Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар! Мусулмонлар учун фарз бўлган ва бошқа хайрия тўловларни Click орқали тўлаш имконияти яратилди

«Вақф» хайрия жамоат фонди Click компанияси билан ҳамкорликда мусулмонлар учун фарз бўлган ва бошқа хайрия тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш имконини тақдим қилади. Бу ҳақда Muslim.uz’га фонд матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Вақф» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорлик қисқа вақт ичида Ислом динида мусулмонлар учун фарз бўлган ва бошқа тўловларни амалга ошириш каби уникал имкониятни мамлакатимизда жорий қилишга йўл очиб берди. Ушбу тўловлар тизим фойдаланувчилари томонидан исталган пайтда ва исталган жойдан туриб амалга оширилиши мумкин.

«Вақф» хайрия фондининг таклифига биноан, тўловлар тизимда 3 категорияга ажратилган:

  1. Хайрия
  2. Вақф
  3. Закот, Фитр, Ушр, Фидя

Ушбу категориялар бўйича қабул қилинган пул маблағлар «Вақф» хайрия жамоат фондининг махсус ҳисоб-рақамларига 3 категория бўйича алоҳида-алоҳида жойлаштирилади.

Тўловлар исталган пайтда мобил телефондан турли интерфейслар орқали амалга оширилиши мумкин: USSD, “CLICK Uzbekistan” мобил иловаси ёки Telegram месенжери орқали.

  1. USSD орқали тўлаш учун *880*1100# сўрови терилиши ва юзага келган менюда керакли категория танланиши лозим. Шу билан бирга тўлов бош USSD-менюдаги (*880#) «To’lov» бўлимида “Хайрия” пункти орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
  2. “CLICK Uzbekistan” мобил иловаси орқали тўлаш учун “Оплата на местах” (“Жойларда тўловлар”) бўлимида “Хайрия” пунктини танлаш керак.
  3. @clickuz Telegram-ботида ушбу тўловлар “Тўловлар” бўлимидаги “Хайр-эҳсон” пунктида жорий қилинган.

Қайд этиш керак, фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Вақф» хайрия жамоат фондига «Payme» тўлов тизими орқали пул ўтказиш имкони тақдим қилингани ҳақида хабар берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

2907 марта ўқилди

Янгиликлар

Top