Ўзбекистон янгиликлари

Йўл очерки: Самарқанддан Хоразмгача

Саёҳат – борар манзилинг маълум, йўналиш аниқ бўлса-да, аммо йўл давомида кишига номаълум ҳисларни тақдим этувчи, янгича манзилларни намоён қилувчи ажойиб имконият.
"Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари ходимлари учун шундай имконият берилди-ю, қадим Хоразм сари йўл олдик. Олдиндан айтиб қўйиш лозим – жамоамиз мамлакатимиздаги шаҳарларга саёҳат уюштириб берувчи сайёҳлик фирма хизматидан фойдаланди. Шунинг учун бунда фақат йўл таассуротлари эмас, сайёҳлик фирмасининг фаолиятига доир фикрларни ҳам баён этмоқчимиз.
МАЪЛУМ ВА НОМАЪЛУМ МАНЗИЛЛАР
Тонгги тўртларда йўлга чиқдик. Бир тарафи атроф қоронғу бўлгани учун Самарқанд вилоятидан чиққунимизга қадар йўлдаги далалару у ёки бу иншоотлар эътиборимизни тортмади. Нарпай, Пахтачи туманидаги йўл ёқаларида, одамларнинг томорқаларида иссиқхоналар кеча пайдо бўлгани йўқ. Бу ҳудуд кишилари анчадан бери томорқа имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда, хусусан, табиий йўл билан иситиладиган иссиқхонада экин етиштириб, рўзғорини тебратаётгани ҳақида кўп мақола тайёрлаганимиз туфайли уларнинг бундай ишлари давом этаётганидан хурсанд бўлдик. "Навоий вилоятига хуш келибсиз!" ёзуви автобусда ўтирганларни сергак торттирди. Навоий вилоятида ҳам баҳор нафаси сезилиб турар, йўлларнинг созлиги, белгилар, шу кўчаларга ярашган бекатлар киши кайфиятини кўтаради. Йўл бўйидаги мевали, манзарали дарахтларга шакл берилган. Навоий шаҳрига хос тартиблилик катта трассада ҳам яққол намоён бўлган. Тўғри, Кармана туманидан ўтувчи шаҳарлараро трассанинг бироз торлигини айтмаса, йўлдаги ободлик, зиёратгоҳ мажмуаларига бориш учун йўл кўрсаткичларнинг мавжудлиги, ҳатто шу йўлдан ўтувчилар учун санитария талабларига жавоб берувчи ҳожатхоналарнинг қурилгани мутасаддиларнинг эътиборли эканлигига ишора.
Бухорога кириб келишимиз билан йўллардаги нотекисликлар дарҳол ўзини билдириб қўйди. Аммо Абдухолиқ Fиждувоний мажмуаси атрофидаги боғда гуллаб турган дарахтлар бу кемтикларни дарҳол унуттирди. Ўрикзорнинг қийғос гуллари шунчалик чиройли манзара эдики, бу қадим диёрга кириб келишимизданоқ Бухоро қантак ўриклари билан машҳурлигини дарҳол ҳис қилдик.
Йўлдаги нотекисликлар билан бирга, бекатларнинг йўқлиги, уй-жойларнинг тартибсиз жойлашгани киши таъбини хира қилади. Катта далаларда кўлмак сувлар бежизга пайдо бўлмаганини кейинроқ англадик. Бухоролик деҳқонлар экин-тикин бошлаш учун ернинг шўрини ювар экан. Баъзи ҳудудларда ҳатто ернинг шўрхоклигидан узоқдан ўрик гуллари билан уйғунлашиб, ҳудудлар қор қоплагандай тасаввур уйғотарди. Бухоро туманида аҳоли билан гаплашдик. Айтишларича, деҳқонлар, албатта, ерни ювиши, шундан сўнггина экин қилиши мумкин экан. Бундай қийинчилик билан экин етиштираётган миришкорларга тасанно айтган ҳолда Самарқанддаги тайёр томорқасидан унумли фойдаланмаётган баъзи хонадонлар ҳақида ўйладик. Бухоронинг Вобкент, Ромитан туманларидан ўтдик. Адоғи кўринмайдиган Қизилқум кенгликлари ҳали анча давом этишини йўл-йўлакай англаб бордик.
Манзилимиз аниғу, аммо илк бор автобусда Хоразмга йўл олганлар ҳам орамизда талайгина эди. Йўл чарчоғи кишини толиқтириб қўйди. Кўзимиз илинди.
САЙЁҲЛИКМИ Ё САЁҚ ФИРМАМИ?

ўпчилик қатори мен ҳам автобусда узоқ Хоразм саёҳатига илк бор чиқишим эди. Йўлга шунчаки, улов гаплашиб чиқмагандик. Сайёҳлик фирмаси орқали борганимиз туфайли йўл-йўлакай бошқа вилоятлар, у ернинг табиатию деҳқончилиги, одамларнинг яшаш тарзи ҳақида маълумотларга эга бўламиз, деган ниятда эдик. Афсус, чучварани хом санаган эканмиз. Йўлдаги манзилларни таништириб бориш у ёқда турсин, оддий эҳтиёжлар ҳам режалаштирилмагани киши таъбини хира қилади. Тасаввур қилинг, Самарқанддан Хоразм сари автобусда қарийб 12 соатлик йўл. Орада ҳайдовчилар автобусдаги айрим носозликни бартараф этишга вақт сарфлади. Одамларни саёҳатга олиб чиқишга ўрганган фирма буларнинг барини ҳисобга олиши керак. Яъни, қайси манзилда йўловчиларни овқатлантиришдан тортиб, ҳожат учун қайси ҳудудда имконият борлигини ҳам чамалаши зарур. Шундайми? Афсуски, йўловчилардан икки-уч марта мурожаат бўлгандан сўнггина ходим зарда билан автобусни бир чойхона яқинида тўхтатишга мажбур бўлди. Овқатланиш учун барибир Хоразмга етиб олишимиз, ўша ерда тановул учун жой ажратилгани маълум бўлди. Саҳар тўртда йўлга чиқиш учун кўпчилик тунги соат 2 дан бери бедор. Тўғри, кичикроқ тамадди учун ҳамма ўз ғамини кўриб келган. Аммо… Сайёҳлик фирмаси ходими гўё ёш болани алдагандай "Ана, кам қолди, мана яқинлашай деб қолдик", – дея соатни ҳам кундузги икки қилди (Бу каби камчиликлар ҳали ички туризмни ривожлантириш учун амалга оширилаётган ишлар етарли эмаслигини, сайёҳлик фирмалари мамлакатимиз аҳолисини сайёҳ сифатида қабул қилмаётганини кўрсатиб турарди).
Ва ниҳоят узоқ кутилган соатлар яқинлашди. Кундузги соат учдан ўтиб, қадим Хоразм юртига кириб келдик. Белгиланган ошхонага киришимизда тамаддихона ходимларидан бири йўлакда ҳар бир меҳмоннинг қўлига чиройли офтобада мулозамат ила сув қуйиб туриши Хоразм халқи ҳақида илк ёрқин тасаввур уйғотди. Йўлдаги қийинчиликлар унутилди.
ОСТОНАДАЁҚ МЕҲМОНДЎСТЛИК КЎРИНДИ
Урганч саёҳати Чингизхон лашкарларига қақшатқич зарба берган, мард ва довюрак ўтмишдошимиз Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ва хиёбонини айланишдан бошланди. Саёҳатчиларга энди биз кутган сайёҳлик фирмасининг йўлбошловчилари ҳамроҳлик қилиб, воҳа тарихи ҳақида тушунча бера бошладилар. Бу ерда ҳам, Ёшлар кўли атрофини айланганимизда ҳам одамларнинг ўзидан катталарга, албатта, салом бериши эътиборимизни тортди. Меҳмонларга ҳурмат билан қарашлари шундоқ сезилиб турарди. Қолаверса, йирик дўконлар, меҳмонхоналарнинг ўтмишдаги буюк инсонлар номи билан ёки тарихий, аммо ўзбекча аталиши, одамларининг ўз тарихи, одат-анъаналари ҳақида тўлқинланиб гапириши уларнинг нечоғлик ватанпарварлиги, ўзлигига содиқлигини кўрсатиб турарди.
ОСМОН ОСТИДАГИ МУЗЕЙ-ШАҲАР
Музей-шаҳар деган номни олган, шу ернинг ўзида аҳоли ҳам истиқомат қиладиган афсонавий Хивага ҳам етиб келдик. Гидларнинг айтишларига қараганда, Хива дунё миқёсидаги очиқ осмон остида тарихий ҳолида сақланиб қолган камдан-кам саноқли шаҳарлардан саналади. Шаҳарнинг маркази, меъморчилик музейига айланган Ичан-қалъадаги ёдгорликларда халқ усталарининг энг гўзал асарлари намоён бўлган. 26 гектар ҳудудни эгаллаган Ичан-қалъада турли йилларда қурилган олтмишга яқин масжид, хонақо, мадраса, минора ва бошқа иншоотлар мавжуд.
Ичан-қалъани айланар эканмиз, ўтмишга тушиб қолгандай, гўё ўтган асрлар билан юзлашгандай бўлдик. Турли йилларда турли вазифаларни бажарган миноралар, 213 та нақшинкор устунли, Арабистон масжидларига қиёс этиладиган жума масжиди, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Муҳаммад Аминхон мадрасаси – барча иншоотлар бир-бирига уйғун тарзда қурилган.
Жамоамиз Наврўз арафасида берилган дам олиш кунларида саёҳатга чиққанди. Ичан-қалъа бундай ният қилган қашқадарёлик, водийлик, Сурхондарё, Тошкент, Бухоро, Навоий, хуллас, юртимизнинг қарийб барча гўшаларидан келган сайёҳлар билан гавжум эди. Ҳунармандлар расталарида сотилаётган буюмларнинг ҳам бозори чаққон. Сотувчилар эса барчага "мейман, апка, ёшулли" дея мулозамат кўрсатади.

Байрам муносабати билан Хивада ўтказилган Наврўз тантаналарида ҳам иштирок этдик. У ерда байрам иштирокчилари воҳанинг миллий таомлари сифатида намойиш этилган шивит оши, тухумбарак, кўкбаракдан татиб кўришимизни қайта-қайта сўрашди. Илтимосимизга кўра, шу ернинг ўзида тўй-маросимлар билан боғлиқ "Қуда галди" маросимини намойиш этиб беришди.
Хивада уй-меҳмонхоналарнинг анчагина машҳур эканини билдик. Ҳақиқатан ҳам Ичан-қалъанинг ўзида шундай тураргоҳлар мавжуд бўлиб, у ерда меҳмонхона томининг устида ўтириб, дам олиш имконияти яратилгани, айниқса, хорижлик сайёҳлар учун манзур келаётир. Хивани айланиш учун бир кун етмаслигини шу ерликлар бот-бот такрорлашди. Уни қоғозда тасвирлаш учун эса кетадиган саҳифалар қанчалик эканини тасаввур қилиш қийин эмас.
Хоразм саёҳати ҳар биримизда ўзгача таассурот қолдирди. Кимдир хуштаъми билан машҳур Хоразм балиқлари ҳақида гапирса, кимнидир у ердаги мўйнали бош кийимлар ранг-баранглиги лол қолдирди. Сайёҳлик шаҳрининг ошхоналарида меҳмонларга хизмат кўрсатиш аъло даражада эмаслигидан афсусланганлар, одамларининг хушмуомаласидан хурсанд бўлганлар ҳам бор. Аммо ўтмишга тушиб қолгандек мўъжизавий бир синоатни бахш этаётган Ичан-қалъадан таъсирланмаган, унинг қаршисида боболар руҳига чин дилдан таъзим қилмаган одам қолмади. Хива – ўз-ўзидан шу ҳолича сақланиб қолинган макон эмас, хоразмликларнинг ватанпарварлиги, ўз анъаналарига содиқлиги туфайли асрлардан асрларга бус-бутун ўтиб келаётган ғайратли, танти инсонлар юрти эканлигига амин бўлдик.


Гулруҳ МЎМИНОВА,"Зарафшон" мухбири.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2828 марта ўқилди

Янгиликлар

Top