадисларини инглиз тилига таржима қилиб, шарҳлаб беринг. Биз бу китоблар билан жаҳолатга қарши курашамиз”, - дейди лорд Муҳаммад Илтаф Шайх.

Айтиш жоизки, Британияда буюк аждодларимиз Абдухолиқ Ғиждувоний асос солган ва Баҳоуддин Нақшбанд такомилига етказган хожагон-нақшбандия тариқати вакиллари иқтиқомат қилади. Уларнинг 70 дан зиёд жамоалари Британиянинг турли шаҳарларида кенг тарқалган.

“Ўзбекистонда Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ва тасаввуф алломалари илмий меросига қаратилаётган юксак эътибор ҳақида эшитиб, очиғи, кўнглимиз тоғдек кўтарилди”, - дейди Британиядаги нақшбандия тариқати етакчиларидан бири шайх Зимер Солиҳий: “Биз учун Бухородан олис бўлган Лондонда туриб, инсон камолоти ва руҳий тарбиясининг беқиёс манбаси бўлган Нақшбандия таълимотига амал қилиш ўта муҳим. Ўзбекистондаги етти пир қадамжоларини зиёрат қилиш, Ғиждувоний ва Нақшбанд ҳазратларининг таваллуд саналарига бағишланган халқаро конференцияларда иштирок этиш орзусидаман. Бу юрт жаҳонга руҳий тарбия устозларини тақдим этган замин сифатида ҳамиша қадрли бўлиб қолади”.

Учрашув қатнашчиларининг фикрича, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилажак етти пирга бағишланган халқаро семинар ва конференциялар шуниси билан ҳам аҳамиятлики, у нақшбандия таълимоти уламолари, тадқиқотчиларини бир ерга жамлаш ҳамда улар ўртасида доимий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради. Бу эса авваллари кузатилмаган ҳодисадир.

Шунингдек, учрашувда Британияда зиёрат туризми билан шуғулланувчи компания вакиллари қатнашиб, Ўзбекистонга махсус саёҳатларни ташкил этиш истиқболлари ҳақида мулоқот қилдилар.

“Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз каби тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш британияликлар учун жуда ҳам қизиқ. Тўғри, авваллари ҳам туристларимиз Ўзбекистонга саёҳат қилишган. Лекин бу кам сонли зиёратчиларимиз билан чекланар ва доимий асосда кечмас эди. Бизнинг мақсадимиз, британияликлар учун жозибали маршрутларни белгилашдир. Британиялик мусулмонлар Исломнинг муқаддас шаҳарлари – Макка, Мадинадан кейин Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилишни албатта исташади”, - дейди “El-Sawi” компанияси раҳбари Х. Ал-Савий.

Лондонлик имом Муҳаммад Саид: “Мен жуда кўп мусулмон юртларида, тарихий шаҳарларда бўлганман. Ҳеч қандай муболағасиз айтмоқчиман, Ўзбекистон ҳақидаги филмни томоша қилиб, юртингизга маҳлиё бўлдим. Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан туриб билдирган ташаббусларини эшитдик. Бу – ҳозирги мураккаб давр учун ғоят муҳим таклифлар. Экстремизм, радикализмга қарши курашда исломинг асл манбалари – Имом Бухорий ҳадислари, Насафий тафсирларига мурожаат қилиш керак. Ўйлайманки, ислом маданиятини тушунмоқчи бўлганларни Ўзбекистонга олиб бориш зарур. Улар исломнинг ҳақиқий моҳиятини шу ерда кўрадилар. Мени Ўзбекистонда нашр этилган Имом Бухорий ҳадислари тўплами – “Олтин силсила” китоби жуда ҳам қизиқтирди. Бугунги кунда нафақат Европада, балки бошқа минтақаларда ҳам ҳадисларни турлича таржима қилиш ва шарҳлаш ҳаракатлари кузатилаётганини ҳисобга олсак, бу ишни амалга оширишга исломнинг мўътадил, асл ғоялари тарқалган юрт, Имом Бухорийнинг чин ворислари биринчи галда ҳақли деб ҳисоблайман”.

Мулоқотлар самимий ва дўстона руҳда кечди. Иштирокчилар бу каби учрашувларни мунтазам ўтказиш, Британия жамоатчилиги учун Ўзбекистон ҳақида махсус кўргазмалар ташкил этиш таклифини билдирдилар.

Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британияга сафари давом этмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3313 марта ўқилди

Янгиликлар

Top