Ўзбекистон янгиликлари

Оқсарой ортидаги чиқиндихона

Уйга меҳмон чақираркансиз, обдон тайёргарлик кўрасиз. Ҳамма жойни тоза-озода, гардсиз, бадастир қилишга уринасиз. Хуллас, бу ўринда неки ишга қўл урманг, бари меҳмоннинг кўнглини овлашга қаратилган бўлади. Токи у устимиздан кулмасин.
«Қашқадарё» нашрининг билдиришича, бугун юртимизда туризмга, яъни кенг миқёсдаги меҳмоннавозликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки шунга яраша салоҳиятимиз бор. Тарихимиз, табиатимиз, маданияту таомларимиз дунёнинг исталган жойидан келган сайёҳни лол қолдиришга қодир. Агар сайёҳ маршрутида Қашқадарё йўналиши бўлса, у табиийки, Оқсаройни кўрмасдан кетмайди. Шунга биноан охирги 3-4 йилда Оқсарой мажмуаси жойлашган Амир Темур хиёбони буткул ўзгача қиёфа касб этди. Тарих ва замонавийлик уйғунлашган масканга айланди.
Бироқ мана бу суратлардаги чиқинди тўла манзаралар - шундоққина ўша хиёбоннинг орқасида жойлашган, десак, Оқсаройдан ҳайратланган сайёҳ ҳолига тушишингиз табиий. Бўлмаган гап, десангиз ҳам арзийди. Лекин бори шу.
Энг қизиғи, сайёҳлар хиёбон бўйлаб ҳаракатланаркан, ташиб кетилмайдиган бу чиқиндиларга кўзи тушиши, димоғига қўланса ҳид етиб бориши табиий. Ўзини қандай тутади сайёҳ ўшанда?!
Яна бир томони, бу чиқиндихона тарихий мажмуадан у қадар четда ҳам эмас. Чунки уй-меҳмонхоналарга, кўп қаватли уйлардаги замонавий меҳмонхоналарга айнан шу йўл билан борса бўлади. Хоҳлаймизми-йўқми, сайёҳ бу жойдан ўтади. Нима, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоятдаги вакиллиги вакилларига бу манзара бегонами?! Камига сайёҳларга ёрдам берадиган ички ишлар ходимлари... Наҳотки шунча мутасаддининг бу хунук манзарага кўзи тушмаган?
Биргина бефарқлик туризм йўналишида қилаётган кўламли ишларимизга озгина бўлсин доғ туширмайдими? Тарихий обидаларимиз сайёҳларда аждодларимизга юксак ҳурмат туйғусини уйғотишига зиғирча шубҳа йўқ, аммо чиқинди сабаб биз уятга қоламиз, биз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

3249 марта ўқилди

Янгиликлар

Top